САНОАТ ГРАФИКАСИ – амалий бадиий графика тури. Саноат корхоналари, ускуна ва моллари учун зарур бўлган эмблема, ёрлик, қадақ, реклама (каталог, буклет, проспект ва бошқалар), саноатни бошқаришда ишлатиладиган турли туман ҳужжатлар (бланка, конверт ва шу кабилар)ни бадиий ишлашга ҳизмат қилади. Уларни бадиий безатиш учун шрифт танлаш, нақш ва тасвирлар ишлаш, ҳар хил фотосуратлардан фойдаланиш график рассомнинг ижодий меҳнатини тақозо этади. Саноат графикаси ХIХ аср охирларида графиканинг муҳим соҳаларидан бири сифатида шаклланди, бадиий оқимлар таъсирида ривож топди, такомиллашди.
САНЪАТ ДАСТГОҲЛИ – мустақил аҳамиятга эга бўлган тасвирий санъат асарларининг умумий номи. Уч хилга бўлинади; дастгоҳли рассомлик, дастгоҳли ҳайкалтарошлик, дастгоҳли графика. Тасвирий санъатнинг мозаика, фреска, рельеф каби асарлари архитектура иншоотлари билан боғлиқ бўлади, иллюстрация китоб билан боғлиқ, дастгоҳ (мольберт, ҳайкалтарошлик дастгоҳи)да яратиладиган картина, графика асарлари, ҳайкаллар эса мустақил аҳамиятга эга бўлади. Уйғониш давридан, айниқса, ХIХ асрдан кенг ривож топа бошлади.
САНЪАТ – арабча термин бўлиб, ҳаётдаги нарса ва ҳодисаларни бадиий образли тарзда акс эттирувчи маънавий маданиятнинг таркибий қисми. У тасвирий ва амалий санъат, мусиқа, меъморчилик, театр, кино, бадиий адабиётни ўз ичига олади.
САНЪАТШУНОС – санъат тарихи, назарияси ва унинг тараққиёти бўйича тадқиқот олиб борувчи мутахассис.
САНЪАТШУНОСЛИК – илмнинг санъат билан узвий боғлаб шуғулланувчи бир бўлаги.
СЕПИЯ – жигарранг бўёқ. Шу бўёқда ишланган бадиий тасвир.
СГРАФИТТО – монументал – декоратив рангтасвир тури бўлиб, Леонардо да Винчидан давридан бошлаб, Италия уйғониш даври рангтасвири билан боғлиқ ва у ижронинг майинлигини белгилаб беради.
СИЛУЭТ - (франц. Silhouette –ХVIII аср француз давлат арбоби номидан) – киши, ҳайвон, қуш, нарса ва бошқаларнинг сояга ўхшатиб бир рангда ишланган тасвири. Тасвир сидирга рангдаги қоғозни кесиб ишлаб бошқа рангдаги қоғоз ёки материалга ёпиштирилиши ҳам мумкин. Графика техникасининг бу тури қадимдан Хитойда, Японияда ва бошқа Шарқ мамлакатларида, ХVIII асрдан Оврўпада ривожланган. Кенг маънода – нарса, бино, турли шаклларнинг характерли кўриниши.
СИМВОЛИЗМ – санъатда ХIХ аср охирида ХХ аср бошларида мавжуд бўлган оқим. Символистлар символни – бирор тушунчани, ҳодисани ифодаловчи ёки эслатувчи шартли белгини бадиий ижод асоси ҳисоблаб, мавжуд оламни билиш, тушунишда у восита бўлиб хизмат қилади, деб қараганлар. Символизм оқими объектив ҳақиқатни билиш мумкинмас дейишди. Символизм тасвирий санъатда «модерн» услуби билан узвий боғлиқ бўлиб, символист рассом, ҳайкалтарошлар, уларнинг ўзлари айтганларидек, ўз асарларида «билиб бўлмайдиган, ақл бовар қилмайдиган дунёнинг иллюзияларини ифодалайдилар», аслда эса тушуниб, фаҳмлаб бўлмайдиган беўхшов асарлар яратдилар. ХХ асрда турли-туман бадиий оқимлар (экспрессионизм, сюрреализм, футуризм ва бошқалар) да символизмнинг таъсири бўлди. Умуман, символистлар санъатни ҳаётдан узоклаштиришга, ҳаёт ҳақиқатидан кўз юмишга интилдилар, бадиий асарни реал борлиққа, асар тилини умумхалқ тилига қарама-қарши қўйдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |