XVI боб. Одил судловга қарши жиноятлар
230-модда. Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш
Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан айбсизлиги аён бўлган шахсни ижтимоий хавфли қилмишни содир этганликда айблаб жавобгарликка тортиш, -
беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат оғир ёки ўта оғир ижтимоий хавфли қилмиш содир этганликда айблаб содир этилса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, “жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”.
Айбсиз кишини жавобгарликка тортишнинг ижтимоий хавфи шундаки, бунда дастлабки тергов ва прокуратура органлари обрўйига путур етишидан ташқари, қонунга риоя қилган ҳолда ҳаёт тарзини кечираётган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари жуда қўпол равишда бузилади, жиноятчилик билан гўёки мувафаққиятли кураш кўриниши пайдо бўлади. Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш суд хатосига туртки бўлиши мумкин бўлган шарт-шароитларни яратади. Ундай ҳодисалар нисбатан тарқалганида, аҳолида ижтимоий ҳимоясизлик ҳисси пайдо бўлади, бу жамиятда кескинликни туғдириб, охир-оқибат ижтимоий-сиёсий вазият, аҳолининг ахлоқий муҳитига ўз таъсирини ўтказади.
2. Жиноятнинг объекти суриштирув, дастлабки тергов босқичларида одил судловнинг манфаатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳисобланади.
3. Объектив томондан жиноят айбсизлиги аён бўлган шахсни ижтимоий хавфли қилмишни содир этганликда айблаб жиноий жавобгарликка тортишда ифодаланади.
4. Айбсизлиги аён бўлган шахс деганда, айбини етарли даражада аниқ исбот этадиган ишончли далиллар тўпланмаган шахслар тушунилади.
Уларга қуйидаги шахслар киради:
* жиноят ҳисобланмаган қилмиш бўйича айблов эълон қилинган шахслар;
* аслида содир этилмаган жиноий ҳодиса учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслар (масалан, шахс бирон-бир кишини ўлдирганликда айбланади, у киши эса аслида тирик, жиноий ҳодиса мавжуд эмас);
* жиноятга тааллуқли бўлмаган ёки бир жиноятни содир этганликка асосланган ҳолда ва бошқа бир содир этмаган жиноят учун асоссиз равишда жавобгарликка тортилаётган шахслар;
* унча оғир бўлмаган жиноятда айбдор бўлиб, бироқ оғирроқ жиноят учун жавобгарликка тортилаётган шахслар;
* жиноят таркибининг ҳамма белгилари мавжуд бўлмаган қилмиш учун (масалан, қалбаки пулларни тайёрлаган, лекин уларни ўтказиш мақсади бўлмаганда ва ҳоказо ҳолларда) жавобгарликка тортилаётган шахслар.
5. Жиноят таркибининг объектив томони белгилари ғайриқонуний тарзда жиноий иш қўзғатиш, жиноий жавобгарликка тортишни асоссиз рад этиш, айбсиз кишига нисбатан жиноий ишни тўхтатиш ҳолларини ўз ичига олмайди. Шунингдек, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан кишини ишга гумондор сифатида асоссиз жалб этиш тўғрисидаги қарор чиқарилишини ҳам айбсиз кишини жавобгарликка тортиш деб тан олинмайди. Юқоридаги ҳаракатлар, шу билан бирга ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликдан ташқари бошқа маъмурий ёхуд интизомий ва ҳоказо жавобгарликларга тортиш, тегишли шароитлар мавжуд бўлганда, мансаб жинояти бўйича ёки ЖК 231-моддасидаги жиноят таркибининг белгилари мавжуд бўлса, шу модда бўйича квалификация қилиниши мумкин.
6. Шарҳланаётган жиноят жиноятни содир этишда айбсиз бўлган шахсга нисбатан айблов эълон қилинган қарор тақдим этилган пайтдан эътиборан тугалланган ҳисобланади.
ЖПК 361-моддасига мувофиқ, шахсни айбланувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортиш иккита бир-бирига боғлиқ бўлган процессуал актлардан ташкил топади: шахсни айбланувчи тариқасида ишга жалб этиш тўғрисида унга қўйилаётган айбни асослаб ва қилмишни ҳуқуқий квалификация қилиб қарор чиқариш ҳамда шахсга бу қарорни тақдим этиб, айбловнинг моҳиятини, айбланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш. Агар шахсга жавобгарликка тортилаётганлиги тўғрисидаги қарор у ёки бу сабабдан тақдим этилмаган бўлса, шахсни жавобгарликка тортиш амалга ошмаган деб тан олиш керак. Кейинги қарорнинг бекор қилиниши, ишнинг тўхтатилиши, айбсизлик ҳақида ҳукм чиқарилиши ва ҳоказолар шарҳланаётган жиноятнинг таркиби мавжудлигига таъсир этмайди, бироқ жиноят оқибатлари даражаси модданинг санкцияси чегараларида жазони тайинлашда ҳисобга олиниши мумкин.
7. Субъектив томондан жиноят фақат тўғри қасд билан содир этилиши мумкин, бу тўғрисида суриштирувчи, терговчи ва прокурор ўз ҳаракатлари бошидан ғайриқонунийлигини билиши, яъни жиноий жавобгарликка тортилаётган шахснинг айби йўқлигини билган бщлиши керак. Шахснинг жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган ҳодисанинг йўқлиги ёки қилмишда жиноят таркиби мавжуд эмаслиги, жиноят бошқа шахс томонидан содир этилганлиги, жавобгарликка тортилган шахснинг айби исботланмаганлиги бу ерда аҳамият касб этмайди.
Шу билан бирга, хато қилган ёки ўз ишига совуққонлик билан қараган, иш бўйича тўпланган далилларни нотўғри баҳолаган ва жабрланувчини айбдор деб виждонан ҳисоблаган шахсни шарҳлаётган модда бўйича жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
8. Шарҳланаётган жиноятларни содир этиш мотивлари турлича бўлиши мумкин: шуҳратпарастлик ниятида, бунда шахс ўзининг лаёқати пастлиги, ишнинг объекти мураккаблиги ёки ҳақиқий айбдорни топишга ҳаракат қилиш билан ўзини қийнашни хоҳламаганлиги учун айбсизлигини билган шахсни жавобгарликка тортади; шахсий мотивлар ёки ўч олиш мотиви, бунда шахс жабрланувчи билан ёмон муносабатларда бўлгани учун, у билан ҳисоб-китоб қилади; ғаразли ниятда, масалан, жавобгарликка тортилган шахснинг мулкига эгалик қилиш, квартирасига эга бўлиш, жиноят ишини тугатганлиги учун келажакда шахсдан пора олиш ва ҳоказолар. Ушбу жиноят таркиби, шунингдек, хизмат манфаатларини нотўғри тушунган ҳолда айбсиз кишини жавобгарликка тортганда ҳам мавжуддир. Жиноят мотивлари квалификация учун аҳамиятга эга эмас.
9. Жиноятнинг субъекти фақат қонун билан шахсни айбланувчи сифатида жавобгарликка тортиш ҳуқуқи берилган шахслар - тааллуқлилигидан қатъи назар (прокуратура, МХХ, ИИВ) суриштирувчи, терговчи ёки прокурор бўлиши мумкин.
10. Айбсиз шахсни оғир ёки ўта оғир (ЖК 15-моддасининг шарҳига қаранг) жиноят содир этганликда айблаб, жиноий жавобгарликка тортганликда айбдор бўлган шахсларнинг ҳаракатлари шарҳланаётган модданинг 2-қисми бўйича квалификация қилинади. Бундай жиноятнинг хавфи юқорироқ эканлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди, чунки у жабрланувчига қамоққа олиниш, узоқроқ вақтга озодликдан маҳрум қилиниш , қаттиқроқ режимли колонияга юборилиш каби нисбатан оғирроқ оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
11. Айрим ҳолларда айбсиз кишини жавобгарликка тортиш, бошқа бир жиноятларни, масалан, хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиш тартибини бузиш (ЖК 140-моддаси), қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш (ЖК 234-моддаси) каби жиноятларни содир этиш билан боғлиқ бўлади. Бу жиноий ҳаракатлар мустақил квалификация қилишни талаб этади.
Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш бошқа оғирроқ жиноятни содир этиш билан, масалан, пора олиш (ЖК 210-моддаси), қийноқлар ва бошқа даҳшатли, ғайриинсоний, қадр-қимматни камситувчи ҳаракатлар ва жазоларни қўллаш (ЖК 235-моддаси) ва ҳоказолар билан бирга содир этилганда, жавобгарлик жиноятлар мажмуи бўйича белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |