ЭТЮДНИК – расм чизиш учун, мўйқалам ва бўёқларни, этюд- расмларни жойлаб қўйишга ва этюд ишлашга мослашган махсус кўчма ясси қути.
«Я»
ЯЗД МИНИАТЮРА МАКТАБИ – ХV асрда Язд шаҳрида шаклланган миниатюра услуби. Шероз миниатюра мактабига яқин. 1409 йилда яратилган «Шеърият антологияси» ва Низомий «Хамса»сининг 1446 - 1447 йилларда кўчирилган қўлёзмасига ишланган миниатюралар 1445 йилда кўчирилган «Шоҳнома» қўлёзмаси миниатюралари шу мактабга мансуб. Амир Хисров Дехлавийнинг Бокуда сақланаётган «Хамса»си миниатюралари ҳам шу мактаб маҳсули сифатида диққатга сазовор. Уни 1445-96 йилларда яздлик хаттот Ҳасан ибн Камолиддин ал-Яздий кўчирган /унга 26 миниатюра ишланган/. Тасвирлар кўпинча иссиқ колоритда акс эттирилгани, кишиларнинг кийимларида контрастликка аҳамият берилгани, тасвирнинг содда, лекин нафис ва тиниқ ифодалангани билан ШЕРОЗ миниатюраларидан фарқ қилади.
ЯРИМСОЯ – ним соя, нарсаларда ва тасвирда ёруғ билан соя ўртасидаги қисм.
«Ў»
ЎЗБЕКИСТОН РАССОМЛАРИ ВА ҲАЙКАЛТАРОШЛАРИ – Ў.Тансиқбоев, М.Набиев, А.Абдуллаев, Л.Абдуллаев, Р.Чориев, П.Беньков, Н.Карахан, К.Башаров, Ч.Аҳмаров, С.Абдуллаев, Х.Рахимова, Б.Жалолов, Ж.Умарбеков, З.Иноғомов, Й.Турсунназаров, А.Икромжонов, А.Нурид-динов, Ғ.Абдураҳманов, Т.Миртожиев, Я.Салпинкиди, Д.Рўзибаев, И.Жабборов, М.Мусабоев, Ж.Қуттимуродов ва бошқалар.
«Қ»
ҚАДИМГИ ЗАМОН УСТАЛАРИ – одатда, ХV-XVIII асрларда ижод қилган Европанинг буюк санъаткорлари: Донателло, Леонардо да Винчи, Рафаэль Санти, Тициан, Микеланджело Буанаротти, Альбрехт Дюрер, Веласкес, Рубенс, Рембрандт сингари уйғониш даврининг машҳур санъаткорлари шу ном билан аталган.
ҚАЗВИН МИНИАТЮРА МАКТАБИ – ХVI асрнинг 70-80-йилларида Қазвинда шох Исмоил II даврида шаклланган миниатюра мактаби. Қазвинда 1576 йилда китобхона ташкил этилди. Машхад ва Табриздан келган наққош, хаттот, мусаввирлар ижодий меҳнат қилиб, Қазвин миниатюра мактабини вужудга келтирдилар. Бу мактаб миниатюраларида ҳаракат тасвирига кўп аҳамият берилгани, расм нозик чизилгани, композицияларда кишилар миқдори кам тасвирлангани билан ажралиб туради. Қазвин миниатюра мактабининг йирик вакиллари – Муҳаммадий ва Шайх Муҳаммад. Шайх Мухаммаднинг «Йигит тўтикуш билан», «Йигит китоб ва гул билан» миниатюраларида, шунингдек, у яратган деб тахмин этиладиган Жомийнинг «Тухфат ул-аҳрор» китобига ишланган миниатюраларда маиший лавҳалар жонли, рангдор ифодаланган, Муҳаммадий эса оддий кишилар /деҳкон, хизматкорлар/ни кўпроқ акс эттиришга интилган.
ҚАЛАМ (юнон. Kalamos - қамиш сўзидан – кўмир, қўрғошин, графит, қуруқ бўёқдан қилинган стержень). Шарқ халқлари, жумладан, Марказий Осиёда хаттотлар сиёҳ билан ёзиладиган қамиш қаламлардан фойдаланганлар. 1790 йили француз олими Н.Конте ёғоч қалам ихтиро қилди. Айни вақтда чех олими Й.Гартмут майдаланган графит ва гил аралашмасидан ёзув стерженлари тайёрлашни таклиф этди. Бу метод ҳозирги қалам ишлаб чиқариш технологиясининг асосини ташкил этади. Қаламнинг махсус турлари – сангина ва пастель. Қаттиқлик даражаси бир неча хил бўлган графитли қаламлар чиқарилади: қаттиқлик даражаси М/юмшоқ/, Т /қаттиқ/ ва МТ /қаттиқлиги ўртача/ ҳарфлари ҳамда ҳарфлар олдидаги рақамлар билан белгиланади.
ҚОҒОЗ - ўсимлик толаларидан юпқа варақ тарзида тайёрланадиган материал. Қоғоз дастлаб (II асрда) Хитойда олинган. Цай Дун ўсимлик толаларининг сувли суспензиясини сим турдан ўтказиб, қоғоз олишга муяссар бўлган. Қоғоз олишнинг бу усули кўп вақтларгача сир сақлаб келинди. VI аср бошларида бу усул Японияда жорий қилинди. VI-VIII асрларда қоғоз ишлаб чиқариш Осиёдаги бошқа мамлакатларга тарқалди. Кейинчалик қоғоз тайёрлаш араблар орқали Эрон ва Шимолий Африка, Кипрга, кейинроқ эса Испания, Марокко ва бошқа мамлакатларга ёйилди. Қоғоз бунгача ёзувда ишлатиб келинаётган ПАПИРУС ва бошқа материалларни сиқиб чиқарди. Қоғознинг 600 дан ортиқ тури бор. Қоғоз қандай мақсадларда ишлатилишига кўра: қалинлиги, куллилиги, намлилиги, ранги, оқлиги, силлиқлиги, сингдириш қобилияти, ҳаво, буғ, ёғ ўтказмаслиги, диэлектриклиги ва бошқа хоссалари билан характерланади. Классификацияга кўра қоғоз 11 синфга бўлинади: матбуот, ёзув, чизма-чилик-расмчилик, электр изоляцион, папирос, шимувчи, аппарат, ёруғлик сезгир, кўчириш, ўров, саноат–техника. Ҳозирги даврда қоғозлар матодан эмас, ёғочдан ишлаб чиқарилади. Қоғозни юпқа, қалин, текис, ғадир-будир турлари мавжуд. Китоб, рўзнома босиладиган, журнал, дафтарга мўлжалланган қоғозларнинг турлари бошқа-бошқа бўлади. Қалам ва акварель буёқлари билан чизишда ватман, ярим ватман дейиладиган қаттиқ, тиғиз қоғозлар ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |