Такрорлаш учун саволлар:
Маданий антропология соҳалари, йўналишлари ва тармоқлари (ижтимоий, диний, психологик, социолиингвистик ва ҳ.к.) юзасидан конспект ёзиш.
Франц Боаснинг (1858–1942) «Америка тарихий этнология мактаби» ва «Маданий антропология» фанининг вужудга келиш тенденциялари.
Бронислав Малиновскийнинг (1884—1942) ибтидоий халқлар маданияти назарияси.
Э.Тайлорнинг «Ибтидоий маданият» асарининг илмий-амалий аҳамияти.
Адабиётлар:
1. Тайлор Э. Первобытная культура. Москва: Политиздат, 1989;
2. Токарев С.А. История зарубежной этнографии. М., 1978;
3.Лёббок Дж. Начало цивилизации. СПб., 1876;
4. Токарев С.А. Истоки этнографической науки. М., 1978;
5. Пыпин А.Н. Как понимать этнографию? // Этнографическое обозрение. 1994.№4;
6. Преображенский П.Ф. Курс этнологии. М.-Л., 1929;
7. Радклифф-Браун А.Р. Методы этнологии и социальной антропологии // Антология исследований культуры. Т. I. Интерпретации культуры. СПб., 1997;
8. Орлова Э.А. Введение в социальную и культурную антропологию. М., 1994;
9. Замонавий фалсафий атамаларнинг изоҳли луғати // Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети Фалсафа илмий жамоаси. – Тошкент: Университет, 2018.
6-мавзу: МИФОЛОГИЯ ВА ФАЛСАФА МАДАНИЙ АНТРОПОЛОГИЯНИНГ АСОСИ СИФАТИДА
Режа:
1. Мифология, воқелик ва ҳақиқат.
2. Мифология фалсафанинг генезиси сифатида.
3.Маданий антропология тараққиётида асотирий тафаккур моҳияти.
Калит сўзлар: миф, эртак, эпос, фалсафа, фольклор, маданият, антропология, уйдирма, афсун, эртак.
Олам қандай яратилган, у нимадан иборат, барча нарса ва ҳодисаларда қандай ўхшашлик мавжуд, инсоннинг яшашдан мақсади нима, у оламни қандай англайди ва билиши мумкин каби фалсафий саволларга жавобни асотирлардан (мифология) топиш мумкин эди. Антик файласуфларнинг буюклиги ҳам шундаки, улар асотирий тушунтиришларни етарли эмас ёки нотўғри деб ҳисобладилар. Лекин ғайриоддийлик, новаторлик бунда эмас. Чунки кейинчалик кўпгина халқлар асотирий ғоялардан секин-асталик билан воз кечганлар. Бироқ бошқа халқларда асотирлар ўрнини дин эгаллаган. Фақат грек файласуфлари, асотирлардан кўнгли тўлмаган ҳолда, уни бошқа ғалати ва ажойиб бўлган дин билан эмас, таълимот билан алмаштирганлар. Таълимотга ишониш мумкин эмас, уни исботлаш зарурдир. Авваллари яхлит фалсафа туркумида бўлган асарлар ва муаммолар, кейинчалик Аристотель таълимотида: физика, психология, астрономия, мантиқ каби фанларга ажратилган1.
Қабилалар, халқлар, мамлакатлар тарихий йўли шундайки, ижтимоий-иқтисодий тузум, маънавий маданиятнинг ривожланишига қараб тарихий ҳодисалар ўзгаради ёки йўқолиб боради, лекин анъана, урф-одат, маросим, ривоят ва афсоналар шаклида тарихда ўз изини қолдиради. Инсон эволюцияси тарихи шундайки, табиат ҳодисаларини англашдан бошлаб, тўпланган ҳаётий тажрибалар асосида абстракт тафаккур юритиш қобилиятининг шаклланиши билан ижтимоий онг шакллари сифатида диний ва фалсафий тафаккур тараққий эта бошлади.
Турли халқларнинг асотирлари билан боғлиқ адабиётлар чексиздир. Уларни назарий изланишларда, фольклор билан боғлиқ тадқиқотларда, ҳатто содда оламни англашга бўлган муносабатларда кўриш мумкин. Шунга қарамай қатор муаммолар, хусусан, инсоният маданияти тараққиётида асотирларнинг пайдо бўлиши мунозаралидир. Бу масалада турли қарашлар мавжуд бўлиб, баъзилари ҳатто кескин қарама-қаршидир.
Асосий келишмовчилик асотир ва дин мутаносиблигида намоён бўлади. Ҳозирги кундаги кўпчилик олимлар асотирларни дин билан боғлайдилар. Г.Макс Мюллернинг эски «мифологик» мактаби мифологияни содда дин сифатида ифодалаган. Тайлор фикрига кўра, мифология ҳар қандай диннинг асоси бўлган анимистик тасаввурлардан яратилади. Вунд фикрига кўра, мифологик тасаввурлар динга йўл очувчи феномендир деб баҳо берган. П.Эренрайх фикрига кўра, асотирларнинг ҳатто энг мураккаб шакллари ҳам содда мифологик ижод фалсафасига бориб тақалади деган фикрларни билдирган1.
XIX аср охирларидан бошлаб, мифларни диндан алоҳида, ҳатто баъзи ҳолларда уларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш тенденцияси кучайди. Масалан, Фрэнк Джевонс мифология фалсафий ва бадиий ғояларнинг примитив ифода этилишидир деган қарашни қўллаган. Саломон Рейнак – ҳикоялар йиғиндиси; Эндрю Ланг мифология (магия, ёлғон ва жанжалли уйдирмаларни) ифодаловчи бегона оқим бўлиб, динни ифлослаштиришга ва у билан қўшилишга ҳаракат қиладиган жараён деб кўрган. «Вена этнология мактаби» асосчиси Шмидт эса кучли тиришқоқлик билан, ҳар қандай мифология – нурли, қуёшли ва ойдир, у кечки устқурма, ибтидодан мифологик хусусиятлардан маҳрум бўлган осмонўпар илоҳий ғояни бирламчи диннинг устига қат-қат жойлашган ва уни хиралаштирган эканлигини тасдиқлайди1 .
А.Аширов таъкидлаганидек: «Халқона анъана ва маросимларда бани-башар хотирасида элас-элас сақланиб келаётган диний тасаввурлар, узоқ тарих қаъридаги эътиқодий қараш ва тушунчалар, асрлар давомида кузатишлардан ҳосил бўлган ҳатий ҳикматлар қаймоғи – инсон тафаккур тажрибасининг инъикоси мужассамлашган. Узоқ ўтмишда яшаган аждодларимиз табиат ва турмушдаги айрим нарса ва ҳодисаларни илоҳийлаштирганлар. Уларни Тангри томонидан берилган эҳсон, омол (идеал), қадрият, одамлар эса уларга топиниб сиғиниб яшаши лозим деб ўйлаганлар. Ҳар бир қадрият, маросимнинг келиб чиқишини турли диний қарашлар билан изоҳлашга уринганлар. Шу боис ҳам аждодларимиз тотемизм, фетишизм, анимизм, шомонлик каби қадимги диний эътиқодларга топинишган»2 .
Инсонга ё хайрихоҳлик, ё душманлик муносабатда бўлган эзгу ва ёвуз руҳлар тўғрисидаги тушунчалар диний эътиқодларнинг илк шаклларида шакллана бошланган. Инсоний цивилизациянинг тонгида инсонлар тасаввурида бутун коинот ўзида эзгу ва ёвуз руҳларни мужассамлаштирган икки қудратли ва бир-бирига душманлик қилувчи кучга бўйсунган. Бу вазиятни Э. Тайлор «ёввойи одамлар топинишлари (эътиқодлари) бизга уруғнинг бошланғич қарашларини намойиш этади, улар вақт ўтиши билан, тизимлашган шаклда ривожланган ва ахлоқий ғоялар билан боғланган ҳолда, олий диний тизимларда ўрин эгаллайди, бунинг типик мисоли Зардушт таълимотидир», деб тушунтиради1.
Эзгулик ва ёвузлик аввалига ахлоқий тамойиллар сифатида эмас, балки завқланиш ва азоб чекиш объекти сифатида идрок этилган. Зардуштийликнинг буюк хизмати шундан иборатки, у эзгулик ва ёвузликни илгариги келиштирувчиликни ҳис этиш даражасидан ахлоқий-фалсафий тамойил даражасига кўтаради. «Ҳаттоки ибтидоий ёввойи одамлар қабилаларида ҳам, — деб ёзади Э.Б. Тайлор, — инсоний фикр эзгулик ва ёвузлик теран муаммоси билан шуғулланган. Уларнинг қўпол бўлишига қарамасдан, жиддий мушоҳадалари ҳозирги пайтгача ахлоқшунослар ва илоҳиётчилар уринишларига таслим бўлмаётган буюк сирни очишга уринган»2.
Эзгу ва ёвуз руҳлар тушунчалари жаҳоннинг деярли барча динларида учрайди. Политеистик диний онгнинг шаклланиш даври учун бу табиий ҳол эди. Барча халқларда эзгу худо, эзгу руҳ марҳаматли, одамларга доим ёрдам беради, ҳосилдорликни таъминлайди, ҳаётбахш, ёруғлик ва шод-хуррамлик бахш этади, ёвуз худо эса нафрат, вайронлик олиб келади, қўрқинч, даҳшат рамзидир.
Э.Б. Тайлор айнан шундай манзарани зардуштийлик диний тизимида кўради: «Зардушт динининг бош ғояси ерда эзгулик ва ёвузликнинг кураши бўлиб, у кун ва туннинг, ёруғлик ва қоронғиликнинг бир-бирига қарши туришида намоён бўлади ҳамда Аҳура Мазда ва Анҳра-Майньюлар – эзгу ва ёвуз худолар образларида мужассам бўлади. Пайғамбар Зардушт дейди: «Аввал икки эгизак, икки руҳ бўлади, ҳар бири ўзига хос фаолият кўрсатади. Бу – фикрлар, сўзлар ва ишлардаги эзгулик ва ёвузликдир. Иккисидан бирини танла. Яхши одам бўл, ёвуз бўлма». Вандидот мазкур икки бошланғич асослар илк кураши баёни билан бошланади. Аҳура Мазда энг яхши ҳудудлар ва мамлакатлар, арийлар ватанини, Суғдиёна, Бақтрия ва бошқа ўлкаларни яратди. Анҳра Майнью унга қарши қор ва ўлатни, чақувчи ҳашаротларни ва заҳарли ўсимликларни, қашшоқлик ва касалликларни, гуноҳ ва худосизликни яратди»1.
Инсон ўзининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой сингари эҳтиёжларини қондиришга, ҳаётий шароитларини яхшилашга қодир бўлгандан буён узоқ минг йилликлар ўтди. Овчилик турли тажрибани англашда ва уни авлоддан-авлодга ўтказишда дастлабки шарт-шароит бўлди. Вафот этганларни дафн қилиш эса инсон олдига одамзод ҳаёти ва вафоти муносабатларини англашдек мураккаброқ вазифани қўйди. Дафн маросимининг шаклланиши фақатгина ҳаётий зарурат эмас, балки инсоннинг абстракт тафаккур юритиш, табиатнинг муросасиз қонуниятларини англаш ва уларга мослашишнинг кейинги босқичи эди.
Яшаш учун кураш жараёнида, ҳаёт ва табиат қонунларига мослашиш, уларни жамиятда англаниши йўлида хулқ-атвор меъёрлари шаклланди. Мазкур хулқ-атвор меъёрлари, ўз навбатида, нафақат ҳаётий зарурат, балки тириклар ва ўликлар дунёсидаги барча нарсаларни бошқарувчи қандайдир ғайри табиий кучларга ишонишнинг намоён бўлиши сифатида қарор топади. Бундай улкан ваколатларга эга бўлган, ғайритабиий кучлар ё раҳм қилишлари, ёки жазолашлари, ё сақлашлари, ёхуд зарар етказишлари, одамларга яшаш ёки вафот этиш имконини беришлари зарур эди.
Диний ҳиссиётларнинг, онг ва маросимларнинг шаклланиши турли халқларда бир-бирига ўхшаб кетса-да, улар географик, ижтимоий-тарихий шароитларга боғлиқ равишда турлича ривожланган, ўзига хослик ва ўз анъаналарига эга бўлган. Табиат ҳодисаларидан қўрқиш ва уларга тобелик сабабли билимларнинг чегараланганлиги, сапиент инсон онги асосан эмоционал-ассоциатив, фантастик ва афсонавий образлар ҳамда тасаввурлар билан озиқланган.
Шундай қилиб, жамоавий биргаликда яшашга, ҳамкорликда фаолият юритишга ўтиш (овчилик, меҳнат қуролларини яратиш, уй-жой қуриш, оловни сақлаб туриш, аёллар ва эркаклар ўзаро муносабатлари, туғилиш ва ўлим, дафн этиш ва бошқалар) кўзга кўринмас, бироқ дунёни, инсон ҳаётини бошқариб турадиган қудратли демиурглар ҳақидаги тушунчаларни шакллантирди.
Э.Тайлор фикрига кўра: «Австралияликлар қабр атрофидаги қурт-қумурсқаларнинг изига қараб, вафот этган кишига жоду сабаб бўлганлигини ва шу туфайли жодугарни қайси йўналишда қидиришни аниқлаганлар. Зулус дарахтни бир бўлакчасини чайнаш орқали, рамзий маънода буқалар сотиб олмоқчи бўлган инсоннинг ёки ўзи уйланмоқчи бўлган аёлнинг юрагини юмшатмоқчи бўлган. Шарқий Африка Обилари ўз душманларини ўлимга маҳкум қилиш мақсадида, қабр ери, қон ва суякларни тугунчага бойлаганлар. Ер худосига бағишланган маросимларда, агар уларнинг қурбонликлари кўп кўз ёши тўкса, демак бу уларнинг ерига келадиган кўп ёғингарчиликдан далолат берган. Гарчи бу мисоллар примитив қабилаларнинг рамзий афсунлари бўлса-да, лекин улар билан Европада сақланиб қолган иримлар бемалол мусобақа қила олади»1.
Турли қитъаларда тўпланган инсонни дафн этишга доир археологик маълумотлар инсон онги, унда диний ва ҳаётий тасаввурларининг шаклланишидан далолат беради. Инсоннинг ўзи ишлатган барча нарсалари билан дафн этилгани шуни билдирадики, одамлар боқий дунёнинг мавжудлигига, инсоннинг ҳаёти у ернинг барча қонун-қоидаларига кўра давом этишига ишона бошлаганлар. Натижада икки дунё – ҳаққоний бу дунё ва у дунё (вафот этганлар, руҳлар дунёси) мавжудлиги ҳақидаги қарашлар пайдо бўла бошлаган. Иккинчи томондан, ғор суратларига қараганда (масалан, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги Зараутсой суратлари), ибтидоий одамлар тирик ва ўлик одамлар ўртасида сирли алоқа мавжудлигига амин бўлганлар. Улар ўртасидаги боғлиқлик, Авестода далолат қилинишича, фақатгина ҳам тирикларга, ҳам ўликларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган махсус маросимли афсун ўқишлар ёки воситачилар – фолбин ва шаманлар орқали ўрнатилган.
Уруғ-қабила бирлашмалари ва уларнинг биргаликдаги ҳаёт фаолиятининг юзага келиши билан тотемизм, анимизм ва бошқа кўринишдаги диний онг юзага келади. Ўсимликлар ва ҳайвонларнинг у ёки бу турига тобе бўлган одамлар уларни ўзларининг тотемлари сифатида қабул қилиб, кейинчалик илоҳийлаштиришган. Кейинги авлод эса уларнинг уруғлари ана шу тотемдан келиб чиққан, деган удумлар ва тасаввурларга қатъий амал қилганлар.
Уруғ жамоалари аъзоларининг асосий тотемлар тўғрисидаги эмоционал-ассоциатив тасаввурлари уларда аста-секин «ўзлари» ва «бегона»ларнинг ижтимоий-этик тасаввурлари ҳақида далолат берувчи ахлоқий мезонларни шакллантиради. У ёки бу халқдаги тотем жамиятни ҳар бир аъзоси ўтмиши, бугунги куни ва келажагининг ифодасига айланади. Шу билан бирга тотем жамият аъзолари ўртасида «ўзиникилар» ва «бегоналар»га бўлишга асосланган ижтимоий тартиб ўрнатганлар ва бунда маълум бир предметларни қадрлаш объекти сифатида қўллашга рухсат берганлар ёки таъқиқлаганлар ҳамда буни аждодлар анъаналари билан боғлаганлар.
Ҳайвонларни қадимда бундай қадрлашнинг илк белгиларини биз фақатгина зардуштийлик маросимларида эмас, балки замонавий Ҳиндистонда сигирларга бўлган муносабат орқали кўришимиз мумкин. Жуда кўп олимлар буни зардуштийлик анъаналари билан боғлайдилар.
Инсон насл-насабини тотемлаштириш одамлардаги анимистик тасаввурлар билан параллел равишда борган. Исо Жабборов таъкидлаганидек: «Қазишмаларда топилган буюм ва безакларда кўп учрайдиган афсонавий тасвирлар, айрим худоларнинг образини ифодаловчи ҳайкал ва расмлар узоқ ўтмишдаги аждодларимизнинг диний эътиқодлари, урф-одатлари тўғрисида мулоҳаза қилишга имкон беради. Ҳар хил идишлар, ханжар ва пичоқ дасталари, билагузук ва исирғалар, тўғноғич ва тўқаларга ясалган эчки ва қўйлар, қанотли қўчқорсимон ёки отсимон махлуқлар, ярим одам, ярим илон ёки шер шаклидаги афсонавий образлар, тамға ва муҳрлардаги ҳар хил қуш ва ҳайвонларнинг тасвири оддий санъат намунаси бўлибгина қолмай, балки илк дин шакллари, чунончи тотемизм билан боғлиқ тасаввурлар маҳсулидир»1.
Агар табиат ҳодисаларини тотемистик англаш даврида одамлар кўпроқ конкрет, ягона нарсаларни илоҳийлаштирган бўлсалар, дунёни анимистик идрок қилиш ривожланиши билан илоҳларнинг ҳам, руҳ ва ибодат ҳақидаги тасаввурлар чегараси ва мазмунининг ҳам кенгайиши юз беради. Осмон, ер, юлдузлар, ой, қуёш, шамол, қор, момақалдироқ, чақмоқ, тоғлар, дарёлар, шаршаралар, ўрмонлар, тошлар, дарахтлар, ҳаво, яъни инсонни ўраб турган барча нарсалар илоҳийлаштирилган. Ибтидоий одам тасаввурига биноан, улар ҳам ақлга, руҳга эга, улар одамларга ёрдам бериши ёки зарар қилиши мумкин. Уларни ўз доирасига жалб қилиш учун инсон мазкур ҳодисалар руҳи ва қалбини ҳақоратламаслиги керак. Улар ғазабланмаслиги, жаҳли чиқмаслиги керак, зеро, одамларнинг тинч ва фаровон ҳаёти ҳамда руҳий хотиржамлиги уларнинг марҳаматига боғлиқ. Шунинг учун вақти-вақти билан қурбонлик қилиш, уларнинг шарафига дуоли удумлар ва сиғиниш маросимларини ўтказиш зарур. Э.Тайлор шимолий америкаликларнинг асотирий қарашлари ҳақида шундай ёзади: «Масалан, шимолий америкаликлар баҳор ва қиш ҳақида шундай тасаввурга эга бўлганлар. Икки мавжудот: Нипинукхе — иссиқлик, қушлар ва кўкатлар; Пипунукхе — совуқ шамол, қор ва муз билан барча тирикликни вайрон қилувчи. Улар борлиқни шундай бўладилар: уларнинг ўғли осмон аравасида оламни айланаётганда тун ва кун алмашади1. Масалан, дейди Э.Тайлор, қадимги скандинавларнинг ўлим худоси Гели – совуққон, рангсиз, бадбашарадир. У баланд тамбаланган уйда яшайди ва қўлида ўлганларнинг руҳини ушлаб туради. Очлик – унга таомдир, оч-наҳор ўлим – унга пичоқдир, ғамхўрлик – ётоқдир, камбағаллик – пардадир. Чарльза Лэмнинг – менинг тунги дўстларим йўтал ва зотилжамдир, деган сўзлари жуда ўринлидир1.
Бу ерда франциялик файласуф-позитивист, социолог ва психолог Л.Леви-Брюльнинг (1857—1939) дин ҳақидаги баъзи фикрларини келтириш жоиз, деб ўйлаймиз. Олим динни жамоавий (коллектив) психология нуқтаи назардан талқин қилади. Унинг фикрига кўра, жамиятнинг турли ижтимоий-тарихий кўринишларида фикр юритиш шакллари ҳам ҳар хил бўлган. Л.Леви-Брюль ибтидоий давр тафаккури билан маданий (цивилизациялашган) жамият тафаккурларини фарқлайди. Ибтидоий тафаккурнинг ўзига хослиги унинг асосини «жамоавий тасаввурлар» ташкил этганлигида намоён бўлади. Ибтидоий тафаккур мистикавий ва сирлидир. Ибтидоий одам объект ҳақидаги тасаввурларини ҳақиқий деб ҳисоблайди, шунинг учун ундан умидвор бўлади ёки ундан хавфсирайди, ҳайиқади, чунки объектнинг ҳаракатини ёки унга бир нарса таъсир қилаётганини илғайди. Бу ҳаракатни (таъсир, куч, сирли қувват) ҳақиқий деб тан олади.
Ибтидоий тафаккур мистикавий бўлиши билан бирга мантиқсиздир, яъни у ҳали зиддиятлар, қарама-қаршиликларни сезмайди, илғамайди, тажрибага асосланмайди. Ибтидоий тафаккур мантиқий муносабатларни ўрнатиш ўрнига партиципация (дахлдорлик) қонунига бўйсунади. У мантиққа тескари эмас ҳамда мантиқсиз ҳам эмас, лекин қарама-қаршиликларга эътиборсизлик, лоқайдлик билан қарайди, шу билан бирга қарама-қаршиликлардан ўзини четга олиб қочмайди. Пратиципация (дахлдорлик) шундан иборатки, тафаккур ҳамма ёқда кўчириш, яқинлашиш, юқтириш йўли билан масофага узатиш ҳамда ҳаром қилиш, бўйсундириш йўли билан хусусиятлар узатилишининг турли шаклларини кўради. Дахлдорлик бошқа жиҳатда ҳам намоён бўлади. Ибтидоий тафаккур томонидан амалга ошириладиган дахлдорлик бир-бирига дахлдор бўлган мавжудотлар ўртасидаги алоқани таъминлайди. «Дахлдорликнинг моҳияти, — деб ёзади Л. Леви-Брюль, — шундан иборатки, унда мавжуд бўлган ҳар қандай иккилик йўқолади, зиддият силлиқланади ҳамда қарама-қаршилик тамойилига қарамасдан, субъект бир вақтда ҳам субъектнинг ўзи, ҳам унга дахлдор бўлган мавжудот бўлиб қолади»1.
Демак, ибтидоий тафаккурда мантиқдан аввалги фикр юритиш тури ва мантиқ, иррационаллик ва рационаллик, қарама-қаршилик қонуни ва партиципация (дахлдорлик) қонуни бир вақтда мавжуд бўлади. Ибтидоий жамоанинг мантиқдан аввалги тафаккури ривожланиш жараёнида мантиқий тафаккур билан алмашиб боради. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, инсонлар онгида ибтидоий одамларга хос бўлган фикр юритиш тарзи бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. «...Бизнинг ақлий фаолиятимиз бир вақтнинг ўзида ҳам рационал, ҳам иррационалдир. Жамиятимизда мантиқдан аввалги ва мантиқий тафаккурлар элементлари бир вақтда мавжуд»2.
Л.Леви-Брюль жамоавий тасаввурлар таркибига урф-одатлар, тил ва шу билан бирга эътиқодни ҳам киритади. Жамоавий тасаввурлар, ўзининг қуйидаги хислатларига кўра, диний институтлар асосини ташкил этади: улар императив, қатъий буйруқ тарздаги характерга эга; авлоддан авлодга узатилади; алоҳида шахсларга зўрлаб ўтказилиши мумкин ва ўз объектларига нисбатан ҳурмат, қўрқинч, сажда қилиш туйғуларини уйғотади; алоҳида шахсга боғлиқ бўлмайди; улар тафаккур, интеллектуал ишлов бериш маҳсулоти эмас, бу тасаввурларда образлар ҳис-туйғулардан ажратилмаган, эмоционал элементлар билан кўшилган бўлади.
Л.Леви-Брюльнинг хулосалари инглиз этнографи Б.Малиновскийнинг хулосалари билан ҳамоҳанг. Б. Малиновский динни маданиятнинг умумий ҳодисаси сифатида тушунади ва уни сеҳргарлик (магия) ҳамда фан билан мутаносиблигини таҳлил қилади. Фан мавжудлик, воқеликни рационал ўзлаштиришдир. Инсоният маданияти ривожланишининг барча босқичларида оламга нисбатан рационал муносабат мавжуд бўлган. Ов қилиш учун меҳнат қуролларини ясаш, ҳамкорликда фаолият кўрсатиш учун уюшмалар, жамоалар ташкил қилиш, қишлоқ хўжалик ишларини ташкил этиш каби ҳаракатлар билимлар асосида амалга оширилган. Билим ва техника билан қуролланган фан инсонни қуршаб турган оламга «ақлий мурожаатни» ифодалайди, у инсоннинг кундалик ҳаётини белгилаб, аниқлаб беради. Фан билан бир қаторда маънавий, «сакрал» соҳа мавжуд бўлиб, уни дин ва сеҳргарлик ташкил қилади. Сеҳргарликка (магия) «сеҳрли» ҳаракатлар, таомиллар воситасида муваффақиятга эришиш имкониятига ишониш деб таъриф бериш мумкин. Инсон ўз фаолияти жараёнида мақсадга эришиш учун рационал усул ва йўллар етарли бўлмаган ҳолатларда сеҳргарликдан фойдаланади. Бундай вазиятда инсон психикаси қаттиқ ҳаяжон, жазава (аффект) ҳолатига тушиб қолади. Б. Малиновскийнинг таъкидлашича, бундай ҳодиса ҳам қолоқ (ибтидоий), ҳам цивилизациялашган жамиятларда учрайди. Мақсадга эришишга йўналган рационал ҳаракат бефойда бўлиб қолган вазиятда, инсон «сеҳрлаш» билан боғлиқ ҳаракатларга мурожаат қилади. Бундай ҳаракат натижасида эмоционал аҳволнинг танглиги пасаяди, руҳий мувозанат тикланади. Бундай ҳаракатлар ташқи мақсадга эришишига олиб келмаса-да, лекин ички руҳий мувозанатни тиклашда яхши натижалар беради. Сеҳргарликда ҳар бир ҳаракатнинг мақсади аниқ белгиланган ва чекланган, диний таомил ва маросимлар ўзгача ташкил этилган бўлади. Кундалик ҳаётда содир бўладиган муваффақиятсизликларнинг динга алоқаси йўқ, чунки дин инсон борлиғининг фундаментал муаммоларини ҳал қилиш билан банд. «Ўзининг догматик маданиятига кўра, дин ҳар доим ўзини инсоннинг коинотдаги ўрнини белгиловчи, унинг келиб чиқишини тушунтирувчи ва муайян мақсад сари йўналтирувчи, диний таълимот тизими сифатида тавсия қилиб келган. Оддий индивиднинг динга амалий (прагматик) эҳтиёжи бор, чунки у ўлим, бахтсизлик ва тақдирнинг эсанкиратиб, бўғиб қўядиган хавфини олдиндан ҳис қилишга бардош бериши, енгиши керак»1. Дин инсон ҳаётида ҳеч қачон ортиқча бўлиб қолмайди, чунки юқорида қайд этилган муаммоларнинг ечими йўқ. Б. Малиновскийнинг фикрига кўра, фан, сеҳргарлик ва дин маданиятнинг турли ҳодисалари (феномен) бўлишига қарамасдан, бир-бирини тўлдириб туради, маданиятнинг умумий вазифаларини бажаришда турлича, лекин бир-бирини тўлдирувчи фаолият кўрсатади.
Археолог ва этнографларнинг тадқиқотлари моддий бойликларни ишлаб чиқаришдаги такомиллаштиришлар, уруғ-қабилавий муносабатларнинг мураккаблашиши таъсирида рўй берган ижтимоий онгдаги эволюцион ўзгаришларни кузатиш имкониятини яратиб берди. Оқибатда архаик энг қадимий диний тасаввурлар синкретизми (аралашуви) шаклланди, дастлаб руҳлар, кейин худолар образи пайдо бўлади, афсонавий образлар эволюцияси – табиатдаги стихияли ҳодисалар ва ижтимоий ҳаётнинг айрим томонларини одамнинг социал шахс сифатида айрим хусусиятларини фантастик тусда ифодалаш тенденцияси ёрқин намоён бўла бошлайди. Одамлар тасаввурида айрим стихияли ёки ижтимоий ҳодисаларни эгаллаган ва бошқариб турган кучлар рамзи сифатида шаклланади. Жамият ривожининг илк даврига хос табиат ва ҳайвонот дунёсини ифодаловчи илоҳий кучлар-руҳлар ва худолар образи, асли одамнинг табиат кучлари олдидаги ожизлигини ифодалаб, аста-секин одам шаклидаги образларни юзага келтириб, ўз даврини ишлаб чиқариш муносабатлари ва устқурмаси моҳиятини ўзида аниқ акс эттиради.
Жамиятнинг кейинги ўтиш давридаги ривожида диний образлар парчаланиб ва мураккаблашиб мифологияда ўз ифодасини топади. Мифологияда бир томонда, руҳлар ва худолар тўғрисидаги тасаввурлар ва уларга сиғиниш тизими пайдо бўлса, иккинчидан – оғзаки ижод, достон ва ривоятлар шаклида фольклор юзага келади. Айниқса, ўртаосиёликларнинг оғзаки поэтик ижодида нафақат мифология эволюциясини кузатиш, балки уларнинг диний онгидаги энг архаик қадимий элементларини аниқлаш мумкин.
Диний мифологик образларнинг синкретизация, яъни аралашиб кетиш жараёнини оламни яратиб, уни бошқариб турган илк аждод (демиург)ларнинг маъбудаларга айланиши, маданий қаҳрамонларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг худоларга қарши чиқиши Прометейга ўхшаш кабиларни Фирдавсийнинг ажойиб асари «Шоҳнома»да ва бошқа шарқдаги ноёб халқ достонларида классик намуналарини учратиш мумкин. Мазкур асар ва ривоятларда одамларга фойда ёки зарар келтирадиган эзгулик ёки ёвузлик худолар образи, зардуштийлик дини муқаддас китоби Авестадагидек илоҳий қаҳрамонлар образини эслатувчи подшоҳлар ёрқин тасвири берилган. Ўрта Осиё халқларининг жуда кўп оғзаки ижод асарларида, айниқса, афсонавий ва эпик жанрдаги асарларда термачилик ва овчиликдан деҳқончиликка, чорвачилик ва ҳунармандчиликка ўтган халқларнинг яшаш шароити ва турмуш тарзи ниҳоятда жонли тасвирланган. Бу ноёб ижод намуналарида ҳомий худолар ва сахий қаҳрамонлар одамларга оловдан фойдаланишни, кийим тикиш ва уй қуришни, кулолчилик санъатини, ёввойи ҳайвонларни хонакилаштиришни, жуда кўп емишли ўсимликларни парвариш қилишни, ҳар хил меҳнат қуроллари ва бошқа буюмларни кашф этиш каби бунёдкорлик ишларни ўргатганлар.
Мазкур образлар теварак-атрофдаги буюм ва ҳодисаларни инсон миясида онгсиз равишда бадиий ўзлаштирилганлигини кўрсатади. Эзгулик ва ёвузлик худоларининг Авеста мифологиясида акс эттирилиши ниҳоятда аниқ тасвири асли ибтидоий одамлар ҳаётидаги негатив, яъни салбий ва позитив (ижобий) воқеаларнинг, рационал ва иррационал ҳодисаларнинг қарама-қаршилигининг ифодасидир. Бундай ҳолат, бир томондан, одамнинг табиат устидан дастлабки ғалабаси, ахлоқий нормалар, умуминсоний қадриятлар ва эмпирик билимлар акс эттирилса, иккинчи томондан – урф-одат ва маросимлар, уруғ-қабилавий ахлоқий тартибларининг торлиги, хурофий тасаввурлар ҳукмронлиги ва маънавий қашшоқликни очиқ намоён қилади. Бундай образларда жамиятда синфий табақаланиш, тенгсизлик ўз ифодасини топиб, мафкуравий жиҳатдан зардуштийлик дини орқали илоҳийлаштиради. Археологик маълумотлар ҳам мазкур фикрни тасдиқлайди1.
Do'stlaringiz bilan baham: |