Тилшунослик фанининг бўлимлари
Тилшунослик тил ҳақидаги фандир. Бу фан тилнинг умумий хусусиятлари: тилларнинг пайдо бўлиши, тилларнинг қариндошлик муносабаталари ва умумий назарий масалаларини ўрганади. Бундай тилшунослик умумий тилшунослик дейилади. Муайян бирор тилнинг хусусиятларини ўрганадиган тилшунослик хусусий тилшунослик бўлиб, у бирор халқ тилининг ўзига хос хусусиятларини ўрганади. Жумладан, ўзбек тилшунослиги ўзбек тили қонуниятларини ўрганувчи фандир.
Ўзбек тили фанининг қонуниятлари қуйидаги бўлимлар орқали ўрганилади.
Фонетика-нутқ товушларини ўрганади.
Орфография-сўз ва сўз қисмларини тўғри ёзиш қоидаларини ўрганади.
Орфоэпия-сўзларни тўғри талаффуз қилишни ўрганади.
Лексикология-тилнинг луғат бойлиги (сўз ва иборалар) ва уларнинг маъноларини ўрганади.
Фразеология-иборалар ва уларнинг хусусиятларини ўрганади.
Лексикография-луғат ва унинг турлари, луғат тузиш билан боғлиқ масалаларни ўрганади.
Морфемика-сўзнинг маъноли қисмлари-ўзак ва қўшимчаларни ўрганади.
Морфология-сўзларнинг тузилиши, ўзгариши ва сўз туркумларини ўрганади.
Синтаксис-гапда сўзларнинг бирикиши, сўз бирикмалари ва гап, уларнинг хусусиятларни ўрганади.
Пунктуация-тиниш белгилар ва уларни ишлатиш қоидаларини ўрганади.
Фонетика
Фонетика (грекча phone-товуш) тилнинг нутқ товушларини ўрганадиган бўлимидир. Фонетика ўрганадиган нутқ товушлари маънога эга эмас. Нутқ товушлари нутқнинг фонетик жиҳатдан бўлинмайдиган энг кичик қисмидир. Шунингдек, сўзнинг ҳам бўлинмайдиган энг кичик қисми товушдир. Товуш ва фонема бир-биридан фарқланади. Барча товушлар ҳам фонема бўлавермайди.
Фонема сўз маъносини фарқлаш учун хизмат қиладиган нутқ товушларидир. Кўринадики фонема сўзларни товуш жиҳатидан ҳам маъно жиҳатидан ҳам фарқланишига хизмат қилади. Масалан, без, биз, боз, буз сўзларини товуш ва маъно жиҳатдан фарқловчи-е, и, о, ў товушлар бўлиб, улар унли фонемалардир, тош, тор, том, тон, ток, тол сўзларини шундай фарқловчи ш, р, м, н, к, л товушлари ундош фонемалардир. Чунки шу товушлар сўзларни маъно фарқланишига асос бўлган.
Нутқ товушлари нутқ аъзолари ёрдамида ҳосил бўлади. Нутқ товушларининг ҳосил бўлишида қатнашадиган аъзолар нутқ аъзолари дейилади. Нутқ аъзолари нутқ товушларининг ҳосил бўлишида иштирок этишига кўра икки хил.
Фаол нутқ аъзолари: товуш пайчалари, кичик тил, тил, лаб, пастки жағ, юмшоқ танглай.
Нофаол нутқ аъзолари: тиш, қаттиқ танглай, юқори жағ, бурун бўшлиғи.
Нутқ органларининг йиғиндиси нутқ аппарати дейилади. Нутқ аппаратига қуйидагилар киради: нафас аппарати, бўғиз бўшлиғи, оғиз бўшлиғи, бурун бўшлиғи.
Нутқ товушларини ўпкадан нафас йўллари орқали чиқадиган ҳаво оқими ҳосил қилади. Шунинг учун ўпка нутқ товушларини ҳосил бўлиши учун муҳим бўлган ҳаво манбаидир. Ўпка товуш ҳосил қилиш учун лозим бўлган ҳавони етказиб беради. Бўғиз эса овоз пайчаларидан иборат. Овоз пайчалари ўпкадан чиқаётган ҳаво таъсирида тебранади, бўғиз бўшлиғида ҳавонинг тўсиққа учрамаслиги туфайли овоз ҳосил бўлади. Шунинг учун бўғиз бўшлиғи овоз манбаи ҳисобланади. Оғиз бўшлиғи шовқин манбаидир. Бўғиздан ўтган ҳаво оқими оғиз бўшлиғида жойлашган нутқ аъзоларининг тўсиғига учраб шовқин вужудга келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |