221-модда. Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик
Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса, -
уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) ўта хавфли рецидивист;
б) оғир ёки ўта оғир жинояти учун ҳукм этилган шахс томонидан содир этилган бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этиш муассасасининг бир меъёрдаги фаолияти жиноят объекти ҳисобланади.
2. Маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцери ёки турмага ўтказилганидан кейин, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган шахс томонидан маъмуриятнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик жиноятнинг объектив томони ҳисобланади.
3. Бўйсунмаслик - бу озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган шахс томонидан маъмурият вакилининг қонуний фармойиши ёки талабини ошкора рад этиш. Масалан, бўйсунмаслик тузум талабларига риоя этмаслик, меҳнат мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш каби кўринишларда бўлиши мумкин.
4. Маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиш деганда, маҳбусларнинг маъмурият қонуний талабларини бажармасликка йўналтирилган бевосита ҳаракати тушунилади. Масалан, муайян мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш, тузум (режим)га риоя этмаслик, шунингдек, жазони ижро этиш бўйича муассасанинг қоидаларини менсимаслик.
5. Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг ҳаракатлари, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилган бўлса, ЖК 221-моддаси бўйича жавобгарликка тортилади.
Жиноят-ижроия кодексининг 109-моддасига асосан, жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи маҳкумлар умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларнинг карцерларига олти ойгача, аёллар сақланадиган колонияларда эса - уч ойгача бўлган муддатга ўтказиб қўйилади.
Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик содир этилган вақтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
6. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади. Жиноятни содир этиш мотивлари уни квалификация қилишда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди.
7. ЖК 221-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятнинг субъекти бўлиб, бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилган ёки турмага ўтказилган озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахс, ЖК 221-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятнинг субъекти эса ўта хавфли рецидивист ёхуд оғир ёки ўта оғир жинояти учун ҳукм этилган шахс ҳисобланади.
8. ЖК 221-моддасининг 2-қисмида:
а) ўта хавфли рецидивист;
б) оғир ёки ўта оғир жинояти учун ҳукм этилган шахс томонидан содир этилган жиноят учун жавобгарлик назарда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |