129-модда. Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш
Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда, унга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз - бузуқ ҳаракатлар содир этиш -
икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб содир этилган бўлса, -
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти 16 ёшга тўлмаган шахснинг жинсий дахлсизлиги ҳисобланади.
2. Объектив томондан шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга нисбатан зўрлик ишлатмай, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этишда ифодаланади.
3. Уятсиз-бузуқ ҳаракатлар шаҳвоний хусусиятга эга бўлиб, улар одатда ўн олти ёшга тўлмаган шахсларнинг жинсий ҳиссиётини қўзғатишга қаратилган бўлади, лекин номусга тегиш ёки зўрлик ишлатиб жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан алоқаси бўлмайди.
4. Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолларда, унга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиши ЖК 129-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилиниши лозим.
Уятсиз-бузуқ ҳаракатлар жинсий аъзоларини очиб кўрсатишда, ўн олти ёшга тўлмаган шахслар олдида жинсий алоқа қилишда ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришда, ўн олти ёшга тўлмаган шахсларни шаҳвоний ҳаракатларга ўргатишда, порнографик фильмлар, уларнинг тасвирларини кўрсатишда ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкин. Шундай қилиб, уятсиз-бузуқ ҳаракатлар деб, шаҳвоний моҳиятга эга ҳар қандай қилмишларни аташ мумкин. ЖК 128-моддаси бўйича жазоланадиган қилмиш - ўн олти ёшга тўлмаган шахслар билан жинсий алоқа қилиш, ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжни қондириш бундан мустаснодир.
5. Жиноят уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш вақтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади, бунда айбдорнинг ўн олти ёшга тўлмаган шахсни йўлдан уриш ниятига етган ёки етмаганлигининг аҳамияти йўқ.
6. Шахснинг ҳаракатларини ЖК 129-моддаси бўйича квалификация қилиш учун айбдор жабрланувчининг ўн олти ёшга тўлмаганлигини олдиндан билганлигини аниқлаб олиш зарур. Агар айбдор жабрланувчининг ёши хусусида виждонан адашган бўлса-ю, жабрланувчининг ёшини ўн олти ёшдан ошган деб ўйласа, у ҳолда Жиноят кодекси 129-моддасига кўра жавобгарлик истисно этилади.
7. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади.
8. Ҳар икки жинсга мансуб бўлган ва ўн олти ёшга етган шахслар жиноят субъекти бўлишлари мумкин. Бироқ вояга етмаган шахсларнинг ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлари учун уларнинг жиноий жавобгарлиги масаласини ҳал қилишда судлар қонун ҳар икки жинсдаги ўсмирларнинг нормал жисмоний ва руҳий ривожланишини муҳофаза этишга қаратилганлигини инобатга олишлари керак. Шу боис ҳар бир муайян ҳолатда ҳар икки жинсга мансуб бўлган вояга етмаганларнинг ёшларидан, уларнинг шахсини изоҳлайдиган маълумотлардан, вужудга келган оқибатлар ва ишнинг бошқа вазиятларидан келиб чиқиб, судлар вояга етмаган айбдорга нисбатан жиноий жазо чораларини қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини, мажбурлов чораларини қўллаш имкониятини муҳокама қилиши лозим.
9. Агар айбдор уятсиз-бузуқ ҳаракатларни зўрлик ишлатиб ёхуд қўрқитиб содир этган бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 129-моддасининг 2-қисми бўйича квалификация қилиниши зарур.
Зўрлик ишлатиш деганда, калтаклаш, дўппослаш, баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказишни тушуниш лозим.
Жабрланувчи баданига оғир шикаст етказилган ҳолатларда айбдорнинг ҳаракатларини жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилиниши керак (ЖК 129-моддаси 2-қисми ва ЖК 104-моддаси). (Қўрқитиш тушунчаси тўғрисида ЖК 118-моддасининг шарҳига қаранг.)
10. Агар уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этишда айбдор жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб жинсий алоқа қилиш ёки ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжни қондириш учун зўрлик ишлатган ёки қўрқитган, лекин у ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра мақсадига эришмаган бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 25-моддасининг 2-қисми ва 118-моддасининг 3-қисмига мувофиқ ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегишга суиқасд қилиш ёки ЖК 25-моддаси 2-қисми ва 119-моддасининг 3-қисми бўйича жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга суиқасд қилиш сифатида квалификация қилиниши лозим.
11. Баъзи ҳолларда 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий шаклда зўрлик ишлатиб қондиришдан олдин содир этилади. 18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этгандан кейин айбдор жинсий зўрлик ишлатган ҳолларда, унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 129-моддасининг 2-қисми ва тегишли равишда ЖК 118-моддасининг 3-қисми “а” банди бўйича квалификация қилиниши лозим.
12. Жабрланувчининг 16 ёшга тўлмаганлиги айбдорга маълум бўлган ҳолатда уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 129 ва 128-моддалари билан квалификация қилинади.
13. ЖК 118-моддаси 3-қисмининг “а” банди, ЖК 118-моддаси 4-қисмининг “а” банди, ЖК 119-моддаси 3-қисмининг “а” банди, ЖК 119-моддаси 4-қисмида кўзда тутилган жиноятларни ЖК 129-моддасининг 2-қисмида кўзда тутилган жиноятлардан ажратиб олишда шуни назарда тутиш керакки, айбдор бузуқ ҳаракатлар содир этишда зўрлашни содир этиш ёки шаҳвоний эҳтиёжини куч ишлатиб қондириш мақсадини кўзламайди, балки ҳирсий кўринишдаги бузуқ ҳаракатларни содир этади ва улар айбдор шаҳвоний эҳтиёжларини қондиришга қаратилмаган бўлиб, 16 ёшга тўлмаган шахсларни йўлдан уриш мақсадини кўзлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |