136-модда. Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш
Аёлни эрга тегишга ёки никоҳда яшашни давом эттиришга мажбур қилиш ёхуд аёлнинг эркига хилоф равишда у билан никоҳда бўлиш учун ўғирлаш, шунингдек, аёлнинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти аёлнинг эркинлиги ва шаъни ҳисобланади. Аёлнинг эркинлиги- унинг эрга тегиш ёки никоҳда яшашни давом эттириш ҳуқуқида ифодаланади.
2. Объектив томондан жиноят аёлни эрга тегишга ёки бирга эр-хотин бўлиб яшашга мажбур қилиш ёхуд аёлнинг эркига хилоф равишда у билан никоҳда бўлиш учун ўғирлаш, шунингдек, аёлнинг эрга тегишига тўсқинлик қилишда ифодаланади.
3. Аёлни эрга тегишга ёки бирга эр-хотин бўлиб яшашга мажбур қилиш деганда, аёлга нисбатан жисмоний ёхуд руҳий зўрлик ишлатишни тушуниш лозим.
Шарҳланаётган моддада назарда тутилган маънода жисмоний зўрлик ишлатиш деганда, аёлни калтаклаш, дўппослаш, унинг баданига енгил ёки ўртача оғир шикастлар етказишни тушуниш зарур.
Аёлни мажбурлашда унинг баданига оғир шикастлар етказилганда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 136 ва 104-моддалари бўйича квалификация қилинади.
Руҳий зўрлик ишлатиш деганда, жисмоний зўрлик ишлатиш билан қўрқитишни, аёлнинг ўзи сир сақлашни афзал кўрадиган маълумотларни тарқатиш, мол-мулкни нобуд қилиш билан қўрқитиш ва ҳоказоларни тушуниш керак.
4. Айбдор аёлни ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитган ҳолатларда, унинг ҳаракатларини ЖК 112-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилишга эҳтиёж қолмайди.
5. Аёлни ўғирлаш уни мажбурлашнинг ўзига хос кўриниши бўлиб, уни олиб қочишда, бирор-бир транспорт воситасида олиб қочишда, муайян жойда жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиб сақлашда ёки унинг эркига хилоф равишда у билан никоҳга кириш учун алдашда ёхуд аёлнинг никоҳга киришига тўсқинлик қилишда ифодаланади.
6. Агар аёлнинг ўғирланиши у билан никоҳга кириш учун урф-одат тусига киритилган бўлса, яъни аёл ўғирлангунга қадар бу ишга унинг розилиги олинган бўлса, ЖК 136-моддаси бўйича жавобгарлик истисно этилади.
7. Ўғирланган қиз ўн олти ёшга тўлмаган бўлса ва айбдор унинг розилиги билан жинсий алоқага кирса, ёки жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирган ҳолатларда, айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 136 ва 128-моддаларига кўра квалификация қилинади.
Бундай квалификация қилишнинг зарурий шарти - айбдор жабрланувчининг ўн олти ёшга кирмаганлигини илгаридан билишидир. Агар у жабрланувчининг ёшига нисбатан янглишган бўлса, унда фақат ЖК 136-моддаси бўйича жавобгарлик келиб чиқади.
8. Субъектив томондан жиноят била туриб, тўғри қасддан содир этилади.
9. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган шахс ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |