А.Ф.ЛОСЕВ
Машҳур рус олими А.Ф.Лосев 1893 йил 23 сентябрда Россиянинг жанубида Новочеркасск шаҳрида, зиёлилар оиласида туғилган. А.Ф.Лосев тадқиқотлари билан танишиш орқали шу нарсага амин бўласизки, олим қўйган муаммо ечимидаги кетма-кетлик ва мақсадга интилувчанлик инсонни таажжубга солади. У (фалсафа, эстетика, логика, мифология, тил ҳақида фан, мусиқа, математика) соҳаларда нафақат алоҳида жиҳатларини тадқиқ этиш, балки уларнинг ўзаро алоқадорлигини, кесимини, бир-бирини тўлдириш, тасдиқлаш, яратиш ва қоришиб кетишини далиллайди ва моҳирона ечим топади. А.Ф.Лосев гимназияда ўқишни муваффақиятли тугатиб, Москвага университетга ўқишга кетади. Гимназияда ўқиб юрган вақтларида Эсхил, Софокл, Еврипид, Данте, «Фауст»ни, Гёте, Байронларни қизиқиб ўқийди. Қадимий юнон ва лотин тилларини, миллати чех бўлган ўқитувчиси И.А.Микшдан ўрганади. Флорентия мусиқа академияси лауреати Ф.А.Стаджи (италиян миллатига мансуб) ўқитувчисидан скрипка чалиш сирларини ўрганади. Гимназиялик ўқувчини профессор Карповнинг «Платон» асарининг таржималари ва айниқса В.Соловьев фалсафаси жуда қизиқтирган. Ҳатто В.Соловьевнинг 8 жилдлик асарларини гимназия директори Ф.К.Фролов А.Ф.Лосевга совға қилган. Москва император университетини 1915 йилда тамомлаган А.Ф.Лосев Берлинга илм соҳасида малака оширишга жўнатилади ва у ерда Қироллар кутубхонасида ишлаган. Бошланган уруш туфайли Ватанига қайтишга мажбур бўлган. Қатор илмий, фалсафий асарлар муаллифи А.Ф.Лосевнинг кейинги тақдирини белгилаб берган 1930 йилда, «Мифлар (афсоналар) диалектикаси» асари нашр этилади. Алексей Федорович ўзини нафақат файласуф, балки мифлар файласуфи деб атаган. Унинг узоқ йиллик тадқиқотлар кўламини антик асотирлар тараққиётининг ижтимоий-тарихий назарияси ташкил этган. Унинг фикрига кўра, «миф (афсона) – идеал тушунча эмас, идеал борлиқ ҳам эмас, поэтик образнинг тури ҳам эмас, у фан эмас, жумладан, догма ҳам эмас. «Афсона ҳаётнинг ўзидир», «ҳаётий ҳис қилиш мумкин бўлган ва яратувчи, моддий воқелик ва жисмдир», «мифология борлиқдир, воқеликнинг ўзидир, конкрет борлиқнинг ўзидир», Бу – «ифодали вазифаларда» «шахс қувватини тасдиқланишидир», бу – инсоннинг субстанция эмас, «шахс образи (суръати), «шахс кўзгуси»дир. Миф (афсона) сўз берилган шахс тарихидир. У, афсона ва ғаройиб бўлган олам сингари ғаройибдир»1.
А.Ф.Лосев қадимий юнон файласуфларининг миф (афсона) тушунчасининг ҳаётий воқелик эканлигини тасдиқловчи фикрларини замонавий воқеликка туташтиришга ҳаракат қилган. Чунки унинг фикрига кўра, замонавий оламда турфа хил ғоялар борки, улар бошқа жараёнлар қатори табиий ривожланишни ўз бошидан кечиради. Ҳамма маълумки, бир ғояни, бошқа ғоялардан фарқли равишда абсолют ҳақиқатга тенглаштириш догматизмдир. Бу ҳолат ўз-ўзидан оламга, фанга ва қолаверса, дунёқараш категорияларига нисбатан, мулоҳазали, эркин қарашни йўққа чиқаради. А.Ф. Лосев фикрига кўра, сўзсиз битта ғояни фетишизацияси содир бўлади (мисол учун, материя ёки руҳ ғояси, синфий кураш ғоялари ва ҳ.к.). Бироқ фетишизациялаштириш азалдан афсоналарга хос ҳолатдир. Демак, ғоя оммани ҳаракатга келтирар экан, демак фетишизация, кенгроқ қараганда ғояни афсоналаштириш глобал оқибатларга олиб келади. Битта афсона (миф2) занжирсимон таъсир сингари бошқасини яратади, ва худди шу тартибда уни йўқ ва барбод қилади. Афсона, бир бутун жамиятни уйдирмалар билан яшашга мажбур этади, ҳатто ҳеч қандай фан инсонни у яратган шахсий ёки ижтимоий ёлғонга ишонтира олмайди. Афсонада яккаю ягона муҳим бўлган ғоя устувор ҳисобланади. Афсона мутлақ, муҳокама қилинмайдиган фактларга ва борлиққа суянади. Бу эса фан, санъат, дунёқараш назариялари фалсафа, иқтисод, шахс ва ижтимоий онгни тўғри англашдан бузилишига ва оғишига олиб келади1.
Афсоналарнинг моҳиятини англаш учун уларни эртаклардан, қаҳрамонлар ҳақидаги достонлардан ажратиш зарурдир. Бу ерда афсонанинг этиологик ва тушунтирувчи хусусиятига аҳамият бериш зарур, дейди С.А.Токарев2. — Масалан, дейди ўз фикрларини давом эттириб: «ҳайвонлар, юлдузлар, тоғлар ва ҳ.к кабиларнинг келиб чиқиш хусусиятларини тушунтирувчи содда афсоналар ёки турли ижтимоий урф-одатлар нафақат содда – «примитив» халқлар – австралиялик аборигенлар, папуаслар, бушменлар ва бошқалар, ҳатто «цивилизациялашган» халқларда, қадимги юнонлар ва замонавий европаликларга яхши танишдир». Аввало шуни қайд этиш керакки, афсоналардаги табиат ҳодисаларини тушунтириш, мазкур феноменлар орасидаги сабабий боғлиқликни объектив англашга асосланмайди. Аксинча, улар доим субъектив бўлиб, тушунтириш лозим бўлган ҳодисани персонификация қилиш орқали ифодаланади. Охир-оқибат афсоналарда тирик жонзотлар, кўп ҳолларда антропоморфов шаклда, ҳатто персонификация зооморф шаклда бўлса ҳам, унда кўп ҳолларда инсоний кўринишлар ва хулқ-атвор мотивацияси сезилади. Масалан, Уолтер Ротнинг тадқиқотларида Квинсленд (австралия) фольклорида шундай фикрлар учрайди. «Тўтиқуш ва опоссум (кемирувчи ҳайвон каламушсимонлар туркумидан) ўзаро курашдилар ва тан жароҳати олдилар: тўтиқушнинг бўйни ва кўкраги қонга беланди (шунинг учун уларда қизил ранг доғлар бор), оппоссум эса жанг натижасида башарасидан жароҳатланди ва улар кўкариб қолди (шунинг учун унда қора доғлар бор)». Бошқа афсона эса, нима учун тошбақа денгизда яшайди деган саволга: тошбақа қўлтиқ остида сувни яшириб қўйиши учун бошқа ҳайвонлар уни денгизга ҳайдаганлар. Бу афсоналар орқали ҳар қандай халқнинг уйдирмалари табиий ҳодисалар ва ижтимоий кучлар асосида яратилади. Масалан, бигаминларнинг (араваклар, Жанубий Америка) пайдо бўлиши ҳақидаги афсона. «Икки опа-сингил оламда ягона аёллар бўлишган. Улар биринчи кўрган (агар тушида кўрмаган бўлса) эркак киши осмондан улар олдига тушади. Эркак аёлларни ер ҳайдашга, таом тайёрлашга, тикиш-бичишга ва цивилизацияга хос бўлган бошқа барча меҳнат санъатларига ўргатади. Шунинг учун ҳар бир индеецнинг иккита хотини бўлади»1.
Do'stlaringiz bilan baham: |