Гули маҳмудова маданий антропология



Download 4,05 Mb.
bet18/52
Sana11.04.2023
Hajmi4,05 Mb.
#927144
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   52
Bog'liq
25 01 23ҚЎЛЛАНМА МАДАНИЙ АНТРОПОЛОГИЯ docx мукова т

Такрорлаш учун саволлар:

  1. Афсона, маросим ва маданиятнинг алоҳида ва яхлит жиҳатлари ҳақида логема тузиш.

  2. Диний ҳиссиётлар, онг ва маросимларнинг шаклланиши, ўзига хослиги ва анъаналари нималарга боғлиқ?

  3. Нима учун замонавий дунёқарашда қадимги онг стереотиплари сақланиб қолади?

  4. Жамоавий ва индивидуал онгнинг қайси бирида анъаналар структураси устувор?



Адабиётлар:

  1. Ахмедова Э., Габидулин Р. Культурология. Мировая культура. Академия художеств Узбекистана. Ташкент, 2001;

  2. Токарев С.А. Ранние формы религии. Москва: Политиздат, 1990;

  3. Аширов А. Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари. Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007;

  4. Марказий Осиё фалсафий тафаккурида «Авесто»нинг ўрни // Тўплам. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси И.Мўминов номидаги фалсафа ва ҳуқуқ институти. – Тошкент, 2012;

  5. Леви-Брюль Л. Первобытное мышление.- М., 1930;

  6. Malinowski B. Еine wissenschaftliche Theorie der Kultur und andere Aufsatze. ТВ -1975;

  7. Лосев А.Ф. Философия мифология культура. Москва, Политиздат, 1991.


7-мавзу: АВЕСТА НАТУРФАЛСАФАСИ ВА АФСОНАЛАР УЙҒУНЛИГИНИНГ ДУАЛИСТИК КОНЦЕПЦИЯСИ


Режа:

  1. Зардуштийлик диний-фалсафий таълимоти маданият феномени сифатида.

  2. Авеста натурфалсафаси ва покланиш императиви.

  3. Зардуштийлик дуализмининг фалсафий моҳияти.



Калит сўзлар: Аҳура Мазда, Ахриман, зардуштийлик, дуализм, покланиш, ахлоқий императив, бунёдкорлик, ёвузлик.

Аввалги мавзуимизни давом эттирган ҳолда, энди мазкур масалага доир мамлакатимиз ҳудудида шаклланган зардуштийлик Авеста диний-фалсафий таълимоти ҳақида бироз фикр юритсак. Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: «Янги Ўзбекистон орзуси ҳам, жаҳондаги миллий тараққиёт ғояларини ўзида жамлаган бошқа фавқулодда ҳодисалар каби, асрлар давомида шаклланиб ва сайқалланиб келмоқда. ... У дастлаб, кўҳна даврларда «Авесто»да ўз талқинини топган ҳаётий ғояда мужассам эди, десак тўғри бўлади. Айни шу орзу «Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал» тамойилининг халқ тафаккури ва турмуш тарзидан мустаҳкам ўрин олишига сабаб бўлди. Шу тариқа эзгулик ва инсонпарварликни ҳимоялаш халқимиз менталитети ва маънавиятининг муҳим таркибий қисмига, ҳаётий фаолиятининг асосий йўналишига айланди»1.


Зеро, мифологиянинг сеҳргарлик, анимизм ва тетимизм билан боғлиқ бўлган ва халқ ўртасида ҳозирги даврда ҳам тарқалган маросимлар, культлар ва ривоятлар билан бирга мавжуд бўлиши бевосита зардуштийликка тегишли ҳодиса ҳисобланади, ваҳоланки улар янада қадимий, архаик, зардуштийликдан олдинги даврни ҳам ўз ичига олади. Зардуштийлик эса уларни ўз вақтида қонунийлаштирган1.
Зардуштийлик дини Ўрта Осиёда пайдо бўлиб, Марказий Осиё, Эрон ва Озарбайжонга тарқалган. У I минг йилликнинг бошларида давлат динига айланган. Зардуштийлик ёки зороастризм номи бу динга асос солган афсонавий пайғамбар Зардушт (Зороастр) исми билан боғлиқ. Бу диннинг асосий асари – Авеста Ўрта Осиё ва қўшни мамлакатларнинг (милоддан аввалги II минг йилликнинг охирларидан I минг йилликнинг кейинги асрларигача бўлган даврни қамраб олган) тарихи ва маданиятини ўрганишда муҳим ёзма манба бўлиб хизмат қилади. Авеста афсоналари қадимги юнон мифологиясидан ҳам бойроқ ва мукаммалроқдир деган фикрлар аллақачон фанда объектив ҳақиқатга айланган.
Авеста ривоятларидан бирида афсонавий биринчи одам ва эронийларнинг биринчи подшоси Йима, осмон худоси Аҳура Мазда унга берган ерларни кенгайтирганлиги тўғрисида ҳикоя қилинади. Йима уч юз қиш ҳукмронлик қилган. Шу давр ичида унинг ерида ўсимликлар, қушлар, ҳайвонлар, чорва ва одамлар шунчалик кўпайиб кетганки, тураржой ҳам қолмаган, ерга ҳам оғирлик тушган. Кейин Йима ўз одамларини янги макон излаб, қуёш йўли билан жанубга бошлаган ва у ерда 600 йил ҳукмронлик қилган. Яна аҳоли кўпайиб зич бўлганлигидан, Йима ўз кишиларини 900 йил давомида аста-секин жануб томон кўчириб олиб кетади ва охирида орзу қилган ўлкаси Арианам Ваэжога етади. Бу ерда улар фаровон, тўқ ҳаёт кечира бошлайдилар. Йилнинг етти ойи илиқ, беш ойи файзли гўзал ёз билан ўтган. Аммо ёвуз Анхра Майнью (Ахриман) келиб, бу серунум сахий ўлкани сув билан таъмин қилиб турган дарёни «қирғин келтирадиган улуғ илон – қаҳратон қиш билан тўлдирган». Энди ўн ой қиш ва фақат икки ой ёз бўлиб қолган.
Эрамизнинг X асрига қадар ҳукмронлик қилган мазкур афсонавий Сиёвушлар сулоласининг асосчиси Авестада Сиёваршон номи билан тилга олинади, унинг образи халқ эпосида, афсоналарда ярим худо қиёфасида гавдаланади. Йима эса буюк Фирдавсийнинг ўлмас эпоси «Шоҳнома»да Жамшид образида намоён бўлади. Жам (йим) киши исми, шид – нуроний деган маънони англатади. «Нуроний»нинг подшолик қилган даври ёруғлик зулмат устидан, адолат ёвузлик устидан, инсонлар девлар устидан узил-кесил ғалаба қилган, ҳатто ўлим енгилган, ҳар бир дардга даво топилган замон сифатида таърифланади ва эронийларнинг афсонавий тарихида «олтин давр» ҳисобланади. «Шоҳнома»даги бир афсонага кўра, Жамшид авлоди Ҳушанг Прометей сингари оловни кашф этиб, сада байрамида кишиларга ўргатиб, уни муқаддаслаштиради. Мазкур афсонада зардуштийлик динининг асосий эътиқоди оловга сиғинишнинг пайдо бўлиши ҳикоя қилинади1.
Жонбосқалъа ва бошқа ёдгорликларда ҳам жуда кўп учрайдиган ҳайкалчалар (археологлар тилида терракоталар), идишларга солинган отнинг расмлари қадимги хоразмликларда зардуштийлик динидан ташқари табиат кучларига, ҳайвонлар, чунончи, отга сиғиниш эътиқоди ҳам бўлганлигини кўрсатади. Тарихий манбаларда ҳам массагетларнинг отга сиғинганлиги тўғрисида фикр бор. Серҳашам кийимли аслзода кишини тасвирловчи жуда кўп ҳайкалчалар унумдорлик худоси, сув ва суғориш иншоотларининг ҳомийси Анахита образи билан боғлиқлигига ҳеч шубҳа йўқ. Наршаҳийнинг ёзишича, зардуштийлик динидаги бухороликлар ҳар йили наврўз байрамида бозордан лойдан ясалган худо ҳайкалчаларини олиб, эскисини синдирар эканлар. Ёдгорликларда топилган ҳайкалчаларнинг деярли ҳаммаси синдирилганлиги бу фикрни исботлайди. Беруний асарларида ҳам Наршаҳий ҳикоясига ўхшаш маълумотлар, ривоятлар мавжуд1.
Жуда кўп олимларнинг таъкидлашларича, сеҳр-жоду қадимги ва замонавий одамлар онгини бирлаштирувчи ва бир вақтнинг ўзида ажратувчи ҳодисадир. Қадимги сеҳр-жоду каби унинг замонавий кўринишлари ҳам ғайритабиий кучларга нисбатан хаёлий таъсир кўрсатиш, ғайритабиий ҳодисаларни амалга оширишдир.
Замонавий шароитларда сеҳр-жоду, табиблар, дам солувчи, дуохонлар фаолиятида кенг тарқалган. Масалан, ўзбеклар дуохонларга кўз тегишдан халос бўлиш учун борадилар, инсонга зарар етказган «кинна»нинг сеҳр кучидан дам солувчи халос этишига ишонадилар. Маросим шундан иборатки, дам солувчилар кул солинган пиёла устида дуолар ўқийдилар ва «чиқ», «чиқ» сўзларини ишлатадилар. «Ёмон кўзли» одам югураётган отни тўхтатиши, тошни бўлиб ташлаши, бошқа одамни жинни қилиб қўйиши мумкин деган гапларга ишонувчилар топилади. XXI асрда ҳам бундай удумлар ва сиғиниш маросимлари Ўзбекистоннинг баъзи қишлоқларида учрайди. Масалан, Хумсон қишлоғида ҳозирги вақтда ҳам қўй ёки эчкини муқаддас жойларда қурбонлик қиладилар. Ўлганлар руҳи танасиз шаклда мавжуд бўлишда давом этади ва вақти-вақти билан тирикларни капалак кўринишида ёки тушларида йўқлаб турадилар, деган анимистик тасаввурлар Хумсон қишлоғи аҳолисига ҳам хос. Тушларида вафот этган отаси ёки онасини, эри ёки хотинини, фарзанди ёки бошқа яқинларини кўрган одамлар, ўз кўнгли ва вафот этганлар руҳини хотиржам қилиш учун қўй, эчки, товуқни қурбонлик қилиш маросимини амалга оширадилар. Зардуштийлик ва унинг муқаддас китоби Авестанинг келиб чиқишини тадқиқ этиш шундан далолат берадики, янги диний тизимнинг роли ва аҳамияти мустаҳкамланган сари илгариги сиғинишлар нафақат орқага сурилди, балки одамлар онгида ирим-сиримлар кўринишида сақланган ҳолда мазкур тизим элементларига айланди. Шундай қилиб, илк диний-фалсафий тасаввурлар ўзгартирилди ва ўзида янгилик ва эскиликни, анъанавийлик ва замонавийликни бирлаштирган диний онгнинг янги тизимига киритилди.
Зардуштийлик – политеистик эътиқоддан монотеизмга ўтиш даври, политеизм худолари ибодатхонасида ердаги ва нариги дунёдаги ягона ижодкорни илгари сурган, диннинг тотемизм, анимизм, шаманизм ва инсон ҳаёти ҳамда мавжудлигини сеҳр-жоду билан талқин қилиш каби ибтидоий кўринишларини ҳам ўз ичига олган кўпқатламли диндир. Зардуштийликнинг олий илоҳи Аҳура Маздадир.
Аҳура Маздага оид турли фикрлар мавжуд: баъзи олимлар (Э. Мейер) тахминига кўра илоҳнинг номи Зардуштнинг ўзи томонидан ўйлаб топилган; бошқа бир олимлар у Эрон қабилаларининг олий худолари қаторида илгари ҳам бўлган ва «Аҳура», яъни «ҳукмрон» деб номланган. Бундай «Ҳукмрон»лар – аҳуралар Митра ва бошқа илоҳлар эди. Олий аҳурани Мазда деб атаганлар. Бундан хулоса келиб чиқадики, «Аҳура Мазда»нинг этимологик маъноси — «Донишмандлик ҳукмрони», «Донишманд Худо».
Зардуштийликни Эрон халқларининг қадимги дини, деб ҳисоблаган Э.А. Грантовский ҳам Аҳура Мазда этимологиясида «Донишманд Ҳукмрон»ни кўради1.
Зардуштийликда дуалистик тафаккур ўзининг табиатда ҳам, инсон ҳаёти ва жамиятда ҳам ёруғлик ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик, гўзаллик ва мажруҳлик, ҳаёт ва ўлим ва ҳ.к. қарама-қаршилигида ифодаланган энг юқори ривожланган кўринишига эга. Табиатда қарама-қарши кураш олиб борувчи ибтидолар мавжудлиги тушунчаси зардуштийликда Аҳура Мазда ва Анҳра Майнью бошчилигидаги икки қарама-қарши кучларнинг қонунлаштирилган тизими сифатида ўз аксини топади. Барча эзгулик Аҳура Маздадан чиқади, бузғунчилик эса Анҳра Майнью билан боғлиқ.
Аҳура Мазда қароргоҳида тинч ҳаёт барқ уради, ҳақиқат ғалаба қозонади, қуёш порлайди, тиниқ сув оқади, муқаддас олов ёнади, Анҳра Майнью билан эса бахтсизликлар, ўлим, қиш, ёлғон, одамлар ва молларга зарар келтирувчи ҳар қандай зараркунанда қумурсқалар ва ҳайвонлар билан боғлиқ.
Аҳура Мазда Зардушт тасаввурида янги таълимотни ифодаловчи сифатида унга янги эътиқодни тарғиб этишни топширади.
Авестада диний ва фалсафий ғоялар уйғунлашиб кетган. Бир томондан биз мифологик образлар ва фикрларнинг содда шаклларини кўрамиз. Умумий тушунчалар, ғоялар инсонийлаштирилади, алоҳида мавжудотларга айлантирилади, иккинчи томондан, умумлашган, абстракт ғоялар, диний-ахлоқий ва фалсафий тушунчалар эркак ва аёл мавжудотлар қиёфасида гавдаланади.
Инсонийлаштирилган яхши ахлоқий сифатлар Аҳура Мазданинг Анҳра Майнью жинларига қарши курашувчи софдил тарғиботчилар ва ёрдамчилар сиймосида гавдалантирилади. Анҳра Майньюнинг ёмон ва зараркунанда жинлари салбий ахлоқий ишларни акс эттиради. Аҳура Мазданинг ёрқин ва меҳрибон ёрдамчилари самоларда яшайдилар, Анҳра Майньюнинг қоронғу ва ёвуз жинлари эса ер остини афзал кўрадилар.
Зардуштийликда «Яхши фикр» дастлаб Аҳура Мазданинг атрибути сифатида талқин этилади. Лекин ўша заҳотиёқ у одамларга ёрдамга келувчи мустақил илоҳга айланади. Инсонийлаштирилган Яхши фикр Аҳура Мазданинг яқин атрофи ҳисобланмиш «ўлмас авлиёлар» (амеша спента) кенгашида биринчи ўринни эгаллайди. «Яхши фикр» илоҳи фойдали ҳайвонлар ҳимоячисидир. Минглаб қуйи илоҳлар – ғалабалар, тинчлик, ҳақиқат, қудрат каби абстракт ғояларнинг инсонийлашган кўринишидир. Шунингдек, қуёш, ой, ер, ҳаво, олов ва сув руҳлари ҳам язатларга тааллуқлидир1.
Худди шундай тарзда Анҳра Майнью атрибутлари ҳам инсонийлаштирилган: девлар, парилар, аждаҳо, илонлар ва бошқа ёвуз руҳлар ҳам гуноҳ, ёлғончилик, жаҳолат, ёвузлик тимсоллари ҳисобланади.
Шу билан бирга, зардуштийлик дуализми доктринаси (икки қарама-қарши кучлар кураши) маълум турғунлиги билан ажралиб туради. Аҳура Мазда фаолияти соҳасига қора кучлар кириб бормагунча, дунёда ҳаракат содир бўлмайди. Анҳра Майнью ўзининг қора кучлари билан Аҳура Мазда дунёсига ҳужум қилганидан сўнг, дунёда ҳаракат бошланади. Фазовий жисмлар ҳаракат қила бошлайди, қуёш дунёга янада иссиқроқ нур сочади, ёмғирлар ёғади, тоғлар пайдо бўлади, дарахтлар ўсади, юлдузлар коинотни безайди ва йўловчиларга йўл кўрсатади. Ой дунёга хотиржамликни ёяди ва ҳ.к. Лекин Аҳура Мазда юлдузлар ёрдамида ҳар бир сайёрада Анҳра Манью кучларини бартараф этадиган жисмларни пайдо қилади. Булар — Тир (Меркурий), Тиштрия, Бахром (Марс) – Вэрэтрагн, Ормузд (Юпитер) – Аҳура Мазда, Нахид (Венера) – Анахита1.
Вақтнинг мангу давом этиши Аҳура Мазда буйруғига биноан чегараланган доирага эга бўлади ва 12 минг йилни ўз ичига олади, мана шу вақт давомида дунёда ҳар уч минг йилда тўрт маротаба ўзгариш юз беради. Биринчи даврда Аҳура Мазда ғоялар дунёсини яратади. Мазкур идеал дунёда Аҳура Мазда томонидан кейинчалик моддий дунёда яратиладиган барча нарса образлари мавжуд бўлади.
Иккинчи даврда Аҳура Мазда осмон, юлдузлар, ой ва қуёшни яратади. Айнан шу даврда Анҳра Майнью осмони фалакка кириб боради, у ерда осмон жисмлари бир хилда ҳаракатланишига халақит берувчи ёвуз сайёраларни, кометаларни ва метеорларни яратади. Икки қарама-қарши кучларнинг очиқ кураши юз беради. Ҳар иккала тарафлар улар яратган нарсаларни қўллаб-қувватловчи кучларни тўплайдилар. Бу кураш натижасида бутун дунё ҳаракатга келади, Эзгулик ва Ёвузлик дунёси пайдо бўлади.
Аҳура Мазда ҳар бир сайёрага Анҳра Майньюдан ҳимоя қилувчи ўзининг эзгу руҳларидан бирини қўйиб чиқади. Бу давр ҳам уч минг йил давом этади. Дунёни яратиш бу билан тугалланмайди. Ривоятлардан бирига кўра, Аҳура Мазда яна уч минг йил ичида «бутун дунёни ўзининг танасида яратади, кейин бошидан осмонни, оёғидан – ерни, кўз ёшларидан – сувни, сочларидан – ўсимликларни, руҳдан – оловни» яратди»2.
Зардуштийлик ривоятларига биноан ҳаракат зардуштийликда ниҳоятда қадрланган эътиқодлардан бири — сувнинг мавжудлик манбаи ҳисобланади.
Ёмғирлар ва ерда сувнинг тарқалиши юлдузларга боғлиқ. Сув табиатда тирик мавжудотлар танасидаги қон ҳаракатланишини эслатади. Худди ҳайвон танасида қон мангу айланишда бўлганидек, сув ҳам дастлаб ерга қуйилади ва одамлар, ҳайвонлар ҳамда ўсимликлар томонидан қўлланилади ва бунда ўзининг бирламчи тозалигини йўқотиб боради. Ер юзида ифлосланган сув денгизда тозаланади, кейинчалик эса Ворукаш кўлига қуйилади, у ердан дунё чархпалаги сабабли ўзининг дастлабки ҳолатига қайтади. Бу билан сувнинг одамлар, ҳайвонлар, ўсимликлар ҳаёт манбаи сифатидаги мангу тўкинлиги таъминланади.
Анҳра Майнью ҳам қўл қовуштириб ўтирмайди, балки қаршилик кўрсатиш усуллари ва воситаларини излайди. У сувни ифлослантиради, қуёшни туман билан ўрайди, турли касалликларни тарқатади, боғларни қуритади, яйловларни бўшатади ва охир-оқибатда буқани ҳамда биринчи одам Гайомартни ўлдиришга муваффақ бўлади. Бироқ у ҳаёт ва ривожланиш манбаларини батамом йўқ қилишга ожиз эди. Буқа ва одам уруғидан яна ҳайвонлар, эркаклар ва аёллар пайдо бўлади, улардан инсон қавми юзага келади.
Г. Риттер ўзининг «Фалсафа тарихи» китобида Авеста матнларида диний ўгитлар, афсонавий хурофотлардан ташқари фалсафий онг элементларини ҳам кўради1.
Гегель бошқа файласуфлардан фарқли равишда зардуштийлик фалсафасини англаб етади. Дин фалсафаси бўйича маърузаларида Гегель худо – бу руҳ, барча динлар худоси ҳам руҳ, деган фикрни илгари суради. Унинг фикрича, дин субъектив онгга асосланган бўлиб, маънавият эмпирик субъект бўлиши мумкин, кейинчалик эса у эмпирик онг сифатида табиат томонидан яратилган нарсани ўзининг худоси деб ҳисоблаши мумкин. Шунинг учун маънавият онгнинг таркибий қисми, худо эса табиат мавжудоти сифатида ҳам ана шу онг предмети бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқиб Гегель «Худо табиий мавжудот, у ўз моҳиятига кўра руҳдир»1 деган хулосага келган.
Бу таърифни Гегель ҳар қандай диннинг асоси деб ҳисоблайди, унда табиат ҳодисалари инсон образи, шахс, руҳ, онг кўринишида тақдим этилган. Табиат предметлари – қуёш, дарахтлар ва ҳ.к.ларни инсонийлаштириш юз беради. Бинобарин, инсон — бу худо ёки худо бу инсон, худо эмпирик кўринишда, инсон образида мавжуд2.
Гегель фикрича, яхшилик табиатнинг барча кўринишлари ва инсонда субстанция сифатида мавжуд, иккинчи томондан, у бошқада мутлақ қарама-қарши сифатда намоён бўлади, ана шу бошқа нарса ёмонликдир.
Ана шундай диалектик зиддиятларга асосланган Гегель шарқона дуализмнинг икки қарама-қарши томонларини кўрсатиб ўтади: яхшилик салтанати ва ёмонлик салтанати. Диний онгда мазкур улуғ қарама-қаршиликка умумий абстракция орқали эришилади. Гегель фикрича, бу интиҳо ва чексизлик, ёруғлик ва зулмат, Ариман ва Ормузд қарама-қаршилиги бўлиб, улар доимий курашда бўладилар ва охир-оқибатда эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозониши керак. «Ёруғлик, — деб ёзади Гегель, — чексиз тарқалувчи бўлиб, унинг тезлиги фикр тезлигига тенгдир; бироқ унинг намоёнлиги ҳаққоний бўлиши учун у қандайдир зулмат устига тушиши керак. Тоза ёруғлик ҳеч нимадан дарак бермайди. Айнан мана шу бошқа бир нарсанинг мавжудлигида у маълум бир кўринишга эга бўлади ва шу билан ёвузлик билан қарама-қаршиликка киришади»1.
Гегель фикрича, умумий дин фалсафасидан кейин Зардушт асос солган «қадимги эронликлар» дини бевосита ёруғлик ва эзгулик динига ўтади. Унинг таъкидлашича, ҳатто XIX асрда ҳам ана шу динни эътироф этувчи бир қатор жамоалар бўлиб, улар Бомбейда, жуда кўп нефть манбалари бўлган Қора денгиз бўйларида, Бакуда жойлашган. Мана шу тасодифий ҳолат билан баъзида эронликларда олов қадрият предмети ҳисобланганлигини тушунтириб беришга интилганлар.
Э.А.Тайлор тахминига кўра, Авестанинг дуалистик таълимоти коинотда икки қарама-қарши ҳодиса, ҳаёт ва ўлимни яратган эгизак ака-укалар ҳақидаги афсонага асосланган қадимги ибтидоий-дуалистик дунёқарашни акс эттиради. Бизнингча, иккинчи тахмин тўлиқ бўлмаса-да, қисман турли мифологик тасаввурлар, удумлар, маросимлар табиатни илоҳийлаштириш юзага келишига асос бўлган политеизм босқичидаги дуалистик дунёқараш илдизлари ва моҳиятини очиб беришга олиб келади. Э.А.Тайлор шуни исботлайдики, инсоният ибтидоий-жамоа тузумининг илк босқичларидаёқ табиат ва инсон ҳаётида мавжуд ва доимо чамбарчас боғлиқ бирлик ва қарама-қаршиликни, яъни туғилиш ва ўлим, болалик ва кексалик, ёруғлик ва зулмат, иссиқ ва совуқ, ҳаво ва сув ва ҳ.к.лар ўртасидаги зиддиятларни англай бошлаганлар. Табиат, жамият ва инсоннинг бундай табиий-тарихий эволюцияси вақт ўтиши билан одамлар онгида охир-оқибатда дуалистик дунёқарашни ташкил этган ҳолда ўз аксини топади. Авестанинг жуда кўп жойлари ва қисмларида кейинроқ пайдо бўлган дунёқараш тасаввурлари (қабилачилик ва қулдорлик даврларига хос бўлган) билан бир қаторда тотемистик ҳамда анимистик тасаввурлар билан боғлиқ ибтидоий-жамоа маданиятига мансуб тасаввур ва образлар мавжудлиги шундан далолат берадики, дуализм фақатгина қабилаларни ўраб турган табиатнинг эмас, балки умуман инсон абстракт тафаккури шаклланиш ва ривожланишидаги маълум босқични ҳам акс эттиради.
Дуализм – бу одамлар ва жамиятнинг чегараланган ижтимоий-тарихий амалиёти натижаси, инсон ва жамиятдаги кўп қиррали руҳий ҳолатларни мифологик образлар орқали англашга интилишдир; иккинчидан, дуализм илдизларини қабилалар антогонизми, яъни ўтроқ деҳқончилик билан шуғулланган (эронликлар) ҳамда чорвачилик билан машғул кўчманчилар (Ўрта Осиёликлар)нинг антагонизмидан излаш унчалик тўғри бўлмаган фикрдир. Ибтидоий дуализмга тўхталар экан, Л.Я. Штернберг шуни қатъий исботладики, зардуштийлик дуализми фавқулодда юзага келмаган ва бир давр, ҳаттоки пайғамбар бўлса ҳам бир шахснинг дунёқараши эмас, балки инсон ва унинг онги тарихий эволюциясининг маҳсулидир. «Ёввойиларда»ги ва форсларнинг улкан Ормузд ҳамда Ариман концепцияларида эзгу ва ёвуз руҳларга ишониш ўртасидаги тафовут фақат даражаси билан фарқ қилади»1, деб ёзади Л.Я. Штернберг. ХХ асрнинг 30-йилларида С.П.Толстов, зардуштийлик дунёқарашидаги ибтидоий космогоник дуализм манбалари ҳақида фикр юритиб, шундай қизиқарли хулосага келадики, унга кўра зардуштийлик дуализми ўз илдизларига кўра фратриялар дуализмига бориб тақаладиган ибтидоий дуал мифологиядир2. Э.А.Тайлор тахминига яқин мазкур фараз ёруғ ва қоронғу кучлар, табиат, инсон ва жамиятдаги яратувчи ва бузғунчи ибтидоларни тасдиқлаш учун бир-бири билан курашган эгизак ака-укалар ҳақидаги ибтидоий афсонага асосланади. «Варварлик» даврининг айнан шундай ривоятлари турли халқларда бўлганидек, Авестанинг энг қадимги қисмларидан топиш мумкин. «Икки руҳ, икки эгизак дастлаб ўзларидан тоза ва тоза бўлмаган фикрлар, нутқлар ва ишларни чиқардилар» (Яшт, ХХХ, 3)1.
Мана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, С.П.Толстов зардуштийлик дуализми қадимги арий политеизмининг ўзгартирилгани эмас, балки ибтидоий онг тараққиётининг политеизмдан ҳам қадимроқ анимистик босқичини акс эттиришини кўрсатиб, зардуштийлик дуализмини ҳинд Ведаларидан келтириб чиқаришнинг ҳам беҳудалигини қатъий ман этади. С.П.Толстов ҳинд-эрон дуализмини Авеста дуализмига нисбатан анча содда, деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, «Авеста дини ҳали худоларни билмайди. У бутунлай анимистик характерга эга ва унга хос бўлган ахлоқий дуализм бўёғи унда Веда политеизмига нисбатан олий даражадаги ҳодисани кўриш ҳуқуқини бермайди. Ведаларнинг буюк илоҳлари бўлган девлар Авестада энди пайдо бўла бошлайди. Унда ҳамон руҳлар – агурлар ва ибтидоий одамлар сиғинадиган қаҳрамонлар ҳукмрондир»2.
Тарихий вазиятлар ва шароитлар ўз ишини кўрсатади. Зардуштийлик ва Авестанинг юзага келиши мисолида шундай метаморфозани кузатиш мумкинки, агар Аҳура Мазда ва Анҳра Майнью ўз моҳиятига кўра икки душман — ака-ука эгизаклар ҳақидаги ибтидоий ривоятни ифодалаган бўлсалар, Авеста ва пахлавий адабиётида улар ўзгартирилади, ё эзгулик ёки ёвузлик қилувчи буюк илоҳларга айлантирилади. Мана шунинг учун ҳам зардуштийлик эътиқодида дуализм онгнинг янада аниқроқ ва тизимлаштирилган шаклида қатнашади.
Зардуштийликнинг бошқа бир ажратиб турувчи хусусияти «Телеология, (Худо ҳақидаги таълимот) яъни ибтидонинг охирги интиҳосини олдиндан кўра олиш асосида яратиш жараёнининг мақсадга мувофиқ илоҳий дастурлаштирилиши ҳақидаги тушунчадир. Зардуштийликда жисмоний дунё илоҳлар онгида аввал мавжуд бўлган моддий бўлмаган архетипларнинг намуналари асосида яратилган. Ана шу ўтиб кета бошлаган дунёга эзгулик ва ёвузлик кураши майдони бўлиш белгиланган эди, акс ҳолда у мангу давом этган бўлар эди. Бошқа ҳеч қайси бир динда олий илоҳни ўзи ёки воситачи – демиурглари, «дастлабки руҳлари» орқали унинг учун унчалик мувофиқ бўлмаган ҳунармандчилик ишлаб чиқариш меҳнатига киришишга ундовчи сабаблар, яратиш мақсадлари ҳақидаги масала қўйилмаган эди, фақатгина кўҳна меҳнат бундан мустасно бўлиб, унинг мотивлари барибир ўта содда ва индивидуал психиканинг ахлоқий принциплари билан боғланмаган»1.
Чиндан ҳам асотирий тафаккур борлиқнинг моҳиятини хаёлот орқали жонлантиради, турли тимсолий қиёфалар яратади. Уларнинг ўзаро муносабатини эса ердаги кундалик реал манзаралар қолипи орқали идрок этишга уринади. Шу каби ёндашув тамойили Авеста учун ҳам бегона эмас. Жумладан, Авестада космогоник тасаввурлар бир туркумни ташкил этади. Масалан, осмон «Аҳура Мазданинг устидаги либоснинг этаги»2, курраи заминнинг юмалоқлиги, борлиқнинг «олд» ва «орқа» томони – жануб ва шимол тимсоллари. Бу тушунчаларнинг ахлоқий-фалсафий асосда эзгулик ва ёвузлик, ёруғлик ва зулмат тушунчаларига боғлиқлигининг кўзда тутилиши – буларнинг барчаси диний тизим юзага келгунга қадар асотирий тафаккур меваси эканлиги муҳим ва эътиборга лойиқ ҳолатлардир. Авестани тушунишда айни шу мифологик қатламнинг дин тизими доирасига олиб кирилиши муҳим тарихий ечим бўлган дейиш мумкин1.

Download 4,05 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   52




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish