C. Тони Моррисоннинг “Энг мовий кўзлар” асарида акс этган ижтимоий адолатсизликлар оқибатида ўз-ўзига нафрат туйғусининг кучайиши.
Нобел мукофоти совриндори Тони Моррисоннинг насри, кўпгина тадқиқотчиларининг фикрларига кўра, нафақат афро-америкалик маданияти доирасидаги адабиёт ёхуд ирқий айирмачилик билан боғлиқ муаммолар қаламга олинган асарлар саналади, балки улар бугун умуммиллий Aмерика адабиётининг энг муҳим қисми ва тимсолига ҳам айланиб улгурди. Ёзувчининг аксарият асарларининг марказида ирқий айирмачилик мавзуси турса-да, XIX-XX асрлар давомида мамлакатдаги сиёсий-ижтимоий вазиятни ёритган [56: 65].
Ёзувчи ўзининг дебют романи учун ғоят қийин сюжетни танлаган, гўё қандайдир жиноий хроникадан олинган деган хаёлга бориш мумкин. Асарда бир қанча қора оилалар ҳаётидан боради ва воқеалар қоратанли қиз Клодия тилидан ҳикоя қилинади. Клаудия образи ҳам, синглиси Фрида ҳам аслида бегуноҳ болалар, иккиси ҳамма ёш болалар сингари ташқарида сайр қилишни ва музқаймоқ ейишни яхши кўришади, бир кун мактабда яхши кийинган, оқтанли қиз келади, гарчанд опа-сингиллар буни очиқча ўзига тан олишдан қўрқса-да, янги ўқувчига ҳасад қилишади, бироқ сюжет Клодия ва синглисининг тақдири атрофида эмас, балки бошқа бир қаҳрамон – Пикола Бридлав аянчли кечмишига бориб тақалади, айтиш жоизки, унинг ҳаёти ўқувчини даҳшатга солади ва бирмунча мулоҳаза юритишга мажбур қилади. У Клаудия билан бирга ўқидиган қиз содда ва оқкўнгил, ҳаммага ишониб кетаверади, шунинг учун қаерга бормасин, ҳамиша жабрдийда мазлумага айланади. Масалан, бир куни қўшни бола уни уйига бир қизиқ нарсани кўрсатаман, дея алдаб чақиради, бироқ мақсади қиз билан дўстлашиш эмасди, аксинча, қорамағиз қизнинг юзига мушукни отиб, устидан масхара қилиб кулиш эди. Боланинг онаси Пеколани уйида кўриб, даҳшатга тушади ва нафратини яширмай кўчага ҳайдайди. Бегоналар тугул, ҳатто ўзиникилар ҳам уни аямасди, бир куни маст ота ошхонада куймаланиб юрганини кўриб, нафси қўзийди ва ўзини тиёлмай, она сути оғзидан кетмаган қизни зўрлайди, бу эса қизнинг бемаврид ҳомиладор бўлиб қолишига олиб келади. Тони Моррисон, Aмерика адабиётининг энг ёрқин намояндаларидан бири эканлигини, шубҳасиз, шу асар орқали намоён этишга эришган. У бир бегуноҳ қизнинг синдирилган қисмати, ўғирланган болалигига оид аянчли саҳифаларини тасвирларкан, жафокаш одамнинг бошини тақдир силамаса, жамият баттар хўрлашини, бундай шароитда улғайган одам ўзини тамоман инсон сифатида суймай ёки ҳурмат қилмай қўйишини кўрсатган [57,77]. Бунда адиб жамиятнинг емирилиши одамлар орасидаги муносабатларнинг бузилиши ва ришталарнинг узилиши орқали тасвирлаган. Адиб, эҳтимол, бунга улар яшаётган ижтимоий зулмат сабабчидир, деган фикрни илгари суради. Масалан, адиб Пиколанинг онаси Паулина Бридлавнинг характерини очиб бераркан, ёшлигида ўз шаҳзодасини қанчалар орзиқиб кутганини тасвирлайди, лекин реал ҳаётда етим йигит Чоллига турмушга чиқади. У ким эди? Онаси руҳий касал эди, янги туғилган чақалоғини ахлатхонага олиб боради, чунки Чоллининг отаси қизнинг ҳомиладорлигини билгач, жуфтакни ростлаб қолганди. Болани бувиси муқаррар ўлимдан қутқариб қолди ва уни вояга етказди, аммо бувисининг бемаврид вафотидан кейин қариндошлари бошпана бермоқчи эдилар, лекин йигитча, боши оққан томонга қочишни афзал билди. Aввалига у отасини топишга ҳаракат қилди, аммо бу ҳеч қандай натижа бермади. Чолли қиморхонада учратган одам ҳақиқий отам, деган хаёлга борди, лекин бундай масъулиятсиз ва тайинсиз одам уни ўз оиласига қабул қилармиди? Аслида унда оила ҳеч қачон бўлмаган ҳам. Шу тариқа, Чолли ўз йўлидан кетди ва Паулина билан учрашиб қолди, қизни севиб, ўзига мафтун этишга муваффақ бўлди. Aввалига эр-хотиннинг оилавий турмушли бахтли кечди, бироқ вақт ўтиши билан Чолли кўп ичадиган ва хотинига камроқ эътибор берадиган бўлди. Бир марта, ҳатто уйни ёқиб юборишга ҳаракат қилди. Шу тариқа эр-хотин ўрасидаги муносабатлар бир-бирига нисбатан қасоскорлик ва қарамлик руҳида кечади. Чолли отаси каби оиласи учун масъулиятни бўйнига олишга қодир шахс эмасди. Адиб бунга молиявий аҳволни сабаб қилиб кўрсатмаган, тўғри эр-хотин баравар ишлашига қарамай пул етмасди, лекин оила оч ҳам қолгани йўқ. Сабаби, Чолли ҳам, отаси ҳам қисматига бефарқ одамлар эди, балким, уларда ёруғ келажакда ишонч бўлмагандир.
Тони Моррисон шундай бемеҳр шароитда ўсган қизнинг ички исёнларига тўхталади. Пекола ўзининг териси, сочи, кўзининг рангигача ёмон кўради. У бегоналарнинг нигоҳида ўзига нисбатан ижирғанишни туйгани учун ҳам шундай хулосага келганди. Пиколанинг орзуси, ҳамиша ёрқин ва мовий кўзлар эди. Қиз қоратанли бўлишни хоҳламайди, чунки қоратанлиларнинг ҳаёти даҳшатли, мажозий маънода хунук эди, қаҳрамон ўз-ўзидан уялишни бошлайди, кейинчалик бу туйғу нафратга айланади. Одамларнинг муносабати, таҳқирлашлар, масхараланишлар, отасининг зўрлаши, ҳомиладорлик ва боласининг ўлими, қизнинг азалий орзуси – энг мовий кўзларга илҳақлик алал-оқибат Пеколани эсдан оғдиради. Хўрланган одам, табиийки, ташқи дунёдан беркинишни истайди. Бундай руҳий азоблар фақат Пеколада эмас, балки Клаудиянинг юриш-туришида ҳам намоён бўлади. Моррисон қоратанли бола дунёни ва жамиятдаги тартибларни англашни бошлаганида, руҳиятида қандай ўзгаришлар содир бўлишини, айни шу қаҳрамон мисолида кўрсатиб беради, қиз аввалига оқтанли, мовий кўзли қўғирчоқларни жонидан ортиқ кўради, беқусур гўзалликни уларнинг қиёфасида, деб билади, лекин ўзига бўлган нафрати туфайли қўғирчоқларнинг оёқ-қўлларини узиб ташлади ва бунинг учун катталар томонидан жазоланади ҳам, лекин ҳеч ким уни нега бу ишни қилганини тушунмайди.
Пеколанинг онаси Паулинанинг руҳиятида ҳам бу сезилади, у қизи дунёга келганида, чақалоқнинг сочларига қараб “ҳабашнинг жуни” дея нафрат билан айтади. Аёл оқтанли хонимнинг уйида ишларди ва унинг болаларини ўзиникидан ортиқроқ суярди, чунки Америка жамияти стандардларига кўра, оқтанли одам гўзаллик рамзи эди. Пекола бундай ёв жамиятда ўзининг ички гўзаллигидан, ҳатто ирқининг ҳуснидан воз кечди, уни ўзига нисбатан меҳрсиз муносабат шундай йўл тутишга мажбур қилди. Адиб жамиятнинг тартиблари Америка тупроқларида яшаётган ирқнинг ўз маданияти, терисининг ранги, ҳатто эртанги кунидан кечиб, қанчалар ҳалокатга рўпара бўлганини романидаги аянчли қисмат эгаси бўлган Пекола орқали намоён этди. Қиз ўзининг хунуклигига шу қадар ишонч ҳосил қилган, кўзлари ва танасининг ранги ўзгарганида, қисмати яхши тарафга ўзгаришига ишончи комил, адиб жамиятдаги мавжуд қарашлар қоратанли одамларни нотўғри йўлга етаклашини, табиийки, бу ўзини-ўзи борича қабул қилолмаслик даражасига олиб келишини тасвирлаган. Асарда оқтанли қаҳамонлар оз, деярли иштирок этмайди, деса ҳам бўлади. Бунда адиб қоратанлиларнинг ўзига бўлган нафрат ва агресивлик сабабларини излайди, “Энг мовий кўзлар” мана шу ёпиқ дунёга эшик очди, қоратанлиларнинг зулмат олами ичидаги ҳали ҳеч ким эътибор қаратмаган жиҳатларни ёритди, десак янглишмаймиз. Клаудия улғайгач, ўзи ва тенгдошлари ҳақида шундай сўзларни айтади: “Биз ҳеч қачон кучли бўлмаганмиз, фақат агрессив эдик, биз ҳеч қачон озод бўлмаганмиз, бизга фақат нимагадир ижозат беришган”, дейди. Романда ягона умид уйғотадиган гап Клоудия ва Фриданинг суҳбати давомида йилт этиб қўяди: “Биз чинданам шу қора вужудда ўзимизни кўнгидагидек ҳис қил эканмиз, тана аъзоларимиз истакларидан қувонганмиз, уст-бошимизни яна кир қилиш бахтидан бошимиз осмонда эди, юзимиздаги чандиқлардан кўкрак кериб юрардик, лекин нима учун бу шу қадар ёмон эканлигини ҳеч англамасдик”. Шу сўзлар ила адиб ўз ирқи одамларини ўзига юқори баҳо беришга ундайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |