ИНФОРМАТИКА ТАЪЛИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ШАКЛЛАРИ ВА УСУЛЛАРИ
Асосий саволлар:
1. Информатика фанининг мазмуни ва уни ўқитишнинг ташкилий шакллари ҳамда усуллари.
2. Информатикани ўқитишда фойдаланиладиган ўқув ва кўргазмали дидактик материаллар.
Мавзуда кўриб чиқиладиган муаммолар:
1. Информатика фанининг мазмуни барча узлуксиз таълим тизимида бир хил деб қараш мумкинми? Сиз ушбу фикрга қўшиласизми ёки қўшилмайсизми? Ўзингизнинг фикрингизни изоҳлаб беринг?
2. Информатикадан ДТС талаблари қандай асосларга кўра ишлаб чиқилади? ДТС нинг асосий мазмуни нималардан иборат? Жавобингизни изоҳланг.
3. Информатика ўқитишнинг ташкилий шакллари ва усулларининг мазмуни бир хил деб қараш мумкинми? Сиз ушбу фикрлашга қўшиласизми ёки қўшилмайсизми? Ўзингизнинг фикрингизни изоҳлаб беринг?
4. Информатика ўқитишда дидактик воситаларнинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат? Жавобингизни изоҳланг.
1-асосий савол бўйича дарснинг мақсади: Узлуксиз таълим тизими босқичларида Информатика курсининг мазмуни, мақсади ва вазифалари, ўқитишнинг ташкилий шакллари ва усуллари тўғрисида маълумотлар бериш.
Идентив ўқув мақсадлари:
1. Информатика фанининг мазмуни ва ўқитиш шаклларига изоҳ бера олади.
2. Информатика ўқитиш усулларининг мазмунига изоҳ бера олади.
1-асосий саволнинг баёни:
Информатика фани инсон фаолиятининг турли ҳолатларида ахборотларни излаш, тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш масалалари билан шуғулланувчи фандир. Информатика фани ХХ асрнинг 50-йилларида юзага келди. Бу фан Республикамизда 1985-86 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларида ўқув предмети сифатида ўқитилиб келмоқда.
Информатика фан сифатида информацион жараён (ахборотлашган жараён) ларнинг қонуниятларини ўрганади. Информацион жараён кенг тушунча бўлиб, маълумотларни жамлаш, узатиш, сақлаш, тўплаш, қидириш ва истеъмолчига беришгача бўлган жараёнларни ўзида акс эттиради.
Информатика атамаси французча «information» (ахборот) ва «automatique» (автоматика) сўзиларидан ҳосил бўлиб, ахборотни автоматик қайта ишлаш маъноларини англатади. Инглиз тилида бу фан Сomputer sciene (компьютер техникаси ҳақидаги фан, компьютер таълими, компьютер билимлари) деб юритилади. Информатика атамаси ХХ асрнинг 60-йилларида ишлатила бошлаган бўлса-да, унинг алоҳида фан сифатида ажралиши 40-50 йилларга тўғри келади. Маълумки, бу даврда тарихда биринчи ЭҲМ яратилган эди. (1943-1945 йилларда АҚШда ЭНИАК деб номланган электрон ҳисоблаш машинаси). Биринчи ЭҲМ яратилгандан сўнг Информатика фани янада ривожланиб ҳозирги тараққиёт даражасига етди. Информатика компьютер техникасининг ривожланиши туфайли юзага келади, унга асосланади, компьютерсиз мавжуд бўла олмайди ва ўз навбатида, унинг ривожига, янгиланишига ўз ҳиссасини қўшади.
Умумий қилиб айтганда, информатика фани ахборот технологиялари воситалари ёрдамида ахборотни тақдим этиш, қабул қилиш, сақлаш, унга ишлов бериш, узатиш усулларини ва уларни бошқариш усулларини тизимли равишда ўрганувчи фандир.
Ҳозирги вақтда Республикамизда информатика фанини ўрганиш уч босқичда олиб борилади:
1. Умумий ўрта таълим босқичи. Бу босқичда информатика курснинг танишув қисми амалга оширилади ва курснинг номи Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари деб номланади.
2. Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими босқичи. Бу босқичда информатика курси тўлиқ ўрганилади ва курс иккита алоҳида фан сифатида («Информатика» ва «Ахборот технологиялари») фаолият кўрсатади.
3. Олий таълим босқичи. Бу босқичда информатика фани тўлиқ ўрганилиб, турли соҳаларга қўллаш масалалари ҳал қилинади. Бу босқичларда информатика фанини ўрганиш кетма-кетлиги Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида йўлга қўйилган ва улар бир-бирининг давоми сифатида фаолият кўрсатади.
Ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларида Информатика фани 8-9 синфларда (8-синфда ҳафтасига 1 соат, жами 34 соат, 9-синфда ҳафтасига 2 соат, жами 68 соат) ўқитилмоқда. Компьютер технологиясининг ривожланиши ва жахонда ахборотлаштириш масаласига эътиборнинг ошиши Информатика фанининг ўрганилишини қуйи синфлардан бошлашни талаб этмоқда. Бу Республикамизнинг таълим соҳасидаги истиқбол режаларида кўрсатиб ўтилган. 2006 - 2007 ўқув йилидан бошлаб Республикамиз умумий ўрта таълим мактабларининг 5-синфида Информатика фани 2 ҳафтада 1 соатдан, жами 17 соатга мўлжалланган ўқув дастури асосида синов тариқасида ўқитила бошланди.
Информатика фанидан ўқув жараёнини ташкил қилиш учун фан учун таълим муассасаларига мўлжалланган ДТС ва ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув ва услубий қўлланмалар, йиллик ишчи ўқув дастурлар ва режалар, бир соатлик дарс режаси ва дарс ишланмалари, компьютер синфи ва ахборот технологиялар воситалари, кўргазмали воситалар керак бўлади. Ҳар бир информатика ўқитувчиси дарс ўтиши учун юқорида кўрсатиб ўтилган услубий воситалардан фойдалана олиши ва керакли ҳужжатларни тайёрлай олиши керак. Информатика фани бўйича ҳар бир таълим босқичи учун алоҳида ДТС, ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув-услубий воситалар яратилган. Олий таълим учун ДТС ларига асосланиб таянч олий ўқув юртларида намунавий ўқув дастурлари тайёрланади ва амалиётга жорий қилинади. Олий ўқув юртларида намунавий ўқув дастурлари асосида ишчи ўқув дастурлари ва календарь тематик режалар тузилади. Ишчи ўқув дастурлари ва календар тематик режалар фан ўқитувчиси томонидан тузилади, ишчи ўқув дастур кафедра йиғилишида кўриб чиқилади ва олий ўқув юрти Ўқув-методик Кенгаши томонидан тасдиқланади, календар тематик режа эса кафедра мудири томонидан тасдиқланади.
Информатика ўқитишда таълим беришнинг ташкилий шакллари алоҳида ўринни эгаллайди. Ўқитишнинг ташкилий шакллари деганда ўқитувчи ва ўқувчининг ўзаро муносабатларини ташкил этиш йўллари тушунилади.
Ўқитишнинг ташкилий шакллари ўқувчилар сони, ўқитиш жойи ва бошқалар бўйича таснифланади.
Ўқитишнинг ташкилий шакллари қуйидагилардан иборат бўлади:
• Индивидуал;
• Гуруҳли;
• Фронтал.
Информатикадан мустақил ишлар бажариш ўқувчиларнинг индивидуал фаолиятини назарда тутувчи шакллардан бири ҳисобланади. Компьютерларда амалий машғулотлар ўтказиш гуруҳ бўлиб ишлашни талаб этади. Маъруза тариқасида дарсларни олиб бориш ўқитишнинг фронтал шаклларига мисол бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |