158-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаётига тажовуз қилиш -
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекситон Республикаси Президенти баданига қасддан шикаст етказиш -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш -
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Республика ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. Чунки у нафақат шахс, балки биринчи ўринда давлат бошлиғидир (Конституциянинг 89-моддаси). Президент Ўзбекистон Республикаси ижроия ҳокимиятининг бошлиғи, Олий Бош қўмондони, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга риоя этилишининг кафилидир. Президентга тажовуз қилиш Ўзбекистоннинг давлат тизимига, жамият ҳаётининг барқарорлигига, давлатнинг суверенитети ва хавфсизлигига муҳим зарар етказиши мумкин. Конституциянинг 91-моддасида белгиланганидек, “...Президентнинг шахси дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза этилади”. Президентга тажовуз қилиш қандай шаклда амалга оширилмасин, бунинг учун жиноий жавобгарликнинг ўрнатилиши конституциявий қоидаларга риоя қилинишининг ҳуқуқий кафолатидир.
2. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги, давлат тизими, давлат ҳокимияти органларининг нормал фаолият кўрсатиши, Президентнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, эркин ҳисобланади.
3. Содир қилинган тақдирда жавобгарлиги ЖК 158-моддаси 1-қисмида белгиланган ушбу қилмиш объектив томондан Президент ҳаётига тажовуз қилишдан иборатдир.
Ҳаётга тажовуз қилиш деганда, Президентни ўлдиришга қаратилган ҳар қандай ҳаракат тушунилиши лозим. Хусусан, тажовуз сифатида ўлдиришга суиқасд қилиш, ўлдириш, баданга оғир шикаст етказиш харакатларини тушиниш лозим.
4. Президентнинг ҳаётига тажовуз қилиш, юзага келган оқибатлардан қатъи назар, ЖК 158-моддаси 1-қисмига кўра тугалланган жиноят деб квалификация қилиниши керак. Объектив жиҳатдан тажовузнинг амалдаги оқибатлари ўлимнинг келиб чиқиши, соғлиққа турли даражадаги оғирликда шикаст етказиш бўлиши мумкин. Тажовуз амалга оширилиб, кутилган натижа келиб чиқмаган ҳолларда соғлиққа умуман зарар етказилмаслиги ҳам мумкин (масалан, айбдор Президент ҳозир бўлган бинони портлатмоқчи бўлса-ю, лекин портлаш амалга ошмаса). Квалификация қилишга таъсир этмаган ҳолда, зарарли оқибатлар келиб чиққан ёки келиб чиқмаганлиги субъектнинг айби даражасини баҳолашда ва жазо тайинлашда инобатга олинади.
Ўлим билан қўрқитиш, эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш Президент ҳаётига тажовуз сифатида эмас, балки иш ҳолатларига кўра шахсга нисбатан жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалар билан квалификация қилиниши керак.
5. Президентнинг қариндошлари, оила аъзолари ва яқинларига тажовуз Президентга тажовуз деб ҳисобланмайди. Бундай қилмишлар, тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганда, ЖК 97-моддаси 2-қисм “г” банди билан квалификация қилиниши лозим.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентига уни эгаллаган лавозимидан келиб чиқиб қасддан тан жароҳати етказилиши шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми диспозициясида ўз ифодасини топган. Республика Президентига етказилган шикастнинг оғирлик даражаси турлича (оғир, ўртача оғир, енгил шикаст) бўлиши мумкин, лекин уларнинг барчаси Президент эгаллаган лавозимдан келиб чиқиб етказилган бўлиши керак. Баданга етказилган шикастнинг даражаси квалификацияга таъсир кўрсатмайди, лекин жазо тайинлашда суд томонидан инобатга олиниши керак.
ЖК 158-моддаси 2-қисмида жавобгарлиги назарда тутилган қилмиш баданга шикаст етказилган пайтдан эътиборан тугалланган жиноят деб топилади. Башарти айбдор баданга жароҳат етказишга қасд қилган бўлса-ю, айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолда, соғлиққа зарар етмаган бўлса, айбдор ЖК 25-моддасининг 2-қисми ва 158-моддасининг 2-қисми билан Ўзбекистон Республикаси Президенти баданига шикаст етказишга суиқасд қилганлик учун жавобгарликка тортилиши керак.
7. Президент ҳаётига тажовуз қилиш билан қасддан баданига шикаст етказиш ЖК 158-моддаси 2-қисми диспозициясидан келиб чиқиб, субъектив томондан фарқланиши керак. Президент баданига қасддан шикаст етказишда айбдорнинг қасди Президентнинг ўлимига эмас, балки баданига шикаст етказишга қаратилган. Субъектив томоннинг моҳиятига кўра, Президент ҳаётига тажовуз қилиш билан давлат бошлиғининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказишни фарқлаш лозим (бу тўғрисида ЖК 104-моддасининг шарҳига қаранг).
8. Омма олдида ҳақоратлаш деганда, муайян миқдордаги шахслар олдида Президент фаолиятини унинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган (масалан, митинглар, йиғилишлар, маърузалар ва бошқа жойларда) баҳолаш тушунилади.
Шаън ва қадр-қимматни камситиш шакли деганда, Президент шаъни ва қадр-қиммати ҳақидаги ижтимоий фикрни қонун, ахлоқ нормалари ва тамойилларига риоя этиш нуқтаи назаридан камситилиши тушунилиши керак.
Президентни ҳақорат қилиш деб хисоблаш учун хақорат қилувчи харакатларнинг оғир ёки енгиллигининг ахамияти йўқ. Бундай харакатларда айбли деб хисоблаш учун Президент шаъни ва қадр-қимматини оммавий камситувчи шаклда бўлишининг ўзи кифоя қила олади. Қоида тариқасида бу одобсиз ёки беҳаё шаклда бўлишлигининг ўзи квалификация қилиш учун кифоя қила олади.
Президентни ҳақоратлаш ёзма ёки оғзаки шаклдаги харакатлар билан бўлиши мумкин. Лекин уни амалга ошириш шакли квалификацияга таъсир кўрсатмайди.
9. Президентга туҳмат деганда, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, ҳақиқатга мос келмайдиган, ёлғон ёки айбдор томонидан бузиб кўрсатилган маълумотларни муайян шахслар гуруҳига етказиш ва тарқатиш тушунилади. Бунда айбдор, ҳақоратлашдан фарқли равишда, ўзи тарқатаётган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаслигини англайди. Мазкур қилмишни квалификация қилишда ёлғон маълумотларнинг етказилиш шакли, яъни одоб-ахлоқ меъёрларига мос келиш-келмаслиги инобатга олинмайди. Президентни кўпчилик олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш ҳақорат ёки туҳмат хусусиятидаги ҳаракатлар содир қилинган пайтдан эътиборан тугалланган жиноят ҳисобланади. Президентни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилишда матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш деганда, газета, журнал, Интернет ва оммавий ахборот воситаларининг бошқа кўринишларидан фойдаланиш тушунилади. Бунда ОАВ қайси биридан фойдаланилганлик аҳамият касб этмайди.
10. ЖКнинг ушбу моддасида назарда тутилган мазкур жиноят объектив томонининг зарурий аломати жабрланувчининг шахсидир. У ёки бу шахснинг ижтимоий-сиёсий фаолияти билан боғлиқ бошқа жиноятлардан фарқли равишда, мазкур жиноят аниқ бир шахсга - Президентга қарши қаратилади ва бу ҳаракатлар Президентнинг эгаллаган лавозими ҳамда мавқеидан келиб чиқиб содир қилинади. Жиноятни квалификация қилишда жабрланувчи бўлган Президентнинг конституциявий-ҳуқуқий мақоми муддати катта аҳамиятга эга. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Президенти қасамёд қабул қилган пайтидан лавозимга эгалик қилишни бошлайди ва Ўзбекистон Республикасининг янги Президенти лавозимни эгаллаган пайтда ваколати тугайди.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз доимо қасддан содир қилинади. Айбдор Президентга тажовуз қилаётганини ва бунинг натижасида давлат манфаатларига зарар етказилиши мумкинлигини англайди ҳамда оқибатнинг келиб чиқишини истайди. Айбдорнинг ўз ҳаракатларини содир этишида қандай мотив ва мақсаддан келиб чиққанлиги квалификацияда аҳамиятга эга бўлмайди, лекин жазо тайинлашда инобатга олиниши лозим.
12. Мазкур жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиши мумкин. Агар Президент ҳаётига тажовуз ёки қасддан баданга шикаст 13 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахс томонидан содир қилинса, қилмиш ЖК 97-моддаси 2-қисм ёки 104, 106, 109-моддалар бўйича квалификация қилиниши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |