154-1-модда. Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига,хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши -
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўзбекистон Республика фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш органларига ёлланиши -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига биноан, “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросининг бурчидир”. Ушбу конституциявий нормага асосан, “Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”. Фуқаро ҳарбий хизматга кираётиб, “Халқи ва Ўзбекистон Республикаси Президентига садоқат тўғрисида ҳарбий қасамёд” қабул қилади2. Аммо илгари қонунчиликда ҳарбий қасамёднинг бажарилишини назорат қилувчи механизм мавжуд эмас эди. Қасамёд фақат маънавий жавобгарликни келтириб чиқарар эди. Шарҳлананаётган модданинг Жиноят кодексига киритилиши ҳуқуқдаги бўшлиқни бартараф этди ва фуқаронинг давлат олдидаги жавобгарлигини мустаҳкамлади.
2. Шарҳланаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, унинг содир этилиши натижасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа қудрати ва барқарорлигига, давлатларнинг тинч йўл билан ривожланишига хавф туғилиши, жаҳон ҳуқуқий тартиботи ва барқарорлик бузилиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлат ҳарбий хизматларига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларга хизматга ёлланиши натижасида улардан ёлланувчи сифатида фойдаланиш учун шароит яратиладики, бу халқаро ҳамжамият томонидан қатъиян тақиқланган.
3. Шарҳланаётган модданинг 1-қисмида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кирганлик учун, 2-қисмида эса, чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларга ёлланганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
4. Шарҳланаётган модданинг 1-қисмида кўзда тутилган жавобгарликни назарда тутадиган жиноят объектив томондан фаол ҳаракатлар билан, яъни чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши билан тавсифланади.
Хизматга кириш учун шахс ўзга давлат қуролли кучлари, хавфсизлик органлари, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш органлари штат жадвалига кириши билан боғлиқ бир қатор тадбирларни, ҳаракатларни амалга оширади. Ушбу ҳолатда шуни таъкидлаш керакки, хизматга кириш шахснинг ўз иродаси, хоҳиши асосида бўлиши керак. Хизматга кириш фаолият сифатида бир қанча ҳаракатларни ўз ичига олади: жумладан, чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш учун ҳужжатларни тайёрлаш, кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва хизматга кириш учун турли усул ва воситалардан фойдаланиш кабилар бўлиши мумкин.
Агар шахс томонидан амалга ошириладиган усуллар жамият учун хавф туғдирса (масалан, ҳужжатни қалбакилаштириш, пора бериш ва бошқалар), шахс қилмиши Жиноят кодексида белгиланган тегишли модда, шунингдек, чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши (ЖК 1541-моддаси) учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари асосида жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.
Шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга олинганлиги ҳақида билдиришнома юборилганлиги, буйруқ чиқарилиши билан жиноят тугалланган ҳисобланади.
5. Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатнинг ҳар қандай органига эмас, балки ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши ижтимоий хавфли қилмиш деб топилади.
Ҳарбий хизмат - давлат хизматининг алоҳида тури бўлиб, ҳарбий тайёргарлик ва давлатни ҳарбий муҳофаза қилишни ўз ичига олади. Ҳарбий хизмат қуролли кучлар ва бошқа давлат ҳарбий тузилмалари томонидан амалга оширилади. Қуролли кучларнинг ёхуд унинг тузилмаларининг номланиши, ҳарбий хизмат мазмуни квалификация қилишга таъсир қилмайди.
Хавфсизлик органларидаги хизмат - давлат хизматининг махсус тури бўлиб, асосий фаолияти давлатни ва жамиятни ташқи ҳамда ички хавфдан ҳимоялаш, шахсларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, ҳаётини муҳофаза этиш ҳисобланади. Давлат хавфсизлиги хорижий давлатларда турли органлар томонидан амалга оширилади, уларнинг тузилмаси Ўзбекистондагидан фарқ қилиши мумкин, аммо бу жиноятни квалификация қилишда ҳисобга олинмайди. Хавфсизлик хизмати органларининг номи ёки уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳам аҳамиятга эга эмас.
Полиция хизмати - давлат хизматининг махсус шакли бўлиб, жамоат тартибини ҳимояловчи ва жиноятчиликка қарши курашувчи алоҳида турдаги органлар тизимида ўталадиган хизмат турларидан бири. Барча турдаги ёки бир қанча турдаги ҳуқуқбузарликларни тергов қилиш билан шуғулланади.
Ўзбекистонда ва бошқа бир қатор давлатларда полиция- милиция деб номланади. Полициянинг қандай номланиши ва ташкилий-ҳуқуқий шакли қилмишни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас.
Ҳарбий адлия органларида хизмат турли идора ва хизматларни, шунингдек, ҳарбий суд тизимини ўз ичига олади. Унинг фаолият соҳасига Қуролли Кучларда ва бошқа турдаги давлат ҳарбий тузилмаларида ҳуқуқий тартиботни таъминлаш киради.
6. Шунга ўхшаш бошқа органлар деганда, хизмат ҳарбийлаштирилган барча турдаги муассаса, ташкилот, органни тушуниш керак. Ҳарбийлаштирилган органни фарқловчи жиҳатлардан бири шахс хизматга кираётганида қасамёд қабул қилиши ва қасамёдини бузганида жавобгарлик келиб чиқиши ҳисобланади.
Қасамёд қабул қилишидан қатъи назар, шахс чет давлатнинг бошқа органларига хизматга кириши, масалан, прокурор, терговчи ёки умумий юрисдикция суди судьяси бўлиши жиноят ҳисобланмайди.
7. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Айбдор ўзининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини билади ва чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга киради ҳамда ўзи шуни хоҳлайди. Қилмишни содир этиш мотив ва мақсадлари турлича бўлиши мумкин, аммо улар жиноятни квалификация қилишга таъсир қилмайди, лекин суд томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олиниши лозим.
8. Жиноят субъекти фақат 16 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланади.
9. Шарҳланаётган модда 2-қисмида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиши учун жавобгарлик белгиланган.
(Ёллаш тушунчаси ҳақида ЖК 154-моддаси шарҳига қаранг.)
Жиноят субъектив томондан фақат қасддан содир этилиши мумкин. Субъект қилмишини баҳолашда мотив ва мақсад аҳамиятга эга эмас, лекин жиноят мотиви ва мақсади жазо тайинлашда суд томонидан ҳисобга олиниши лозим.
11. Шарҳланаётган модда 2-қисми бўйича жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай жисмоний шахс ҳисобланади. Шахснинг фуқаролиги аҳамиятга эга эмас.
12. Шуни ҳисобга олиш керакки, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон ҳудудидаги корхона, такшилот, муассасада меҳнатни давом эттирган ҳолда, чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига ишга кирса, Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятларда кўзда тутилган тегишли аломатлар бўлса, унда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти бўлишидан қатъи назар, жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 160-моддасидаги жосуслик жинояти бўйича ҳам квалификация қилиш лозим. Қилмишни давлатга хоинлик сифатида квалификация қилиб бўлмайди, чунки шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилади.
13. Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш учун жиноий жавобгарлик билан жавобгарлик ЖК 154-моддасида кўзда тутилган ёлланиш таркиби фарқлаб олиниши жуда муҳим. Жиноят таркиби бир-биридан жиноят субъектига кўра фарқланади. Хизматга ёлланиш жиноятида жиноят субъектига хос бўлган белги мавжуд, у ҳарбий ҳаракатларда ўзга давлат қуролли кучлари таркибида туриб қатнашиши талаб қилинади. Қилмишни содир этган шахсни ЖК 154-моддаси бўйича айбдор деб топиш учун шахснинг ҳарбий ҳаракатларда қатнашганлигини (ЖК 154-модда 1-қисм) ёки қатнашиш мақсадида ёлланганлигини (ЖК 154-модда 2-қисми) аниқлаш лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |