133-модда. Инсон аъзолари ёки тўқималариниажратиб олиш
Шахс тириклигида унинг розилигини олмасдан туриб ёки ўлганидан кейин яқин қариндошларининг розилигисиз илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилиш ёки бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) мақсадида мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, -
олти ойгача қамоқ ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти одоб-ахлоқдир.
2. Объектив томондан жиноят шахс тириклигида унинг розилигини олмасдан туриб ёки ўлганидан кейин яқин қариндошларининг розилигисиз, илмий ёхуд таълим ишлари учун кўчириб ўтказиш ёки бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) мақсадида мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишда ифодаланади.
Аъзо ёки тўқималарни ажратиб олиш - мурданинг бир ёки бир неча орган ёки тўқималарини тўлиқ ёки қисман чиқариш. Бунда экспертиза учун мурданинг орган ва тўқималарини ажратиб олиш шарҳланаётган модда жиноят таркибини ҳосил қилмайди.
3. Реципиентларга аъзолар ёки тўқималарни трансплантация қилиш (кўчириб қўйиш) бўйича операциялар тиббий кўрсатмаларга кўра амалга оширилади. Шу мақсадда инсон аъзолари ёки тўқималарини олиш ва тайёрлашга фақат давлатнинг тиббий муассасаларидагина рухсат этилади. Ихтисослашган тиббиёт муассасаларидагина инсон аъзолари ёки тўқималарини трансплантация қилишга рухсат берилади.
Агар тиббиёт муассасасига ўлган шахс ҳаётлиги пайтида ёки унинг вафотидан сўнг яқин қариндошлари муайян мақсадларда унинг аъзолари ва тўқималарини ажратиб олишга розилик бермаган бўлса, мурданинг аъзоларини ёки тўқималарини ажратиб олишга йўл қўйилмайди (Яқин қариндошлар тушунчаси тўғрисида ЖК Махсус қисмининг VIII бўлимига қаранг). Врач-мутахассислар консилиуми (маслаҳати) томонидан ўлим юз бергани сўзсиз исботланган ҳолатда мурдадан трансплантация учун унинг аъзолари ёки тўқималари ажратиб олиниши мумкин. Мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш учун мурданинг ҳаётлигидаги розилиги ёки унинг яқин қариндошларининг розилиги бўлсагина, тиббиёт муассасасининг бош врачи рухсати билан амалга оширилади. Мурдадан унинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишга суд-тиббиёт экспертизасини ўтказиш талаб қилинган ҳолатларда бу ҳақда суд-тиббиёт эксперти томонидан прокурор хабардор қилинган ҳолда ижозат берилади.
4. Ўлган одамнинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш вақтидан бошлаб, трансплантация ва бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) амалга оширилган-оширилмаганидан қатъи назар, жиноят тугалланган ҳисобланади.
5. Агар ғаразли ёхуд бошқа паст ниятларда ўлган одамнинг аъзоларини ёки тўқималарини ажратиб олиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, қилмиш шарҳланаётган модданинг 2-қисми бўйича квалификация қилинади.
Ғаразли мақсадлар деганда, моддий фойда олиш, бойиш, яхши маош тўланадиган иш ёки лавозимга эга бўлишга, уй-жой олишга ва бошқаларга қаратилган ниятларни тушуниш керак. Ғаразли мақсадлар шахс зиммасидаги мулкий, моддий мажбуриятлар (қарзни қайтариш, алимент тўловлари ва ҳоказолар)дан қутулишга интилишда ҳам намоён бўлиши мумкин.
Бошқа паст ниятларга мансабпарастлик, лаганбардорлик, ошна-оғайнигарчилик ва ҳоказолар тааллуқлидир.
(Такроран тушунчаси тўғрисида ЖК 32-моддасининг шарҳига қаранг. Хавфли рецидивист тушунчаси тўғрисида ЖК 34-моддасининг шарҳига қаранг.)
6. Жиноят субъектив томондан тўғри қасддан содир этилади. Айбдорнинг ҳаракатини ЖК 133-моддаси 2-қисми бўйича квалификация қилиш учун қилмишнинг ғаразли ёки бошқа паст ниятларда содир этилгани зарурий белги ҳисобланади.
7. 16 ёшга тўлган шахс жиноят субъекти ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |