В. Эмили Дикинсон ижодида аёллик қисмати масаласи ва руҳий изтироб акси.
Маълумки, Эмили Дикинсон романтизмнинг энг кўзга кўринган шоирларидан бири. Кўпгина ёзувчилар Эмилини жаҳон адабиёти тарихида ижоди борасида ҳам, шахсияти борасида ҳам ғоят сирли шахслардан бири деб билишади. Ижодининг бетакрорлиги алоҳида эътироф қилинади: бутун умр, ҳатто энг яқин одамлари ҳам шеър ёзишидан бехабар эдилар. Ҳаёти ҳам етарлича сир-асрорларни яширган [51]. Эмили Элизабет Дикинсон, ҳеч қачон ўзининг иккинчи исмини ёқтирмаган, шу боис тилга олишларини ҳам истамасди. Шоир биографиясига тегишли маълумотларда қайд этилишига қараганда, у 1830 йилнинг 10 декабрида бобоси қурган уйда дунёга келди ва айни шу ерда 55 ёшида оламдан ўтди. У бутун ҳаётини шу ерда танҳоликда ўтказишга ҳаракат қилган: турмушга чиқмаган, энг эътиборлиси шундаки, ёзган шеърларини яширган, ўттиз беш ёшидан кейин жамиятдан узилиб, танҳо кун кечирган. Эмили Дикинсон ўз даврининг зиёли аёлларидан бўлиб, хотин-қизларга олий маълумот беришга мўлжалланган аёллар семинариясини тугатган. Ван Спэккерен Кэтриннинг ёзишича, Эмили Дикинсон бадиий адабиётдан Шекспир асарлари, мумтоз афсоналар ва Инжилни жуда яхши билган. Бу камтарин, камсуқум, иболи қишлоқ аёли XIX аср Америка адабиётидаги энг буюк шеъриятнинг каттагина қисмини яратган эди. Шоирнинг услуби оз сўздан фойдаланган ҳолда бирор бир ғоянинг чуқур моҳиятини баён этишга қаратилган. У ҳеч қачон бир сўз кифоя қилган жойда икки сўзни ишлатмасди. У камтарликни манманликка қарши қўйди, шон-шарафдан кўра танилмай ўтишни афзал билди.
Шоир табиатидаги ўзига хос хусусиятлар унинг шеъриятида ҳам ўз ифодасини топган. Мисол учун, “Мен ҳеч кимман! Сиз кимсиз? (I’m Nobody! Who are you?)” шеърида ўзининг “Ҳеч ким”лигини, унга ўхшаган кишиларни атрофидагилар тушунмаслиги туфайли бу ҳақда оғиз очмаслик кераклигини ёзади. Манманлик билан шуҳрат орттирадиганларни ботқоқларни хушнуд қилиб, сайраб вақт ўтказадиган қурбақаларга ўхшатади [52].
Жаҳон адабиётида Эмили Дикинсон шахсияти ўта камтарин, шуҳратпарастлик туйғуси тамоман ёт табиатга эга бўлган аёл тимсолида намоёндир. У яратган 1775 шеърдан фақат бир нечтасигина ўзининг рухсатисиз ҳаёт пайтида чоп этилган. Шоир истамаган шуҳрат вафотидан кўп йиллар ўтгандан кейин 1955 йилда уни излаб топди. Шу йили унинг уч жилдлик шеърлар тўплами чоп этилди ва улар адабий танқидчилар томонидан турлича баҳоланди, шундан сўнг Дикинсон Америка ва хорижда тез танилиб, машҳурликка эришди.
Эмили Дикинсон шеърияти билан танишаркансиз, ўзингизни ажиб бир сирли даргоҳга кириб қолгандек ҳис этасиз. Хасталикка чалиниб, у дунёни кўп ўйлаганиданми, ташқи дунё билан кам алоқада бўлганиданми, унинг шеъриятида борлиқнинг ички моҳиятига эътибор жуда кучли. Машҳур инглиз шоири Ж.Г.Байрон ўзининг “Чайльд Ҳарольд зиёратлари” асарида инсон танҳо қолганда, денгиз у билан суҳбат қилишга қодир дейди, яъни табиат инсонни ёлғизлатиб қўймайди, деган фикрни илгари суради. Шу фикрнинг исботи Эмили Дикинсон ижодида инъикосини топган. Шоирнинг аксар асарларида қайноқ ҳаёт эмас, сукунат ҳукм суради. Бу сукунат табиат ва атрофдаги муҳит мавқеини кучайтиради. Шоир ўз асарларида сокин эсган елни меҳмон қилади (“Тhe wind Тapped like a Тired мan” – “Аста эшик қоқди шамол гўё чарчаган одам”), мотам маросими сукунатини қандайдир ўзгача ранглар билан тасвирлайди (“Тhere’s been a Death in the opposite нouse” – “Қаршимдаги ҳовлида таъзия бўлди”), хаста кишиларнинг ҳаётга бўлган муносабатини нодир ранглар билан баён қилади ва ўлим дақиқаларини тасвирлайди (“I нeard a Fly Buzz when I died” – “Ўлаётиб визиллашни эшитдим”), табиатдаги жонзотлар хатти-ҳаракатида бошқалар учун пинҳон бўлган маъноларни илғайди ( “A Вird came down the Walk” – “Ерга қўнди қандайдир қушча”), осий бандаларнинг қилмишлари ҳақида мушоҳада юритади (“Of God We Ask One Favor” – “Биз Худодан авф этмоқни сўраймиз”), ўткинчи дунё ҳақида фалсафий мушоҳада юритади. Унинг бу сатрлари бошқаларни воқеа-ҳодисаларга муаллиф кўзи билан қарашга ундайди [53].
Эмили Дикинсон ҳаётлигида бир минг саккиз юз шеъридан атиги саккизтасини эълон қилган. Улар ҳам ўша даврнинг шеърий меъёрларига солиш учун қаттиқ таҳрир қилинган, чунки ёзганлари замонаси қолипларига сиғмаган ва шундай қисматга дучор бўлган. Сатрлари қисқа, аксарияти номсиз, тиниш белгиларини ноодатий, аксар сўзлар бош ҳарфларда ёзилган, ҳар қадамда тире белгиси қўйилган. Аксар шеърлар ҳаёт, мамот ва абадият мавзусида устиворлик қилади, моҳиятан ерга хос маиший ҳаётдаги мавзулардан олисда, гўё муаллиф дунёга қўл силкиган одамга ўхшайди…
Аслини олганда, “Кимман?”, “Қаердаман?” “Шу ердаманми?” “Борлиқда жойим қаерда?” шу тахлит саволлар ҳамиша ўйлантиради ва ҳеч қайси замонда ўз аҳамиятини йўқотмайди. Моҳиятан бундай саволлар фалсафий, жисмоний, ижтимоий, диний ва маданий характерга эга. Биламизки, Суқротдан бошлаб яратилган асарлар аслида ҳамма даврда ҳам ўз-ўзини таҳлил қилмоқликдан иборат. Муаллифларнинг ўз-ўзини тафтиш қилиш, шахсият масаласи олимларда ҳам янги ғоя ва фикрларни уйғотиб келади.
Кўпгина адабий танқидчилар унинг шеъриятини эркакларники каби кучли, гўё шахсиятига ўхшайди, дея эътироф қилади. Ҳаётлигида шеърларини чоп қилмаганига сабаб танқид қилишларидан қўрққанга ёйишади. Аслида у яшаган давр тартиблари ва қарашларидан келиб чиқиб, жамият аёл ижодига беписанд назар билан қараган, айни шу боис ҳам шеърларида улкан дард яширинганини сезиш қийин эмас. Алиса Острикер Диккенсоннинг муваффақияти ва шахсияти ҳақида ёзар экан, шундай дейди: “Диккенсоннинг шеъриятидан у ниҳоят кучли қўрқув ичида яшагани сезилади. Шоир ўзининг идрокидаги фикрлардан ёки ичидаги туйғулардан қўрққани йўқ, бу ташқаридаги куч, унга ҳеч қачон енгилмайдигандай, синмайдигандай туюлган, аксинча ўз қолиплари, шафқатсизлиги, тундлиги билан сени букиб қўйишга ва итоат қилдиришга қодир бўлган жамиятни назарда тутган. Шу боис аксарият аёл муаллифлар сингари самолардан адолат излашга ҳаракат қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |