231-модда. Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш
Олдиндан била туриб, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш, -
беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Судья (судьялар) томонидан адолатсиз суд ҳужжатларини чиқариш - одил судловга қарши бўлган хавфли жиноятлардан биридир. Шарҳланаётган жиноят мансабни суистеъмол қилишнинг алоҳида тури бўлиб, жиноятнинг махсус субъект ва объект белгиларига асосан алоҳида жиноят таркибини ҳосил қилади. Шарҳланаётган жиноят одил судлов органларининг нормал фаолиятини бузади, давлатдаги суд ҳокимияти нуфузига путур етказади, фуқаролик, хўжалик ишларида тарафлар, маъмурий процессда иштирокчилар сифатида юритилган ҳамда жиноят процессида айбланувчи ёки бошқа ҳуқуқий мақомга эга, масалан, жабрланувчи бўлган фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бузади.
2. Жиноят объекти суд ҳокимиятини амалга ошириш жараёнида одил судловнинг ва суд ҳокимиятининг манфаатлари, суд ҳокимияти нуфузи, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек, корхоналар ва муассасаларнинг манфаатлари ҳисобланади.
3. Жиноят объектив томондан адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқаришда ифодаланади.
4. Ҳукм - судланувчининг айбдор ёки айбдор эмаслиги масаласи бўйича ва унга жиноий жазони қўллаш ёки қўлламаслик тўғрисидаги суд томонидан чиқарилган ҳужжатидир.
Ўзбекистон Республикасида ҳукм Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади ва у қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шарт (ЖПК 454-455-моддаларига қаранг). Суд оқлов (судланувчининг айбсизлигини белгиловчи) ёки айблов (судланувчининг айбдорлигини белгиловчи) ҳукми чиқариши мумкин.
5. Ҳал қилув қарори - биринчи инстанция фуқаролик ва хўжалик судининг фуқаролик ишини ёки хўжалик низосини бевосита ҳал қиладиган ҳужжатидир. Ҳал қилув қарори ҳам Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилиб, қонуний ва асосланган бўлиши керак.
6. Процессуал қонунчиликка биноан (жиноят, фуқаролик, хўжалик) ажрим деганда,биринчи инстанция суди томонидан ҳукм ёки ҳал қилув қароридан ташқари чиқарилган исталган суд акти тушунилади. Масалан, эҳтиёт чорасини қўллаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги ажрим, ишни тугатиш тўғрисидаги ажрим, ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисида ажрим, ишни кўриб чиқиш учун бошқа судга юбориш тўғрисидаги ажрим, ишни қўшимча терговга юбориш тўғрисидаги ажрим, хусусий ажрим ва ҳоказолар.
Ажримларга, шунингдек, иккинчи инстанция судларининг барча қарорлари ҳамда юқори поғона (судлар раёсатидан ташқари) судлар томонидан қонуний кучга кирмаган (апелляция инстанциясида иш кўришда) ёхуд қонуний кучга кирган (кассация, назорат ёки янгидан очилган ҳолатлар муносабати билан айтиб ўтилган суд ҳужжатларини қайта кўриш) ҳукм, ажрим ва қарорларни қайта кўриш пайтида қабул қилинган қарорлар киради.
7. Қарор - бу қонуний кучга кирган суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорларини қайта кўриб чиқиш натижасида суд раёсатининг қабул қилган қарори ҳамда суд ҳукмидан ташқари судьянинг якка тартибда қабул қилган ҳар қандай қарори (масалан, иш юритишни тўхтатиш тўғрисидаги қарор). Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарлик масаласи юзасидан қабул қилинган суд қарори ҳам қарорлар тоифасига киради.
8. Жиноят объектив томонининг зарурий белгиси - ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорнинг (суд ҳужжатининг) адолатсизлиги.
Адолатсиз деб, ишнинг аниқланган ҳолатларига зид равишда ёки моддий ёхуд процессуал қонунни жиддий бузган ҳолда қабул қилинган суд ҳужжати тушунилади. Адолатсиз суд ҳужжати жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал ҳамда хўжалик-процессуал қонунга асосан бекор қилиниши лозим.
9. Жиноят ишлари бўйича қабул қилинган адолатсиз ҳукмларнинг энг кўп учрайдиган турларига қуйидагилар киради: айбловнинг исбот этилмаганлиги (айбсиз шахснинг судланганлиги); айбдорнинг айби исбот этилганда уни оқлаб чиқариш; жиноятни оғирлаштириш ёки енгиллаштириш тарафига олдиндан нотўғри квалификация қилиш; жиноятни нотўғри квалификация қилиш оқибатида ёки мустақил тарзда асоссиз жуда оғир ёки жуда енгил жазо тайинлаш ва ҳоказо.
Санаб ўтилган адолатсиз ҳукм турлари моддий қонуннинг жиддий бузилиши билан тавсифланади.
Шунингдек, жиноят-процессуал қонун-қоидаларининг жиддий бузилиши (судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқининг бузилиши, ҳимоячи билан таъминламаслик, охирги сўз берилмаслиги ва бошқа ҳолатлар) оқибатида ҳам ҳукм адолатсиз ҳисобланади.
10. Фуқаролик иши ёки хўжалик низоси бўйича суднинг ҳал қилув қарори даъво асоссиз қаноатлантирганда, фуқаролик ёхуд хўжалик иши бошқача тарзда нотўғри ҳал этилганда, шунингдек, фуқаролик-процессуал қонунчилик жиддий равишда бузилганда (масалан, томонларнинг тенг ҳуқуқлилик принципи бузилганда) адолатсиз деб топилади.
11. Иш кўриш жараёнида юзага келувчи турли хил масалалар бўйича биринчи инстанция судининг ажрими ҳам адолатсиз бўлиши мумкин, масалан, эҳтиёт чорасини ўзгартириш, ишни тўхтатиш, квалификацияни ўзгартириш, далилларни таъминлаш чораларини ўзгартириш ҳақида ва ҳоказо.
Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларининг ажрими ва қарорлари, масалан, улар томонидан қонуний ҳукм ва қарорлар асоссиз бекор қилинса ёки ўзгартирилса ёхуд, аксинча, ноқонуний суд ҳужжатлари кучида қолдирилганда адолатсиздир. Маъмурий ишлар бўйича суд қарори, масалан, суд ваколатлари доирасидан ташқари йўсинда чиқарилса, ёки иш юритиш тили ҳақидаги қоидалар бузилган тақдирда, адолатсиз деб топилади.
Суд ҳужжатларининг адолатсизлиги ишнинг моҳиятига кўра ҳал қилишга таъсир этувчи моддий ёки процессуал қонуннинг миқдорий бузилиши билан изоҳланади. Ишни мазмунан тўғри ҳал қилишга таъсир этмайдиган ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ва жамият манфатларини бузмайдиган кам аҳамиятли (расмий) бузилишлар жиноий қилмиш деб тан олиниши мумкин эмас.
12. Жиноят актив ҳаракатлар орқали содир этилади. Санаб ўтилган ҳуқуқни қўллашга дахлдор бўлган ҳужжатлар судья (судьялар, шу жумладан уларнинг тоифасига кирадиган маслаҳатчилари) томонидан тайёрланади. Бундай актнинг судья (судьялар) томонидан имзоланиши пайтида жиноят тугалланган ҳисобланади. Улар имзолангунга қадар фақат ана шу жиноятни содир этишга суиқасд қилиш ҳақида гапириш мумкин. Жиноятнинг тугалланганлигини аниқлашда адолатсиз ҳужжат қонуний кучга кирганлиги факти аҳамиятга эга эмас.
13. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд, яъни айбдор адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорни қабул қилаётганида, ана шу қарорнинг адолатсиз эканлигини олдиндан англаганлиги ва буни хоҳлаганлиги билан тавсифланади.
ЖК 231-моддаси бўйича жавобгарлик фақат адолатсизлиги олдиндан аён бўлган суд ҳужжатларини чиқарганлик учун белгиланади. Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорнинг эҳтиётсизлик оқибатида қабул қилиниши ушбу модда бўйича жавобгарликни истисно этади, лекин тегишли ҳолатлар мавжудлигида қилмиш ЖК 207-моддаси бўйича мансабга совуққонлик билан қараш деб квалификация қилиниши мумкин. Кўриб чиқилаётган жиноятни “олдиндан аён бўлиши” белгиси бўйича интизомий қоида бузишдан фарқламоқ лозим.
14. Жиноятни содир этиш мотивлари (ғаразли, шахсий адоват ёки дўстона муносабатлар, нотўғри тушунилган хизмат манфаатлари, шуҳратпарастлик ва ҳоказолар) жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди, лекин жавобгарликни индивидуаллаштиришда ҳисобга олиниши шарт.
Адолатсиз ҳукм чиқарганлик учун пора олиш ушбу жиноят таркибига кирмайди ва пора олганлик учун жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши керак (ЖК 210-моддаси ва ЖК 231-моддаси).
15. Жиноятнинг субъекти муайян иш юзасидан судьянинг одил судловни амалга ошириш ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлган шахслардир. Судьялар, шунингдек, жиноят процессидаги халқ маслаҳатчилари бу шахслар сифатида гавдаланилади.
Жиноятнинг махсус субъекти ёш чегараларига эга. Жиноят субъектлари 18 ёшга тўлган (ҳарбий судлар халқ маслаҳатчилари учун) ва 25 ёшга тўлган (умумий юрисдикция судлари халқ маслаҳатчилари, шунингдек, барча судларнинг судьялари учун) шахслар бўлиши мумкин.
16. Агар адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёхуд қарор коллегиал тарзда чиқарилган бўлса, жиноий жавобгарликка фақат ушбу ҳужжат адолатсизлиги олдиндан аён бўлган шахслар тортилиши лозим.
17. Шарҳланаётган модда фақат Ўзбекистон Республикаси суд тизими органлари одил судловни амалга ошириш учун ишлаётган ёки жалб этилган ҳамда судьянинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлган шахслар учун белгиланади. Судьянинг вазифаларини Ўзбекистон Республикасининг бошқа суд органларида, жумладан, ҳакамлар судида, ва ҳоказода амалга оширувчи шахслар бу модда бўйича жавобгарликка тортилмайди.
18. Адолатсиз ҳукм актининг чиқарилиши одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳоллар билан боғлиқ ҳаракатлар ЖК 231-моддаси 2-қисми билан квалификация қилинади. Одам ўлими адолатсиз суд ҳужжатининг чиқарилиши билан бевосита (масалан, айбсиз судланганга ўлим жазоси тайинлаш) ёхуд ушбу ҳолат билан билвосита боғлиқ бўлиши мумкин (масалан, ўзини ўзи ўлдириш натижасида).
Бошқа оғир оқибатларга: шахсни оғир, ўта оғир жиноятларни содир этишда айблаш, руҳий касалликларни келтириб чиқариш, бир неча шахснинг ноқонуний ҳукм қилиниши, айбсиз судланган шахснинг оиласи учун оғир оқибатларга олиб келиш, кўп миқдорда зарар етказиш ва айтиб ўтилганлар билан тенг оғирликдаги бошқа оқибатларни киритиш мумкин.
19. Айбдорнинг бўйнига айтиб ўтилган оқибатларни юклаш адолатсиз ҳукм чиқарилиши билан келиб чиққан оқибатлар орасида сабабий боғланиш мавжудлиги аниқлангандагина мумкин бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |