XI боб. ЎЗГАЛАР МУЛКИНИ ТАЛОН- ТОРОЖ ҚИЛИШ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛМАГАН ЖИНОЯТЛАР 170-модда. Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкдорга анча миқдорда зарар етказиш, башарти, бу қилмишда талон-торож қилишнинг аломатлари бўлмаса -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) моддий жавобгар шахс томонидан;
в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда қамоқ тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Ушбу моддада кўрсатилган жиноят бир қатор белгилари бўйича фирибгарлик билан ўхшашдир. Айбдор шарҳланаётган жиноятни содир этишда ўз мақсадига эришиш учун, фирибгарлик жиноятидаги каби, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилишдан фойдаланади (ЖК 168-моддаси шарҳига қаранг), бироқ фирибгарликдан айбдорнинг мулкий фойдани ноқонуний равишда қўлга киритиш механизми билан ажралиб туради. Агар фирибгарликда талон-торож қилишнинг бошқа шакллари каби мулкдордан мулкни қўлга киритиш ва уни айбдорнинг ёки бошқа шахсларнинг фойдасига ноқонуний ўтказиш содир этилса, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказишда мулк қўлга киритилмайди. Ушбу жиноятда талон-торож қилишнинг у ёки бу мулкдорнинг мулкини шахсий фондидан қўлга киритиш каби белгиси мавжуд эмас, яъни мулкдорга тегишли ёки бошқа қонуний эгаси қўлида бўлган мулкнинг мавжуд массаси камайиши содир бўлмайди. Одатда айбдор мулкий фойдани ўзганинг мулкини эгаллаб олиш орқали эмас, балки лозим бўлган суммани тўламаслик орқали қўлга киритади.
Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш объекти ўзганинг мулки ҳисобланади.
ЖК 170-моддаси биринчи қисми диспозициясининг таҳлили шуни кўрсатадики, фойдаланиш, эгалик қилиш, ижара каби бошқа ашёвий ҳуқуқлар мазкур жиноятнинг объекти ҳисобланмайди. Мулкий зарар фақатгина ашёнинг эгасига етказилиши мумкин. Бу ҳолат ушбу жиноятнинг объектив томонининг ўзига хослиги билан боғлиқдир, яъни лозим бўлган пул маблағлари бошқа шахсларга эмас, фақат мулк эгасига берилиши мумкин. Агар назарда тутилган даромад, масалан, ижара берувчига мулк қайтарилмаса, у ҳолда бундай муносабатларда у бошқа қонуний эгалловчи сифатида эмас, балки мулкдор сифатида намоён бўлади.
Шуни назарда тутиш лозимки, мулкдорга тегишли бўлган ёки тегишли бўлиши лозим бўлган мулккина алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш предмети ҳисобланади. Бироқ ушбу жиноятни фирибгарликдан ажратиб турувчи ўзига хос яна бир хусусияти унинг мулкий ҳуқуқ предмети бўла олмаслигидир.
Объектив томондан шарҳланаётган жиноят айбдорга билдирилган ишончни суиистеъмол қилиш ёки алдаш ҳаракатларида ифодаланади. Бунинг натижасида фирибгарлик белгилари мавжуд бўлмаган ҳолда мулкдорга мулкий зарар етказилади. Бошқача айтганда, ушбу жиноятда мулкий зарар етказиш ғаразли мақсадларда ўзганинг мулкини ғайриқонуний равишда, қопламасдан талон-торож қилиш билан амалга оширилмайди.
Ушбу жиноятнинг объектив томони, талон-торож қилишдан фарқли равишда, фойдани ғайриқонуний қўлга киритиш механизми билан ажралиб туради. Объектив томони шундан иборатки, жиноятчи ҳали келиб тушмаган, лекин шартномавий ёки бошқа бирон-бир мажбуриятга мувофиқ мулк эгасига келиб тушиши лозим бўлган пул маблағлари ёки моддий бойликларни ўзи ёхуд бошқа шахслар фойдасига олиб, мулкдорга зарар етказади. Шундай қилиб, ушбу жиноятни содир этиш орқали келиб чиқадиган мулкий зарар талон-торож қилишдаги каби тўғридан-тўғри зарар кўришда эмас, балки қўлдан бой берилган фойда ва олиниши лозим бўлган даромадда ифодаланади.
Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказишнинг объектив томонининг зарурий белгиси ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши орқали жабрланувчига етказиладиган зарар миқдори ҳисобланади. Қонунга кўра, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш жиноятида етказилган зарар миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз баравари миқдоридан ортиқ бўлса, жиноий жавобгарлик келиб чиқади. Зарарнинг миқдорини аниқлашда фақатгина айбдор томонидан ноқонуний равишда олинган мулкнинг нархи ҳисобга олиниши лозим. Агар етказилган зарар миқдори белгилангандан кам ёки тенг бўлса, қилмиш ЖК 170-моддаси бўйича квалификация қилиниши мумкин эмас.
Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш республика ёки маҳаллий бюджетларга бож ёки бошқа мажбурий тўловларни тўламасликда (ёки уларнинг ҳажмини камайтиришда) ифодаланиши мумкин. Масалан, олди-сотди шартномасини яшириш мақсадида мулкдан ҳақини тўламасдан фойдаланиб туриш тўғрисида шартнома тузиш орқали; ер участкаси ёки кўчмас мулкни сотиб олишда шартнома тузаётганда унинг ҳақиқий нархини камайтириб кўрсатиш орқали; солиқ юкини камайтириш мақсадида қалбаки ҳужжатларни тақдим этиш ва даромад солиғи ҳажмини камайтириш орқали, агар бунда ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноят белгилари мавжуд бўлмаса ва бошқалар. Шуни назарда тутиш лозимки, таҳлил қилинаётган жиноятни содир этишда фақат сохта ҳужжат (унинг қалбакилаштирилгани эмас) тақдим этилган бўлиши лозим (у алдаш воситаси ва ушбу жиноятнинг белгиси ҳисобланади), шунинг учун айбдорнинг ўзи томонидан тайёрланган қалбаки ҳужжатларни тақдим этиш орқали алдаса, унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 170-моддаси ва 228-моддаси биринчи қисмлари билан квалификация қилиниши лозим.
Жиноят коммунал хизматлардан фойдаланганлик учун тўловларни тўламасликда (ёки тўлиқ тўламасликда) ифодаланиши мумкин. Шунингдек, ташкилотлар ва корхоналарнинг ушбу ташкилот ва корхоналар томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун фуқаролардан келиб тушадиган тўловларни олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ходимлари томонидан, белгиланган тартибни четлаб ўтган ҳолда, келиб тушган маблағларнинг ўзлаштирилишида ифодаланади (масалан, проводникнинг чиптасиз юрганлик учун йўловчи ва юклар учун пул олиши; автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси таъмирловчиси томонидан топшириқномада кўрсатилмаган ишлар учун қўшимча тўлов олиниши; матбаа корхонаси ходими томонидан буюртма берилган нашрнинг босиб чиқарилмаган қисми учун олинган тўловнинг ўзлаштирилиши ва ҳоказо). Ушбу ҳолатда шунга эътибор бериш лозимки, корхонага тегишли бўлган материаллардан ўзининг манфаатлари йўлида ишлатиш шарҳланаётган жиноят таркибига кирмайди ва тегишли шаклда ўзганинг мулкини талон-торож қилиш (растрата ёки ўғрилик) сифатида қўшимча квалификация қилиниши лозим.
Охирги йилларда қалбаки йўл чипталаридан, абонементлардан фойдаланиш орқали алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш шакллари ҳам кенг тарқалмоқда. Ушбу ҳаракатлар ҳужжатлар фойдаланувчи томонидан ишлаб чиқарилмаган, балки сотиб олинган тақдирда, ЖК 170-моддаси бўйича квалификация қилинади.
6. Жиноят алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш ҳаракати содир этилган вақтдан эмас, балки мулкдорга ёки бошқа мулкни қонуний эгалловчига ҳақиқий зарар етказилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Шунинг учун бундай зарар етказишга қаратилган алдаш ҳаракатларини содир этиш ЖК 170-моддаси ва 25-моддаси 2-қисми билан квалификация қилиниши лозим.
Айбдорнинг қонунга хилоф ҳаракати ва келиб чиққан оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш аниқланиши лозим.
Жиноятни тугалланган деб топиш учун айбдор мўлжаллаётган мулкий фойдани олиб улгурган бўлиши талаб қилинмайди. Шахс ўзига ишониб топширилган машинада ишини амалга ошириб, буюртмачидан келишилган тўловни олишга улгурмаган бўлса, тугалланмаган жиноят учун жавобгарликка тортилади, чунки машина тегишли бўлган ташкилотга мулкий зарар етказиб бўлинган (ўзининг манфаатлари учун иш вақтидан фойдаланиш ва амортизация харажатларини қопламаслик ва бошқалар).
7. Субъектив томондан жиноят била туриб, тўғри қасд билан ғаразли мақсадда содир этилади. Айбдор ёлғон хабар бераётиб ёки мавжуд далилларни яшираётиб мулкдорни ёхуд мулкнинг қонуний эгасини алдаётганлигини тушуниб етади ва ушбу ҳаракати орқали жабрланувчига мулкий зарар етказилишини кўра билади ҳамда ушбу зарарни етказишни хоҳлайди. Ғаразли мотивларга таяниб айбдор ғайриқонуний равишда мулкий фойдани қўлга киритишни мақсад қилади.
ЖК 170-моддаси 1-қисми бўйича жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ва мансабдор шахс ёки моддий жавобгар ҳисобланмаган шахслар бўлади.
ЖК 170-модда 2-қисмида ушбу жиноятнинг қуйидаги квалификация қилиш белгилари назарда тутилади:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) моддий жавобгар шахс томонидан;
в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этиш.
ЖК 170-моддаси 2 қисми “а” бандида кўрсатилган квалификация қилиш белгилари юқорида шарҳланган талончиликнинг квалификация қилиш белгиларини айнан такрорлайди ва алоҳида кўриб чиқишни талаб этмайди.
Моддий жавобгар шахс қонун, шартнома ёки мулкдорнинг махсус топшириқномаси бўйича ёхуд расмий эгаси томонидан мулкдорнинг мулкини тасарруф этиш, эгалик қилиш ёки фойдаланиш ҳуқуқлари билан таъминланган шахс ҳисобланади. Моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиладиган ходимлар ҳамда ашёларни сақловчилар, ижарачилар шундай шахслар ҳисобланади. Шундай қилиб, ушбу квалификация қилиш белгисининг мавжуд бўлиши учун жиноят ўзлаштириш ёки растратанинг субъектига ўхшаш бўлган махсус субъект томонидан содир этилганлигини аниқлаш лозим.
Моддий жавобгар шахс томонидан содир этилган алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказишнинг ўзлаштириш ёки растратадан фарқли жиҳати уни содир этиш мақсадидадир. Шарҳланаётган моддада қасддан, қопламасдан қўлга киритиш (талон-торож қилиш) мақсади мавжуд эмас.
11. (Кўп миқдор тушунчаси тўғрисида Жиноят кодекси Махсус қисми VIII бўлимига қаранг.)
12. Шарҳланаётган модданинг 3-қисмида рағбатлантирувчи норма назарда тутилган бўлиб, унга кўра етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда қамоқ тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Ушбу белги ЖК 168-моддаси 4-қисмида кўрсатилган белгини такрорлайди ва қўшимча шарҳлашни талаб этмайди.