И. ҲИССИЁТНИНГ ФИЗИОЛОГИК АСОСЛАРИ.
Эмоционал кечинмалар организмдаги алоҳида физиологик жараёнлар, ўзгаришлар билан боғлиқ эканлиги ҳар кунги тажрибада кўриниб турибди. Масалан, эмоционал кечинмалар чоғида қон айланиши ўзгаради, юрак уриши тезлашади ёки сусаяди. Бир хил эмоционал кечинмалар чоғида одам қизаради, бошқа бир хил эмоционал кечинмалар чоғида эса одам оқаради ёки бўзаради. Эмоционал жараёнларнинг юрак фаолиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ эканлиги шу қадар аён сезилиб турадики, ҳатто оддий тилда «ҳис» билан «юрак» деган сўз бир-бирига ўхшаш маънода ишлатилади. Одатда, «юрагим орзиқиб кетди», «юрагим орқамга тортиб кетди», «юрагим ёрилай деди» деб гапирилганида, «юрак» сўзи билан қўрқиб кетиш, севиниш каби ҳислар ифодаланади.
Эмоционал кечинмалар вақтида нафас олиш ҳам ўзгаради: айрим кечинмалар вақтида нафас олиш тезлашади, айрим кечинмалар вақтида эса нафас олиш сусаяди. Шунингдек, овқат ҳазм қилиш жараёнлари ва ички секреция безларининг фаолияти ҳам ўзгаради. Эмоционал жараёнлар бутун организмнинг фаолиятига таъсир қилади.
Одамдаги ҳиссиётнинг физиологик асоси аввало бош мия пўстида содир бўладиган жараёнлардир.
Бош мия пўсти ҳиссиётларнинг кучини ва барқарорлигини идора қилиб туради. Буни шу билан исбот қилиш мумкинки, мия ярим шарлари олиб ташланган ҳайвонлар энг арзимас сабаблар билан муттасил ва шу билан бирга кучли равишда ҳаяжонга кела беради. Мия пўсти заифлангани натижасида бет мускуллари фалаж бўлган кишилар ҳар хил нарсаларга ҳатто жуда арзимас нарсага ҳам ҳамиша ва қаттиқ кула берадилар. Бош мия пўстининг фаолияти бузилиши натижасида баъзи кишиларда ҳар хил таъсирот бу таъсиротга бутунлай мувофиқ бўлмаган тескари эмоционал аломатларни қўзғатади – кулдиради ёки йиғлатади. Бундай ҳолларда бемор кишилар кўпинча ўзлари кулиб турсалар ҳам, аслида ғамгин бўладилар, кўз ёши тўка туриб эса хурсандлик ҳис қиладилар.
И. П. Павлов таркиб топган динамик стереотип фаолиятидаги бузилишлар кўпгина ҳиссиётларнинг физиологик асоси эканлигини кўрсатиб ўтган. У динамик стереотипдаги бузилишларни кўп кузатиш натижасида чиқарган хулосани таъкидлаб бундай деб ёзади: «Менинг фикримча, катта мия ярим шарларидаги боя баён қилинган физиологик жараёнларни, одатда, ўзимизча субъектив тарзда, умуман ижобий ва салбий деб атайдиган ҳисларга мувофиқ келади, деб ўйлаш учун етарли асос бор... Булар қийинлик ва енгил тортиш ҳисси, тетиклик ва чарчаш ҳисси, мамнунлик ва норозилик суюниш, тантана ва умидсизлик ҳисси ва ҳоказо.
Менингча, кўпинча одатдаги турмуш тартибининг ўзгарган пайтларида, одат бўлиб қолган биронта машғулот тўхтатилганида, яқин кишидан жудо бўлганда, ақлий изтироб чоғида, маслак ва эътиқодларда кескин бурилишлар рўй берган чоғда кечириладиган оғир ҳиссиётларнинг физиологик асоси худди эски динамик стереотипнинг ўзгариши, унинг йўқолиши ва янги динамик стереотипнинг қийинлик билан ҳосил бўлишидан иборат бўлса керак». III том, 2-китоб, 243-244 бет).
Ҳиссиётлар бош мия пўстининг остки қисмлари фаолияти билан ҳам боғлангандир. Жумладан, кўриш бўртиғи ҳисларни ифодалайдиган ихтиёрсиз ҳаракатларнинг марказларидир. Буни шу билан исбот қилиш мумкинки, кўриш бўртиғининг шикастланиши натижасида, ҳиссиётни ифодаловчи юз ҳаракатлари ҳам издан чиқади. Бош мия пўсти остидаги марказлардан маҳрум бўлган ҳайвонларда ҳиссиётларни ифодаловчи ҳаракат белгилари бўлмайди.
Бош мия пўсти остидаги қисмларда вегетатив нерв системасини бошқарувчи марказлар бор. Бу марказлар эмоционал кечинмалар билан мустаҳкам боғлангандир.
Баъзи ҳиссиётлар вегетатив нерв системаси фаолиятининг ҳамда бу система бошқараётган органлар фаолиятининг ошиб кетганлиги сабабли туғилади. Шу сабабли, баъзи эмоционал кечинмалар вақтида қон айланиш органларининг фаолияти, овқат ҳазм қиладиган органлар фаолияти кучайганлигини, нафас олиш ўзгарганлигини, кўзнинг нурланишини, рангнинг қизарганлигини кўрамиз ва ҳоказо. Бундай ҳолларда ички секреция безларининг фаолияти ошиб кетиб, улар нерв системасини озиқлантирувчи ва қўзғатувчи керакли моддаларни организмга ажратиб беради. Бундай эмоционал ҳолат чоғида биз ғайратимиз ошиб кетганлигини сезамиз, ўзимизни бардам, ишчан ҳис қиламиз.
Аксинча, бошқа баъзи бир ҳиссиётлар вегетатив нерв системаси фаолиятининг ва шу система бошқараётган органлар фаолиятининг пасайиши сабабли туғилади. Қайғу, ғам, қўрқув сингари мана шундай салбий эмоциялар чоғида қон айланиш, овқат ҳазм қилиш, нафас олиш ўзгаради, кишининг ранги оқариб-бўзариб кетади, унинг кўзлари нурсизланади ва ҳоказо.
Баъзи салбий ҳиссиётлар, масалан, ғазаб, ваҳима баъзан вегетатив нерв системасининг фаолиятини ошириб юборади. Лекин бундай ҳолларда ҳам шу ҳиссиётларнинг салбий характери шу нарсада намоён бўладики, бундай ҳиссиётлар тугаши билан организм бўшашиб кетади, кишининг тинкаси қурийди, баъзан эса кишида алоҳида асабий бетоблик вужудга келади.
Биз ўзимиз сабабини англамаган эмоционал ҳолатнинг, яъни бизга сабаби маълум бўлмаган туйғуларнинг бизда туғилиши вегетатив нерв системасида ва бу система бошқарадиган органларда бўладиган ўзгаришлар билан изоҳланади. Чунончи, одамда баъзан бесабаб ҳушчақчақлик, бесабаб ҳавотирланиш, кўнгил ғашлик ва шу каби ҳолатлар пайдо бўлади.
Бироқ, шуни назарда тутиш керакки, вегетатив нерв системаси бош мия пўсти билан боғланган бўлиб, одам организмида бўладиган вегетатив жараёнларнинг ҳаммаси бош мия пўстига бўйсунади. И. П. Павлов таълимотига кўра, нерв системасининг олий бўлими бўлган бош мия «баданда бўладиган ҳодисаларнинг ҳаммасини идора қилиб туради» 1. (Ўша китоб, 410-бет)
Бундан чиқадиган хулоса шуки, эмоционал кечинмаларнинг ҳаммаси бош мия пўстининг фаолияти билан маълум даражада боғлангандир.
Иккинчи сигнал системаси одамнинг эмоционал кечинмаларида катта роль ўйнайди, иккинчи сигнал системасидаги боғланишлар инсоний олий ҳисларнинг– интеллектуал, аҳлоқий, эстетик ҳисларнинг– нерв-физлологик асосидир. Иккинчи сигнал системаси биринчи сигнал системаси билан узилмас равишда боғланганлиги ва шу орқали бош мия пўсти остидаги қисмнинг фаолиятига таъсир қилиб туриши сабабли, одам ўз ҳиссиётларини онгли равишда ўзи бошқариб тура олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |