V боб. ОИЛАГА, ЁШЛАРГА ВА АХЛОҚҚА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР
122-модда. Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш
Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
1. Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддаси).
Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддаси).
2. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, ота-оналарга ўзларининг вояга етмаган ёхуд вояга етган бўлсалар ҳам, меҳнатга лаёқатсизликлари боис моддий ёрдамга муҳтож бўлган болаларини таъминлаш мажбурияти юкланган.
3. Ота-оналарнинг ЖК 122-моддаси бўйича жавобгарлик фақат ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан болалар таъминоти учун маблағ ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори кучга кирган ҳоллардагина келиб чиқади.
4. Жиноят объекти суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ, вояга етмаганлар ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг манфаатлари, яъни соғлиғи, нормал жисмоний ривожланиши ва моддий ёрдам олиши ҳисобланади.
5. Жиноятнинг объектив томони суднинг ҳал қилув қарори кучга киргандан сўнг уч ой мобайнида вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз фарзандларини моддий таъминлашдан бош тортишда ифодаланади.
6. Бўйин товлаш деганда, нафақат суднинг ҳал қилув қарорини ижро этишдан бевосита бўйин товлашни, балки айбдорнинг ижро варақаси бўйича ушлаб қолинадиган маблағни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида оладиган ҳақиқий маошини, бошқа даромадларини яшириши, иш ёки яшаш жойини ўзгартириши ёхуд шу мақсадда меҳнатдан бўйин товлаши ва ҳоказоларни тушуниш лозим.
7. Меҳнатга лаёқатсизлар биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилганлар ёхуд касаллиги боис вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотган шахслардир.
8. Суднинг ҳал қилув қарори кучга кирган кундан бошлаб жами уч ой муддат ичида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун суднинг ҳал қилув қарори бўйича ундирилиши лозим бўлган маблағларни тўламаслик ҳолати юз берганда, жиноят тугалланган ҳисобланади.
9. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Мотив ва мақсад жиноят квалификациясига таъсир этмайди.
10. Жиноят субъекти бўлиб вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз, моддий ёрдамга муҳтож шахсларни моддий таъминлаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиққан ўн саккиз ёшга тўлган шахс ҳисобланади.
11. Кўрсатиб ўтилган шахсларни таъминлаш мажбурияти зим-масига юкланган шахс, агар, узрли сабабларга кўра, масалан, касаллиги, меҳнатга лаёқатсизлиги, ногиронлиги ва ҳоказолар туфайли уларни таъминлаш имкониятига эга бўлмаса, ЖК 122-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик келиб чиқмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |