ТЕМПЕРА (итал. тemperare - бўёқларни аралаштириш маъноси)- рассомликда кенг тарқалган усуллардан бири. Биноларни безашда, дастгоҳли санъат асарларида кенг қўлланилади. Темпера билан ишланган картиналар, безаклар қуёш нури ва чангдан яхши асралса, ўз рангини, тусини яхши сақлаб қолади.
ТЕРРАКОТА (лот. Terra – ер ва cotta - қиздирилган) – кулолликда ишлатиладиган лой ва шундай лойдан тайёрлаб оловда қиздирилган маҳсулот, сопол. Рўзғорда (идиш ва буюмлар), ҳайкалтарошлик ва қурилишда (сополак, парчин, архитектура деталлари) ишлатилади. Терракота тайёрлаш учун, одатда, таркиби ва ранги бир ҳил тупроқ танланади. Шакл беришда ёғоч ва гипс қолиплар ишлатилади. Кошиннинг айрим хиллари ҳам терракотадан тайёрланади.
ТИТУЛ (лот.titulus – ёзув, изоҳ) – китоб, журнал ва бошқаларнинг биринчи саҳифаси. Унда муаллиф исми ва фамилияси, китоб номи, нашриёт номи, нашр жойи, йили кўрсатилади.
ТОН – юнончадан «tonos», »кучланиш», каламтасвир ёки рангтасвир ишлаш жараёнида буюм туси ёки рангнинг ёруғлик тушиши натижасида ҳосил бўладиган ёритилиши, оч-тўқлик даражаси кучига айтилади.
ТОРЕВТИКА (лот. Toreno - қирқаман, зарб қиламан) – металлдан тайёрланган турли бадиий буюмлар рельефини ишлаш санъати. Зарб қилиш, босиб нақш ва тасвир ишлаш (бунда бир томони бўртади, орқа томони чуқурлашади). Қуйиб тайёрланадиган металл маҳсулотларни бадиий ишлаш ҳам торевтика деб аталади.
ТОРС (итал. Torso – инсон танаси бошсиз, қўл-оёқсиз) - тасвирий санъатда тананинг ҳайкал тарзида ишланган ёки чизилган кўриниши.
ТОШ ЎЙМАКОРЛИГИ – амалий безак санъатининг кенг тарқалган турларидан бири. Тошни ўйиб ёзув, нақш, тасвир рельеф ҳосил қилиб ўйиб қириб ишланади. Ишлатиш вазифасига қараб, юмшоқ (гипс-тош, талькохлорит, охактош ва бошқ.), ўртача (малахит, мармар ва бошқ.), қаттиқ (нефрит, лазурит, яшма ва бошқ.)тошдан фойдаланилади. Марказий Осиёда ясси рельефли тош ўймакорлиги ривож топган. Тоштарошлик билан шуғулланувчи усталар ХХ аср бошларигача тошни кесиш, йўниш ва безаш ишларини ибтидоий усулларда бажарганлар, уларнинг иш қуроллари ҳам ёғочсозлар, ёғоч ўймакорлиги қуролларига жуда ўхшаш бўлган.
ТРАНСПАРАНТ (франц. Transparent – шаффоф, тиниқ) – шиор, сурат ёки бирор шакл тушириб рамкага тортилган газлама. Одатда, намойиш ёки тантаналарда кўчаларга осилади ёки кўтариб юрилади.
ТРАФАРЕТ (итал. Trafaro - тешиш) - белги, нақш ёки тасвирларнинг элементларига мос келувчи ўйиқлар ўйилган металл, ёғоч, картон, пластмасса ва бошқалардан ясалган пластина: бу ўйиқлардан бўёқ ўтади. Трафарет матн ёки реклама плакатлари расмларини ва бошқаларни кўплаб ишлаб чиқаришда ишлатилади.
ТРИПТИХ (юнон. Triptychos – уч букланган) - яхлит умумий сюжет, мазмун ва ғояни ифодалайдиган уч картина, графика асари ёки расмдан иборат санъат асари.
Do'stlaringiz bilan baham: |