228.1-модда. Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш
Ғаразгўйлик ёки бошқа шахсий манфаатларни кўзлаб давлат проба тамғасини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки ундан фойдаланиш, шунингдек, уни қалбакилаштириш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирилиб содир этилган бўлса,-
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. 2001 йил 7 декабрдаги “Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди, унинг мақсади реализация қилишга мўлжалланган қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини (пробасини) аниқлаш ва тамғалаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.
Заргарлик буюмлари, олтин зарварақ, кумуш зарварақ ва тиш ясашга мўлжалланган олтин қуйилмалар қимматбаҳо металлардан ясалган, тамғаланиши лозим бўлган буюмлардир.
2. Жиноят объекти - проба назорати инспекциялари томонидан тамғаланиши шарт бўлган ва қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар билан муомала қилиш тартиби.
Жиноят предмети - давлат проба тамғаси, яъни заргарлик буюмларида ва бошқа предметларда заргарлик буюмлари ишлаб чиқариладиган олтин, кумуш ва платинанинг миқдорини аниқловчи тамға ёки белги, Давлат проба тамғаси тасдиқлаш белгиси ва проба белгисидан ташкил топиб, улар бирга ёки алоҳида тушунилиши мумкин. Ушбу белги заргарлик буюми ёки бошқа предметлар проба назорати инспекциясида текширилган ва тамғада кўрсатилган пробадан кам бўлмаган пробага эгалигини билдиради.
3. Объектив томондан жиноят тамагирлик ёки бошқа шахсий манфаатларни кўзлаб давлат проба тамғасини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки ундан фойдаланиш, шунингдек, уни қалбакилаштиришда ифодаланади.
4. Қонунга хилоф равишда тайёрлаш деганда, давлат проба тамғаларини расмий рухсатсиз тайёрлашни тушуниш лозим.
5. Қонунга хилоф равишда ўтказиш деганда, давлат проба тамғаларини ва қонунга хилоф равишда тайёрланган проба тамғаларини сотиш, совға қилиш, алмашиш ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлар орқали бегона шахслар ихтиёрига ўтказишга қаратилган ҳаракатларни содир этиш тушунилади.
6. Давлат проба тамғасидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш деганда, давлат проба тамғасидан фойдаланган ҳолда белгиланган тартибга хилоф равишда ёки ғайриқонуний тайёрланган проба тамғаларидан фойдаланиб қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмларга тамға туширишни тушуниш лозим.
7. Давлат проба тамғасини қалбакилаштириш деганда, давлат проба тамғасининг ҳар қандай белгисига қандайдир ўзгартиришлар киритишни тушуниш лозим.
8. Жиноят ҳар қандай ҳаракатлардан бири (тайёрлаш, ўтказиш, фойдаланиш, қалбакилаштириш) содир этилган пайтдан эътиборан тугалланган ҳисобланади.
9. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади.
Ғаразли ёки бошқа шахсий манфаатдорлик жиноятнинг зарурий белгиси ҳисобланади.
10. Ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
11. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши:
а) такроран;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган.
Такрорийлик диспозицияда кўрсатилган ҳаракатлардан бирининг (тайёрлаш, ўтказиш, фойдаланиш, қалбакилаштириш) камида икки маротаба ҳар қандай кетма-кетликда содир этилишини назарда тутади.
Бир шахс томонидан давлат проба тамғасини тайёрлаш ва уни ўтказиш ёки ундан фойдаланиш такрорийлик белгисини ташкил этмайди.
Давлат проба тамғасини қалбакилаштириш ҳамда кейинчалик ундан фойдаланиш ёки уни ўтказиш такрорийлик белгисини ташкил этмайди. Бироқ, агар айбдор шахс давлат проба тамғасини қонунга хилоф равишда тайёрлаб, кейин уни ғайриқонуний равишда ўтказса ёки фойдаланса, сўнг бошқа давлат проба тамғасини қалбакилаштирса, ундай пайтда унинг ҳаракатларини (жиноятни такроран содир этиш белгисига кўра) ЖК 2281-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича квалификация қилиш зарур.
12. Давлат проба тамғасини тайёрлашда ёки уни ўтказишда, фойдаланиш ёки қалбакилаштиришда икки ёки ундан ортиқ шахс шундай ҳаракатларни ўзаро содир этиш ҳақида олдиндан тил бириктирган ҳолда иштирок этса, жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган деб тан олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |