173-модда. Мулкни қасддан нобуд қилишёки унга зарар етказиш
Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш анча миқдорни ташкил этса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) миллатлараро ёки ирқий адоват ёхуд диний таассублар замирида;
б) атрофдагилар учун хавфли усулда;
в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахснинг ёки унинг яқин қариндошларининг мулкига нисбатан;
б) уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
1. Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, мулкни нобуд қилиш ёхуд унга зарар етказиш оқибатида ўзганинг мулкига моддий зарар етказилади ва натижада мулкдор моддий қимматликлардан, ўзининг шахсий мулкидан, ундан тегишлилигича фойдаланишдан маҳрум бўлади.
2. Жиноят объекти ўзганинг мулкидир.
Предмети моддий қийматга эга бўлган кўчар ва кўчмас мулклар бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, нобуд қилиниши ёки зарар етказилиши натижасида Жиноят кодексининг бошқа моддалари билан жавобгарлик назарда тутилган предмет ва ашёлар ушбу жиноятнинг предмети ҳисобланмайди. Масалан, қасддан ўрмонни нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, ҳужжат, штамп, тамға, муҳр ва бланкаларга зарар етказиш, темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво транспорти воситалари ёки йўлларини ёхуд ҳарбий мулкни нобуд қилиш ёки зарар етказишга қаратилган ҳаракатлар бўйича айбдор шахслар қилмиши ЖК 198, 227, 263 ва 296-моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим.
Модда диспозициясида тўғридан-тўғри кўрсатилганидек, айбдорнинг шахсий мулки ушбу жиноят предмети бўлиши мумкин эмас. Айбдор томонидан жиноят изларини яшириш мақсадида талон-торож қилинган мулкни нобуд қилиш тегишли талон-торожлик жиноятлари таркибини қамраб олади ва ЖК 173-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
3. Жиноят объектив томондан ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга анча миқдорда зарар етказишда ифодаланади.
(Мулкни нобуд қилиш ёки зарар етказиш тушунчалари ЖК 172-моддаси шарҳида берилган).
Моддий қимматликлардан ўз мақсадида фойдаланишни нобуд қилиш сифатида эътироф этиш мумкин эмас (масалан, давлат корхонасининг фондидан ноқонуний равишда олинган бензинни ишлатиб юбориш). Айбдорнинг бундай ҳаракатлари, зарурий белгилар мавжуд бўлганда, талон-торож қилишни ташкил этиши мумкин.
4. Объектив томонининг зарурий белгиси анча миқдорда зарар етказиш ҳисобланади.
Анча миқдордаги зарар деганда, энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар тушунилади (Жиноят кодексининг Махсус қисми VIII бўлимига қаранг). Зарар миқдори етказилган моддий зарарнинг фактик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланиши лозим. Агар шахс томонидан ҳаракат содир этилиши натижасида фактик жиҳатдан белгилангандан кам миқдорда зарар етказилган бўлса, бироқ айбдорнинг нияти анча миқдорда зарар етказилишига қаратилган бўлса, қилмиш айбдорнинг ниятига қараб мулкни қасддан нобуд қилиш ёки зарар етказишга суиқасд қилиш сифатида квалификация қилиниши лозим.
5. Шарҳланаётган жиноят моддий таркибли бўлганлиги учун анча миқдордаги зарар етказилган пайтдан эътиборан тугалланган деб ҳисобланади. Қилмиш ва келиб чиққан оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаш муҳим ҳисобланади.
6. Агар мулкни қасддан нобуд қилиш ёки зарар етказиш натижасида ушбу жиноят таркибини қамраб олмайдиган оқибатлар келиб чиқса (масалан, жабрланувчига тан жароҳати етказилса), қилмиш жиноятлар жами бўйича квалификация қилиниши керак.
7. Жиноят субъектив томондан қасддан содир этилади. Айбдор ўзига тегишли бўлмаган мулкни нобуд қилиш ёки зарар етказиш ҳуқуққа хилофлигини англаб етади ва мулкдорга ёки мулкнинг бошқа эгасига анча миқдорда зарар етказилиши мумкинлигини кўра билади ва шу билан бирга бундай оқибат келиб чиқишини хоҳлайди ёки бунга онгли равишда йўл қўяди ёхуд улар келиб чиқишига нисбатан бепарво бўлади. Мазкур жиноят мақсади (тўғри қасддан) ва мотивининг мазмуни ғаразли ҳисобланмайди ҳамда қилмишни бошқа турдаги жиноятга (масалан, қўпорувчи-ликка) айлантирадиганларидан ташқари ҳар қандайи (безорилик, ўч олиш, ҳасад, рашк ва ҳоказо) бўлиши мумкин.
8. Жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо бўлади. Агар мулкни қасддан нобуд қилиш ёки зарар етказиш мансабдор шахс томонидан амалга оширилган бўлса, унда унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 173-моддаси ва 205-моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим.
ЖК 173-моддаси 2, 3-қисмларида кўрсатилган жиноятнинг квалификация қилинган таркиби бўйича жиноий жавобгарлик ўн тўрт ёшдан келиб чиқади.
9. ЖК 173-моддаси 2-қисмида қуйидаги оғирлаштирувчи ҳолатларда жиноят содир этганлик учун жавобгарлик кўзда тутилади:
а) миллатлараро ёки ирқий адоват ёхуд диний таассублар замирида;
б) атрофдагилар учун хавфли усулда;
в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда.
10. Агар шахс мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказишни миллатлараро ёки ирқий адоват мотивлари бўйича содир этган бўлса, ёки мулкка зарар етказиш айбдорнинг мулк тегишли бўлган ўзга шахс ёхуд улардан бири муайян бир ирққа, миллатга ёки халққа тегишлилиги тўғрисида субъектив тасаввури асосида содир этилса, мулкни нобуд қилиш сифатида қаралиши лозим. Айнан шахснинг кўрсатилган гуруҳга тегишлилиги ва анъаналарни амалга ошириши мулкнинг нобуд қилиниши ва унга зарар етказилишининг асосий сабаби ҳисобланади. Агар айбдор санаб ўтилган мотивлар бўйича инсон ҳаётига, соғлиғига қарши ёки шахсга қарши бошқа жиноятларни содир этса, шу билан бирга жабрланувчининг мулкига зарар етказиб нобуд қилса, унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида шарҳланаётган модда бўйича ва Жиноят кодексининг шахсга қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим.
11. Шуни таъкидлаш зарурки, миллатлараро ёки ирқий адоватни нафақат шахснинг муайян миллат ёки ирққа тегишлилиги билан, шунингдек, инсоният фаолиятининг турли соҳаларида акс этувчи ўзига хос хусусиятларга эга бўлган турли хил маданият, ижтимоий ва бошқа гуруҳларга (қабила, уруғ) тегишлилиги билан ҳам ифодалаш мумкин.
12. Диний таассублар - бу шахснинг муайян гуруҳ, диний йўналиш, конфессия вакилларининг норасолиги, чекланганлиги, зарарлилиги тўғрисидаги объектив асосга эга бўлмаган ички тасавву-ри. Одатда, ушбу тасаввурлар диний фанатизм, диний ғояларни но-тўғри тушуниш, зарур диний маданиятнинг мавжуд эмаслиги билан асосланади. Ушбу ҳолатлар жазо тайинлашда инобатга олиниши мумкин, бироқ улар қилмишни квалификация қилишга таъсир этмайди.
13. Ўзга миллат, ирқ ёки халқнинг вакили мулкига ғаразли, рашк ва ўч олиш мақсадида тажовуз қилишни ЖК 173-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан квалификация қилиш мумкин эмас, айбдорнинг бундай ҳаракатлари ЖК 173-моддаси 1-қисми билан қамраб олинади.
Шу билан бирга, агар ушбу миллатлараро ёки ирқий душманлик ёхуд диний қарашлар мотиви бўйича жиноятни содир этишда айбдорда айни вақтда мустақил квалификация қилиш белгисини ташкил этувчи бошқа мотив мавжуд бўлганлиги ҳам аниқланадиган бўлса, унда булар квалификация қилишда ўз аксини топиши лозим. Масалан, мулкни атрофдагилар учун хавфли усулда ёки кўп миқдорда зарар етказган ҳолда нобуд қилиш.
14. Атрофдагилар учун хавфли усулда деганда, мол-мулкни нобуд қилиш ёки унга зарар етказишга қаратилган ҳаракатларни содир этишда катта табиий офат ва вайроналик юз бериши хавфини келтириб чиқариш ва инсонларнинг қурбон бўлиши, инсон соғлиғи учун хавфли ҳолатнинг вужудга келишига сабаб бўлувчи усуллардан фойдаланиш тушунилади. Уларга мулкка ўт қўйиш, уни портлатиш, чўктириб юбориш, ҳайвонларни заҳарлаш, транспорт ҳалокатларини уюштириш ва ҳоказо усулларни қўллаш киради.
Усул ҳақиқий хавф туғдириши лозим, акс ҳолда, айбдорнинг мулкни нобуд қилиш ёки унга зарар етказишга қаратилган ҳаракатлари атрофдагилар учун хавфли усулда содир этилган деб топилиши мумкин эмас. Хавф тахминий ёки яширин бўлмасдан бошқа шахсларнинг манфаатларига зарар етказиш муайян ҳолатларда ошкора бўлиши лозим. Шуни таъкидлаш зарурки, шарҳланаётган жиноятни содир этаётиб, айбдор, содир этаётган ҳаракати билан объектив томондан асосланган муайян мулкка зарар етказишни ҳамда жабрланувчи ва бошқа шахсларнинг манфаатларига зарар етказаётганлигини англаганлигини аниқлаш лозим.
15. Шунга эътибор бериш керакки, агар жиноят предмети шахсий мулк ҳисобланмаса, унга нисбатан ушбу жиноятни атрофдагилар учун хавфли усулда содир этилиши бошқача тартибда кўриб чиқилади. Агар ўзганинг мулкини ёқиш, портлатиш ёки бошқа ижтимоий хавфли усуллар билан қасддан содир этилса, бунинг натижасида ўзганинг мулкига зарар етказилса, айбдорнинг ҳаракатларини келиб чиққан оқибатларга қараб квалификация қилиш лозим.
16. Агар атрофдагилар учун хавфли усулда мулкни нобуд қилиш ёки зарар етказишга қаратилган ёқиш, портлатиш ёхуд бошқа ҳаракатлар натижасида айбдорнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда мулкка зарар етказилмаса, қилмиш ЖК 25-моддаси 2-қисми ва 173-моддаси 2-қисми бўйича квалафикация қилинади. Бошқа мулкни нобуд қилиш ёки зарар етказиш ўзга шахсларга хавф туғдирмаган ҳолда, ашё ва предметларни ёқиб юбориш Жиноят кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган мулкни қасддан нобуд қилганлик ёки зарар етказганлик натижасида келиб чиқадиган оқибатнинг хусусияти ва даражасига қараб квалификация қилиниши лозим. Бундай ҳолатларда мулкни атрофдагилар учун хавфли усулда нобуд қилиш белгиси бўйича квалификация қилишга йўл қўйилмайди.
17. (Кўп миқдор тушунчаси тўғрисида ЖК Махсус қисми VIII бўлими шарҳига қаранг).
18. Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказишни алоҳида квалификация қилиш белгилари ЖК 173-моддаси 3-қисмида берилган. Булар:
а) хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахснинг ёки унинг яқин қариндошларининг мулкига нисбатан;
б) уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш.
19. Айбдор қилмишини ЖК 173-моддаси 3-қисмининг “а” банди бўйича квалификация қилиш учун ўзаро боғлиқ бўлган икки элемент мавжуд бўлиши лозим:
* ж жиноят шахс ёки унинг яқин қариндошига нисбатан;
* ш шахс ёки унинг яқин қариндоши ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан содир этилади.
Яқин қариндошлар ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар, болалар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, неваралар, шунингдек, эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укаси ва опа-синглиси ҳисобланади. Яқин қариндош сифатидаги шахслар рўйхати қонунчиликда аниқ белгиланган бўлиб, уларни кенгайтиришга йўл қўйилмайди. Бошқача айтганда, ушбу гуруҳга кирмайдиган бошқа шахслар ва шарҳланаётган жиноятнинг уларга қарши содир этилиши уларнинг яқин қариндош деб ҳисобланишига олиб келмайди.
20. Хизмат бурчи - бу давлат, хусусий ёки бошқа (нодавлат) белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва фаолияти қонунчиликка зид келмайдиган ташкилот ва корхоналар билан тузилган меҳнат шартномасидан келиб чиққан ҳолда шахснинг ўз хизмат (меҳнат) вазифалари доирасига кирадиган фаолияти доирасидир.
21. Фуқаролик бурчи - бу фуқаро томонидан унинг зиммасига қонун билан махсус юклатилган мажбуриятларнинг амалга оширилиши, шунингдек, бошқа ижтимоий фойдали ҳаракатлар содир этилиши (тайёрланаётган жиноят тўғрисида ёхуд қидирилаётган шахс турган жой ҳақида ҳокимият органларига хабар берганлиги).
22. ЖК 173-моддаси 3-қисмининг “а” бандидаги жиноятни квалификация қилишда ушбу ҳаракатлар шахснинг хизмат ёки жамоат мажбуриятларини бажариш вақтида ёхуд бошқа вақтда содир этганлиги аҳамият касб этмайди. Жиноий қилмиш унинг ўз мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ равишда содир этилганлигини аниқлаш муҳимдир.
23. Ўзининг хизмат ёки фуқаролик бурчини қонуний асосларда бажараётиб, мулкни қасддан нобуд қилган ёки унга зарар етказган шахснинг ҳаракати ЖК 173-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича квалификация қилинади. Агар шахснинг ҳаракатлари ҳуқуққа хилоф (масалан, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш) бўлса, айбдор бундай ҳаракатларга жавоб тариқасида жиноят содир этса, айбдорнинг ҳаракатларини ЖК 173-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан квалификация қилиш мумкин эмас.
24. Жиноят жабрланувчи ўз ҳуқуқий ҳаракати асосида хизмат ёки фуқаролик бурчини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида, яъни жабрланувчи ўз бурчини бажаришидан олдин ёки бундай бурчни бажарганлиги учун ўч олиш мотиви билан содир этилади.
Айбдорнинг ҳаракатларини квалификация қилишда жиноятчи томонидан жабрланувчи ёки унинг яқин қариндоши томонидан хизмат ёки фуқаролик бурчлари бажарилаётганлигини англаб етганлигига алоҳида эътибор бериш лозим. Агар жабрланувчи ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётганлиги айбдорга маълум бўлмаса, мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш тариқасида квалификация қилиниши мумкин эмас. Қонун айбдор ўз хизмат ёки фуқаролик бурчларини бажараётган шахснинг мулкига қарши ҳаракат қилаётганлиги ва айнан шу муносабат билан унинг мулкига тажовуз қилаётганлигини англаб етган деб тахмин қилади.
25. ЖК 173-моддаси 3 қисмининг “а” бандига кўра жабрланувчи ёки унинг яқин қариндоши ўз хизмат ёки ижтимоий бурчлари соҳасига кирувчи ҳаракатларни қачон содир этганлигидан ва ушбу ҳаракатларни содир этгандан сўнг қанча вақт ўтганлигидан қатъи назар жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
26. ЖК 173-моддаси 3-қисмининг “б” бандида кўрсатилган алоҳида квалификация қилинадиган белги, олдин шарҳланган белгини сўзма-сўз такрорлайди (ЖК 164-моддаси шарҳига қаранг) ва ушбу жиноятга нисбатан ҳеч қандай махсус ўзига хос хусусиятларга эга эмас.
27. Шарҳланаётган модданинг 4-қисмида рағбатлантирувчи норма назарда тутилган бўлиб, унга мувофиқ етказилган моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Ушбу белги ЖК 168-моддаси 4-қисмидаги белгини такрорлайди ва қўшимча шарҳ талаб этмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |