КАРНАВАЛ (лот. carrus navalis – ажойиб арава, байрам маросимлари кемаси) – асосан, очиқ ҳавода ўтказиладиган театрлаштирилган ўйинлар, кўча намойишларидан иборат оммавий сайилнинг бир тури. Йил фаслларининг алмашуви, баҳорги деҳқончилик ва б. байрамлар б-н боғлиқ мажусийларнинг маросимларидан бошланган.
КАТТА АШУЛА, патнусаки (патнис) ашула – Фарғона водийсига хос бўлган ўзбек анъанавий ашула йўли. Одатда, 2–5 ҳамнафас ашулачи (ҳофиз) томонидан чолғу жўрлигисиз (қўлларига патнис ёки ликобча ушлаган ҳолда) айтилади.
КАШТАДЎЗЛИК, каштачилик – кашта тикиш касби, амалий санъатнинг қадимги соҳаларидан бири. Археологик топилмалар К.нинг деярли барча халқларда қадимийлигини, иқлим, табиий шароит, муҳит б-н боғлиқ ҳолда ҳар бир халқнинг маданияти, санъати, касб-ҳунар турлари б-н бирга, уларнинг таъсирида ривож топганини кўрсатади.
КИНО САНЪАТИ – кинематографиянинг техник воситалар асосида шаклланган бадиий ижод тури; экран санъатининг муҳим таркибий қисми; реал борлиқни айнан ёки бадиий-ҳужжатли образлар, мультипликация воситалари ёрдамида суратга олиш; кинофильмларнинг омма орасида кенг тарқалиши учун хизмат қиладиган телевидение, видеокассета ва видеодискларни хам ўз ичига олади.
КИНОКОМЕДИЯ (кино... ва комедия) – кино санъати тури. Фильмда характер, конфликт, вазиятни тасвирлашда томошабинда кулги қўзғатиш К.нинг асосий хусусиятидир. Юмористик ва ҳажвий жиҳатлари бир-бирига боғлиқ ҳолда кўрсатилади. Киноводевиль, эксцентрик «комик», лирик, маиший, ҳажвий, трагикомик, фантастик К. жанрлари кенг тарқалган.
КИНОФЕСТИВАЛЬ (кино... ва франц. festival – байрам) – кино санъати асарларининг турли шаклда ўтказиладиган кўриги. Кинематографияси ривожланган кўпгина давлатлар миллий кино санъатининг энг яхши ютуқларини намойиш этиш, кейинги ривожланиш йўналишини белгилаб олиш, халкларнинг ўзаро яқинлашуви, санъат ривожига ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида К. лар уюштиради. К.нинг анъанавий тури – халқаро кинофестиваллардир.
КИТОБАТ САНЪАТИ (араб, катаба – ёзиш, ёзмоқ сўзидан) – қўлёзма китобларни яратиш ва зийнатлаш. Марказий Осиёда (жумладан, Ўрта Осиёда) қўлёзма китобларни безаш жуда қадимдан маҳаллий маданият тараққиёти босқичлари б-н боғлиқ ҳолда шаклланган. Энг қадимги китоблардан «Авесто» қўлёзмалари; суғд тилида яратилган «Вессантарака жатака» асари (унинг варақлари турли мамлакатлар — Россия, Франция, Англияда сакланади); сопол юзасидаги битиклар, чарм ўрамлари, металл буюмлардаги ёзувлар, қоғоз варақ тахламалари (тахтачалар орасига олиб тизимчалар б-н боғланган тури) ва б. Ўрта асрларда умум мусулмон ёки араб тилидаги қўлёзма анъаналарига асосланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |