222-модда. Қамоқдан ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочиш
Қамоқда сақланаётган ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган шахснинг қамоқдан ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочиши -
беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қочиш:
а) баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказган ҳолда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Дастлабки тергов олиб борувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларининг бир меъёрдаги фаолияти, шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки маҳкумларни қўриқловчи шахсларнинг соғлиғи шарҳланаётган жиноятнинг объекти ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят дастлабки тергов олиб борувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларидаги қамоқ ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочишда ифодаланади.
Шарҳланаётган модда қочиш, яъни жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган, қамоқ тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар, шунингдек, айбдор деб топилган ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган шахслар томонидан шахсларни қўриқлашга мўлжалланган махсус, изоляция қилинган жойларни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш учун жавобгарликни белгилайди. Қочиш турли усулларда амалга оширилиши мумкин: қўриқчиларга нисбатан куч ишлатиш; сохта ҳужжатлардан фойдаланиб қочиш; пора бериш, алдаш ва бошқалар.
3. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига асосан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс қўриқлов остида бўлган шахс деб топилади.
Қамоққа олиш - жиноят содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар асосида тайинланадиган эҳтиёт чораси.
Тергов ҳибсхонаси - дастлабки тергов ўтказилаётган вақтда жиноят содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчига ёки суд муҳокамаси жараёнида судланувчиларга ёхуд айблов ҳукми қонуний кучга киргунга қадар озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан қўлланиладиган қамоқ тариқасидаги эҳтиёт чорасини ижро этиш учун мўлжалланган махсус жой.
Тергов ҳибсхоналари умумий ва бир кишилик бўлади.
Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган айбланувчилар умумий тергов ҳибсхоналарида сақланадилар.
Оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахслар бошқа гумон қилинувчи ва айбланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида прокурор қарори ёки суд ажримига кўра бир кишилик тергов ҳибсхоналари ёки турмага жойлаштирилиши мумкин.
Тергов ҳаракати ўтказилаётган ёки суд иш кўраётган жойни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, суд залидан чиқиб кетиш қамоқ ёки қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочиш деб квалификация қилиниши лозим. Бошқа эҳтиёт чораси, масалан, муносиб ҳулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат олинган шахснинг қочиши шарҳланаётган модда бўйича квалификация қилинмайди.
4. Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинлаш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми чиқарилган шахс қўриқлов остидаги шахс деб топилади.
Жиноят-ижроия кодексининг 45-моддасига асосан, вояга етган шахсларга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ижросини жазони ижро этиш муассасалари (манзил-колониялари, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колониялар)да ва турмаларда, вояга етмаган шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар эса тарбия колонияларида амалга оширилади.
(Манзил-колониялари, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колониялар, турма ва тергов ҳибсхоналари тушунчалари ҳақида Жиноят-ижроия кодексига қаранг.)
Шу билан бирга баъзи ҳолларда, қасддан содир этилган, унча оғир бўлмаган жинояти учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахслар, уларнинг ёзма розилиги бўлган тақдирда, муассасадаги хўжалик ишларини бажариш мақсадида муассаса раҳбарининг қарорига кўра тергов ҳибсхоналарида ёки турмада қолдирилишлари мумкин. Лекин ҳар иккала ҳолатда ҳам уларга нисбатан жазони ижро этиш жойидаги тузум (режим) талаблари ва тартибига риоя этиш қоидаси татбиқ этилади. Турма ёки тергов изоляторидан қочиш қўриқлов остида сақлаш жойидан қочиш деб квалификация қилинади ва шарҳланаётган модда бўйича жавобгарликка тортилади.
5. Интизомий қисмдаги қўриқлов остидан қочган ва қамоқ тарзидаги жазога ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар ҳам шарҳланаётган модда қоидалари бўйича жавобгарликка тортилиши керак.
6. Жазони ижро этиш ёки қўриқлов остида сақлаш жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган шахс ушланган ёки ўз айбини бўйнига олиб келган вақтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
Айбдор қочган вақтда уни қамоққа олиш тўғрисидаги қарордан хабардор бўлган ҳолларда, яъни бундай эҳтиёт чораси танланганлиги тўғрисидаги қарор, суд ажрими эълон қилингандан сўнг ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига кўра уни озодликдан маҳрум этишга, қамоққа ёки интизомий қисмга жўнатишга ҳукм қилинганлиги эълон қилинганидан сўнг қочиб кетган бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 222-моддаси бўйича квалификация қилинади.
7. Субъектив томондан жиноят қасддан, тўғри қасд билан содир этилади.
8. Ўн тўрт ёшга тўлган, қамоқ тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс ёки озодликдан маҳрум қилиш, қамоқ ёки интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахслар жиноят субъекти бўлиши мумкин.
9. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида:
а) баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказган ҳолда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган қочиш учун жавобгарлик назарда тутилган.
10. Қочиш енгил ёки ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказишга олиб келган ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинмайди. Лекин қочиш оғир тан жароҳати етказиш ёки ўлимга олиб келган ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим (ЖК 220-моддаси ва ЖК 97-моддаси ёки ЖК 104-моддаси).
11. Қочиш бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилган ҳолларни квалификация қилиш учун олдиндан келишувнинг мавжудлиги шарт эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |