8-мавзу: МАДАНИЙ АНТРОПОЛОГИЯ ВА ФОЛЬКЛОР
Режа:
Афсона ва маросимлар адабиётнинг вужудга келишидаги бирламчи асос сифатида.
Фольклор жанрларининг бадиий воқеликдаги ўрни ва аҳамияти.
Д.Фрэзернинг «Олтин бошоқ» эртаги ва маданий антропология.
Калит сўзлар: афсона, эртак, фольклор, адабиёт, жанр, бадиий воқелик, халқ оғзаки ижоди, қўшиқ – фольклор.
Халқ оғзаки ижоди намуналари (мақоллар, топишмоқлар, эртаклар, афсоналар)га қараб, хусусан, санъатнинг қадимий шакллари асосида қадимги аждодларимизнинг эътиқоди, ибодат ва топиниши, маданий-ахлоқий қадриятлари ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Халқ доимо ўз тасаввуридаги комил ва мукаммал (жисмоний, ақлий ва маънавий) қаҳрамонлар ҳақида эртак ва афсоналар яратган. Улар нафақат қаҳрамонлар, балки ўз даврининг шахс идеалига айланган. Қадимий ёзма манбалар (аввал тошларда, ғор деворларида, кейин териларда, ёғочда, вақт ўтиши билан шойи ва пахта матоларида, қоғозда) ҳозирги кунга қадар бизга инсоният тафаккуридаги илк маданий фикрларни етказади1.
Масалан, Ҳ.Болтабоев адабиётнинг пайдо бўлиши ҳақидаги фикрларни сўз санъатининг ибтидоси кесимида кўриб чиқади. Унинг фикрига кўра: «Сўз санъати ҳақидаги қарашлар ҳам, табиийки, бадиий адабиёт вужудга келганидан кейин шаклланган, худди ёзма адабиётнинг ибтидоси оғзаки адабиётда учрагани каби адабий-эстетик қарашларнинг ибтидоси ҳам бадиий асарларда учрайди. Бадий адабиёт ҳақидаги дастлабки савол-жавоблар, айрим адабий ҳодисалар ҳақидаги баҳс ёки суҳбатларда туғилганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бундай оғзаки шаклда баён қилинган адабий-назарий қарашлар эса, бизгача ёзма манбалар орқали етиб келганини унутмаслик керак. ...Назарий қарашлар дастлаб тафаккурда шакллангани: ахлоқий нормалар, диний инонч-эътиқод ёки айрим ижтимоий масалалар ҳақидаги қарашларда ҳам кўриш мумкин»1. Суфизм шоирлар ва ислом назариётчилари яратган кўплаб афсона ва ҳикояларда, достон ва эртакларда дунёвий лаззатлардан кечган, аммо кучли, иродали ва худога яқинлиги туфайли қудратли пиру авлиёлар, сахий дарвешу девоналар куйланган.
Инсониятнинг маънавий маданияти билан боғлиқ бўлган тадқиқотлар кўлами «фольклор» атамаси билан изоҳланади. Халқ оммасининг дунёқарашини ифодалаган ўз халқининг воқелигини эстетик идеалларда инъикос этадиган объектив талқиндаги бадиий-образлар (баъзи ҳолларда англанган, баъзи ҳолларда англанмаган) халқ оғзаки ижодидир. Фольклорда гарчи сўз яратилаётган образнинг муҳим элементи бўлишига қарамай, уни доимо ҳам халқ оғзаки ижоди ёки халқ адабиётига боғлаб бўлмайди2. В.Е.Гусев фикрига кўра, фольклор қуйидаги хусусиятлардан иборатдир: «1) бадиий образларнинг турли элементларини узвий алоқадорлиги (сўз санъати, мусиқали, хореографик, мимик) натижасида сўз элементлари секин – аста устувор, асосий бўлиб боради (тўғри, гарчи у «халқ шеъриятидан» тор тушунча бўлишига қарамай сўз асарларининг мустақил соҳаси сифатида фольклорда ажралиб туради); 2) ижодий жараённинг жамоавийлиги, оммавийлигидир. Яъни оммавий ва индивидуал ижод диалектик яхлитликда намоён бўлади; 3) мунтазам равишда янгиланиб турадиган анъаналарнинг ворисийлиги ва узвийлиги; 4) ижро этилаётган асарни эшитиш ва томоша қилиш тасаввури орқали ўзига хос реал воқелик ва турмуш тарзи эканлигини ва ижро даврида ижрочи ва эшитувчи биргаликда иштирок этиши билан белгиланади»1. В.Е.Гусев яна бир нарсага диққат-эътиборини қаратади: «Юқорида қайд этилган мулоҳазалар фольклорнинг ўзига хослигини белгилайди. Фольклор ҳар қандай эмас, махсус ижтимоий мазмунга эгадир. Фольклор халқ оммасининг бадиий тажрибалари, уларнинг онги, тафаккур тарзи ва ҳис-ҳаяжонларини ифодалаш усулидир. Фольклор тарихий шаклланадиган жараён бўлиб, унинг намоён бўлиш ҳолатлари йиғиндиси динамик структурадир»2.
Барча Шарқ халқларида, шу жумладан, ўзбекларда ҳам сўз ва қаттиқ кўз билан боғлиқ сеҳргарлик қадимдан тарқалган ва ҳозиргача ўз кучини сақлаган магия турларидан биридир. Инсон ўзининг сўзлаш иқтидорига, сўзининг сеҳру жоду қудратига доимо ишониб келган. Қадимдан сўз магиясига таянган ўзбеклар ўзини сал нохуш сезадими ёки қоқилиб, сурилиб кетадими, омади бўлмай қоладими ёки бир фожиага йўлиқадими – барчасини у ғайритабиий ҳаракат, ёмон кўз ёки ёмон сўз қудратидан деб билади. Ҳозирга қадар ўзбеклар орасида қўлланилиб келинаётган кинна, бадик, бурей ва аврашлар бевосита сўзнинг сеҳр-жоду қудратига аосланган. Маросим фольклори тўғрисида жиддий тадқиқотлар олиб борган истеъдодли олим Б.Саримсоқов сўзнинг магик қудратига асосланган ўзбек маросимидаги жанрлар ўзида халқнинг қадимий-эътиқодий тасаввурларини, демонологик қарашларини нисбатан тўла акс эттиради, деб ҳақли равишда қайд қилади. Унинг фикрича, ўзбек сўз магияси жанрлари у ёки бу жойдаги ўзига хос анъана ва хусусиятига эга бўлса-да, ягона мақсадга йўналтирганлиги, ягона мавзуга эгалиги алоҳида ажралиб туради. Олқиш, қарғиш каби жанрларда сўз қудрати воситасида кишиларга ё яхшилик, ё ёмонлик тилаш мотивлари устун туради, яъни етакчилик қилади1. Ш.Мадаева ҳақли таъкидлаганидек: «Ҳозирги кунда ижтимоий антропологиянинг алоҳида муҳим тармоғи бўлган социолингвистика ўз муаммоларини ҳал қилишда фақат тил назарияси ва қоидаларинигина эмас, эмпирик методларни ҳам тақазо этади»2. Зеро, маросим, ибодат, урф-одатлар генезиси ва тараққиёт динамикаси, айнан маросимларнинг халқ оғзаки ижодида илк намоён бўлиши билан белгиланади. Эмпирик методлар ва дала тадқиқотлари айнан фольклор жанрининг сўз, тил, афсона, адабиёт динамикасини объектив англашга имконият яратади. Социолингвистика фақат филология соҳасига тегишли фан тармоғи бўлиб қолмай, у социологик, фалсафий, этнографик, этнологик таълимотлар синтезида амал қилади. Бу ҳолат эса ушбу фанга дициплиналараро ёндашувни ва мураккаб методлар бўлган структурализм, герменевтика, компаративистика билан ишлаш заруратини туғдиради. Юртимизда адабиёт, лингвистика соҳаларида мавжуд бўлган илмий муаммоларни ҳал этиш механизмлари ушбу мураккаб фан соҳасида ишлашни орқага суриб келмоқда. Ушбу тадқиқот эса бу соҳадаги кичик бир уриниш бўлиб, унда эпистемиологик, эмпирик тамойилларга суянган ҳолда тарихий маълумотлар ҳамда оғзаки тарих усулида олинган интервьюларга асосланилди1. Ҳар қандай ёзма ёдгорликлар жуда кўп миқдордаги урушлар ички ва ташқи келишмовчиликлар орқали йўқ бўлиб кетган. Фақат тошгагина қолдирилган битиклар абадий сақланиши мумкин эди. Шу билан бирга бу битикларнинг характери ифода хусусиятида аввалдан мавжуд бўлган қаҳрамонлик тили, филологлар тилида қаҳрамонлик эпослари руҳида ёзилган. Шунинг учун ҳам ҳозирда ўзбек халқ оғзаки ижоди туркумида ўттиз саккиз томдан иборат фольклор материалларининг мавжудлиги ўзбек халқининг қадимги тарихида қаҳрамонлик эпослари турли кўринишда, юксак бадиий маҳоратда яратилганини ва кўпроқ ёзма кўринишда эмас, халқ хотирасида мавжудлиги шу нарсанинг далилидир. Фольклоршунослик илмида қаҳрамонлик қўшиқлари ва достонларига эга бўлган ҳудудда албатта тарихда халқ бўлиб шаклланиш ва давлатчилик асослари аниқ кўзга ташланади, деган аксиома мавжуд2.
Ўзбек адабиётининг тарихий илдизи аждодларимиз яратган ёзув ва халқ оғзаки ижоди намуналари билан боғлиқ. Бизгача етиб келган ўзбек халқининг этногенезида иштирок қилган туркий қабилаларнинг энг қадимий ёзувлари VI асрларга, бадиий асарлар намунаси эса XI асрларга оид бўлса-да, фан ҳали ечиб улгурмаган муаммолар ичида антик замон маънавий меросимиз, ўша даврда ёзма асарлар ва халқ оғзаки ижоди намуналари ўз тадқиқотларини кутмоқда.
Буюк адабий танқидчи В.Г.Белинский таърифлаганидек, «халқ поэзияси унинг тарихи билан узвий боғлиқдир; поэзияда ҳам, тарихда ҳам халқнинг сирли руҳияти мужассамланган, шу сабабли унинг тарихини поэзия билан, поэзиясини эса тарихи билан тушунтириш мумкин». Чунки фольклор халқ маънавий маданиятининг муайян қисми ҳамда унинг жамоа психикаси ва дунёқараши сифатида тарихий воқеликни халқнинг эстетик идеаллари таъсирида бадиий образлар орқали ифодалайди1. Зеро, Исо Жабборов таъкидлаганидек: «Жамиятнинг кейинги ўтиш давридаги ривожида диний образлар парчаланиб ва мураккаблашиб мифологияда ўз ифодасини топади. Мифологияда бир томонда, руҳлар ва худолар тўғрисидаги тасаввурлар ва уларга сиғиниш тизими пайдо бўлса, иккинчидан – оғзаки ижод, достон ва ривоятлар шаклида фольклор юзага келади. Айниқса, ўрта осиёликларнинг оғзаки поэтик ижодида нафақат мифология эволюциясини кузатиш, балки уларнинг диний онгидаги энг архаик қадимий элементларини аниқлаш мумкин»2.
Тарихий манбалар ҳам ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшовчи элатлар милоддан аввалги V—VI асрларда бой оғзаки поэтик ижодга эга эканлиги тўғрисида хабар беради. Бундай маълумотларнинг Ўрта осиё халқлари, шу жумладан, ўзбек халқи оғзаки ижоди яратган баъзи асарларда акс садоси эшитилади. Масалан, ўзбек достонларида қадимги сак-массагет қабилалари эпосидаги баъзи элементлар сақланган. «Ойсулув» номли ўзбек достонининг сюжети милоддан аввалги VI асрда рўй берган Эрон истилочиларига бош бўлган шоҳ Кирга қарши массагетлар қаҳрамони Тўмариснинг курашини эслатади. 1928 йили атоқли халқ шоири Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олинган «Роҳия ва Суҳонгул» номли ўзбек достонида ҳам Тўмарис тўғрисидаги ривоятларнинг айрим кўринишлари келтирилган. Зеро, Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: «Маълумки, Ватанимиз неча юз йиллар мобайнида буюк цивилизация ва маданият марказларидан бири бўлган. Қадимдан диёримизда халимиз билан бирга турли миллат вакиллари елкадош, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, тинч ва осойишта муҳитда яшаб келадилар. Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсати туфайли ҳозирги кунда юртимизда ягона оила бўлиб яшаётган миллат ва элат вакилларига ўз она тили, урф-одат ва қадриятларини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилмоқда»1.
Ўзбек фольклоршунослари ёзиб олган айрим достонларда Каспий денгизидан Сирдарёгача бўлган катта ҳудудни эгаллаган мамлакатнинг ҳокими Зариандра ва унинг сак подшосининг қизи Оботидага севгиси тўғрисида милетлик Харес ёзиб олган сак эпоси ҳам ўз аксини топган. Авестанинг сатрларида тасвирланган мамлакатни вайрон қилган даҳшатли дев Ажидахака билан муқаддас китоб қаҳрамонининг кураш кўринишлари ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларида ҳам кўп учрайди. Ўзбек эпосига ўзининг чексиз жасурлиги ва буюк олижаноблиги билан халқ онгига сингиб кетган Рустам образи сак ривоятларидан ўтган бўлса, ажаб эмас. Атоқли шарқшунос олим В.В.Бартольд тадқиқотлари шуни кўрсатадики, «Шоҳнома»нинг муаллифи Фирдавсий ўзининг бу ўлмас асарини яратишда суғдлар ва саклар яшаган Чоч (Тошкент)да истиқомат қилувчи бир деҳқон сўзлаб берган материаллардан фойдаланган. Кўпгина ўзбек достонларининг қадимги илдизларини, масалан, «Ширин ва Шакар»даги сюжет ўз ватанини тарк этиб, бир қанча қаҳрамонликлар кўрсатиб мусофирликда ўлиб кетган Сиёвуш образи тасвирланган афсоналардан топиш мумкин. Х асрда яшаган тарихчи олим Наршахий ўрта асрларда Бухорода Сиёвушга бағишланган ашулалар бўлганлигини қайд этади2.
Сиёвуш образининг Турон афсонавий қаҳрамони Афросиёб образига жуда яқинлиги ҳам тасодифий эмас. Ўзбек фольклорида машҳур бўлган Афросиёб тўғрисидаги (уни яна Алп Артунг деб ҳам аташган) ривоятлар XI асрга оид туркий тиллардаги манбаларда учрайди. У тўғридаги маълумотлар атоқли тилшунос Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит турк» ва Юсуф хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик» асарларида сақланган. Мазкур қадимий асарларда ўзбек халқининг маиший турмуши ва маданияти хусусиятлари, унинг асрий ўй-фикрлари ва орзу-умидлари, юксак умуминсоний қадриятлари ва миллий ҳис-туйғулари акс эттирилган. Ана шундай асарлардан бири ажойиб тарихий достон «Алпомиш» ҳам ўзбек халқининг буюк жасорати ва истеъдодини, инсоний фазилатлари ва қадриятларини ифодаловчи ўлмас асарлардан биридир.
Ўзбек фольклори ниҳоятда бой ва турли жанрларга эга. Барча жанрларда халқимизнинг маиший турмуши ва кўп қиррали маданияти, унинг одамгарчилик хосияти ва эзгу ниятлари, озодлик, эркинлик, биродарлик, ватанпарварлик ғоялари, эзгулик билан ёвузлик орасидаги муросасиз кураш, олий инсонпарварлик ва душманга чексиз нафрат каби олижаноб фазилатлар куйланади. Халқ орасида кенг тарқалган Насриддин Афанди ва бошқа латифалар, мақол ва масаллар, сатирик ва кулги афоризмлари ўзбекларнинг жамиятдаги ижтимоий, сиёсий, ахлоқий ва ғоявий ҳодисаларга бефарқ бўлмасдан ўз муносабатларини билдирадиган ажойиб оғзаки ижод намуналаридир.
Халқ орасида энг кенг тарқалган ва севимли жанрлардан бири эпик асарлар – достонлар бўлиб, улар бизнинг давримизгача узоқ ўтмиш замонлардан оғзаки поэзия анъаналари туфайли етиб келган. Достонларни авайлаб сақлаб келган ва зўр санъат билан ижро этувчи шоирлар ёки бахшилар асли, меҳнаткаш аҳоли орасидан чиққан деҳқонлар ва чўпонлардир. Улар, табиийки, меҳнаткаш халқнинг ўй-фикрлари ва орзу ниятларини зўр маҳорат билан ифодалаб келганлар. Ҳозирги ўзбек халқ шоирлари гўзал ва бой эпик меросимизни ота-боболардан ўрганиб, уларни сақлабгина қолмай, балки давр талабига ҳамоҳанг бўлиб ўзларининг жўшқин ижодларида импровизация қилувчи истеъдодли ажойиб куйчилар ҳамдир.
Ўтмишда халқимизнинг маиший турмуши ва ижтимоий ҳаёти жуда кенг тарқалган оғзаки ижод жанри – халқ қўшиқларида ҳаяжонли ва жўшқин тасвирланган. Уларда инсоннинг юксак туйғулари, пок севги, садоқатлилик, дўстлик каби фазилатлари билан бирга оғир турмуш, ижтимоий аҳволи, жабр-зулмлар, бевафолик, тушкунлик, алам-ситамлари қайғули равишда куйланади. Халқимизнинг адолат ва ҳақиқат йўлидаги ижобий ўй-фикрлари ва тинимсиз курашлари латифа ва достонларда, эртак ва ашулаларда зўр маҳорат билан ифода этилган. Масалан, адолатни фош қилувчи афанди латифалари, ижтимоий моҳиятли афсона ва эртаклар, «Алпомиш», «Гўрўғли», «Шоҳсанам» каби ўнлаб достонлардаги барча ёвузликларни ва иллатларни енгиб, устун чиқувчи, буюк инсоний фазилатларни куйловчи мотивлар, нафратли сарқитлар ва риёкорликларни фош қилиб, инсон ғурурини кўтарувчи ғоялар ҳозиргача халқимизнинг диққатини ўзига жалб қилади.
Ўзбек адабиётининг шаклланиши қадимий аждодларимиз яратган ёзув обидалари билан боғлиқ. Бизгача етиб келган турк қабилалари тилидаги энг қадимий ёзув обидалари VI—VIII асрларга, адабий асарлар XI асрга оиддир. Ўша даврдаги адабий йўналишлардан энг асосийси бизгача қисман етиб келган намуналардан Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикмат», Сулаймон Боқирғонийнинг «Охирги замон» диний-мистик асарлари диққатга сазовордир. Шу билан бирга дунёвий йўналишга эга бўлган Алининг «Севги қиссаси» ва Дурбекнинг «Юсуф ва Зулайҳо» достони дунёвий мавзуларни бойитган1.
Ўзбек халқ ижодининг энг қадимий ва барқарор жанрларидан бири маросим фольклоридир. Масалан, Исо Жабборов ўзбеклар ва бошқа Ўрта Осиё халқлари табиий, яъни ёмғир сувлари билан суғориладиган экинларни лалми (қайроқи) деб номлаган дейди. Бундай деҳқончилик ёғингарчилик бўлмаган ойларда хавф остида қолган. Шунинг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган махсус маросимлардан «суст хотин», «сув хотин», «чала хотин» каби ёмғир чақириш удумлари кенг тарқалган. Маросим махсус белгиланган кун ва вақтда ўтказилган. Маросимнинг биринчи босқичи ташкилий ишлардан бошланган, унга эпчил ва уддабурон шахслардан ташкилотчи мутасадди тайинланган. У маросим учун керак бўлган нарсаларни тайёрлаган. Бундай нарсалар, масалан, лақай ўзбекларида битта бўш қовоқ, иккита қамиш найча, иккита тошбақа, битта эшак ва хайр-садақа солиш учун битта хуржундан иборат бўлган. Энг муҳим нарса шуки, ёғочдан қўриқчи шаклидаги қўғирчоқ ясалиб, у полиз экинлари ўртасига қўйилган ва қари аёлнинг кўйлаги кийгизилган. Ва сўнгра маросим ўтказилган. Шуни қайд этиш лозимки, «суст хотин» маросими ўзининг иштирокчилари, таркиби, жинси ва ёшига, айрим элементларига қараб, ҳар бир вилоятда ҳар хил бўлган2.
Маросимнинг анча кенг тарқалган хили Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган. Чунки бу ерларда лалмикор экинлар кўп экилади. Маросим белгиланган кун ва вақтда ўн-ўн беш аёл махсус ясалган қўғирчоққа қари аёлнинг кўйлагини кийдириб, бир аёл уни кўтариб олади, қолганлари унинг ортидан эргашиб, қишлоқ ёки маҳалладаги хонадонларга «суст хотин» қўшиғини нақарот билан айтиб бирма-бир кириб чиқади. Уй эгаси уларни хурсандчилик билан қаршилаб, қўғирчоқ устидан сув сепади ва имкониятига қараб хайр-эҳсонлар қилади. Айтиладиган қўшиқда деҳқон сепган бўғдойнинг мўл ҳосил бериши, хонадонларга хурсандчилик келтириши, эл-юртга тўкинчилик ва қут-барака бериши таъкидланади, энг муҳими, ёмғир ҳадя этиш «суст хотин»дан илтижо қилинади:
Ҳосиллар мўл бўлсин, суст хотин,
Деҳқоннинг уйи тўлсин, суст хотин.
Ёмғирларни ёғдирган, суст хотин,
Ёмоннинг уйи куйсин, суст хотин...
Осмондан томчи ташлаб, суст хотин,
Элу юртни тўйдиргин, суст хотин1 .
Ёмғир чақириш маросимининг Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларидаги ўзига хос маҳаллий хилларидан бири ижро этилган «чала хотин» қўшиғи билан маълум. Бунда ҳам ёғочдан ясалган аёл қўғирчоқ қишлоқ бўйлаб уйма-уй айлантирилиб хайр-садақа йиғилади. Унинг орқасидан беш-олти бола хуржун кўтариб юради. Болалар хонадонларга кириб қўғирчоқни айлантириб, ёмғир ёғишини Тангридан тилаб, «чала хотин» қўшиғини куйлайдилар:
Айланади чала хотин,
Ўргилади чала хотин.
Онамнинг тўнғичиман,
Қозоннинг қирғичиман,
Ёмғирнинг ёғгичиман,
Худо берса, оби раҳмат ёғаверсин.
Айланади чала хотин,
Ўргилади чала хотин.
Маросим охирида жамғарилган нарсалар ҳисобига унинг иштирокчилари бутун қишлоқ ёки маҳалла аҳолисига ис чиқаради. Одатда, ис чиқариш қишлоқнинг гузарида ёки сўлим жойларидан бирида ўтказилган1.
Қуйидаги хавола ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети «Фалсафа ва мантиқ» кафедрасининг магистри (2020—2021) Сейтмуратов Нурлан Аманбай ўғлининг «Замонавий қорақалпоқ урф-одатлари контекстида зардуштийлик анъаналарининг трансформацияси» мавзусидаги магистрлик диссертациясидан олинган. Ўтмишда халқимизнинг маиший турмуши ва ижтимоий ҳаёти жуда кенг тарқалган оғзаки ижод жанри — халқ қўшиқларида ҳаяжонли ва жўшқин тасвирланган. Уларда инсоннинг юксак туйғулари, пок севги, садоқатлилик, дўстлик каби фазилатлари билан бирга оғир ижтимоий аҳволи, жабр-зулмлар, бевафолик, тушкунлик, алам-ситамлари қайғули равишда куйланади 2.
Ана шундай қадимий расм-русумлардан бири она алласи билан боғлиқ бўлган, қорақалпоқ халқининг фольклор анъаналарида мустаҳкам ўрин эгаллаган болани бешикка бойлаш ёки бешик куйи ҳақидаги маросим фольклоридир. Этногроф И.Жабборовнинг фикрига кўра: «Оилавий-маиший маросим фольклори этнографик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Бунга кирадиган маросимлар вазифаси ва мазмуни бўйича бир неча хилга бўлинади: ... б) болаларнинг бешикдаги даври билан боғлиқ – бешикка солиш, чилла қочириш каби удумлар фольклори»3. Бешик куйлари ёки она алласининг бола тарбиясида жуда теран аҳамияти борлиги ҳақида Марказий Осиёнинг машҳур олими Абу Али ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» асарида болани туғилганидан бошлаб ўз оёғида юриб кетгунга қадар қилинадиган ишлари, унинг фойдаси ҳақида шундай дейди: «Гўдакнинг тилагини қаноатлантириш ва ривожлантириш учун унга икки нарсани қўллаш керак. Биринчидан: болани оҳиста тебратиш. Иккинчидан: ухлатиш учун анъанага айланиб кетган мусиқий оҳанг билан алла айтиш. Шу иккаласини қабул қилиш миқдорига қараб гўдакнинг жисми ва жисмоний тарбияси ҳам руҳи мусиқага бўлган қобилиятини пайдо қилади»1. Демак, бу иқтибос орқали, биз бешик куйлари узоқ тарихий негизга эга эканлигига гувоҳ бўламиз. Масалан: Вашингтон Ирвингнинг «Жизнь Мухаммеда» ёки машҳур қорақалпоқ шоири И.Юсуповнинг қорақалпоқ тилига таржима қилинган «Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаёти» номли китобида қуйидаги фикрлар билдирилган: «Муҳаммад дунёга келгандан кейин чақалоқнинг тоғаси Абдул Муталлиб етти кун давомида Курраи заминнинг уруғ бошлиқларини чақиртириб тўй бериб, бутун элимизнинг келажакдаги машҳур инсони туғилди деб уларга таништиради ва чақалоққа ният қилиб Муҳаммад деб исм қўяди». Ёки китобнинг яна бир саҳифасида чақалоқни эмизган онаси Халима бу гўдакдаги ўзига ҳос бўлган кароматлари тўғрисида айтиб ўтган2. Бу сўзлар бешик куйи ёки алла бўлиши мумкин.
Ҳар бир она ўз фарзандини вояга етказгунча қанча қийинчиликларни бошидан кечиради, тун уйқусини тўрт бўлиб ўзининг ички туйғуларидан чиққан қўшиғини боласига бағишлайди. Она алласида олам зиёси, борлиқ ҳаёти, кишилик меҳри қалқиб туради. Она алласи орқали ўз зурриётига бўлган меҳрини, эзгу-мақсадларини, орзу-умидларини жойлайди. Дарвоқе, чақалоқни бешикка ётқизиб, ухлатиш учун айтиладиган куйлар алла ёки бешик куйи деб аталади. Бешик куйлари халққа манзур бўлган куй оҳангида айтиладиган қалб қўрини жо айлаган, махсус ижрони талаб этмайдиган, абадият қўшиғидир.
Она алласи билан ўз фарзандига ақлли бўлиш, тартибли, шерюрак, Ватанга содиқ, камоли бепоён бўлишини уқтиради. Қорақалпоқ элимизда бешик аллаларининг ўғил ва қиз болаларга алоҳида айтиладиган куйлари бор. Масалан:
Айналайын аппағым,
Қозы жунли қалпағым,
Қозым мениң гул болғай,
Жийнағаным той болғай,
Тойым-тойға уласқай,
Дәўлет келип орнасқай1,
деб, адабиётнинг ҳозирги бадиий усуллари билан «қулуним», «қўзим», «қалпоғим» каби сўзлар билан ўғил болага тавсиф бериладиган бўлса,
Айнанайын аппағым,
Гүл ишинде жапырағым,
Қызым мениң гүл болғай,
Жийнағаным той болғай,
Сүт үстинде қаймағым,
Аш болғанда азығым,
Шөллегенде суўсыным2,
дея, «оппоғим», «япроғим», «гулим», «қаймоғим», «сувсиним» ва шу каби образли бадиий усуллар билан қиз боланинг келажагини кўз олдимизга тасвирлаб берадилар. Бешик куйининг ҳар бир қаторининг бошида ё охирида ёки икки қатордан сўнг «ҳәййиў», «ҳаййа» сўзлари қўлланилади. Бу ҳаяжонли сўзлар орқали бола тинч ва осуда ором олади, қўшиқ оҳанглари билан бола тез уйқуга кетади. Бу симбиозда она меҳри ва ҳаяжонли нозик туйғулар барқ уради. Алла қўшиқларида онанинг тилаги, мурожаати, бахтли турмуши «ўғил боланинг» уй-жойли, қиз боланинг эса гўзал, чиройли, ўз тенгига, севгани билан бахтли бўлиши ният қилинади.
Бешик куйларида бутун дунё, инсоният келажаги, ҳаёти, ажойиб ва гўзал табиат кўриниши, еримизнинг географик пейзажи тасвирланишида ҳам теран фалсафий маъно бор. Қадимий анъаналаримиздан маълумки, чақалоқ туғилгандан кейин уй эгаси боласини бешикка ётқизиш маросимини ўтказади. Бу тадбирда яқин қариндошлар, қўни-қўшнилар мезбон уйида меҳмон бўладилар. Болани бешикка ётқизишдан аввал оиланинг энг мартабали ва эпчил ёши катта момоси гўдакни тузли сувда чўмилтиради. Оппоқ йўргакларга ўраб, бешикка боғлайди. Бу маросим чилла деб аталади ва қирқ кунгача давом этади. И.Жабборов таъкидлаганидек: «... бола туғилиши билан унга кўйлак кийгизиш одатига биноан юмшоқ матодан кипта, кўйлакча, куртача тайёрланган. Бундай кўйлакни етти уйдан тўпланган матодан тикиб боланинг чилласи чиққунча кийгизиш шарт бўлган. Шунинг учун унга чилла кўйлак деб ном берилган. Болага кўз тегмасин, мард бўлсин деган ирим билан кўйлакни итга ёки қайроқтошга суркаганлар (ит кўйлак, қайроқ кўйлак шундан келиб чиққан)»1.
Барча удумлардан кўзланган мақсад: бола танасининг тўғри ривожланишига асос солиш, иккинчидан руҳий жиҳатдан ривожланишига катта таъсир қилишдан иборат бўлган. Бизнинг ҳозирги кунда қўлланиладиган «тузинг йўқ» деган сўзнинг маъноси ҳам шундан қолган бўлса керак. Болани бешикка ётқизишдан олдин ташкилий ишлар олиб борилади. Жумладан, бешик ичидаги ёстиқ остига пиёз, қалампир, пичоқ қўядилар. Душманингга пиёздай, қалампирдек аччиқ бўлсин, пичоқдек ўткир бўлсин дейишса, оёқ томонига ойна қўйиб, ойнадек ҳаёти ёрқин бўлсин, юзи очиқ ойнадек гўзал бўлсин, қайра тош қўйиб боши тошдан бўлсин, нон бошида турсин, нондек азиз бўлсин, кўзи ўткир бўлсин, душмандан йироқ бўлсин, олтин бешикка кирсин деб қўшиқ айтадилар.
Маросимчилар хонадон эгасидан етти хил буюм ва турли кийимлар оладилар. Шулардан учтаси ёқали кийим, қолганлари эса кўрпа, кўрпача ва шу уйга тегишли бўлган бошқа буюмлардир. Етти хил буюмни бешикда ётган боланинг устига ёпадилар ва бешикка отнинг жўясини боғлайдилар. Бундан мақсад: Юздан югурак, мингдан тулпор бўлсин деб ният қилишган. Шундан сўнг «Қум сотаман», энаси аравамни ҳайдайман, оласанми?, деб бешикнинг устига миниб чопадиган бўлган ва: Қани одамлар, мард бўлсангиз, Болани сотиб олинглар,» – деб қўшиқ айтишган:
Қум сатаман, ким алады,
Қандай сарпай жабады,
Кеўлимди қандай табады,
Ямаса уятқа қалады.
Ёки бошқа варианти:
Ер болсаңлар адамлар,
Баланы сатып алыңлар,
Шамаларың келмесе,
Жолларыңнан қалмаңлар1,
деган сўзлар билан халқ оғзаки ижоди намунаси сифатида, баъзи ҳолларда сўзлар мусиқанинг қофиясига, бадиий хусусиятига мос келмаса-да, лекин умумий кайфиятда, ўйин-завқ учун айтилган. Туғилган боланинг ота-онаси ва бошқа яқин қариндошлари, тахминан 7-8 киши болани бешикка бойлаган момодан уни сотиб оладилар. Сўнгра момо она-боланинг устидаги кийим-кечакларини уй эгасига қайтариб бериб, болани бешикда қолдириб ва уни келажакда халқига содиқ, муносиб фарзанд бўлсин дея тилаклар билдиришган:
Жорытқанда жолың болсын,
Қыдыр ата жолдасың болсы
Қырық шилтерлер жылаўыңда болсын,
От, жала, суў бәлесинен сақласын, қудайым1,
деб, оқ фотиҳа бериб якунланган.
Бу қорақалпоқ халқининг азалий даврлардан миллий онг компонентларида чуқур ўрин эгаллаган, урф-одат, анъана ва қадриятлари билан боғлиқ удумлари бўлиб, ислом динида деярли учрамайди, бу расм-русумлар элимизнинг ислом динидан аввалги топинишларининг кўриниши бўлиб, ҳозирги кунда миллий ва диний анъаналарнинг трансформациясидан далолат беради. Демак, қорақалпоқ фольклорининг бешик куйлари, она алласи тарихи ислом дини кириб келишидан анча илгари мавжуд бўлганлигини инобатга олиш мумкин.
Миллий фольклор ва этнографик тадқиқотлар, романлар, шеър ва қўшиқлар захирасида она ва бола мавзуси, тадқиқотлари ҳозирги кунга қадар долзарб ҳисобланади. Миллий онг структурасида мустаҳкам стереотиплар сифатида ҳам анъанавий, ҳам замонавий тус олаётган она алласи энг яхши маънавий ва ижтимоий тарбия воситасидир. Машҳур ёзувчи, шоирларнинг оналар ҳақида ёзишдан мақсади она образини яратиш бўлса, унинг «дунёда умр бўйи қарздор бир одам бўлса, у ҳам бўлса оналардир» деган пурмаъно сўзларини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. «Барча замонларда ҳар бир жамиятнинг бош омили дунёдаги энг олий мавжудот бўлмиш инсон ҳисобланган. Инсон моҳияти жамият моҳияти билан боғлиқ шахс камолининг асосий манбаи жамиятда, у фаолият кўрсатаётган ижтимоий муносабатлар тизимидадир»2.
Зеро, шундай экан, адабий, бадиий асарлар, халқ оғзаки ижоди, достонлардаги ижтимоий муносабатларнинг олий ўзаги оила ва фарзандлар тарбияси ҳақидаги фикрларнинг мазмун ва моҳиятини авлодларга сингдириш долзарб масалалар қаторидан ўрин эгаллаган. Чунки уларнинг негизида халқ, миллат, элат фарзандларининг дунёқарашининг кенг, одоб-икромли, гўзал, билимли қилишга оид чуқур фалсафий фикрлар эгаллагани эътиборга лойиқдир1.
Масалан, антик файласуфларнинг фольклор жанрига нисбатан муносабати жуда мураккаб ва зиддиятли бўлган, деб таъкидлайди В.Е.Гусев2. Гарчи юнон фольклори ҳам қадимги юнонларнинг халқ санъатининг негизида пайдо бўлган бўлса-да, антик давр алломалари бу ворисийликни назарий англай олмаганлар. Жумладан, фольклорни профессионал санъат туридан ажратувчи ўзига хос жиҳатларини илмий асослай олмаганлар. Кўп ҳолларда қадимги юнонларнинг халқ ижоди ва усталар санъати бир ҳодиса сифатида қабул қилинган. Яна бир нарсага эътиборни қаратиш зарурки, масалан, антик эстетикада мусиқа ва шеърият (поэзия) тушунчаларини жиддий ажратмаганлар, зеро, «мусиқа», ёки «мусиқа санъати» нафақат чолғу мусиқасини, балки қўшиқ куйлаш ва хореграфияни (рақс) англатган. Қадимги юноннинг кўпчилик мутафаккирлари халқ анъанасидан пайдо бўлган ва санъатда намоён бўлган ғоя ва тасаввурларни ёлғон эканлигини қатъий исботлашга уринганлар. Кўпгина асотирий ва эпик образлар ва ҳолатлар уларнинг наздида мавжуд беҳудалик сифатида кўрилган3.
Ж.Фрэзернинг «Олтин бошоқ» – «Золотая ветвь» (1890) асарида энг муҳим тадқиқот предмети дунё халқларининг архаик эътиқодининг энг қадимги қатламини ўрганишдан иборат бўлган. Унинг китобида «йиртқичлар»нинг экзотик эътиқоди ва маросимлари, Европа халқларининг этник динлари мифологияси, Мисрнинг қадимги политеистик тизимлари тўғрисида маълумотлар тизимлаштирилган. Олим қадимги Юнонистон худоларининг ҳам ўз изланишлари кўламига киритган. Бу бетартиб ва ҳақиқатан ҳам хилма-хил эътиқод ва маросимларда худолар ва ўзига хос маросимларнинг эволюцияси ғояси ётади. Фразер қадимги эътиқод шаклларининг ривожланган динларга ўтишини намойиш этиш билан бир қаторда, диний урф-одатларнинг тарихий давомийлигини таъкидлаб, турли халқлар орасида авваллари бўлган ва ҳозирда мавжуд бўлган (масалан, оловда юриш, қуёшга тик боқиш ва ерга тегишни тақиқлаш) каби экзотик маросимлар ва афсоналарнинг типологик ўхшашлигини ҳам кўрсатади.
Фрэзер бутун ҳаётини турли халқлар орасида тарқалган сеҳрли ва диний эътиқодларни қиёсий ўрганишга ва уларнинг типологик ранг-баранглигини англашга бағишлаган, десак муболаға бўлмайди. Ушбу ғоялар, Фрэзернинг «Боқийлик ва ўликларнинг динига ишониш» – «Вера в бессмертие и культ умерших» (1911-1912); «Эски Аҳддаги фольклор» — «Фольклор в Ветхом завете» (1918-1919); «Табиат култи» — «Культ природы» (1926); «Оловнинг пайдо бўлиши ҳақидаги афсоналар» — «Мифы о происхождении огня» (1930); «Содда космогонияда яратилиш ва эволюция» — «Творение и эволюция в примитивных космогониях» (1935) ва бошқа асарларда ўз ифодасини топган.
«Олтин бошоқ»нинг биринчи нашри ва 1930 йиллардаги Фрэзернинг сўнгги асарлари орасида бутун бир тарихий давр ўтади. Шунга қарамай, «Олтин бошоқ»да келтирилган кўплаб саволлар Фрэзернинг ўзи ва бошқа антропологларнинг, масалан, Б.Малиновскийнинг кейинги тадқиқотларига ҳам катта туртки бўлган. Фрэзернинг сеҳр, дин ва илм-фан ҳақидаги мулоҳазалари XXI асрда ҳам бизни ўйлантиради. Бу тушунарли, чунки Тайлор сингари, Фрэзер ҳам жавобларини ҳар бир янги авлод тадқиқотчилари қидирадиган ва ўйлантирадиган «абадий» саволларни қўйган. Келинг, аввал, сеҳр, дин ва фан ўртасидаги боғлиқликни кўриб чиқиб, аввал Ж. Фрэзер таклиф этган таърифларга мурожаат қилайлик. Фрэзернинг дин ва афсонанинг моҳиятига нисбатан қарашлари Тайлорникига нисбатан бошқа нуқтаи назарга эга. У ушбу икки турдаги маданий ҳодисаларни инсоннинг фаоллиги ва сустлиги, шунингдек, унинг ҳаракатларининг мазмуни ва йўналиши билан боғлиқ равишда ажратади. Фрэзер ўз асарида фанни афсоналар билан яқинлаштиради ва уни табиий-илмий билимларнинг пешқадами деб ҳисоблайди. У афсонани динга қарши қўяди, лекин шу билан бир қаторда, у аниқ тарихий шароитда ушбу икки маданий ҳодисанинг ўхшашлиги ва ўзаро таъсирини инкор этмайди. Фрэзер сеҳр динга замин яратганини тан олса-да, лекин бу ғоя у учун асосий ҳисобланмайди. «Олтин бошоқ»нинг муаллифи учун асосий нарса сеҳр ва дин ўртасидаги жиддий фарқ ва ўхшашликларни кўрсатишдан иборатдир. Бунда Фрэзер Тайлорга нисбатан бошқача позицияда туради. Тайлор учун сеҳр ва эскилик қолдиқлари нодонликнинг қалқони бўлиб, фанга зиддир. Аслида, Тайлор ҳам дин пайдо бўлишидан олдин сеҳр (магия) борлигини инкор этмайди. Аммо унинг бошланғич нуқтаси сифатида у эрта диний эътиқоднинг ўзига хос хусусиятини олади ва уни «диннинг минимал даражаси» деб белгилайди.
Антропологик диний тадқиқотлар асл тафаккур шаклларини қайта қуриш контекстида динни кўриб чиқиш билан бир қаторда, бошланғич эътиқодларни тушуниш учун ҳиссий-ихтиёрий тамойиллардан фойдаланиш истагини ҳам ўз ичига олди. Эрта диний эътиқодларни, инсоннинг ҳиссий ва психологик ҳолатини ўрганиш, дин ва сеҳрнинг эволюцион босқичлари омад ва куч олиб келадиган баъзи бир шахсга ишониш билан тўлдирилди.
Архаик эътиқодларнинг табиати ва ривожланишига тегишли қарашлар Р.Маретт (1866—1943) томонидан ҳам шакллантирган. У сеҳрни (динни) ривожлантириш учун дастлабки туртки биринчи одамларнинг ҳиссий жиҳатдан ранг-баранг ҳаракатлари деб тахмин қилди. 1899 йилда «Фольклор» журналида чоп этилган Мареттнинг «Анимиздан аввалги дин» — «Преанимистическая религия» мақоласида «Ваҳшиёна дин хаёлга келганлиги сабабли у шунчаки ихтиро қилинмаган», деган фикрлар учрайди. Унинг кейинги изланишлари, унинг «ҳиссий», дин ва сеҳрга нисбатан фаолиятга йўналтирилган ёндашув концепциялари Тайлор ва Фрэзер назарияларини танқидий таҳлил қилиш учун асос бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |