I боб. Жиноят Кодексининг вазифалари ва принциплари


-модда. Ахборотлаштириш қоидаларини бузиш



Download 6,47 Mb.
bet169/305
Sana23.02.2022
Hajmi6,47 Mb.
#157285
TuriКодекс
1   ...   165   166   167   168   169   170   171   172   ...   305
Bog'liq
ЖК шархлар.

174-модда. Ахборотлаштириш қоидаларини бузиш
Ахборотлаштириш қоидаларини бузиш, яъни ахборот тар­моғидан рухсатсиз фойдаланиш ёки фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда тегишли ҳимоя чораларини кўрмаслик ёки ахбо­ротлар тармоғидан қонунга хилоф равишда ахборотлар олиш, шунингдек, ахборотлаштириш тизимидан фойдаланишга рух­сати бўлган ҳолда ундаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, йўқотиш, олиб ташлаш ёки йўқ қилиб юбориш анча миқдорда за­рар етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваригача миқ­дорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жа­золанади.
Компьютер тизимларида сақланаётган маълумотлар ёки дастурларни ўзгартириш мақсадида тегишли рухсатсиз компь­ютер вируслари ёки дастурларини ишлаб чиқиш ва тарқатиш, шунингдек, рухсати бўлмагани ҳолда ахборот тизимидан фойда­ланиш маълумотларнинг бузилиши, олиб ташланиши, йўқ қилиб юборилиши ёки бу тизимнинг ишдан чиқишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қи­либ, уч ойдан олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

1. Ахборотлаштириш қоидаларини бузишнинг ижтимоий хавфлилиги шундан иборатки, ЖК 174-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар инсоният фаолиятининг турли соҳаларидаги ҳар хил шахсларга жиддий равишда зарар етказишга реал хавф туғдиради.


2. Шарҳланаётган жиноятнинг объектини ахборотлаштириш муҳитини тартибга солиш соҳасида юзага келадиган икки гуруҳ­даги ўзаро боғлиқ ижтимоий муносабатлар ташкил этади. Ушбу гуруҳлар қуйидагиларни:
* унинг (муҳитнинг) ҳимояланганлик ҳолатини;
* у унинг мулкдорлари, эгалик қилувчилари ва учинчи шахслар­нинг ахборотларга бўлган ҳуқуқини амалга оширишни таъминлаб беради.
Шарҳланаётган жиноятнинг объектини аниқлаш ва белгилаш ЖК 174-моддасида кўрсатиб ўтилган ижтимоий хавфли ҳаракат­ларни бошқа турдаги компьютер, компьютер тизими, уларнинг тармоқларидан ёки компьютер техника воситаларидан фойдалан­ган ҳолда содир этиладиган бошқа хил жиноятлар (масалан, фи­рибгарлик, ўғрилик ва бошқалар)дан ажратиш учун зарур.
3. Жиноят предмети ЖК 174-моддаси 1-қисми диспозиция­сида тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтилган ахборотлаштириш тармоқ­лари, шунингдек, уларда ёки ахборотлаштириш тизимида мавжуд бўлган маълумотлар ҳисобланиши мумкин.
Ахборот тармоғи - бу белгиланган ахборот алмашиш қоида­лари асосида ягона оператив тизим бошқарувида ишловчи, ўзаро алоқа тизими орқали боғланган компьютерлар ва уларнинг пери­ферик ускуналари мажмуидир. Ахборотлаштириш тармоғи унинг мулкий шаклига, шунингдек, фаолият ҳудудига кўра ажратилади.
Ахборот тармоғи ёки тизимида мавжуд бўлган ахборотлар - бу қайд этилган, қайта ишланаётган ва улардан фойдаланиш қоидалари (тартиби)ни белгиловчи, мулкдорнинг идентификация қилиш аломатларига эга бўлган компьютерлар (ЭҲМ), шунин­гдек, ЭҲМ ва маълумотлар базаси учун дастурлар ёрдамида фой­даланиладиган, шахслар, предметлар, фактлар, ҳодисалар, воқеа­лар ва жараёнлар ҳақидаги маълумотлар ҳисобланади.
ЭҲМ учун дастурлар сифатида ЭҲМ тармоқлари ва бошқа компьютер воситалари ёрдамида маълум бир натижага эришиш ҳамда ЭҲМ фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган маълумотлар ва буйруқлар мажмуини тушуниш лозим, маълу­мотлар базаси деганда эса - шундай тартибда тизимлаштирилган маълумотлар мажмуи (масалан, тармоқлар, ҳисоботлар) тушуни­ладики, улар ЭҲМ ёрдамида аниқланиши ва қайта ишланиши ло­зим.
Бундай ахборотнинг ўзига хослиги унинг оддий кўчирилиши, қайта ишланиши ва кўпайтирилишига кўра белгиланади; ахбо­ротни олиш чоғида, ашёни олишдан фарқ қилган ҳолда, у даст­лабки манбада енгил сақланади; ахборот сақловчи файлга бир вақтнинг ўзида бир неча фойдаланувчи мурожаат қилиши мум­кин.
Ахборот тизими - деганда ахборотларни тўплаш, сақлаш, қидириш, қайта ишлаш ва фойдаланишни таъминлаб берувчи, ахборотлаш­тириш манбалари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари­нинг ташкилий тартибга солинган мажмуи тушунилади.
Ахборот манбалари сифатида эса ахборот тизими таркибида элек­трон шаклдаги маълумотлар банки, маълумотлар базаси ва маълумотлар тушунилади.
Ахборот технологияси тушунчаси орқали ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва уни тарқатиш учун фойда­ланиладиган жами услублар, қурилмалар, усуллар ва жараёнлар мажмуи англашилади.
Ахборот тизимларини кимнинг ҳисобига ташкил этилганлиги (давлат, юридик, жисмоний шахс ҳисобига), фаолият доираси (республика, ҳудудий), қўлланиш ва фойдаланиш доираси (соҳа­вий ва соҳалараро) бўйича турларга ажратиш мумкин. Бироқ ах­борот тизими ушбу жиноят бўйича тажовуз қилиш предметини белгилашга таъсир этмайди.
4. Объектив томондан ушбу жиноят қуйидаги муқобил ҳара­катларни содир этишда:
* аахборот тармоғидан рухсатсиз фойдаланишда;
* ффойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда тегишли ҳимоя чорала­рини кўрмасликда;
* аахборот тармоғидан қонунга хилоф равишда ахборот олишда;
* аахборот тизимидан фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда ун­даги маълумотларни қасддан ўзгартиришда;
* аахборот тизимидан фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда ун­даги маълумотларни қасддан йўқотишда;
* аахборот тизимидан фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда ун­даги маълумотларни қасддан олиб ташлашда;
* аахборот тизимидан фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда ун­даги маълумотларни қасддан йўқ қилиб юборишда ифодала­нади.
Айбдор томонидан юқорида кўрсатилган ҳаракатлардан бири­нинг содир этилиши ЖК 174-моддаси 1-қисми бўйича жавобгар­ликка тортилади.
5. Ахборот тармоғига кириш деганда, ЭҲМ воситаларидан фойдаланган ҳолда ушбу тармоққа киришнинг ҳар қандай шакли тушунилиши лозим. Ахборотга кириш ҳуқуқий ҳамда ҳуқуққа хилоф бўлиши мумкин. Ҳуқуқий кириш ахборот тармоғи ресурс­ларидан фойдаланишга қаратилган ҳар қандай (оғзаки, ёзма ёки электрон) шаклдаги рухсат олишда ифодаланади. Ўзининг моҳияти жиҳатидан рухсат олиш шахсга фойдаланувчи сифатида расмийлаштирилишга ва киришга имконият берувчи фойдала­нувчи парол ҳақида хабар беришда ифодаланиши мумкин.
Ахборот тармоғига кириш ҳуқуқи бўлган шахс қонуний асосларда у билан ишлайдиган ҳар қандай шахс ёки унинг фао­лиятига хизмат кўрсатадиган шахс (ЭҲМ хотирасига маълумот киритувчи дастурчилар, хизматчилар, бошқа фойдаланувчилар, шунингдек, маълумотлар базаси админстратори, усталар ва ҳо­казолар) ҳисобланади. Ахборот тармоғи қисмлари (жумладан, сервер) жойлашган хонага киришга рухсати бўлган шахслар, агар улар компьютер ахбороти билан ёки ускуналар билан бевосита алоқадор бўлмасалар, рухсатга эга шахслар деб ҳисобланмайди­лар. Фаррошлар, хонани кондиционер билан таъминлаш бўйича мутахассислар, сарфланувчи материалларни тарқатувчилар, даст­лабки ҳужжатларни қоғозда тузувчилар ва бошқалар шундай шахслар тоифасига киради. Қувват олиш манбаи йўқ ЭҲМни, шунингдек, ахборот ташувчи машинани буюм сифатида эгаллаб олишни ахборот тармоғига кириш сифатида қарамаслик керак, бундай хатти-ҳаракат тегишли ҳолатларда талончилик ёки ўзбо­шимчалик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар бўйича жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.
6. Ахборот тармоғидан рухсатсиз фойдаланиш - бу ахборот тармоғига кириш шакли бўлиб, шахснинг тармоққа кириш ҳуқуқи мавжуд бўлмагани ҳолда ёки тармоққа кириш даражасини ошир­ган ҳолда белгиланган тартибга хилоф равишда ахборот тар­моғига киришидир. Охирги ҳолатни қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолатда кўриш лозим: битта ахборот тизимидан ёки ЭҲМдан жа­моавий фойдаланувчи шахслар, одатда, уларга рухсат берилган операцияларни амалга ошириш ёки муайян ресурсларга мурожаат қилишга имконият берилади (муайян фойдаланувчилар гуруҳига фойдаланишга рухсат берилган файл).
Фойдаланувчининг ўз мақомини рухсатсиз кўтариши (маса­лан, ўзганинг паролидан фойдаланиш) ахборот тармоғига рухсат­сиз кириш ёки унга тайёргарлик кўриш сифатида қаралмоғи ло­зим. Ахборот тармоғига рухсатсиз кириш деганда, ЭҲМ ёки ЭҲМ тармоқлари бошқарув органларига рухсатсиз киришни тушуниш лозим.
Ахборот тармоғига кириш ҳуқуқи бўлмаган шахс унга рухсатсиз киришга асосан ахборот тармоғига ўрнатилган ҳимоя тизимини бартараф этиш, пароллардан ва қонуний фойдаланув­чини идентификация қилувчи бошқа маълумотлардан ғайриқону­ний фойдаланиш имконини берувчи махсус техник ёки дастурий воситалар ёрдамида кириш йўли билан эришади.
7. Ахборот тармоғига рухсати бўлгани ҳолда зарур ҳимоя чораларини кўрмасдан кириш қуйидагиларда ифодаланади:
* айбдор ахборот тармоғи ресурсларига кириш рухсатига эга бўлади;
* ресурсларга кириш муайян ҳимоя чораларини кўрмасдан амалга оширилади.
Ахборот тармоғига кириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тўғрисида юқорида таъкидлаб ўтилди. Мазкур қилмишни таҳлил қилишда асосий эътиборни иккинчи элементга - муайян ҳимоя чораларини кўрмасдан киришга қаратиш жоиз.
Ушбу тармоққа киришдан ёки ундан ҳуқуққа хилоф равишда фойдаланишдан ҳимояланишни таъминлашда шахслар томонидан қандай ҳимоя чоралари қўлланилиши лозимлиги қонунда кўрса­тилмаган, бироқ диспозиция таҳлили бу ерда юқорида кўрса­тилган ҳимоянинг барча мавжуд чоралари назарда тутилганли­гини кўрсатади. Ҳимоя турлича ифодаланиши мумкин: рухсат берилган шахслардан ташқари тармоққа киришда ҳеч ким алоқага кириша олмаслиги (рухсат тизими, сигнализация, ҳарбийлашти­рилган ҳимоя), бошқа шахслар томонидан индивидуаллаштириш воситалари билиб олинишидан ҳимоялаш чоралари ва бошқалар.
Жиноят кодекси айбдор томонидан зарур ҳимоя воситалари қўлланилганлигини, бироқ уларга риоя этилмаганлигини талаб этади. Бошқача айтганда, махсус ҳимоя чораларини кўриш шахс­нинг ўзига боғлиқ, у уларни мустақил равишда ўрнатиши ва амалга ошириши лозим.
Агар у тармоққа кириш вақтида бундай ҳимоя қоидаларини ўрнатмаса ёки уларни амалга оширмаса, унинг ҳаракатлари ушбу белги бўйича объектив томондан квалификация қилинади.
8. Ахборот тармоғидан қонунга хилоф равишда ахборот олиш.
Ахборот олиш ўзида муайян бир жараённи ифодалаб, бунинг натижасида шахс муайян бир ҳолат, факт-воқеаларни ва бошқа компьютер маълумотларини ташкил этувчи ахборотлар билан танишиш имкониятига эга бўлади. Бундай ахборотларни олиш усуллари турлича, масалан, оддий ўқишдан, то расмга тушириш, нусха олишгача бўлиши мумкин.
9. Маълумотни такрорловчи ва уни мустаҳкам равишда ма­шинада ёки бошқа ташувчида акс эттирувчи ахборотдан нусха олиш усулига ахборот олиш шакли сифатида қараш лозим. Ком­пьютер маълумотларининг нусхасини олиш ЭҲМнинг ички хотирасидаги файлни дискетга ёзиб олишда, уни принтердан чиқа­ришда ва ҳоказоларда ифодаланади. Ахборотни оригинал ташув­чида (масалан, ЭҲМ хотирасига мазмуни айнан бир хил бўлган бир нечта файлни киритиб) ёки фойдаланувчи тасарруфида қол­ган бир турдаги ташувчида (масалан, нусхани ушбу компьютер билан тизим ҳосил қилувчи ЭҲМ хотирасига ёхуд компьютерда онгли равишда қолдирилган дискетга киритиб) такрорлашни ах­борот олиш сифатида квалификация қилмаслик даркор. Аниқ ах­борот олиш усул ва методлари ахборот олиш фактини аниқлашга таъсир кўрсатмайди.
10. Қонун ахборот тармоғидан ғайриқонуний равишда олин­ган маълумотларнигина ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳолайди.
Шу ўринда, ғайриқонуний олинган сифатида танишишнинг шундай жараёни назарда тутиладики, улар қуйидагича содир эти­лади:
* ахборот тармоғидан ахборот олишга рухсати бўлмаган шахс томонидан (масалан, унинг фойдаланувчиси ҳисобланмаган шахс);
* ахборот тизимидан фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда белгиланган тартибни бузиб (масалан, ахборот олиш бўйича ўрнатилган қоидаларга риоя қилмаслик).
Иккала ҳолатда ҳам айбдор ахборот олишнинг мавжуд қоида­ларини бузади. Улар қонунчилик актларида (масалан, Ўзбекистон Республикасининг давлат секторларини ҳимоя қилиш тўғрисид­аги қонуни 1993 йил 7 май) ёки белгиланган тартибда расмий­лаштирилган ички ҳужжатларда (масалан, тармоқдан фойдала­ниш йўриқномаси, мансабдорлик йўриқномаларида) белгиланган бўлиши мумкин. Ахборот олиш қоидаларини ўрнатувчи ҳужжат­ларнинг хусусиятлари танишишнинг ноқонунийлигини белги­лашда аҳамият касб этмайди: агар айбдор қонунчилик талаблари бўйича белгиланган қоидаларни бузса, унинг ҳаракатларини ғай­риқонуний деб ҳисоблаш лозим.
11. Қоида бўйича, айбдор ахборот тармоғидан рухсатсиз фой­даланишда маълумотларни ноқонуний равишда олади. Шунин­гдек, ахборотларни ахборот тармоғидан фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда ҳам ноқонуний олиш мумкин. Бироқ ушбу ҳолат­лар жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди. Айбдор­нинг ҳаракатларида бошқа ижтимоий қилмишлар мавжудлиги аниқланганда, уларнинг ҳаммаси мустақил равишда квалифика­ция қилиниши лозим.
12. ЖК 174-моддаси диспозициясида кўрсатилган ҳаракатлар­дан биронтаси содир этилган пайтдан эътиборан жиноят тугал­ланган ҳисобланади. Шу билан бирга, анча миқдордаги зарар етказилиши шаклидаги оқибатларнинг мавжуд бўлиши ахборот­лаштириш тизимидан фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда, маълумотларни қасддан ўзгартириш, йўқотиш, олиб ташлаш ёки йўқ қилиб юбориш ҳаракатлари содир этилган вақтдан бошлаб жиноят тугалланган деб топилади.
13. Ахборотни қасддан ўзгартириш - уларни босиб чиқа­риш, улардан нусха олиш, уларни тарқатиш ҳамда хўжалик муо­маласига (жумладан, модификациялаштирилган шаклга) киритиш юзасидан бошқа ҳаракатларни амалга ошириш. ЭҲМ учун яра­тилган дастур ёки маълумотлар базасининг босиб чиқарилганлиги тўғрисидаги хабарларни оммавий ахборот воситаларининг маълум қилиши ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасидан фойдаланиш деб эътироф қилинмайди.
Ахборотларни адаптация қилиш - мавжуд ахборотга қону­ний эгасининг рухсатисиз турли тузатишлар киритиш. Ахборотни ўзгартиришдан дастур ёки маълумотлар базасини янгилаш билан боғлиқ фаолиятни фарқлаш лозим. Янгилаш деганда, юзага кел­ган муайян шароитда ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумот­лар базасининг ишлашини таъминлаш мақсадидагина амалга ошириладиган ҳамда (декомпиляция қилиш оқибатида) муаллиф­нинг бошланғич матни ўзгаришига олиб келмайдиган қўшимчалар киритиш тушунилади. Шундай қилиб, агар ЭҲМ ва маълумотлар базаси учун мўлжалланган дастурлар ахборот тизи­мида нормал фаолият юритса, унда дастур ва маълумотлар база­сига қандайдир ўзгартиришлар киритилишига йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, агар субъект дастур ҳимоясини “синдирса” ва ахборот тизимида мавжуд бўлган маълумотлардан нусха олиб, уларни кўпайтирса, унинг қилмиши ЖК 149-моддаси ва 174-мод­даси 1-қисмларида кўрсатилган икки жиноят таркибига тўғри ке­лади (муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш - 149-модда, шунингдек, ахборотлаштириш қоидаларини бузиш).
14. Маълумотларни ўзгартиришни ЭҲМ учун яратилган дас­тур ёки маълумотлар базасини декомпиляция қилишдан фарқлаш лозим.
Декомпиляция қилиш - ЭҲМ учун яратилган дастурнинг таркибий тузилиши ва кодланишини ўрганиш мақсадида объект кодини бошланғич матнга айлантиришни ўз ичига оладиган тех­никавий усул.
Объект коди - бошланғич матннинг машина кодига айланти­рилиши натижасида юзага келган дастур.
Бошланғич матн - дастурлаш тилида тасвирланган маълу­мотларни қайта ишлаш ёки уларни бошқариш алгоритми.
Декомпиляция қилиш учта мажбурий шарт мавжуд бўлганда қонуний ҳисобланади:
* ўзаро ҳамкорликда ишлаш учун зарур бўлган, илгари бошқа манбалардан олиш мумкин бўлмаган ахборот;
* ушбу ҳаракатлар ЭҲМ учун яратилган декомпиляция қилин­ган дастурнинг фақат ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйиш учун зарур бўлган қисмлари бўйича амалга оширилади;
* декомпиляция натижасида олинган ахборотдан ЭҲМ учун яратилган, декомпиляция қилинаётган дастурга жуда ўхшаш бўлган ЭҲМ дастурини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ёки тарқа­тиш учун фойдаланилмаса ёхуд бундай ахборот муаллифлик ҳуқуқини бузадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш учун ишлатилмаса.
Ушбу учта мажбурий шартларга ёки улардан бирига риоя эт­маслик декомпиляция сифатида эмас, балки ўзгартириш қилиш сифатида квалификация қилиниши лозим.
15. Ахборотни қасддан йўқотиш деганда, ахборотнинг те­гишли эгаси қўлидан чиқиб, фойдаланишга рухсати бўлмаган шахслар қўлига тушиб қолиши тушунилади. Бундай ҳолатларда маълумот ўзгартирилмайди, йўқотилмайди, балки унинг қаерда­лиги номаълумлиги ва пароли йўқотилганлиги учун ундан фойда­ланиш имкониятидан маҳрум бўлинади.
Агар йўқотилган маълумот ахборот тизими эгаси ёки бошқа қонуний эгалловчиси томонидан охир-оқибат топилган ёки қайта тикланган бўлса, айбдор ҳаракатлари маълумотларни йўқотишга суиқасд қилиш сифатида ЖК 25-моддаси 2-қисми ва 174-моддаси 1- қисми бўйича квалификация қилинади.
16. Ахборотни олиб қўйиш деганда, ахборотнинг айбдор ёки у билан бирга ишлайдиган бошқа шахс томонидан дискетга ёзиб олиниши тушунилади. Маълумотларни олиш уни машина ташув­чилари (магнит тасмалари, дисклар, дискетлар ва бошқа шу каби электрон ҳисоблаш машиналари тизими ёки уларнинг тармоғи кабилар) хотирасига ўтказишда ифодаланади.
Маълумот айнан қаерга ўтказилганлиги қилмишни квалифи­кация қилишга таъсир этмайди. Қонун бўйича маълумотнинг олинганлик фактини унинг сақланиши лозим бўлган жойда эмас­лиги билан белгилаш лозим. Бундан ташқари, ушбу маълумот ўша ҳудудда яширилмаганлигини ҳам тўлиқ текшириб қўриш ло­зим. Ушбу икки талаб қаноатлантирилганда маълумот олиб қўйилган ҳисобланади.
Айбдорнинг ахборотдан фойдаланишининг қийинлашувида ёки бунинг мумкин эмаслигида ифодаланган хатти-ҳаракатини, айбдор бундай фойдаланишни тўсиқсиз амалга ошириши мум­кинлиги шарти билан, ахборотни олиб қўйиш деб баҳолаш керак. Лекин, агар айбдорнинг ўзи бирон-бир вазият (машинада ташув­чини, паролни ва ҳоказоларни йўқотиб қўйиши) туфайли кейин­чалик ахборотдан фойдалана олмаса, бундай хатти-ҳаракатни ах­боротни йўқотиш сифатида квалификация қилиш лозим.
17. Ахборотни йўқ қилиб юбориш деганда, компьютер ахбо­ротининг мавжудлиги тўхтагани, ундан вазифасига кўра фойда­ланиб бўлмаслиги тушунилади. Бунда йўқотилган маълумот қайта тикланмайди ва мақсадига кўра фойдаланишнинг иложи йўқ. Шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун маълумот тўлиқ ёки қисман олинганлиги аҳамият касб этмайди.
Маълумотни йўқотишни уни ўчириб ташлашдан ажратиш ло­зим.
Йўқотиш - шундай ҳолатки, бунинг натижасида маълумот қайта тикланмайди.
Ўчириб юборишда эса махсус дастур ва воситалар ёрдамида маълумотларни қайта тиклаб олиш имконияти мавжуд бўлади. Масалан, МS-DOSни “Undelete” ва бошқа шунга ўхшаш дастур­лари орқали тиклаш мумкин. Шунинг учун, агар айбдор томони­дан маълумотларни қасддан ўчириш содир этилса, айбдорнинг ҳаракатларини маълумотни йўқотишга суиқасд сифатида квали­фикация қилмоқ лозим. Худди шунингдек, бошқа фойдаланувчи ёки тизимлардан олиш мумкин бўлган маълумотларни йўқотиш ҳам суиқасд сифатида кўрилади.
Файлнинг қайта номланишига йўқ қилиш деб қарамаслик ке­рак. Худди шунингдек, эски файлларнинг ўзидан ўзи ўчиб кети­шини ҳам йўқ қилиш деб ҳисоблаш мумкин эмас.
Ахборотнинг бошқа машина ташувчига ўтказилишини ҳам, шу хатти-ҳаракат натижасида қонуний фойдаланувчиларнинг ах­боротдан фойдаланиши жиддий равишда қийинлашмаган ёки ун­дан фойдаланиш мумкин бўлмаган тақдирда, ахборотни йўқотиш деб квалификация қилиш мумкин эмас. Ахборотни бошқа машина ташувчига (диск, бошқа компьютерга ва ҳоказоларга) ўтка­зишдаги айбдорнинг хатти-ҳаракатини ахборотни қасддан олиб қўйиш деб қараш даркор.
18. Ахборот тизимидаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, йўқотиш, олиб ташлаш ёки йўқ қилиб юбориш анча миқдордаги (бу миқдор ЖК Махсус қисмининг VIII бўлимида келтирилган) зарар етказилган пайтдан эътиборан тугалланган деб топилади. Агар етказилган зарар белгиланган меъёрдан кам бўлса, айбдор­нинг ҳаракатларини ахборот тизимидаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, йўқотиш, олиб ташлаш ёки йўқ қилиб юбориш шак­лидаги жиноят сифатида квалификация қилиш мумкин эмас.
Агар айбдор ЖК 174-моддаси диспозициясида кўрсатилган ҳаракатларни ғаразли мақсадларда содир этиб, анча миқдорда за­рар етказмоқчи бўлган бўлса-ю, бироқ унга боғлиқ бўлмаган ҳолат­ларда (масалан, ахборот тизимининг ўчиб қолиши) бундай зарар етказилмаган бўлса, айбдорнинг ҳаракатларини ғаразли мақса­дини ҳисобга олган ҳолда, ахборотлаштириш қоидаларини бу­зишга суиқасд сифатида баҳолаш лозим (ЖК 25 ва 174-модда­лари).
19. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади. Жи­ноятнинг мотив ва мақсади унинг квалификациясига таъсир кўрсатмайди. Ахборотлаштириш тизимидан фойдаланишга рух­сат бўлгани ҳолда тегишли ҳимоя чораларини кўрмаслик эҳтиёт­сизлик шаклида ифодаланиши мумкин.
Жиноят содир этиш мотиви ҳар хил (рашк, ўч олиш, безори­лик ва ҳоказолар) бўлиши мумкин ва у жиноятни квалификация қилишга таъсир кўрсатмайди.
20. Жиноятнинг субъекти ахборот тармоқларидан фойдала­нишга рухсати бўлган ҳамда бундай рухсатга эга бўлмаган 16 ёшга тўлган ақли расо шахс бўлиши мумкин. Агар ахборотлашти­риш қоидаларини бузиш ўз мажбуриятлари бўйича ахборот тизи­мига ёки тармоғига кириш имкониятига эга бўлган мансабдор шахс томонидан содир этиладиган бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 174-моддаси ва зарурий белгилари мавжуд бўлганда мансаб жи­ноятини содир этганлиги учун жиноятлар мажмуи бўйича квали­фикация қилинади.
21. ЖК 174-моддаси 2-қисми:
а) компьютер тизимларида сақланаётган маълумотлар ёки дастурларни ўзгартириш мақсадида тегишли рухсатсиз компью­тер вируслари ёки дастурларини ишлаб чиққанлик ва тарқатган­лик;
б) рухсати бўлмагани ҳолда ахборот тизимидан фойдаланиш маълумотларнинг бузилиши, олиб ташланиши (олиб қўйилиши, йўқ қилиб юборилиши ёки бу тизимнинг ишдан чиқишига сабаб бўлиши) кабиларга олиб келганлиги учун жавобгарликни кўзда тутади.
22. Дастур - муайян натижа олиш мақсадида ЭҲМ, ЭҲМ шоҳобчалари ва бошқа компьютер воситаларининг ишлаши учун мўлжалланган маълумотлар ва кўрсатмалар мажмуи. Шунингдек, дастур тушунчасига тайёрланган материаллар қайта ишланаётган дастурларни ҳам киритиш лозим.
23. Компьютер вируслари компьютер ишига турли тарзда халақит бериш, маълумотлар базаларини йўқ қилиб юбориш ху­сусиятига эга бўлади. Вируслар ўз ҳолича бошқа дастурларга қўшилади ва улар ишга туширилиши натижасида турли хил (маълумотларни йўқотиш ва ишдан чиқариш) операцияларни амалга оширади. Ахборотлаштириш қоидаларини бузишнинг ушбу усули кенг тарқалган. Ҳозир дунё бўйича жуда кўп компью­тер вируслари мавжуд (4000 дан зиёд). Бироқ уларни бир неча гуруҳларга ажратиш мумкин.
Юкловчи вируслар - зарарланиш компьютер юклатилган вақтда вирус мавжуд бўлган маълумот ташувчи орқали компью­терга ўтади. Ташувчини зарарлантириш жуда осон. Агар фойда­ланувчи зарарланган компьютер ташувчисини компьютерга улаб, уни юклайдиган бўлса, вирус тарқалишни бошлайди.
Файл вируслари - улар ижрочи файллар: EXE, COM, SYS, BATларни зарарлайди. Агар вируси мавжуд бўлган дастур юкла­тилса, у компьютерни зарарлайди. Бундай ҳолатда вирус бошқа дастурларни зарарлашни бошлайди. Дастлабки ҳолатда вирусни аниқлаш анча мураккаб, чунки у барча зарур дастур­ларни зарарлашга ҳали улгурмаган бўлади. Кейинчалик эса ви­руснинг тури ва хилига қараб компьютер фаолияти бузила бош­лайди.
Бундан ташқари, вирусларни резидент ва норезидент каби турларга бўлиш мумкин.
Резидент вирус деб иш тугатилиши натижасида оператив хо­тирада ўзининг кодини қолдирадиган вирусларга айтилади.
Оператив хотира - бу шундай хотираки, айни вақтда фойда­ланилаётган ва компьютер томонидан ишлатилаётган дастур­ларни вақтинча ўзида сақлайди. Агар вирус оператив хотирага тушадиган бўлса, ўша вақтнинг ўзида оператив хотирада ишлаёт­ган дастурларнинг барчасини бирдай зарарлайди.
24. ЖК 174-моддаси 2-қисмининг объектив томони компью­тер вируслари ёки дастурларини яратиш ёки тарқатишни ифодалайди.
Вирус ёки дастурларни яратиш бу мантиқий маълумотлар ва буйруқлар жамланмаси бўлиб, кейинчалик компьютер ва унинг периферик ускуналарини бошқариш мақсадида ЭҲМнинг машина тилига ўтказиладиган объектив шаклдаги алгоритмда ифода этилиши мумкин.
25. Вирус ёки дастурларни яратиш айбдор ўзи томонидан яратилган дастурни ушбу ҳолатда тарқатсагина, жиноятнинг объектив томонининг элементи ҳисобланади.
Дастурларни тарқатиш деганда, ЭҲМ учун яратилган дас­тур ёки маълумотлар базасининг ҳар қандай моддий шаклда, шу жумладан тармоқлар воситасида ва бошқа усуллар ёрдамида, шу­нингдек, сотиш, прокатга бериш, ижарага топшириш, қарзга бе­риб туриш, жумладан, ушбу мақсадларнинг исталгани учун им­порт қилиш йўли билан олинган нусхаларидан фойдаланишни таъминлаш тушунилиши даркор. Дастур ёки маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик махсус рухсатнома бўлмагандаг­ина келиб чиқади.
26. Компьютер вирусларини яратганлик ёки тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик ушбу ҳаракатлар айбдор томонидан компьютер тизимида сақланадиган дастур ва маълумотларни ўзгартириш ҳаракатлари билан содир этилсагина келиб чиқади.
27. Компьютер тизими - бу компьютернинг ЭҲМ асосида ишловчи периферик ускуналар билан бирикиши, шунингдек, бир неча компьютерларни масалаларни биргаликда ечиш мақсадида бирикиши тушунилади (масалан, уларнинг ҳар бирида алоҳида ҳолатда қуввати ва тезлиги етишмаса). Бундай бирлашиш теле­коммуникация алоқалари орқали бўлиб, дастур ва воситалар уларнинг ўзаро ишлашини таъминлаб беради. Компьютер тизи­мини юқорида таърифлаб ўтилган ахборот тизимлари ва тармоқ­ларидан фарқлаш лозим. Улардан фарқли равишда, компьютер тизими умумлаштирувчи характер касб этиб, компьютер ва улар­нинг ускуналари, шунингдек, ахборот тизимлари ва тармоқла­рини ҳам ўз ичига олади.
Маълумотларнинг ўзгартирилиши нафақат уларнинг маъно­ларининг ўзгаришини, балки уларнинг йўқолиши, муомаладан чиқарилиши ёхуд йўқ қилинишини англатади. (Ўзгартириш, йўқотиш, муомаладан чиқариш ёки йўқ қилиш тушунчалари тўғрисида юқорироқда қаранг.)
28. ЖК 174-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳаракат­ларни содир этганлик учун жавобгарлик рухсатсиз ҳолда вирус ёки дастурларни яратганлик фактининг ўзи билан келиб чиқади. Бундай дастурлар ишлаши натижасида маълумотларнинг ўзгар­иши, йўқолиши, қўлга киритилиши жиноятни тугалланган деб ҳисоблашни талаб этмайди.
29. Жиноят кодексининг 174-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жавобгарликка тортилувчи ахборотлаштириш қоидаларини бу­зиш, ахборотлаштириш тизимидан фойдаланишга рухсати бўлмаган ҳолда унга кириш натижасида маълумотларни ўзгартириш, олиш ёки йўқотишда, шунингдек, ушбу тизимнинг фаолиятини тўхтатишда ифодаланади.
(Рухсат берилмаган фойдаланиш ҳуқуқи тушунчаси ҳақида юқорида қайд этганларимизга қаранг).
Ушбу модда моҳияти бўйича рухсатсиз фойдаланиш сифатида нафақат тизим ресурсларига киришни, балки улар билан иш­лашни ҳам квалификация қилиш лозим. Бундай фойдаланганлик учун жавобгарлик, ушбу фойдаланиш маълумотларнинг бу­зилиши, олиниши ёки йўқотилиши ёхуд тизим фаолиятининг тўхтатилишига олиб келган оқибатларни келтириб чиқарсагина, келиб чиқади. Улар мавжуд бўлмаган ҳолатларда қилмиши ЖК 174-моддаси 1-қисми бўйича квалификация қилиниши лозим.
Агар айбдор юқорида кўрсатилган оқибатлар келиб чиқишини хоҳласа, лекин унга боғлиқ бўлмаган ҳолда бундай оқибат келиб чиқмаса (масалан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари унинг ҳаракатларини ўз вақтида тўхтатишса), қилмишни ЖК 25-моддаси 2-қисми ва 174-моддаси 2-қисми бўйича квалификация қилиш керак.
30. Ахборот тизимида жойлашган маълумотларни бузиш - шундай ҳаракатки, бунда тизимда жойлашган маълумотларни модификация қилинибгина қолмай, балки уларнинг умумий ҳо­лати ҳам ўзгартирилади. Бу, натижада, ўзгартирилган маълумот­дан фойдаланувчининг чалғишига олиб келади.
Маълумотларни ўзгартираётиб айбдор олдиндан била туриб муайян бир маълумотларни модификация қилиш орқали ахборот­ларнинг умумий ҳолатини ўзгартиради ва ахборот тизими ресурс­ларидан фойдаланувчиларни чалғитиш мақсадида бундай оқибат келиб чиқишини хоҳлайди. Алоҳида эътибор бериш лозимки, ах­боротни ўзгартириш ёки бошқа модификация турларидан фарқли равишда, ўзгартириш аниқ белгиланган ишнинг ҳолатига таъсир этувчи маълумотларга нисбатан қаратилганлиги билан ажралиб туради.
Ўзгартирилганлик фактини белгилашда ушбу ҳаракатлар бе­восита ёки қандайдир дастурлар ёрдамида амалга оширилганлиги аҳамият касб этмайди. Асосийси, айбдорда муайян маълумот­ларни ўзгартириш мақсади мавжуд бўлганлигидир.
Ўзгартириш икки ёки ундан ортиқ маълумотларни модифика­ция қилиш вақтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
31. ЖК 174-моддаси 1-қисмида шарҳланган маълумотларни олиш ва йўқотиш тушунчалари ЖК 174-моддаси 2-қисмига ҳам тегишли бўлиб қўшимча шарҳлаш талаб этилмайди.
32. Қонун ахборот тизими фаолияти тугатилишини ҳам рух­сатсиз фойдаланишнинг оқибатларидан бири деб топади.
Ахборот тизими фаолияти тугатилиши ўзининг мақсади бўйича ишлаши лозим бўлган тизим фаолиятининг тўхтатилишидир. У ўзининг давомийлиги бўйича турли хил бўлиши мумкин, бироқ ушбу ҳолатлар, шунингдек, бузиш хусу­сияти айбдорнинг қилмишини ЖК 174-моддаси 2-қисмида кўрса­тилгандек квалификация қилишга таъсир этмайди. Ахборот тизи­мининг фаолиятини бузиш қуйидагиларда ифодаланиши мумкин:
* компьютер маълумотларига зарар етказилиши;
* дастур таъминоти фаолиятининг ишдан чиқиши;
* дастур таъминоти юклатилган техниканинг бутунлигига пу­тур етиши;
* алоқа тизимига зарар етказилиши.
33. Айбдорнинг ҳаракатларини ЖК 174-моддаси 2-қисми бўйича квалификация қилишда рухсатсиз фойдаланиш ва келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, яъни қуйидагилар аниқланиши лозим:
* айбдорнинг тизим ресурсларига рухсатсиз кириши маълумот­лар ўзгартирилиши, бузилиши, йўқотилиши ёки тизим фаолиятининг тўхтатилишига олиб келган бўлса;
* айбдор ҳаракатларида кўрсатилган оқибатлар келиб чиқи­шига реал имконият мавжуд бўлса;
* айнан айбдорнинг ҳаракатлари маълумотлар ўзгартирил­иши, бузилиши, йўқотилиши ёки тизим фаолиятининг тўхтатилишида ҳал қилувчи сабаб бўлса.
34. ЖК 174-моддаси 2-қисмида кўрсатилган ахборотлашти­риш қоидаларини бузиш субъектив томондан тўғри қасд билан содир этилади. Вируслар ёки дастурлар яратиш борасида қо­нун субъектив томоннинг зарурий белгисини ўрнатган бўлиб, унга мувофиқ ушбу ҳаракатларни содир этиш мақсади компьютер тизимида сақланаётган маълумотларни ёки дастурларни ўзгарти­ришга қаратилган бўлиши лозим. ЖК 174-моддаси 2-қисмида кўрсатилган ҳаракатларни содир этиш мотивлари турлича бўлиши мумкин, бироқ улар квалификацияга таъсир эт­майди.
35. Турли хил ишлаб чиқариш ва бошқарув фаолиятига қоғоз­сиз технология ва ҳисоблаш воситаларининг киритилиши кўпгина жиноятлар содир этилишига имкон яратади. Уларнинг энг кенг тарқалганлари ЖК 143-моддаси (хат-ёзишмалар, теле­фонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартибини бузиш), ЖК 149-моддаси (муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш), ЖК 160-моддаси (жосуслик), ЖК 168-моддаси (фирибгарлик), ЖК 169-моддаси (ўғрилик), ЖК 184-моддаси (солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин тов­лаш) кабилардир.
Мураккаб кўрсаткичли компьютер тизимларини мудофаа ва ишлаб чиқариш мақсадларини бошқаришга киритиш билан боғ­лиқ ахборотлаштириш қоидаларини бузиш одамлар ўлимига, уларнинг соғлиғига зарар етказилишига, йирик ҳажмда мулклар­нинг вайрон қилинишига олиб келиши мумкин. Бироқ, айбдор томонидан қандай жиноят содир этилган бўлишидан қатъи назар, у ЖК 174-моддаси ва ахборотлаштириш қоидаларини бузиш на­тижасида содир этилган бошқа жиноятлар мажмуи бўйича жавоб­гарликка тортилиши лозим. Маълумотнинг ўзи тажовуз предмети ҳисобланганда, қилмишни жиноятлар мажмуи бўйича квалифи­кация қилиш мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасининг иқти­содий хавфсизлигини ва мудофаа қобилиятини издан чиқариш мақсадида маълумотларни йўқотиш ЖК 161-моддаси бўйича ква­лификация қилиниши лозим.



Download 6,47 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   165   166   167   168   169   170   171   172   ...   305




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish