130-модда. Порнографик нарсаларни тайёрлаш ёки тарқатиш
Намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсадида порнографик нар-саларни тайёрлаш, шунингдек, уларни йигирма бир ёшга тўлма-ган шахслар ўртасида намойиш қилиш ёки тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган модда Жиноят қонунига 1923 йил 12 октябрдаги “Порнографик маҳсулот тарқатиш ва савдо қилишга қарши кураш тўғрисида”ги Женева Конвенцияси асосида киритилган.
1923 йилги Женева Конвенцияси қуйидаги қилмишларни жиноят туркумига киритади: сотиш, тарқатиш ва оммавий кўргазма қилиш мақсадида порнографик маҳсулотларни тайёрлаш ва сақлаш; бундай маҳсулотларни олиб кириш, ташиш, олиб чиқиш, муомалага киритиш, порномаҳсулотлар билан савдо қилиш, тарқатиш, ижарага бериш; мазкур маҳсулотларни топиш мумкин бўлган йўлларни аниқлаш ёки овоза қилиш.
2. Жиноят объекти жамоат тартиби ва жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ нормаси ҳисобланади.
3. Жиноятнинг объектив томони намойиш қилиш мақсадида порнографик нарсаларни тайёрлаш ёки тарқатиш, шунингдек, худди шундай ҳаракатлари учун маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин йигирма бир ёшга тўлмаган ёшларга порнографик маҳсулотларни намойиш қилишда ифодаланади.
4. Порнографик нарсаларни тайёрлаш ёки тарқатиш учун жиноий жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик кодексининг 189-моддасида назарда тутилган маъмурий жазо чоралари қўлланилгандан сўнг содир этилган жиноят учун қўлланилади.
5. Шаҳвоний муносабатларни, эркак ёки аёл жинсий аъзоларини қўпол, ғайритабиий, сурбетларча, ҳаёсизлик билан ёки бузуқ кўринишда тасвирлайдиган асарлар, босма нашрлар, расмлар ва бошқа ҳар қандай буюмлар порнографик нарсаларга тааллуқлидир.
Интим муносабатлар ва баданларнинг очиқлиги қўпол равишда, уятсизларча ёхуд табиий шаклда тасвирланмаган буюмлар порнография эмас, балки эротик асарлар деб аталади.
Материал ёки предметларнинг порнографик характерга эга эканлигини аниқлаш учун кинотанқид, психология, сексопатология, юриспруденция ва бошқа соҳалардаги махсус мутахассислар иштирокида комплекс экспертиза тайинланиши лозим бўлади.
6. Порнографик нарсаларни тайёрлаш деганда, уларни яратиш, ишлаб чиқариш, ёзиш ва ҳоказолар билан бирга уларни техник тайёрлаш (кўпайтириш, босиб чиқариш, монтаж қилиш, ёзиш, тасвирга кўчириш ва ҳоказолар)ни ҳам тушуниш лозим.
7. Порнографик нарсалар намойиш этиш ёки тарқатиш мақсадида тайёрланган ҳоллардагина жиноят таркиби мавжуд бўлади.
8. Тарқатиш деганда, порнографик буюмларни ҳеч бўлмаганда, бир шахсга бериб қўйиш, жўнатиш, сотиш, совға қилиш ту-шунилади. Тарқатиш усули квалификация учун аҳамият касб эт-майди. Эр-хотинларнинг бир-бирига порнографик предметларни тарқатиши жиноят таркибини ҳосил қилмайди.
9. Намойиш этиш деганда, порнографик буюмларнинг мазмуни билан ҳеч бўлмаганда бир кишини ҳар қандай усул (масалан, видеофильм намойиш этиш, кинофильм, суратлар, слайдлар (тасвир туширилган кадрлар), порнографик асарларни ўқиш ва ҳоказолар) билан таништириш тушунилади.
10. Порнографик нарсаларни намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсадида уларни тайёрлаш ёхуд порнографик буюмларни йигирма бир ёшга етмаган шахслар ўртасида намойиш қилиш ёки тарқатиш вақтидан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
11. Порнографик нарсалар йигирма бир ёшга кирган шахслар ўртасида намойиш этилган ёки тарқатилган ҳолларда жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.
12. Порнографик нарсаларни намойиш этиш ёки тарқатиш мақсадидан холи ҳолатларда сақлаш жиноят ҳисобланмайди .
13. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади.
14. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган шахс ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |