БАДИИЙ ИЖОД БИЛАН БОҒЛИҚ ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ
Таянч иборалар: Бадиий ижод, воқелик, интуитив, илмий тадқиқот, педагогик тадқиқот, санъат, маърифат.
Бадиий ижод воқеликни эстетик ўзлаштириш ва одамларнинг эстетик эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқдир. Унинг хусусиятлари қуйидагилардир: – гарчанд, бадиий ижодда мавҳум-мантиқий ва кўргазмали-таъсирчан тафаккур ҳам аҳамиятга эга бўлса-да, асосан кўргазмали-образли тафаккурга таянади; – бадиий ижоднинг бош компоненти – инсон катарсиси, яъни кечинмаларининг чўққисида намоён бўладиган эмоционаллик ҳисобланади; – бадиий ижод ижтимоий онгнинг махсус шакли – санъатда амалга ошади. Унинг натижаси сифатида эса қандайдир моддий объэктда (картина, ҳайкалтарошлик намуналари, адабий асарлар ва б.) акс этадиган бадиий образ чиқади; – бадиий ижоднинг рационал томони яширин бўлиб, кўп ҳолларда утилитар моҳиятга эга бўлмайди, ихтиро ёки янги илмий билим каби уни амалиётга татбиқ этиш талаб этилмайди; – бадиий ижод турли одамлар томонидан битта асарни кўп маънода акс эттириш имконини яратади. Бу эса, қабуллашнинг субъэктивлиги, диднинг ривожлангани ва бошқа омиллар билан боғлиқдир. Ҳамкорликдаги тадқиқот. Санъат соҳасида ҳамкорликдаги ижод деб номланган ижоднинг махсус шакли ажратиб кўрсатилади. Бундай ҳамкорлик томошабин ёки тингловчига санъат асарида ифодаланган ҳодисаларнинг ортида яширинган чуқур мазмунни (контекст – текст – тубмаъно) англаш имконини беради. Педагогик тадқиқот – бу педагогик жараёнда янгиликни излаш ва топишдир. Бундай ижоднинг биринчи босқичи – ўзи учун янгиликни кашф этиш, педагогик вазифаларни ҳал этишнинг ностандарт воситаларини билиб олишдан иборат. Бундай воситалар аввалдан маълум, бироқ педагог томонидан қўлланилмаган бўлади. Бу ерда гап инновация каби объэктив янгилик ҳақида эмас, балки субъэктив янгилик тўғрисида бормоқда. Шундай бўлса-да, эски усул ва воситалардан янгича шароитларда фойдаланиш ҳам мумкин. Иккинчи босқич – нафақат ўзи учун, балки бошқалар учун ҳам янгиликни кашф этиш, яъни новаторликда намоён бўлади. Масалан, педагогик жараён учун самарали бўлган ўқитишнинг янги методини ишлаб чиқиш бунга мисол бўла олади. Педагогик ижоднинг хусусий кўриниши импровизация ҳисобланади. Педагогик импровизация (лотинча импривисус – кутилмаган, тасодифий) энг умумий маънода ниманидир яратиш – кутилмаган педагогик ечимга келиш ва уни ўша заҳотиёқ амалга оширишни англатади. Импровизация жараёни тўрт босқичдан иборатдир: 1) педагогик жараёнда бирон бир кутилмаган фикрга келиш; 2) интуитив равишда вужудга келган педагогик ғояни бир лаҳзада англаб олиш ва уни амалга ошириш йўлларини танлаш; 3) ғояни оммавий тарзда баён қилиш; 4) педагогик ғояни амалга ошириш жараёнини зудлик билан таҳлил этиш. Ҳозиргача фанда илмий-тадқиқот фаолиятни англашга нисбатан янги ёндашувлар шаклланаётганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Чунки илмий ҳамжамиятнинг ҳозирги кундаги илмий дунёқараши янги сифатий босқичга ўтди. Баъзи олимлар бу жараённи янги постноклассик парадигмалар билан изоҳлашга ҳаракат қилмоқдалар. Моҳиятан эса, ҳозирда илмий-тадқиқот фаолиятининг янги типологик хусусиятлари шаклланмоқда. Шунга мувофиқ илмий фаолиятнинг тадқиқот объэкти ҳам ўзгариб бормоқда. Улар орасидаги гносеологик боғлиқлик тоборо эпистемологик алоқадорликка ўз ўрнини бўшатиб бермоқда. Шу сабабдан ҳам фан тараққиётининг ҳозирги босқичида илмий билимларни эпистемологик жиҳатдан синтез қилиш ғояси устуворлик қилмоқда. Ушбу ёндашувнинг аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, унда инсон ўрганилаётган объэктдан ташқарида эмас, балки унинг ичида, билиш жараёнининг бир қисми сифатида фаолият олиб боради. Бундай ёндашув натижаси ўлароқ, биз илмий ҳамжамиятнинг ҳақиқат моҳиятига янада яқинлашаётганлигини англаймиз. Илмий фаолият ижод билан чамбарчас боғлиқ. Илмий ходимнинг билими, истеъдоди, қобилияти, кўникмалари, илмий ҳақиқатнинг тагига етишга бўлган интилишлари илмий ижодда ўз аксини топади.
Шу нуқтаи назардан, илмий ижод фақат илмий муаммоларнинг ечимини излаб топишни эмас, балки у дунёни янги тамойиллар асосида тушуниш, тараққиёт парадоксларини ноанъанавий ёндашув асосида таҳлил қилиш, янги илмий ғоя ва гипотезалар орқали илмий йўналишларни ишлаб чиқишга шарт-шароит яратади. Г.Я.Буш фикрича, “Илмий-тадқиқот фаолияти инсоннинг бевосита шахсий ва жамоавий билим ҳамда кўникмаларига боғли. Шу нуқтаи назардан, илмий-ижодий фаолият инсоннинг бир қанча тадқиқотлари асосида йиғиладиган шахсий ёки жамоавий интилишининг бир кўринишидир. Демак, илмий-тадқиқот фаолиятининг янгича турини шакллантириш тараққиёт учун муҳимдир. Зеро, илмий ижод натижаларини амалиётга татбиқ этиш орқали жамият миқёсида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда фаровонликни таъминлаш мумкин. Дарҳақиқат, илмий-тадқиқот фаолияти инсоннинг индивидуал кўникмалари, илмий изланишлари, назарий ва амалий билимларининг ривожланиши натижасида тобора мустаҳкамланиб боради. Айнан шунинг учун ҳам инсоннинг ижодкорлик қобилиятида билим ва руҳий кечинмаларининг уйғунлашганини кузатиш мумкин. Зеро, илмий-ижодий жараённи ҳеч қачон сунъий тарзда шакллантириб бўлмайди. Бугунги кунда янги илмий ғояларнинг инсонпарварлик билан уйғунлашуви фаннинг муҳим талаблардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам А.А.Кобляков, “Одамлар мураккаб илмий-ижодий фаолияти натижасида, ўзлигини йўқотиш хавфига, барқарор ҳаётдаги бевосита ёки билвосита босим остида кардинал равишда ўзгаришига олиб келмоқда. Бу эса уларнинг ўз инсоний сифатларини йўқотиши билан тобора хатарли тус олмоқда. Айни шу маънода, биз илмий ютуқлардан самарали фойдаланган ҳолда бир қутбда бир дунё бойлик тўпланаётганлигини, иккинчи қутбда эса қолоқлик, қашшоқлик, камбағаллик, касалликлар, очарчилик ҳукмронлик қилаётганлигини кузатиш мумкин бўлади”, - деб ёзади. Дарҳақиқат, бундай ижтимоий-иқтисодий танглик кескин сиёсий келишмовчиликлар, конфликтлар, дискриминация, минтақавий зиддиятлар, террорчилик ва бошқа хавф – ҳатарларнинг ошиб боришига таъсир кўрсатишини унутмаслигимиз лозим. Замонавий илмий тадқиқот консепсияларида инсон қандай кучлар таъсирида ўзгаришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, бу янги консепсияларга муқобил равишда ахлоқий меъёрлар, тарбия, маърифат ва маънавий-маданий мулоқот жараёнидаги идеаллар ва қадриятларни киритиш устувор аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, илмий-тадқиқот фаолиятининг инсонпарварлашуви олимлар ўртасида ўзаро тушуниш, сайёрамизда умуминсоний руҳий-ахлоқий қадриятлар, яъни инсонпарварлик руҳининг қарор топишига ёрдам беради. Айни шу маънода, соғлом ижодга таянган илмий тадқиқот келажаги ижтимоий ҳамкорлик, инсонийликка асосланишига замин яратади. О.Файзуллаев фикрича, “Илм- фанга, ижодга қизиқиш ҳиссини болаларда ёшликдан уйғотиш масаласига мактаб, ота-оналар, олимлар кўпроқ эътибор беришлари лозим. Шу билан бирга илмда ёши ўтиб қолди, деган гап бўлмайди”. Дарҳақиқат, бу фикрда илмий-ижодий фаолиятнинг ахлоқий ва гуманистик жиҳатига эътибор берилганлигини кузатиш мумкин. Зеро, илмий- ижодий фаолиятда ҳақиқий муваффақиятга эришиш учун олимлар ўзларининг ақлий имкониятларини тўлиқ ишлата билишлари, яширинган қобилиятларини кашф қилишлари ва уни ривожлантиришлари ҳамда ўз ақлий ва ижодий бойликларини бошқаришни ўрганишлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |