Танлаб олинган ва узлуксиз тадқиқотлар уларнинг асосийлари ҳисобланади. Биринчиси танланган объектларни чуқурроқ ўрганишга имкон беради. Танлаб олинган тадқиқотларнинг муҳим камчиликлари объектларни танлашда нисбатан субъектив хатоларнинг юқори эҳтимоллиги бўлиб, бунинг натижасида улар етарлича ўзига хос бўлмаслиги мумкин. Бундай хатоларга йўл қўймаслик учун экспедиция аъзолари «дала» тадқиқотларига кетишдан аввал изланишлар режалаштирилган минтақа материаллари билан диққат билан танишишлари керак. Узлуксиз сўров давомида экспедиция иштирокчилари барча объектларни кетма-кет ўрганишади: масалан, ушбу турар жойнинг барча бинолари, барча оилалар ва бошқалар. Узлуксиз сўровлар уни кейинчалик қайта ишлаш учун статистик тадқиқот усулларидан фойдаланишга имкон берадиган улкан материал билан таъминлайди. Аммо узлуксиз тадқиқотлар кўп вақтни талаб қилади. Вақтни тежаш мақсадида, тадқиқотчилар кўпинча маданият ва унинг хусусиятларини торайтиришга мажбур бўладилар, бу эса маданиятни яхлит идрок этишнинг йўқолишига олиб келади.
Текширувнинг у ёки бу туридан фойдаланиш экспедициянинг вазифалари ва аниқ меҳнат шароитлари билан белгиланади. Турли хил анкеталар маданий ва кундалик ҳаётнинг турли хил хусусиятлари бўйича оммавий материалларни тўплашда катта ёрдам бериши мумкин.
Бу услубиятдан Рус этнографиясида (этнологияда) 1845 йилдан Россия география жамиятининг этнография бўлими ташкил этилгандан бери фойдаланила бошланган. Этнологик экспедицияда дала тадқиқотлари жуда хилма-хилдир. Экспедиция жараёнида антропологлар бир кун давомида, кўпинча маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиши, суратга олиши, содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни кузатиши ва ёзиши, турли хил предметларни ўлчаши ва улардан эскизлар олиши, далил-ашёлар йиғиши керак. Бу ишларнинг барчаси ўз хусусиятлари ва уни амалга ошириш техникасига эга. Бу ҳақда сиз махсус нашрлардан билиб олишингиз мумкин1.
Бу ерда фақат энг умумий тамойиллар ва техникалар кўрсатилган. Шундай қилиб, тадқиқотчининг экспедиция давомида олиб борган шахсий кузатувлари турли хил масалалар бўйича жуда қимматли материалларни тақдим этади. Бунга одамлар билан мақсадли суҳбатларда кўпинча олимнинг эътиборидан четда қолиб кетадиган, аҳолининг яшаш шароити, унинг маиший турмуш тарзи, хулқ-атворининг ўзига хос томонлари (хушмуомалалик, яккаланиш ва бошқалар), тил ва сўзлашиш иборалари ва бошқа хусусиятлар киради. Стационар экспедицияларда тўғридан-тўғри кузатув натижасида олинган материаллар нисбати, айниқса, катта аҳамиятга эгадир. Хорижий маданиятни ўрганишнинг ушбу ўзига хос усулининг аҳамиятига эътибор қаратган Э. Канетти саёҳатчи ва олим антропологнинг ёндашувини таққослаб таъкидлайди: «Саёҳатчиларнинг «содда» халқлар ҳақидаги маълумотлари қанчалик аниқ бўлса, устувор бўлган этнологик назариётчиларнинг баҳсларини унутиб, бутунлай янгича фикрлашни бошлайсиз. Энг муҳими, энг ифодали нарсаларни бу назариялар кўздан қочириб қўяди. Чунки эски сайёҳ эса шунчаки қизиқувчандир... Замонавий этнолог режалиликдир; бироқ ижодий фикрлашга қодир бўлмаса-да, малака ошириш йиллар уни моҳир кузатувчига айлантиради; аммо уни нозик тармоқ тўрлари билан жиҳозлашган бўлса-да, ўзи биринчи бўлиб шу тўрларга тушиб қолади...»2.
Маҳаллий аҳоли (маълумот берувчи ёки маълумот олувчи) билан суҳбатлашиш (суҳбат усули) орқали материаллар йиғиш антропологнинг дала тадқиқотларининг муҳим қисмини ташкил этади. Қисқа муддатли экспедицияларда бундай изланишларнинг аҳамияти катта бўлиб, бу эса ишни жадаллаштириш ва олинган материаллар сонини кўпайтиришга имкон беради. Ишнинг сифати маҳаллий аҳоли билан суҳбатлар пайтида тўпланган маълумотларнинг қанчалик тўлиқ ва ишончли эканлигига боғлиқдир. Антрополог интервью жараёни жонли, холис ўтказилишини таъминлашга ҳаракат қилиши керак. Маълумот берувчи қанчалик эркин гапирса, у «ўз қалбидан» маълумот беради, унга берилган саволга жавоб доираси билан чекланиб қолмайди, унинг хабарлари аниқ ва тўлиқ бўлади, бу эса уларда олдиндан айтиб бўлмайдиган тафсилотларни ўз ичига олган кўпроқ ва майда кўз илғамас маълумотлардан иборат бўлади.
Табиийки, суҳбат давомида суҳбат осонгина ташқи ва илмий вазифаларингиздан узоқ бўлган мавзуларга ўтиши мумкин. Ва агар сиз бундай оғишларга умуман муносабат қилмасангиз, суҳбат кунлик суҳбатга айланади ва сўровнинг мақсади бажарилмайди. Суҳбатдошни зарур мавзуга эҳтиёткорлик билан қайтариш учун тадқиқотчининг санъати қўл келади. Шунинг учун доимо маълумот берувчига беришингиз керак бўлган саволларни билиш учун сўровнинг тахминий режасини ёдда тутишингиз керак (экспедицияга тайёргарлик кўришда тайёрланган анкеталар бу ишда катта ёрдам беради). Баъзан, аксинча, улар атайлаб суҳбатни асосий мавзудан чалғитишга имкон беришади: бу суҳбатдошга ҳам, суҳбат олиб бораётган шахсга ҳам дам олишга имкон беради. Мавзуларни ўзгартириш суҳбатдошларни бироз енгиллаштиради ва суҳбатдошнинг суҳбатга бўлган қизиқишини қондиради. Антрополог бундай ҳаракатларни қанчалик табиий ва холис қилса, суҳбат шунчалик муваффақиятли бўлади.
Антрополог маълумот берувчилар билан улар тушунадиган тилда гаплаша олиши керак. Агар тадқиқотчи суҳбатдош билан бир этник гуруҳ вакили бўлса ҳам. Маҳаллий лаҳжанинг ўзига хос хусусиятларини билмаслик, маҳаллий аҳоли тушунмайдиган адабий атамалардан фойдаланиб савол бериб қўйиш мумкин. Масалан, Г.Г. Громов фикрига кўра: «Сизларда туника бичиғидаги кўйлаклар кийишганми?» деган саволга, аслида бундай кўйлакнинг тури шу ерда урф бўлган бўлса ҳам, жавоб салбий бўлади1. Тилнинг маҳаллий хусусиятларини ўрганиш экспедицияга тайёргарликнинг муҳим элементларидан биридир. Адабиётда зарур лингвистик материалларнинг етишмаслиги экспедиция пайтида ҳам таъминланиши мумкин. Бошқа тиллар муҳитида ишлашда маҳаллий аҳолининг тилини билиш бу соҳада муваффақиятли ишлашнинг муҳим шартидир. XX асрнинг биринчи ярмида яшаган машҳур рус олими В.Г. Богораз фикрига кўра: «тадқиқотчининг тил билиши унинг таржимон билан ишлашининг ўрнини боса олмайди»2. Шунинг учун тилни олдиндан ўрганиш зарур ҳисобланади. Бироқ, амалда тилни билиш ҳар доим керакли талабларни қондира олмаслиги сабабли, антропологик экспедицияларда кўпинча таржимонларнинг хизматларидан фойдаланадилар. Шуни эсда тутиш керакки, таржимон билан ишлаш муваффақиятли бўлиши учун, у нафақат маҳаллий тилни ва тадқиқотчининг тилини яхши билиши, балки маҳаллий аҳоли томонидан ҳурмат қилиниши ҳам керак. Бундан ташқари, таржимон унинг тасаввуридаги тўғри деб ҳисобланган нарсани эмас, балки аниқ таржима қилиш зарурлигини тушунган етарлича маълумотга эга бўлган малакали кадр бўлиши керак3.
Ҳақиқатни билиш учун суҳбатдошингизга қандай саволлар беришингиз жуда муҳимдир. Шуни эсда тутиш керакки, уларни умумий шаклда бериш яхшироқдир. Ҳар бир тор доирадаги аниқ савол жавобнинг мазмунини олдиндан белгилаб беради ва шу билан антропологни маълумот берувчи эркин ва фаол ҳикояда бериши мумкин бўлган кўплаб қизиқарли тафсилотлардан маҳрум қилади. Фақат маълумот берувчи батафсил жавоб бера олмаган тақдирда, сиз аниқ етакчи саволларни беришингиз мумкин.
Шунга қарамай, уларни шундай шакллантириш керакки, маълумот берувчи шахс танлаш эркинлигига эга бўлиши, яъни саволларда бир нечта мумкин бўлган жавоблар тайёрланиши зарур. Албатта, умумий саволлар мутлақ мавҳум бўлмаслиги кераклигини ёдда тутиш керак. Улар, шунингдек, ўзига хос хусусиятларни ўз ичига олган конкрет мазмунга эга бўлган, у ёки бошқа бир муайян конкрет шахс билан боғлиқ бўлган вазият, маросим ва бошқаларни қамраб олиши керак. Юқорида айтилганларнинг намунаси сифатида эволюционистлар ва диффузионистлар томонидан қариндошлик тизимига оид материаллар йиғиш усуллари тўғрисидаги маълумотларни келтириш мумкин.
Қариндошлик муносабатларига ойдинлик киритиш учун Л.Г. Морган, маълумот берувчига қариндошлик муносабатлари унинг тилида қандай ифодаланганлиги ҳақидаги саволларга жавоб беришни таклиф қилади. Натижада, ушбу тушунчаларнинг Европа ва ҳиндулар тилларида номувофиқлиги туфайли ҳақиқатдан йироқ бўлган манзара пайдо бўлган. Эволюционизмдан диффузионизмга ўтган У. Риверс бошқача иш тутган: аввал у респондентнинг қариндошларининг шажарасини тузган, сўнгра қариндошларнинг унга нисбатан ким бўлганлигини сўраган. Бундай «генеалогик-шажаравий» усул тадқиқот объекти ҳақида янада объектив маълумот берган1.
Суҳбатнинг мазмуни ва тафсилотларини тушунтириш кўпинча иш усулларини намойиш қилиш: нарсаларни текшириш, агар мавжуд бўлса, маросимлар намойиши, ўйинлар, рақс ёки уларнинг элементларини намойиш қилиш, суҳбатдошнинг ўзи чизган эскизлар, қоғоздан ясалган бичимлар ёрдамида осонлаштирилади. Бундай кўргазмали конкретлаштирилган материаллар маълумот берувчининг кайфиятини, ундаги ҳаяжонли ҳиссиётларни оширади.
Катта ёшдаги маҳаллий аҳоли вакиллари (50 дан 80 ёшгача) билан суҳбатда антрополог хронологик жиҳатдан мукаммал бўлган маълумотга эга бўлмаслиги мумкин: чунки психологлар фикрига кўра, фаол хотира тахминан 7-10 ёшдан бошланади. Аммо маълумот берувчи ўтмиш ҳақида гапириб, нафақат эслаган нарсасини, балки ота-онаси ва боболаридан эшитган нарсаларини ҳам етказади.
Шунга кўра, олинган маълумотларнинг хронологик аниқлиги ҳам ортиб боради. Бироқ, кўплаб тафсилотлар ноаниқ бўлиб қолганлиги сабабли, маълумотларнинг аниқлик даражаси бироз пасайиб кетади, аммо шунга қарамай, бундай хабарларни олишнинг бошқа имкони бўлмаганлиги боис, улар кўпинча жуда қадрли ҳисобланади. Ахборот берувчи ўтмиш воқеалари ва далиллари ҳақида гапирганда, маълумотларга алоқадор вақтни аниқроқ аниқлашга ҳаракат қилиш керак. Буни амалга ошириш учун хабардор унинг ҳаётининг қайси йилида унга берилган маълумотни эшитганлигини, шунингдек, бу маълумотни олган одамларнинг ёши ҳақида ҳам ахборотга эга бўлиши керак. Ушбу усул ёрдамида тарихнинг 100-150 йилгача бўлган тубига назар ташлашингиз мумкин.
Суҳбатнинг фаоллиги антропологнинг жавобларга қандай муносабатда бўлишига боғлиқ. Агар тадқиқотчи савол бериш жараёнида суҳбатдоши нима ҳақида гапираётганини жуда яхши билса, маълумотчининг тафсилотларга бўлган қизиқиши кескин камаяди. «Шунинг учун, ҳамма нарса маълумотдан аниқ бўлганда ҳам, бирон бир нарса тушунарсиз эканлигини қайд этувчи ҳолатни кўрсатиш зарур», — таъкидлайди Г.Г. Громов1.
Бундай усул одатда ҳикоячини фаоллаштиради; у янги тафсилотлар, янги маълумотлар келтирган ҳолда масаланинг моҳиятини аниқроқ тушунтиришга ҳаракат қилади. Кўпинча, бундай усул ёрдамида ноёб маълумотларни олиш имконияти пайдо бўлади. Кўпинча, маълумот берувчи билан суҳбат унинг қўшнилари ва меҳмонларининг ҳам эътиборини тортади. Шунда улар суҳбатда фаол иштирок этадилар, бир-бирларини тўлдирадилар ва тузатадилар, баъзан ўзаро баҳслашадилар. Шуни эсда тутиш керакки, агар бундай жамоавий суҳбат ўрганилаётган мавзуни яхшироқ ёритишга имкон берса, этнограф суҳбатнинг умумий йўналишини моҳирона йўналтириб, уни қўллаб-қувватлаши керак. Агар келишмовчилик бўлса, бу ерда ёки кейинроқ бошқа маълумот берувчиларнинг маълумотларини ишлатиб, уларнинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилишингиз мумкин. Аммо, ҳар қандай вазиятда ҳам, тадқиқотчи суҳбат давомида баҳсли томонлардан бирини очиқчасига қабул қилмаслиги керак.
Антропологлар экспедиция давомида бир нечта ёзув асбоб турларидан фойдаланадилар. Улардан энг анъанавийлари қалам ва дафтардир. Бироқ, сўнгги ўн йил ичида, дала материалларини тўплашнинг анъанавий усулини маълумот берувчилар билан суҳбатларнинг аниқроқ ёзилишини таъминлайдиган ёзиб олиш мосламалари сезиларли сиқиб чиқармоқда. Кам вазнли, мустақил қувватга эга бўлган ва сизга юқори сифатли ёзувларни ёзишга имкон берадиган диктофонларнинг пайдо бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бундан ташқари, экспедиция иш амалиётига жараёнларни суратга олиш (киносъёмка) тезкор кириб бормоқда. Бу эса ўз навбатида жуда осон бошқариладиган ва ноқулай бўлмаган видеокамераларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ бўлиб, уларни нафақат профессионал, балки ҳаваскор ҳам ўзлаштириши мумкин. Жонли нутқни дафтарга ёзиш анча қийин масаладир. Шунинг учун респондентнинг сўзларини том маънода эмас, қисқартмалар, одатий белгилар орқали асосий мазмуни қайд этилади. Бундан ташқари, нутқнинг шеваси, маҳаллий атамалар сўзма-сўз ёзилса, бошқа фикрларни эркин талқинда ёзиб олиш мумкин. Ёзиб олиш жараёнида кўплаб қисқартиришлар амалга оширилганлиги сабабли, сўзларни изоҳлаш учун жой қолдириб кетилади.
Матн билан ишлашни суҳбатдан сўнг дарҳол ёки шу куни кечқурун амалга ошириш керак, акс ҳолда баъзи қисқартмаларнинг маъноси ёддан чиқиб кетиши мумкин. Суҳбатни диктофонда ёзиш жараёнида одатда, махсус муаммолар пайдо бўлмайди. Бироқ сиз эсдан чиқармаслигингиз керак бўлган иккита қоида мавжуд: 1) ёзиб олишдан олдин, сиз ёзиб олиш сифатини текширишингиз керак ва 2) диктофонни кузатиб боришингиз ва тасма кассетасини ўз вақтида ўзгартиришни унутмаслигингиз керак. Маълумот берувчилар билан ёзма равишда олиб бориладиган суҳбат жараёнини икки киши амалга оширгани маъқул (бири савол беради, бошқаси ёзиб олади).
Якка тартибда ишлаётганингизда, иккита вазифани бир вақтнинг ўзида қилишингиз керак бўлади, бу эса исталмаган паузаларни келтириб чиқаради ва хабар берувчини чалғитади. Биргаликда ишлашнинг қулайликлари, ҳар бир киши ўз мавзуси бўйича маълумот берувчидан интервью олади, бошқаси эса уларни қайд қилади. Бир неча кунлик ишдан сўнг, жуфтликдаги шериклар бир-бирларини тушунишни бошлайдилар, ҳамкасабаси қаерда тўхташ, саволни такрорлаш каби ҳолатларни тезкор ҳис қилади. Овоз ёзиш воситаси қўлланилганда суҳбатлар пайтида сиз ёлғиз ишлашингиз мумкин. Бироқ, ушбу ёзиб олиш усули билан ҳам, ўзингиз учун ҳам, маълумот берувчи учун ҳам суҳбатни диверсификация қилиш учун биргаликда ишлаш мантиқийдир.
Баъзан дафтарга ёки диктофонга ёзиб олиш жараёни маълумот берувчини довдиратиб қўяди, натижада у саволларга жавоб беришдан бутунлай бош тортади ёки жуда кам ва бепарво гапиради. Бундай ҳолда, сиз сўровни оғзаки ўтказишингиз керак бўлади ва суҳбатдан сўнг хотирадан дарҳол ёзиб қўйилади. Бундай ҳолда, ёзув хотирадан қилинганлигини унутманг. Суҳбатлар таҳлил қилиш сингари, хотирадан ёзишни ҳеч бўлмаганда бир ёки икки кунга кечиктириш мумкин эмас: иккинчи ҳолда, нафақат маълумот берувчининг кўплаб қизиқарли тафсилотлари йўқолади, балки олинган маълумотларнинг бузилиш эҳтимоли ҳам кучаяди. Бундан ташқари, олинган ҳар бир маълумот, қанчалик ишончли кўринмасин, бошқа маълумот берувчиларнинг хабарлари билан текширилиши керак.
Шуни эсда тутиш керакки, олинган маълумотларни бир нечта информаторлар маълумоти асосида текшириш маҳаллий аҳолининг сўровининг мажбурий қисмидир. Албатта, маҳаллий аҳолидан олинган маълумотлар адабий маълумотлар ёки бошқа турдаги дала тадқиқотлари билан тасдиқланиши мумкин. Аммо сиз тадқиқот ўтказган ҳудудни, асосий тўпланган материаллар асосида, иложи борича, синчковлик билан текширмасдан тарк эта олмайсиз. Ва ҳар доим эслаш керак бўлган охирги масала. Халқ билан ишлашда антрополог маълумот берувчиларни ҳурмат қилиши шарт ва агар керак бўлса, қарияларнинг қариндошлари ва дўстлари, шу жумладан, ёш авлод уларнинг билими қадрини камситишга уринишларини эҳтиёткорлик билан бостириши керак1.
Do'stlaringiz bilan baham: |