119-модда. Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш
Зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш -
уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
б) такроран, хавфли рецидивист томонидан ёхуд илгари ушбу Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан;
г) ўлдириш билан қўрқитиб содир этилган бўлса, -
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) жабрланувчининг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда;
б) яқин қариндошига нисбатан;
в) оммавий тартибсизликлар қатнашчиси томонидан;
г) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
д) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳаракатлар ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, -
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти жабрланувчининг жинсий эркинлигидир.
2. Шарҳланаётган жиноятнинг объектив томони:
* эркакнинг аёл билан;
* аёлнинг эркак билан;
* аёлнинг аёл билан (лесбиянлик);
* эркакнинг эркак билан (бесоқолбозлик) зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб жинсий эҳтиёжни ғайритабиий тарзда қондиришидан;
* жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб бошқа усулларда қондириш билан содир этиладиган шаҳвоний ҳаракатлар (масалан, зўрлик ишлатиб мастурбацияга мажбур этиш)дан иборат бўлади.
3. Айбдорнинг ўз жинсий эҳтиёжини зўрлик ишлатиб қондиришга қаратилган ҳаракати содир этилганда, оргазм ёки эякуляция юз берган-бермаганлигидан қатъи назар, тугалланган жиноят деб топилади.
4. Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондиришга қаратилган ҳаракатлар айбдорга боғлиқ бўлмаган сабаблар билан охирига етказилмай қолганда, мазкур ҳаракатлар жиноятга суиқасдни вужудга келтиради (масалан, зўрлик ишлатиб ечинтириш, гавдани муайян вазиятда тутиб туришга мажбурлаш ва ҳоказолар) бу қилмиш ЖК 25-моддасининг 2-қисми ва 119-моддаси билан квалификация қилиниши керак.
5. Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондиришга суиқасд қилишда жиноятдан ихтиёрий қайтиш бўлиши мумкин (Ихтиёрий қайтиш тушунчаси тўғрисида ЖК 26-моддасига берилган шарҳга қаранг).
6. (Жисмоний зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, ожизлик ҳолати тўғрисида ЖК 118-моддасининг шарҳига қаранг).
7. ЖК 119-моддасининг 2, 3 ва 4-қисмларида назарда тутилган квалификация қилинадиган белгилар ЖК 118-моддасида кўзда тутилган белгиларга мазмунан мос келади (ЖК 118-моддаси 2, 3, 4-қисмларининг шарҳига қаранг).
8. Жиноят субъектив томондан тўғри қасддан содир этилади. Мотив - шаҳвоний, мақсад - жинсий эҳтиёжни қондиришда ифодаланади.
9. Жиноят субъекти - 14 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |