171-модда. Жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш
Мулкнинг жиноий йўл билан топилганини била туриб, уни олдиндан ваъда қилмаган ҳолда олиш ёки ўтказиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, жиноий йўл билан топилган мулкни сотиб олаётган ёки ўтказаётган шахснинг ҳаракатлари жиноятчига ушбу мулкни яшириш, сақлаш ёки ўтказишга ёрдам беради. Бундай ҳолатлар мулкни жиноий йўл билан топаётган шахсларда ишонч ҳиссини туғдиради ва улар томонидан янги жиноятлар содир этилишига туртки бўлади.
Шу муносабат билан давлат жиноий йўл билан топилган мулклардан учинчи шахслар томонидан фойдаланилишининг олдини олишга ҳаракат қилиб, содир этилган жиноят орқали олинадиган даромадни энг кам даражага туширишга ҳаракат қилади.
2. Ушбу модда бўйича жавобгарлик келиб чиқишининг зарурий шарти қуйидагилар: жиноий қилмишнинг мавжудлиги, унинг натижасида мулкнинг қўлга киритилиши ва асосий ҳаракат содир этилиши, яъни ушбу ҳаракатлар натижасида кимгадир зарар етказилиши ёки етказилмаслигидан қатъи назар жиноий йўл билан топилган мулкни олдиндан ваъда бермаган ҳолда сотиб олиш ёки қўлга киритиш ҳисобланади. Кўрсатилган шартлардан биронтаси мавжуд бўлмаса, шахснинг ҳаракатларида ушбу жиноят белгилари мавжуд деб топилиши мумкин эмас. Шу сабабли, масалан, жиноят йўли билан топилмаганлиги, балки ишлаб чиқарилганлиги айбдорга маълум бўлган мулкни сотиб олиш ёки қўлга киритишга қаратилган ҳаракат ушбу модда бўйича квалификация қилиниши мумкин эмас. Бундай ҳолда, агар амалдаги қонунчилик бўйича ушбу мулкни ишлаб чиқариш жиноят деб топилса, унда жиноий жавобгарлик Жиноят кодексининг махсус нормаларига кўра келиб чиқади (масалан, ЖК 176, 228-моддаларига қаранг).
3. Ушбу жиноят объекти эгалик ҳуқуқи ва бошқа мулкий ҳуқуқлар, шунингдек, жамиятда шаклланган ва қонунчиликда акс эттирилган мулкни тасарруф этиш бўйича муносабатлар ҳисобланади.
Мулк деганда, муайян қимматликка эга бўлган ёки уни олганда ва унга нисбатан мулкий ҳуқуқни қўлга киритганда ўз қийматини йўқотмайдиган барча ашёлар тушунилади, чунки улар, фуқаролик муомаласидан чиқарилган ёки чекланган ашёлар бўлишидан қатъи назар, сотилиши ва қўлга киритилиши мумкин.
ЖК 171-моддаси белгиларига қимматли ва рангли металлар, табиий қимматли тошлар, жавоҳир, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, этил спирти, қалбакилаштирилган расмий ҳужжатлар, заҳарли моддалар, қурол-яроғ, ўқ-дори, портловчи моддалар, радиоактив, порнографик материаллар ва маҳсулотлар, шунингдек, ғайриқонуний муомала қилиш учун жавобгарлик ЖКнинг бошқа моддаларида назарда тутилган мулклар кирмайди.
4. Мулкни эгаллаб олишнинг қонунга хилоф ҳолатлари сотиб олаётган ёки ушбу мулкни ўтказаётган шахсга маълум бўлса, жиноий йўл билан қўлга киритилган, яъни қандайдир жиноят содир этиш натижасида шахс тасарруфида бўлиб қолган ҳар қандай мулк жиноят предмети ҳисобланади. Жиноий жавобгарлик субъекти бўлолмайдиган ёш болалар ёки бошқа шахслар томонидан жабрланувчидан яширин равишда қўлга киритилган мулклар жиноий йўл билан топилган деб ҳисобланмайди. Шундай қилиб, мазкур жиноят предметининг зарурий белгиси олишнинг жиноий характери ҳисобланади (масалан, маъмурий жавобгарликка тортиладиган майда талон-торож қилиш содир этиш натижасида қўлга киритиладиган мулк жиноят предмети ҳисобланмайди).
Шу билан бирга, уни ишлаб чиқариш жиноят ҳисобланса ҳам, ишлаб чиқарилаётган мулкни қўлга киритиш жиноий йўл билан қўлга киритилган мулк сифатида тан олиниши мумкин эмас (масалан, қалбаки ҳужжатлар, пуллар). Бироқ, ушбу ашёлар ўғрилик, талончилик ҳужуми орқали қўлга киритилган бўлса ёки ўзгача талон-торож қилиш, ёхуд бошқа ғайриқонуний жиноий йўл билан қўлга киритилса ва қўлга киритилиши ишлаб чиқариш натижаси ҳисобланмаса, уларни жиноий йўл билан топилган деб тан олиш лозим. Бундай мулкни сотиб олиш ёки ўтказишда айбдор ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ва ўтказиш сифатида квалификация қилинади. Шунингдек, уни тарқатиш ижтимоий хавфли ҳисоблангани ҳолда, бундай мулкни тарқатиш ушбу модда билан квалификация қилинади (масалан, квалификация қилишга ўғирланган порнографик материалларни олиш ва кейинчалик тарқатиш тегишлидир).
Шунингдек, жиноий йўл билан топилган маблағларга сотиб олинган мулклар ушбу жиноят предмети сифатида тан олиниши мумкин эмас.
5. Объектив томондан қилмиш билган ҳолда жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш сифатида муқобил ҳаракатларда ифодаланади.
Одатда, олдиндан била туриб жиноий йўл билан топилган мулкни сотиб олган шахс худди ўша мулкни ўтказади. Бироқ айбдор шахснинг ҳаракатларида мазкур жиноятнинг мавжудлигини аниқлашда юқорида санаб ўтилган ҳаракатлардан биронтаси мавжуд бўлишининг ўзи етарлидир. Шунинг учун, ЖК 171-моддаси бўйича, жиноий йўл билан топилган мулкни сотиб олмаган, фақатгина уни ўтказган шахс ҳам жавобгарликка тортилади.
Таъкидлаш лозимки, жиноятнинг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатлар рўйхати фақат шулардан иборат. Жиноий йўл билан топилган мулкка нисбатан содир этилган бошқа ҳаракатлар (масалан, ўтказиш, сақлаш) ЖК 171-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
6. Жиноий йўл билан топилган мулкни олиш деганда, мулкни жиноий йўл билан топган шахс билан ўша мулкнинг ўз эгалигига ва тасарруфига ўтказишга қаратилган ҳар қандай ҳақ ёки бепул берилиши тушунилади. Яъни,мулкни олган шахс унга эгалик қилади, бегоналаштиради ёки ундан шахсан фойдаланади, шу билан бирга олинган мулкка нисбатан эгаликнинг юридик мулк ҳуқуқи ўтмайди. Мулкни вақтинчалик сақлаб туришга бериш ушбу модда моҳиятида белгиланган олиш ҳисобланмайди.
7. Жиноий йўл билан топилган мулкни ўтказиш деганда, мазкур мулкни бошқа шахсга ўтказишнинг барча усуллари (сотиш, ҳадя қилиш, қиморда ютқазиш, айирбошлаш ва ҳоказо) тушунилмоғи лозим. Ўтказиш, ўз навбатида, пулли ёки пулсиз, мулкни ўзининг шахсий мулки сифатида тасарруф этиш ҳуқуқини қўлга киритадиган учинчи шахсга ўтказиш бўйича бир марталик ёки кўп марталик ҳаракатлардир.
Ўтказиш деганда, шунингдек, олдиндан маълум бўлган ўғирланган мулкни мулкий фойда олиш мақсадида гаровга ёки бошқа фойдаланишга бериш тушунилади.
8. Жиноятнинг объектив томонининг зарурий белгиси жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш тўғрисида олдиндан ваъда берилмаган бўлишидир.
Жиноий йўл билан топилган мулкни олдиндан ваъда бермаган ҳолда олиш ёки ўтказиш деганда, агар субъект бундай ҳаракатларни содир этишга, жиноят содир этиш йўли билан мулк топувчи шахсларга ваъда (розилик) бермаган бўлса, шунингдек, улар томонидан содир этилаётган жиноятлардан олдин ёки ўша вақтда ваъда бермаган (масалан, доимий равишда била туриб айнан бир шахслардан жиноий йўл билан топилган мулкларни олиш) ҳамда уларга унинг ёрдамига ишонишига имконият берадиган ҳаракат қилмаган ҳолатлар тушуниланади.
Аксинча, агар жиноий йўл билан топилган маҳсулотни олдиндан ваъда берган ҳолда олиш ёхуд уни айнан бир шахснинг ўзидан, бу маҳсулотни сотишда унга кўмаклашаётганини билгани ҳолда, доимий равишда олиш жиноятда ёрдамчи тариқасидаги иштирокчилик қилиш деб ҳисобланиши лозим.
9. Жиноятнинг тугалланган вақти ижтимоий хавфли қилмишнинг келиб чиқиши билан боғлиқ эмас. Била туриб жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш жиноятнинг формал таркибига тааллуқлидир. Шарҳланаётган модда бўйича жиноий йўл билан топилган мулк айбдор томонидан олинган вақтдан ёки шундай мулкларни ўзидан соқит қилиб, бошқа шахсларга берган вақтдан бошлаб тугалланган деб ҳисобланади. Олдиндан сақлашга ваъда бермаган ҳолда кейинчалик ушбу мулкни ўтказиш мақсади, шарҳланаётган моддадаги жиноятни содир этишга тайёргарлик кўриш сифатида баҳоланиши лозим.
10. Бу жиноят субъектив томондан қасддан содир этилади. Айбдор била туриб жиноий йўл билан топилган мулкни олаётганлигини ёки ўтказаётганлигини англайди ёки ишнинг объектив ҳолатларига кўра англаши лозим бўлади ва бундай ҳаракатлар содир этилишини хоҳлайди ёки имконият яратиб беради. Шу билан бирга мазкур мулк қайси жиноий йўл билан топилганлиги, ким, қачон ва қайси ҳолатларда ушбу жиноятни содир этганлигини аниқлаш мажбурий аҳамият касб этмайди. Агар мулк бундай муайян жиноятни содир этиш орқали қўлга киритилганлигини шахс билганлиги аниқланадиган бўлса, унда унинг ҳаракатлари жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш сифатида, шунингдек, айбдорнинг ҳаракатларида ЖК 241-моддасида назарда тутилган жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш каби белгилар мавжуд бўлганда, жиноятлар жами бўйича квалификация қилиниши лозим. Айбдорнинг ниятини фақатгина мулкнинг жиноий йўл билан топилганлиги факти ва ўзининг ушбу мулкни олиш ва ўтказиш бўйича ҳаракатлари қамраб олади. Агар айбдорнинг ниятини жиноий йўли билан топилган предметларни олиш ва ўтказишга қаратилган ҳаракатлар қамраб олган бўлса, унда шахс жиноятни содир этишда ёрдамчи сифатида жавобгарликка тортилади (ЖК 28-моддаси). Масалан, шахс ўғирланган нарсаларни мунтазам равишда сотиб олган ва ўғрини жиноий йўл билан топилган ҳар қандай мулкни олишга ишонтирган бўлса, бундай шахс ўзганинг мулкини талон-торож қилиш иштирокчиси деб топилади ва унинг ҳаракатларини ЖК 171-моддаси бўйича квалификация қилишга йўл қўйилмайди.
Одатда, жиноят мотивлари ғаразли, шунингдек, ўзгача ҳам бўлиши мумкин, бироқ улар жиноятни квалификация қилишга таъсир кўрсатмайди. Масалан, шахсий характердаги мотивларга таяниб, шахс била туриб жиноий йўл билан топилган мулкни ўтказиши мумкин.
11. ЖК 171-моддаси бўйича шахсни жавобгарликка тортишнинг мажбурий белгиси шахснинг олинаётган ёки ўтказилаётган мулкнинг жиноий йўл билан топилганлигини олдиндан билишидир.
Била туриб деганда, мулк жиноий йўл билан топилганлигини айбдор шахс билиши ва билмаслиги мумкин эмаслиги тушунилади, яъни айбдор ушбу мулкнинг келиб чиқиши, у сотиб олаётган шахснинг қўлига қандай келиб тушганлиги тўғрисида муайян маълумотларга эга бўлганлигидир. Агар жиноий йўл билан топилган мулк буюм бозоридан, кўчадан ва бошқа ҳолатларда сотиб олинган бўлса, шахс мулкни сотаётган шахсда уни ўзидан соқит қилиш ҳуқуқи мавжуд эмаслигини билмаганлиги (Фуқаролик кодексининг 229-моддасига биноан - инсофли эгалловчи)дан дарак беради. Олинаётган ёки ўтказилаётган мулкнинг келиб чиқиши тўғрисида билмаслик ЖК 171-моддаси бўйича жавобгарликка тортишдан холи этади.
12. Жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш жиноятининг субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс бўлиши мумкин.
Мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда 205-модданинг аломатлари билан содир этиланида жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказишни содир этса, унинг қилмиши жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 171-моддаси ва Жиноят кодексида ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгиланган 205-моддаси билан квалификация қилинади.
13. ЖК 171-моддаси 2-қисмида жиноятнинг:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда содир этилиши учун жавобгарлик назарда тутилган.
14. ЖК 171-модда 3-қисмида жиноятнинг:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган.
Мазкур белгилар ЖК 164-моддаси таҳлилида шарҳланган ва ушбу моддага нисбатан қандайдир алоҳида ўзига хос хусусиятларга эга эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |