-ми, -оқ (-ёқ), -гина (-кина, -қина), -дир юкламалари сўзларга қўшиб ёзилади.
-чи, -ку, -у (-ю), -а (-я), -да юкламалари сўзлардан чизиқча билан ажратиб ёзилади.
Сўз юкламалар алоҳида ёзилади.
Модал сўзлар
Сўзловчининг фикрга бўлган муносабатини ифодаловчи сўзлар модал сўзлар дейилади. Модал сўзлар морфологик жиҳатдан ўзгармайди, морфемаларга бўлинмайди. Модал сўзлар гап бўлаклари билан грамматик жиҳатдан боғланмайди. Модал сўзлар гапнинг бирор бўлагига ёки бутун гапга тааллуқли бўлиб, гапда кириш сўз ҳисобланади. Шунинг учун гапнинг турли ўринларида келиб, бошқа бўлаклардан вергул билан ажратилади.
Модал сўзлар ҳам бошқа туркумлардан ўсиб чиққан. Масалан, афтидан, ҳақиқатан, эҳтимол, чамаси, дарҳақиқат, дарвоқе от туркумидан, тўғри, шубҳасиз, табиий, сўзсиз, маълумки кабилар сифат туркумидан, албатта, умуман, зотан равишдан ўсиб чиққан модал сўзлардир.
Модал сўзлар қуйидаги маъноларни билдиради:
Фикрнинг аниқлигини билдиради: албатта, шубҳасиз, сўзсиз, шаксиз, ҳақиқатдан, дарҳақиқат, табиий.
Фикрниинг гумон, ноаниқлигини билдиради: эҳтимол, чамаси, афтидан, балки, шекилли, чоғи.
Афсусланиш, ажабланишни билдиради: афсус, аттанг, ажабо, таассуф.
Мавжудлик, тасдиқ ва инкорни билдиради: бор, хўп, майли, йўқ.
Фикрнинг тасдиғи ва якунланишини билдиради: менимча, фикримча, тўғри, демак, хуллас, жумладан, чунончи.
Фикрнинг тартибини билдиради: биринчидан, иккинчидан каби.
Бор, йўқ, эҳтимол, албатта, шубҳасиз, сўзсиз, майли, хўп каби модал сўзлар сўз-гап сифатида қўлланилади.
Ундов сўзлар
Ҳис-ҳаяжон ва ҳайдаш-чақириш маъноларини билдирадиган сўзлар ундов сўзлар дейилади. Ундовлар ллуғавий маънога эга эмас. Улар гап бўлаклари билан алоқага кирмайди, гап бўлаги бўлмайди. Ундовлар морфологик белгиларга эга эмас.
Ундовлар учун хос бўлган муҳим хусусият гап олдидан келиб, ҳис-ҳаяжон маъноларини кучайтиришдир.
Ундовлар маъно жиҳатидан икки хил:
Ҳис-ҳаяжон ундовлари: о, оҳ, э, эй, эҳ, уҳ, уф, вой, дод, бе, ҳе, а, ҳа, оббо, ўҳу, аттанг, офарин, раҳмат, хайр, балли, вой-бўй, салом, баракалла, эвоҳ, ажабо, водариғ.
Ҳайдаш-чақириш ундовлари: кишт, чуҳ, беҳ-беҳ, баҳ-баҳ, пишт, иш, хих, ту-ту, хўш-хўш, тур (итга), чиги-чиги ва бошқалар.
Айрим ундовлар кишиларнинг номи ўрнида ишлатилиб, мурожаатни ифодалайди: ҳой, эй, э, ҳей, ҳай каби.
Ундовлар тузилишга кўра содда: уф, вой, дод; жуфт: эҳ-ҳе, вой-бўй, ҳай-ҳай, ў-ҳў, э-ҳа ҳолда қўлланилади: Ҳой, биродар, туринг, шаҳарга келдик, деб уйғотиб қолди. (М.И)
Ундовлар гапда ундалма, сўз-гап, отлашганда эса от бажарадиган вазифаларда келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |