1
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС
ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
НИЗОМИЙ НОМИДАГИ ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА
УНИВЕРСИТЕТИ
ДЕФЕКТОЛОГИЯНИНГ ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРИ
Ўзбекистон республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги миқѐсида
2018 йил 2 апрелда ўтказиладиган илмий анжуман материаллари
Тошкент-2018
2
Мазкур тўпламда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим
вазирлиги миқѐсида 2018 йил 2 апрелда ўтказиладиган илмий анжуман
материаллари жамланган
Тақризчилар : М. Ю. Аюпова
педагогика фанлари номзоди, профессор
Д.Н. Назарова
педагогика фанлари номзоди, доцент
Маъсул муҳаррирлар: Л.Ш.Нурмухамедова
З.М.Ахмедова
З.Н.Мамаражабова
Д.Б.Якубжанова
Тўплам Низомий номли ТДПУ илмий-техник Кенгашининг 2018 йил
мартдаги 1-сонли қарори билан нашр этилди.
3
ЎЗБЕКИСТОНДА НОГИРОНЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ
МУҲОФАЗАСИ МАСАЛАЛАРИ
Л. Ш. Нурмуҳамедова
ТДПУ доценти, педагогика фанлари номзоди,
Педагогика факультети декани
Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритган даврни сарҳисоб қилсак,
ҳукуматимиз томонидан инсон манфаатларини кўзлаш ва ҳимоялаш жараѐнида
жамиятимизнинг алоҳида ѐрдамга муҳтож қатламига жиддий эътибор қаратиб
келинаѐтганининг гувоҳи бўламиз. Республикамиз ҳукумати томонидан ѐш
авлодни жамиятнинг муносиб вакиллари қилиб тарбиялаш борасида сўнгги
йилларда олиб борилаѐтган ижтимоий ислоҳотларда оилага, оила тарбиясига
муҳим омил сифатида қаралаѐтгани кўзга ташланмоқда. Махсус коррекцион
педагогика умумий педагогиканинг таркибий қисми бўлганлиги учун, бу
вазифалар ушбу соҳанинг ҳам устувор вазифаларига айландики, уларнинг
амалга оширилиши махсус педагогикани оилавий тарбия ва ижтимоий тарбия
билан узвий боғлашнинг янги усул ва йўлларини излаб топиш, бу йўлда илмий-
амалий изланишлар олиб боришни тақозо этади. Давлат ва жамият тараққиѐти,
унинг истиқболи шу давлат, шу мамлакатда яшовчи фуқароларнинг жисмонан
бақувват ва соғлом бўлиши билан белгиланади. Яхши орзу-умидлар билан
кутилаѐтган фарзанднинг носоғлом, ногирон туғилиши эса ҳар қандай оила
учун фожеа бўлибгина қолмай, жамият олдига бир қатор ташвишли
вазифаларни ҳам қўяди.
Сўнгги йилларда бутун инсоният ҳаѐтига кириб келаѐтган ижтимоий,
сиѐсий, иқтисодий, айниқса экологик соҳаларга оид кескин ва зиддиятли
ўзгаришлар мавзуимиз мақсади бўлган жисмоний ва руҳий нуқсонга эга бўлган
болаларнинг ҳам кўпайишига олиб келаѐтганини айтиб ўтиш лозим. Ёрдамчи
мактабда ақли заиф ўқувчиларни бошқа барча фуқаролар билан тенг
имкониятларга эга бўлишини таъминлаш, тўлақонли ҳаѐт кечиришларига,
жамиятнинг ижтимоий, иктисодий, сиѐсий ҳаѐтида ўз имкониятлари даражасида
қатнашишларига, шунингдек, ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришларига
имкон берадиган қулай шарт-шароитлар яратиш давлатимиз инсонпарварлик
сиѐсатининг асосий мазмунини ташкил этади. Республикамизда ногиронларни
ижтимоий муҳофаза қилиш, уларга ўз вақтида тиббий ва коррекцион ѐрдам
кўрсатиш бўйича давлат ҳужжатларининг қабул қилиниши ҳақиқий маънода
мустақил давлат ҳаѐтида ногиронларга нисбатан эътиборнинг тубдан
ўзгарганлигини кўрсатиб турибди.
Зеро, ижтимоий адолат қоидаларига риоя қилиб, аҳолининг энг ночор
қатламлари — кексалар, ногиронлар, етим-есирлар, кўп болали оилаларнинг
давлат томонидан ижтимоий муҳофаза қилиниши, уларнинг кафолатли
ҳуқуқларининг таъминланиши давлатимизнинг ижтимоий ва маънавий соҳадаги
сиѐсатининг туб моҳиятини ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси
4
Конституциясининг 46-моддасида, «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 23-
моддасида ва махсус қонунларда жисмоний ѐки руҳий ривожланишида нуқсони
бўлган ҳамда узок вақт даволанишга муҳтож болаларни ўқитиш, тарбиялаш
ҳамда даволаш учун иҳтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этиш
таъкидлаб ўтилади. Ёрдамга муҳтож болалардаги нуқсонларни бартараф этиш,
коррекциялаш ва ривожлантириш ишларини амалга оширишда оила, мактаб ва
маҳалла билан ҳамкорликда иш олиб бориш катта аҳамиятга эга бўлиб, у давлат
томонидан кафолатланган. Ушбу талабларнинг ҳаѐтга татбиқ этилиши, яъни
ѐрдамга муҳтож болаларга таълим-тарбия бериш ва уларни ҳаѐтга
мослаштириш бу соҳа мутахассисларидан махсус билимларни ва ногирон
боланинг жисмоний ва психик хусусиятларини чуқур билишни талаб қилади.
Ақли заиф болаларга таълим-тарбия бериш, уларни ҳаѐтга тайѐрлаш алоҳида
оила ва бутун жамиятнинг асосий вазифаларидан биридир. Аммо бу муаммо
ҳозиргача илмий томондан етарли тадқиқ қилинмаган. Соғлом авлод деганда
авваламбор жисмонан, ақлан соғлом фарзандларни маънавий, маданий,
жисмоний етук қилиб вояга етказиш назарда тутилади. Бироқ бунда турли
сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган болаларнинг соғлиги, таълими ва
тарбияси, ижтимоий мухофазаси, демакки бутун тақдири давлатнинг бу йўлда
тутган сиѐсатига, жамият ҳаѐтидан узилиб қолган ногиронларга муносабатига,
уларнинг оилаларига кўрсатилаѐтган ѐрдамга боғлиқ.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг, Ўзбекистон МДҲ давлатлари
орасида биринчилардан бўлиб ногиронлик муаммосига эътибор қаратди ва 1991
йилдаѐқ ―Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш
тўғрисида‖ги Қонунни қабул қилди ва бу қонун бошқа республикалар учун
шундай қонунларнинг қабул қилинишида намуна вазифасини ўтади. Атроф-
муҳитни ногиронлар имкониятлари ва эҳтиѐжларига мослаш ҳақидаги ушбу
Қонун бандларининг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ―Атроф-
муҳитни ногиронлар эҳтиѐжларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштириш
тўғрисида‖ги ҳужжат қабул қилиндики, бу борада ҳам республикамиз МДҲ
давлатлари орасида пешқадамлик қилди. Республикамизда ногиронлар
реабилитaцияси бўйича Давлат дастури ишлаб чиқилди.
Ўзбекистонда ногиронларнинг ижтимоий муҳофазаси соҳасидаги давлат
сиѐсатининг асосий тамойиллари бу соҳада бутун жаҳонда қабул қилиниб,
амалда бўлган ҳужжатларга асосланади. Авваламбор, бу БМТнинг Бош
Ассамблеяси томонидан 1989 йилнинг 20 ноябрида қабул қилинган ҳамда 1990
йилнинг 2 октябридан бошлаб кучга кирган «Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги
Конвенция»дир. Маълумки бу жаҳон миқѐсидаги ҳужжат Ўзбекистон томонидан
биринчилар қаторида ратификaция қилинган.
Мазкур Конвенциянинг иккинчи моддасида ―Болалар уларнинг ота-
оналари, боқувчиларининг ирқлари, терисининг ранги, жинси, тили, дини,
сиѐсий ва бошқа эътиқоди, миллий, этник ѐки ижтимоий келиб чиқиши, моддий
аҳволи, соғлиги, қандай ҳолатда туғилганлиги ва бошқа ҳолатлардан қатъи
назар камситишларга маҳкум этилмаслиги керак‖ - деб қатъий белгиланган.
Конвенциянинг 23-банди махсус ногирон болалар ҳуқуқларига бағишланган
бўлиб, унда, жумладан, ақлий ѐки жисмоний жиҳатдан камчиликка эга бола
5
унинг қадр-қимматини таъминлайдиган, ўзига бўлган ишончини қўллаб-
қувватлайдиган ҳамда жамият ҳаѐтидаги иштирокини осонлаштирадиган
шароитда тўлақонли ва муносиб ҳаѐт кечириши лозимлиги алоҳида
таъкидланган.
Алоҳида эҳтиѐжларга эга кишиларнинг ижтимоий ҳимояси тизимини
белгилаб берган асосий ҳужжат бу ―Ўзбекистон Республикасида ногиронларни
ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида‖ги Қонун бўлди.
1
Қонуннинг кириш
қисмида кўрсатиб ўтилганидек, ногиронларга, шу жумладан, ногирон болаларга
ҳуқуқлар ва эркинликларни Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари
қаторида амалга оширишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш, уларнинг
ҳаѐтлари ва фаолиятларидаги чекланишларни бартараф этиш, тўлақонли ҳаѐт
кечиришлари, жамиятнинг иқтисодий ва сиѐсий ҳаѐтида фаол қатнашишлари,
шунингдек ўз фуқаролик бурчларини бажаришлари учун мақбул шарт-
шароитларни яратиш жамиятнинг имкониятлари чекланган аъзоларига
нисбатан давлат сиѐсатининг асосини ташкил қилади. Қонуннинг 3-моддасида
давлатимиз ногирон болаларга нисбатан алоҳида ғамхўрлик кўрсатиши
таъкидлаб ўтилган.
Ногиронликка эга шахсларнинг ижтимоий муҳофазасини белгилаб берган
яна бир муҳим ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг 1996 йилнинг 29
августида қабул қилинган ―Фуқаролар соғлигини муҳофаза қилиш
тўғрисида‖ги Қонунидир. Ҳаѐт талабларидан келиб чиққан ҳолда бу Қонуннинг
1999 йил 15 апрелда ва 2001 йил 12 майда ўзгартишлар ва қўшимчалар
киритилган янги вариантларининг қабул қилиниши бу масалага республика
ҳукуматининг нақадар катта аҳамият бераѐтганининг ѐрқин далилидир.
Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ жойлардаги давлат хокимияти органларининг
фуқаролар соғлигини сақлаш соҳасидаги вазифаларидан бири ногиронларнинг
реабилитaциясини амалга ошириш билан шуғулланадиган муассасаларни
ташкил қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини таъминлашдан иборат. Қонуннинг
―Ногиронларнинг ҳуқуқлари‖ деб номланган 22-моддасида ногиронлар, шу
жумладан, ногирон болалар қандай ҳуқуқларга эга эканлари аниқ кўрсатиб
берилган. Улар тиббий-ижтимоий ѐрдам олишга, реабилитaциянинг ҳамма
турларига,
дори-дармон,
протез-ортопедик
буюмлар,
ҳаракатланиш
воситаларига имтиѐзли шартларда эга бўлишга, шунингдек касбий тайѐргарлик
ва қайта тайѐргарликни ўташга ҳақлидирлар. Ногиронлар соғликни сақлаш,
меҳнат, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси бўйича давлат тизимларига қарашли
муассасаларда бепул тиббий-санитария ѐрдамини олиш, уй шароитида
парвариш олиш ҳуқуқига эгалар.
Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекстонда олиб
бориладиган давлат сиѐсати ногиронликка эга бўлмаган шахслар ўз
ҳуқуқларини қандай амалга оширсалар, ногиронлар ҳам худди шундай ҳуқуққа
эга бўлиб, тўлақонли, муносиб ҳаѐт кечиришларига қаратилган.
1
―Ўзбекистон Республикасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида‖ги
Қонун. Ведомости Верховного Совета РУз, 1992, № 2, 78-бет.
6
Ногиронликка эга болаларнинг таълим олишлари учун ҳам бутун
имкониятлар яратилмоқда. Республикамизда бу масаланинг норматив-ҳуқуқий
асослари ҳам яратилган. Бу борада ҳам Ўзбекистонда ногиронликка эга
болаларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқига тегишли халқаро ҳужжат – 2000
йил 26-28 апрелда Дакарда (Сенегал) Таълим бўйича Бутунжаҳон форумда
қабул қилинган ―Таълим ҳамма учун‖ ҳаракати биринчилардан бўлиб
ратификaция қилинди. Бу ҳужжатга кўра, таълим соҳасида жаҳондаги ҳамма
болаларга, шу жумладан, кам таъминланган оилалардан бўлган, ногиронликка
эга болаларга ҳам юқори сифатли бошланғич таълим олиш имкониятини
яратиш лозимлиги таъкидланган. Бунинг учун таълим соҳасида хавфсиз,
соғлом, инклюзив ва ресурслар билан оқилона таъминланган шарт-
шароитларнинг яратилиши бош ўринга қўйилади.
Республикамизда таълимнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган асосий
ҳужжат бу Ўзбекистон Республикасининг ―Таълим тўғрисида‖ги Қонунидир
(1997 йил 29 август). Қонунда ногиронлар таълим ва тарбиясининг ташкил
қилиниши масаласига алоҳида банд ажратилган. Ушбу қонуннинг 23-бандида
жисмоний ѐки руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ва
ўсмирларни ўқитиш, уларни тарбиялаш, даволаш, реабилитaция қилиш
ихтисослаштирилган муассасаларда амалга оширилиши қайд этилади. Болалар
ва ўсмирлар бу муассасаларга тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг
хулосаси билан ота-оналарнинг ѐки бошқа қонуний вакилларнинг розилигига
кўра қабул қилинади ва чиқарилади. Ихтисослаштирилган таълим
муассасаларининг ўқувчилари қисман ѐки тўлиқ давлат таъминотида
бўладилар.
Ногирон болага махсус таълим муассасасига фақат ота-онанинг розилиги
билан йўлланма берилиши мумкин. Бу инклюзив таълимнинг керакли ҳуқуқий
асосини яратиш имконини беради.
Ногиронларнинг таълими ва касбий тайѐргарлигига оид масалалар
―Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш
тўғрисида‖ги Қонунда янада батафсилроқ кўриб чиқилган. Қонуннинг
―Ногиронларнинг таълими ва касбий тайѐргарлиги‖ деб номланган ва тўққиз
моддадан (19-27) таркиб топган махсус IV бобида ушбу масала қайси
йўналишларда амалга оширилиши лозимлиги ва амалга ошириш учун тегишли
йўл-йўриқлар кўрсатиб берилган: ногиронларга таълим олиш учун керакли
шарт-шароитларнинг таъминланиши (19-модда); ногирон болаларнинг
мактабгача таълими (20-модда); ногиронларнинг умумий ўрта, ўрта махсус ва
олий таълими (21-модда); ногирон болаларнинг уй шароитидаги таълими ва
тарбияси (22-модда); ногирон болаларнинг мактабдан ташқари тарбияси (23-
модда); ногирон болаларнинг стaционар муассасалардаги таълими ва тарбияси
(24-модда); ногиронларнинг касбий тайѐргарлиги ва малакасини ошириш (25-
модда); ногиронларнинг таълим олиш, касбий тайѐргарлиги ва малакасини
ошириш шакллари (26-модда). Бобнинг ―Имо-ишоралар тили‖ деб номланган
сўнгги 27-моддасида Ўзбекистон Республикасида имо-ишоралар тили
шахслараро мулоқот воситаси сифатида тан олиниши таъкидланган.
7
Қонунда давлат ногиронларнинг таълими ва касбий тайѐргарлиги учун
керакли шарт-шароитларни кафолатлаши айтилади (19-модда). Халқ таълими
органлари соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот органлари билан
ҳамкорликда ногирон болаларнинг мактабгача ва мактабдан ташқари
таълимини, ногиронларнинг касбий тайѐргарлигини, уларнинг индивидуал
реабилитaция дастурларига мувофиқ ўрта, ўрта махсус ва олий таълим
олишларини таъминлашлари лозим.
―Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш
тўғрисида‖ги Қонуннинг 21-моддасида ногиронларнинг умумий ўрта, ўрта
махсус ва олий таълимининг амалга оширилиши ҳақида гап боради. Бу борада
ногиронларнинг таълими барча ўқув муассасаларида, зарурат туғилганда эса
махсус таълим муассасаларида амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Шу
билан бирга стaционар даволаш-профилактика ва реабилитaцион муассасаларда
даволаш курсини ўтаѐтган ногирон болалар ҳам таълим олишдан четда
қолмайди ва улар учун ҳам ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Қонуннинг 22-моддаси ногирон болаларнинг уй шароитида таълими ва
тарбиясига бағишланган. Бу ерда кўрсатиб ўтилганидек, ногирон болаларнинг
таълими ва тарбиясини умумий ѐки махсус мактабгача ва мактаб
муассасаларида амалга оширишнинг имконияти бўлмаган ҳолларда ҳамда ота-
оналарнинг розилигини ҳисобга олиб таълим ва тарбия иши уйда амалга
оширилади. Тегишли таълим-тарбия муассасалари ногирон болаларнинг
таълим олиши учун ота-оналарга ѐрдам кўрсатишга мажбурдирлар.
Қонуннинг ушбу моддасида белгиланган талабларнинг бажарилишини
таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги
томонидан махсус ҳужжат – Жисмоний ѐки психик ривожланишида
камчиликлар бўлган, шунингдек узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган
болаларга уйда таълим бериш ҳақидаги 159-сон инструкция ишлаб чиқилган.
Инструкцияда айтиб ўтилган гуруҳларга мансуб болаларнинг уй таълимини
ташкил қилишнинг умумий қоидалари (1-боб), уй таълимини ташкил қилиш
тартиби (2-боб), уйда индивидуал таълим дастурини ташкил қилишда ногирон
болаларнинг ота-оналари ва қонуний вакиллари қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга
эга эканликлари (3-боб) батафсил ва аниқ кўрсатиб берилган.
Шунингдек, инструкцияда уйда таълим олаѐтган ногирон болага турли
фанлар бўйича ўқитувчилардан ташқари бошқа мутахассислар (логопед,
дефектолог ва б.) керак бўлса-ю, бундай мутахассислар мактабда бўлмаса,
бундай ҳолларда халқ таълимининг туман бўлимлари, ―Ўқувчиларнинг
психологик-педагогик диагностикаси ва касбий йўналтириш маркази‖,
шунингдек, соғлиқни сақлаш туман бўлимлари биргаликда керакли
мутахассисни топишлари ва ўқувчига бириктириб қўйишлари лозим деб
кўрсатиб қўйилган.
Хуллас, инструкцияда ногирон болаларнинг уйдаги таълимини ташкил
этиш жараѐни батафсил ишлаб чиқилган, бу жараѐнни ташкил қилишга ва
амалга оширилишини назорат қилишга масъул муассасалар аниқ келтирилган.
Бироқ бу ишларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ бир қатор муаммолар
ҳам мавжуд. Авваламбор, ушбу ҳужжат бўйича хизматга муҳтожларнинг
8
кўпчилиги бундай ҳужжатнинг ва у бўйича ўзларига тегишли имтиѐзларнинг
мавжудлигидан бехабарлар. Иккинчидан, бундай таълимни амалга ошириш
учун мутахассислар етарли эмас. Учинчидан, бундай мутахассисларни
тайѐрлаш тизимини мукаммал деб бўлмайди.
Жаҳоннинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби, чуқур интеллектуал
бузилишларга эга болалар ҳақида гап кетганида, бундай ногиронликка эга
болаларни умумий таълимга жалб қилиш иши айниқса кўп қийинчиликларга
учрайди. Ҳозирда 4 ѐшдан 18 ѐшгача бўлган чуқур ақли заиф болалар умумий
таълимга жалб қилинмайди ва оилада ота-оналари томонидан ѐки ижтимоий
таъминот органларига қарашли ―Мурувват‖ уйларида тарбияланади. Оилада
тарбияланаѐтган бундай бола учун қонунчиликда ҳеч қандай таълим
хизматлари кўзда тутилмаган. Уй таълими ҳақидаги инструкцияга кўра чуқур
ва оғир даражадаги ақл заиф болалар ўқитувчиларни уйга таклиф қилган ҳолда
таълим ололмайдилар. Уларни ѐрдамчи мактаблар ҳам қабул қилмайди. ―Таълим
тўғрисида‖ги янги Қонун мана шу муаммони ҳам ҳал қилиб бериши лозим.
Ушбу масалалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида қабул
қилинган қатор қонунлар ва норматив хужжатларда ҳам ўз ифодасини
топмоқда. Конституциянинг бир қатор бандлари (63, 64, 65, 66), ―Соғлом
авлод‖ учун давлат дастурининг 6- ва 41-бандлари, ―Оила кодекси‖ (1998),
―Она ва бола скрининги‖ дастури (1998), ―Бола ҳуқуқларининг кафолати‖
(2008), ―Ижтимоий ҳимоя йили‖ давлат дастури (2007), ―Ёшлар йили‖ давлат
дастури (2009), ―Баркамол авлод йили‖ давлат дастури (2010) ва бир қатор
бошқа ҳужжатларда жамиятимизнинг таркибий қисми бўлган алоҳида ѐрдамга
муҳтож болалар, ўсмирларни ижтимоий қўллаш, уларга таълим-тарбия бериш,
касб-ҳунар ўргатиш, жисмоний чиниқтириш, инклюзив таълим бериш, соғлом
болалар қаторидан ўрин олиб ўз қобилияти, имкониятларини кўрсата олишга
асос солувчи чора-тадбирлар алоҳида қайд этилган.
Шундай қилиб, психик ѐки жисмоний ривожланиши орқада қолган
болаларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларининг қонун ҳужжатларида акс
эттирилиши борасида давлатимиз томонидан анча ишлар амалга оширилган. Бу
йўлдаги ишлар узлуксиз давом этмоқда. Ва, ҳозирча ҳал қилинмаган
муаммоларга қарамай, республикамиз ногирон болаларнинг таълим олишга
бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш борасида жаҳон станлартлари томон
ишонч билан қадам қўймоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |