223-модда. Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш
Белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд чегарадан ўтиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) чегарани ёриб ўтиш йўли билан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) чет элга чиқиши учун махсус келишув талаб қилинадиган мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш учун кириш ҳужжатларини тегишли даражада расмийлаштирмасдан Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жавобгарликдан озод қилинадилар.
1. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси - Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасини (қуруқликда, сувда, ер остида, ҳаво бўшлиғида) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат. Давлат чегараси давлат суверенитети амал қиладиган ҳудуд доирасини белгилайди.
Чегара тузуми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган қоидалар мажмуидан иборат бўлиб, у чегара ҳудудига кириш (ўтиш), унда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш ва чегара ҳудудида ишлаб чиқариш ишларини амалга ошириш тартибини ўз ичига олади.
Чегара ҳудудларида чегара тузумига риоя этиш устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита ва ўз ваколатлари доирасида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасига кириш, чиқиш ва давлат чегараларидан ўтиш билан боғлиқ муносабатлар 1999 йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонуни, 1996 йил 21 ноябрда қабул қилинган “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ва чиқиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикасига кириш, чиқиш ва давлат чегараларидан ўтиш билан боғлиқ муносабатларни жиноят-ҳуқуқий қўриқлашдан мақсад фуқароларнинг кўчиб юриш эркинлиги билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишларини тартибга солиш ва етарли шароитлар яратишдан иборат. Шу билан бирга, қонун чиқарувчи давлат ва жамият суверенитети ҳамда хавфсизлигини таъминлаш учун республикадан чиқиш ва унга кириш, давлат чегараларидан ўтиш тартибини белгилаб берган. Шундан келиб чиқиб, давлат чегарасига тажовуз қилиш - бу, аввало, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг бир меъёрдаги тартибига тажовуз қилиш деб топилади.
2. Ўзбекистон Республикасига кириш ва ундан чиқишни тартибга солувчи муносабатлар шарҳланаётган модданинг объекти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ўтиш тартиби хавфсизликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ўзаро ҳурмат қилиш, чегаравий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлат чегарасида шахс, жамият ва давлатнинг бошқа ҳаётий муҳим манфаатларини ички ва ташқи тажовузлардан муҳофаза қилиш мақсадида чегара, божхона, санитария-карантин, ветеринария ва бошқа турдаги назоратни ўтказиш учун зарур шароитлар яратади.
Объектив томондан мазкур жиноят қуйидаги ҳаракатлардан бирини содир этиш орқали намоён бўлади:
* Ўзбекистон Республикасига кириш;
* Ўзбекистон Республикасидан чиқиш;
* белгиланган тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг чегарасидан ўтиш.
Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ва унга кириш деганда, транспорт воситаси (автомашина, кема, самолёт, велосипед, от ва бошқа механик ва транспортнинг бошқа турлари) ёрдамида давлат чегарасини кесиб ўтиш тушунилади.
Давлат чегарасидан ўтиш деганда, уни пиёда кесиб ўтиш тушунилади.
4. Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар белгиланган тартибни бузган ҳолда содир этилган ҳоллардагина ЖК 223-моддаси бўйича калификация қилинади.
Давлат чегарасини белгиланган тартибни бузган ҳолда кесиб ўтиш деганда, қуйидаги ҳаракатлардан бирини содир этиш орқали ўтиш тушунилади: тартибни бузиш орқали (масалан, рухсат берилган чегара пунктларни айланиб ўтиш) ёки тегишли рухсати бўлмай туриб кесиб ўтиш (масалан, чегарадан ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳақиқий ҳужжатлар бўлмаган ҳолларда чегарани кесиб ўтиш).
Давлат чегарасини фақат ғайриқонуний кесиб ўтиш ижтимоий хавфли деб топилади ва шарҳланаётган модданинг таркибини ташкил этади.
5. Давлат чегарасини рухсат пунктларини айланиб ўтиб ёки рухсат пунктларидан ёхуд чегара ташқарисига (Ўзбекистондан) ёки Ўзбекистонга кириб келаётган, туридан қатъи назар (яъни ҳаво, сув, ерда юрадиган транспорт ва ҳоказо), транспорт воситасида белгиланган қоидаларни бузиб кесиб ўтиш давлат чегарасидан ўтиш тартибини бузиш деб ҳисоблаш лозим.
Сохта, муддати ўтган, бошқа шахс номига расмийлаштирилган, нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтиш тегишли рухсатномасиз давлат чегарасини кесиб ўтиш деб топилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан унга чегарадан ўтишга рухсат берилганлиги ҳақида унинг паспортига тегишли ёзув киритилмаган ёки сохта ёзувдан фойдаланган ҳолда чегарадан ўтиш шарҳланаётган модда бўйича квалификация қилиниши лозим. Бунда айбдорнинг Ўзбекистон Респубикасидан чиқиши ёки унга кираётганлиги аҳамиятга эга бўлмайди. Бошқача айтганда, агар Ўзбекистон Республикаси фуқароси белгиланган тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан чиққан бўлса, унинг Ўзбекистон Республикасига қайтиб кириши ҳам ғайриқонуний деб топилиши лозим.
Бунда шуни ҳам назарда тутиш лозимки, агар ноқонуний кириш ёки чиқиш, шунингдек, чегарани кесиб ўтиш сохта ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлса, у ҳолда бу қилмиш жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 223 ва 228-моддалари бўйича квалификация қилинади.
6. Шарҳланаётган жиноят давлат чегараси кесиб ўтилаётган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Қуйидагилар давлат чегарасини кесиб ўтиш вақти деб топилади:
* айбдор фактик жиҳатдан давлат чегарасини кесиб ўтиши ёки ўтмаслигидан қатъи назар, давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари назоратидан муваффақиятли ўтиш. Масалан, самолёт учишига қадар шахс томонидан аэропорт чегара назоратидан ўтиш тугалланган жиноят деб топилади. Худди шундай ҳолатда шахс ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра чегара назоратидан ўта олмаган ҳолларда, унинг ҳаракатлари Ўзбекистон ҳудудига ғайриқонуний кириш ёки ундан чиқишга суиқасд қилиш деб квалификация қилиниши лозим;
* давлат чегараси орқали ўтказишнинг белгиланган пунктларидан ташқарида давлат чегараси чизиғи (тегишли юза)ни фактик жиҳатдан кесиб ўтиш.
7. Жиноят субъектив томондан тўғри қасд орқали содир этилади. Шахс ўз ҳаракатларининг ноқонунийлигини билади, яъни Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳужжатсиз, сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда ёхуд тегишли рухсатномасиз кесиб ўтаётганлигини англайди ва буни хоҳлайди.
Субъектив томоннинг қўшимча элементлари - мотив ва мақсад турлича бўлиши мумкин. Агар айбдор шахс давлат чегарасидан ўтиш қоидаларини Ўзбекистон Республикасига қарши жиноят содир этиш (масалан, жосуслик, қўпорувчилик, терроризм ва бошқалар) мақсадида кесиб ўтса, у ҳолда унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.
Мазкур жиноят эҳтиётсизлик орқасида (масалан, мўлжални йўқотиш туфайли чегарани кесиб ўтиш) содир этилганда жиноий жавобгарлик келиб чиқмайди. Давлат чегараси мажбурий равишда кесиб ўтилган (масалан, табиий офат, ҳалокат ва бошқа) ҳолларда ҳам қилмишда шарҳланаётган жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.
8. Ўн олти ёшга тўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, фуқаролиги бўлмаган шахс ёки чет эл фуқароси мазкур жиноят субъекти бўлиши мумкин.
Сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келган фуқаролиги бўлмаган шахслар ёки чет эл фуқаролари, уларнинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиблари мавжуд бўлмаса, мазкур жиноятнинг субъекти ҳисобланмайдилар.
9. ЖК 223-моддаси 2-қисми объектив томондан чегарани ёриб ўтиш, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки чет элга чиқиши учун махсус келишув талаб қилинадиган мансабдор шахс томонидан содир этиш орқали содир этилади.
Чегарани ёриб ўтиш орқали шарҳланаётган жиноятни содир этишни квалификация қилиш белгиси ЖК 182-моддаси шарҳида батафсил берилган.
(Бир гуруҳ шахслар томонидан олидиндан тил бириктириш тушунчаси тўғрисида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг.)
10. Чет элга чиқиши учун махсус келишув талаб қилинадиган мансабдор шахс томонидан ғайриқонуний четга чиқиш ҳаракати ЖК 223-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича квалификация қилинади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-сонли қарорида чет элга чиқиш учун махсус келишув талаб қилинадиган мансабдор шахслар рўйхати келтирилган.
11. ЖК 223-моддаси 3-қисмига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш учун кириш ҳужжатларини тегишли даражада расмийлаштирмасдан Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жавобгарликдан озод қилинадилар”.
Конституциянинг 93-моддаси, 1-қисми, 22-бандига асосан, фуқаролик ва сиёсий бошпана бериш масалалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳал этилади.
12. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган сиёсий бошпана бериш тўғрисидаги қоидага биноан, чиқиш ҳужжатларини тегишли тартибда расмийлаштирмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан шарҳаланаётган модда қўлланилмайди.
Қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилмайди: агар шахс Ўзбекистон Республикасида жиноят деб топилувчи қилмишни содир этгани учун хорижда қидирилаётган бўлса ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мақсад ва принципларига қарши ҳаракатлар содир этганликда айбдор бўлса; жиноят иши бўйича айбланувчи сифатида жалб этилган ёки унга нисбатан суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми мавжуд бўлса; у таъқиб этилмайдиган учинчи давлатдан келган бўлса; била туриб ёлғон маълумотлар берган бўлса; у таъқиб этилмайдиган учинчи давлатнинг фуқаролигига эга бўлса.
Do'stlaringiz bilan baham: |