11 – боб. ҚишлоҚ хЎжалиги ишлаб чиҚариши учун
хавфли метеорологик Ҳодисалар
Кундалик турмушдан маълумки, баъзи ҳолларда об-ҳаво шароитлари ўсимликлар учун ноқулай бўлади. Улар баъзан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига катта зарар келтиради. Масалан, 1989 йилнинг 30 апрел куни Ўзбекистонда ҳаво кескин совиб кетиши рўй бергани сабабли, баъзи ҳудудларда очиқ далада парвариш қилинаётган помидор, бодринг ва бошқа экинларни, шунингдек ғўза майсаларини совуқ урди. Шунинг учун деҳқонлар бу экинларни қайта экиб иқтисодий жиҳатдан катта зарар кўрдилар. Бундай ҳолларда об-ҳавонинг ноқулай шароитларини қишлоқ хўжалиги учун хавфли метеорологик ҳодисалар қаторига қўшилади.
Қишлоқ хўжалиги учун хавфли метеорологик ҳодисаларнинг асосийларига йилнинг илиқ даврида - қора совуқлар, қурғоқчилик, қуруқ иссиқ шамол-гармсел, чангли бўронлар, дўл, кучли жалалар кирса, қишда эса-қаттиқ совуқлар, яхмалак, муз қатқалоқлари, қорсизлик ёки қалин қор қоплами ва бошқалар киради.
Бундай ҳодисаларга қарши курашишнинг самарали чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун даставвал уларнинг ҳосил бўлиш табиатини, мамлакатимизнинг турли районларида уларнинг такрорийлиги ва жадаллигини билиш керак, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигининг бу ҳодисаларга боғлиқ равишда ўзгаришини ўрганиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини келгусида ривожлантиришда ҳар бир районнинг агроиқлимий хусусиятларини эътиборга олиш керак.
11.1. Қора совуқлар.
11.1.1. Қора совуқлар турлари ва ҳосил бўлиши шароитлари.
Ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати мусбат бўлган даврларда ҳаво ва фаол сирт ҳароратининг 0С гача ва ундан ҳам пасайиб кетишига қора совуқ дейилади.
Демак, йилнинг илиқ даврлари (баҳор ва куз) да ерга туташган ҳаво қатлами ва тупроқ сирти ҳароратининг 0С гача ва ундан ҳам пасайиб кетиши ҳодисасини қора совуқ деб юритамиз. Қора совуқнинг кучи ва давомийлигига қараб унинг зарарли таъсиридан ўсимликлар қисман зарарланади ёки бутунлай нобуд бўлади.
Қора совуқлар вақтида экинларни совуқ уришининг сабаби, ўсимлик ҳужайраси протоплазмасининг сувсизланишидир. Чунки ҳарорат 0С гача ва ундан ҳам пасайганида ўсимлик ҳужайралари орасидаги сув музлайди ва ҳужайрадаги сувни шимиб олади. Ҳужайра шираси қуюқлашиб, протоплазма сувсизланиб қолади. Бундан таш-қари кўпаяётган муз кристаллари ҳужайрани сиқиб шикастлантиради.
Ҳужайраларнинг зарарланиши пировардида ўсимликнинг қисман ёки бутунлай нобуд бўлишига олиб келади.
Ўсимликни совуқ урганда унинг барглари қорайиб қолади. Шунинг учун баҳор ва эрта кузда бўладиган бундай атмосфера ҳодисасини деҳқонлар қора совуқлар деб атайдилар.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун экинларнинг энг фаол ўсув даврига тўғри келадиган кеч баҳорги ва эрта кузда бўладиган қора совуқлар айниқса хавфлидир.
Қора совуқлар ўзининг пайдо бўлиши сабабларига қараб қуйидаги турларда учрайди.
1. Адвектив қора совуқлар. Бу турдаги қора совуқлар бирор ҳудудга ҳарорати 0С дан паст бўлган совуқ ҳаво массаларининг кириб келишидан ҳосил бўлади. Кириб келган совуқ ҳаво массаси ерга туташган ҳаво қатлами ва тупроқ юзасини совитиб юборади. Адвектив қора совуқлар кўпинча Арктикадан кириб келган совуқ ҳаво оқимларининг таъсирида пайдо бўлади.
Т.М. Мухторов маълумотига биноан 1999 йилнинг 22-24 апрелида Арктиканинг совуқ ҳаво оқими Ўзбекистоннинг жанубий қисмигача кириб келиши натижасида ҳарорат жуда пасайиб кетишига, ёмғир ва тоғ олди ҳудудларда эса қор ёғишига сабаб бўлган. Ҳароратнинг бундай пасайиб кетиши кўпчилик вилоятлардаги қишлоқ хўжалик экинларига, мевали дарахтларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Масалан, мазкур қора совуқ таъсирида Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида апрел ойининг биринчи ярмида экилган чигитлардан униб чиққан майсалар 80-100% гача шикастланди. Шунингдек Ўзбекистоннинг кўп вилоятларида полиз-савзавот экинлари, тут ва ток дарахтлари ҳам қора совуқдан шикастланди.
Адвектив қора совуқлар бир неча кун тўхтовсиз давом этади, катта ҳудудларни қамраб олади, шамолли, булутли об-ҳаво шароитида ўтади ва маҳаллий шароитларга унчалик боғлиқ бўлмайди. Бундай қора совуқлар вақтида ҳаво ҳарорати ўзгаришининг суткалик амплитудаси унчалик катта бўлмайди. Тупроқ сиртидаги ва 2 м баландликдаги ҳаво ҳароратлари бир-биридан жуда кам фарқ қилади.
Совуқ ҳаво массасининг исиши 3-4 кун давом этади ва бу даврнинг охирида ҳаво ҳарорати аста-секин орта бошлайди.
2. Радиацион қора совуқлар. Бу турдаги қора совуқлар ҳаво очиқ кунлари сокин тунда фаол юзанинг нурланиш сабабли совиши натижасида ҳосил бўлади. Бунда тупроқ юзасигина эмас, балки тупроқ юзасига жуда яқин ингичка ҳаво қатлами ҳам кучли совийди. Бу совуқ ҳаво қатламидан юқорида илиқ ҳаво жойлашади. Бошқача айтганда ерга туташган ҳавода ҳарорат инверсияси рўёбга чиқади.
Ер сиртидан 2 м баланддаги ҳавонинг ҳарорати тупроқ юзасининг ҳароратидан ўрта ҳисоб билан 2,5-3С га фарқ қилади. Сибир ва Қозоғистоннинг континентал иқлимли районларида бу фарқ 4,0-4,5С гача етади.
Ҳаво очиқ шамолсиз тунларда кўпинча тупроқ сиртидан 2 см дан 5 см гача баландликдаги қатламда ҳаво ҳарорати энг паст бўлади.
Бунда яланг тупроқ юзасининг минимал ҳарорати, 2 м баланддаги ҳаво ҳароратидан 1,5-3С га ортиқ бўлади.
Радиацион қора совуқларнинг кучи ва давомийлиги рельеф шаклига, тупроқ сиртининг ҳолатига, ҳаво ва тупроқ намлиги ҳамда бошқа маҳаллий шароитларга боғлиқ.
Радиацион қора совуқ пайдо бўлишининг муҳим шарти кечаси шамол бўлмаслиги ва ҳавонинг очиқ бўлишидир. Агар шамол эса бошласа тупроққа яқин совуқ ҳаво юқоридаги илиқ ҳаво билан аралашиб кетади ва шу билан қора совуқнинг ўзи ва унинг ҳосил бўлиш имконияти йўқолади.
Юқорида айтганимиздек радиацион қора совуқнинг пайдо бўлиши ҳаво намлигига ҳам боғлиқ. Агар ҳарорат пасайганида ҳаво сув буғларига тўйинган ҳолатга ўтса, яъни шудринг нуқтасига эришилгандан кейин ҳароратнинг янада пасайиши кескин секинлашади.
Чунки сув буғига тўйинган ҳаво ҳарорати янада пасайганда унинг таркибидаги сув буғининг конденсацияси бошланади, буғланишнинг «яширин» иссиқлиги ажралади ва бу иссиқлик ҳавонинг янада совишига тўсқинлик қилади. Бундан радиацион қора совуққа қарши курашиш учун шудринг нуқтасини кўтариш керак деган хулосага келамиз.
Радиацион қора совуқ тунда бошланиб, қуёш чиққандан кейин тўхтайди.
3. Радиацион – адвектив қора совуқлар. Бу турдаги аралаш қора совуқлар совуқ ҳаво массаларининг кириб келиши ва унинг ҳаво очиқ кечалари фаол сиртнинг нурланиши сабабли янада совиши натижасида ҳосил бўлади.
Кеч баҳордаги ва эрта куздаги қора совуқлар кўпинча радиацион-адвектив турда бўлади ва нисбатан юқори ўртача суткалик ҳароратларда кузатилади. Бу вақтда ҳаво ҳароратининг суткалик ўзгариши кечаси 0С гача пасаймайди, шунинг учун совуқ ҳаво оқимининг келиши ва унинг ҳаво очиқ кечаларда нур чиқариб совиган фаол сирт таъсирида янада совишидан ҳосил бўлади.
Адвектив-радиацион қора совуқлар баҳор охирида, ёз бошланишида ва кузда кузатилади. Улар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун энг хавфли ҳисобланади.
Адвектив-радиацион қора совуқларнинг жадаллиги унчалик катта эмас (-2…-3 чамасида). Улар одатда тупроқ, ўтзор ва экинлар сиртига яқин ингичга ҳаво қатламида кузатилади. Бундай қора совуқлар метеорологик станцияларда кўпинча қайд этилмайди, чунки бу вақтда метеорологик будкадаги ҳаво ҳарорати мусбат бўлади.
Тупроқ сиртига ўрнатилган минимал термометр ҳам манфий ҳароратни кўрсатмайди. Бунга сабаб тупроқ юзасига ётиқ ҳолатда резервуарининг ярмисигача ботириб ўрнатилган минимал термометрнинг тупроқдан қўшимча иссиқлик олишидир. Бундай «яширин» қора совуқлардан иссиқсевар ўсимликлар шикастланади. Чунки улар органларининг ҳарорати 0С гача ёки ундан ҳам кўпроқ пасаяди. Адвектив-радиацион қора совуқлар одатда тунги соатларда, асосан қуёш чиқиши олдидан пайдо бўлади, уларнинг давомийлиги 3-4 соатга тенг.
Шундай қилиб, ўсимликларнинг вегетацияси даврида ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати мусбат бўлганда ҳам тупроқ юзасига жуда яқин ҳаво қатламида қора совуқ кузатилиши мумкин. Шунинг учун совуқсиз давр давомийлигини аниқлашда метеорологик будкадаги ёки тупроқ юзасидаги ҳароратни кузатиш билан чекланмасдан яна тупроқ (ёки экин) устидаги ҳароратни ҳам билиш керак.
Баҳордаги энг кейинги қора совуқ рўй берган сана билан куздаги бирннчи қора совуқ санаси орасидаги вақтни қора совуқсиз давр деб юритилади.
Тупроқ юзасидаги қора совуқлар ҳаводаги (2 м баландликдаги) га нисбатан баҳорда кечроқ, кузда эса эртароқ бошланади. Шунинг учун тупроқ юзасидаги совуқсиз давр, ҳаводаги совуқсиз даврга нисбатан 20-30 кун қисқа бўлади.
В.В. Карнаухова маълумотларига кўра Ўрта Осиё текисликларда ҳаводаги совуқсиз даврнинг ўртача кўп йиллик давомийлиги 150 кундан 250 кунгача чўзилади. Тоғларда бу давр 50-150 кунга тенг бўлиб қолади. Ўрта Осиёда совуқсиз даврнинг энг узоқ давомийлиги Ўзбекистоннинг жануби-шарқий қисмида кузатилади.
1936-73 йилларда олиб борилган метеорологик кузатишларга асосан Ўзбекистонда ҳаводаги совуқсиз даврнинг энг узоқ давомийлиги Шеробод метеостанциясида кузатилиб, у 268 кунга тенг бўлган.
Тупроқ юзасидаги совуқсиз даврнинг максимал давомийлиги ҳам худди шу метеостанцияда кузатилиб, у 241 кунга тенг бўлган.
Демак, Шеробод метеостанциясида тупроқ юзасидаги совуқсиз давр максимал давомийлиги, ҳаводагига нисбатан 27 кунга қисқа бўлган.
Радиацион қора совуқлар ҳар хил иқлим шароитида ҳавонинг турлича ўртача суткалик ҳароратида тўхтайди. Масалан, И.А. Голцберг маълумотларига кўра Россиянинг денгиз бўйидаги туманларида қора совуқлар ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 5-6С га, Ўрта Осиёда эса ҳавонинг ўртача ҳарорати 12-13С га тенг бўлганда тўхтай-ди.
Do'stlaringiz bilan baham: |