Грамматик маънонинг янгича талқини.
Грамматик маъно деганда нима тушунилади?
Грамматик маъно деганда ҳар бир тилнинг қурилиш тизими нутқда ифодаланишини зарурий ва мажбурий деб талаб этадиган ва турли хил шаклий кўринишлар билан бериладиган умумлашган маънолар тушунилади. Чунончи, "Болалар қизиқарли китобни ўқийдилар" гапини олсак, "Болалар" сўзида 2 хил маъно ажралиб туради: 1) луғавий маъно-яъни бу сўзнинг борлиқдаги одам жинсига мансуб бўлган, ёш жиҳатдан вояга етмаган шахсни ёки вояга етган кимсанинг фарзанди, авлодини атаб келиш;
2) кўплик сонда, бош келишикда, гапда эга вазифасида келган турдош от. Бу маънолардан биринчиси луғавий, лексик маъно бўлса, иккинчиси грамматик умумлашган маънодир. Грамматик маънолар ҳар бир тил учун шу тил учун ўзига хос бўлади ва ранг-баранг шаклий усуллар билан ифодаланади.
Грамматик маънони янгича талқин қилишда ҳам тил ва нутқ фарқланиши мезонига ёндашилади. Зоҳирий нарса тез - тез йўқолиб, ўзгариб туради. Лекин у моҳиятнинг яшаш усули сифатида аҳамиятлидир. Нутқ ҳеч қачон тил ҳақида тўлиқ маълумот беролмайди. Бизнинг тил ҳақида нутқ орқали олган маълумотларимиз ҳамиша нотўлиқ. Назариётчи уларни умумлаштирар экан, тил ҳақида маълумотга эга бўлади.
Грамматик маъно (ГМ)нинг формал (анъанавий) талқини нутқий ҳодисаларга таянадиган эмпирик талқиндир. Анъанавий талқиндаги /ГМ/ ни /ХГМ/ десак тўғри бўлади.
УГМ ХГМга қарама-қарши туради. УГМ ХГМ орқали воқеланади. УГМ ҳамма ХГМларни ўз ичига олади. УГМ ва ХГМлар ҳақида гапиришдан олдин, биз умумийлик ва хусусийлик нима, умумий ва хусусий маънонинг ўзи нималиги ҳақида баҳс юритайлик.
Биз кўра оладиган, сеза оладиган, ўлчай оладиган, кузата оладиган нарса, белги, воқеа - ҳодиса хусусийликдир. Масалан; дарахтни биз кўра оламиз, пайпаслаймиз, шохлари ва баргларини, мевасини санай оламиз. Дарахтнинг моддийлиги унинг илдизи, танаси, шох-шаббасида. Ҳар бир дарахт такрорланмас, чунки бир йилда экилган 2 та олма дарахти 2 та алоҳидаликдир- меваси, танаси бир хил бўлса-да, барглар миқдори билан фарқланиши мумкин. Демак, ер юзида нечта дарахт бўлса, шунча хусусий дарахт бор. Уларнинг ҳисоби нисбий, чунки санагунча нечтаси қурийди, нечтаси ёниб кетади ва ҳоказо...
Бир ашулани санъаткор икки марта айтар экан, бу бир эмас, икки хусусийликдир. "Мен маъруза ўқияпман" гапини икки марта такрорласак, бунда икки хусусийлик воқеланган бўлади. Чунки бу икки гап ҳеч бўлмаганда замонда фарқланади.
Умумийлик нима?
Хоҳлаган хусусийликда умумийликнинг белгиси ётади. Минглаб дарахтлар учун (олма, анжир, чинор... дарахтлари) умумий бўлган томон - танаси, шохи бор ўсимлик. Бизнинг онгимизда дарахт худди шу маъно билан яшайди. "Умумийлик - бевосита кузатишда берилган алоҳида хусусийликлардаги белгиларнинг онгимиздаги образи" [1,8;] .
Умумийликлар майда - чуйда белгиларни ўз ичига олмайди, умумийлик хусусийликларда такрорланиб туради. Демак, хулоса шуки: хусусийлик - такрорланмас, чегараланган; умумийлик - такрорий, чегараланмаган.
Исталган бутунлик шакл ва маъно томондан иборат бўлади. Яна дарахт мисолига қайтамиз. Дарахтнинг шакл томони бизга маълум: қаттиқ танали ўсимлик.
Дарахт нима учун керак?
а) соя солади;
б) мева беради;
в) ёғоч беради... Мана шу вазифалар дарахтнинг мазмун томонидир, яъни вазифаси.
Нутқий ҳосилаларнинг мазмуни турли нутқий шароитда қанчалик хилма - хил бўлмасин, маълум бир лисоний умумийлик маъносининг тажаллисидир. Масалан, бир оддий пиёла ҳам ичиш қуроли, ҳам ўлчов андазаси, ҳам айлана чизиш мумкин... Лекин пиёланинг умумий мазмуни-чой ёки бошқа суюқлик ичиш учун мўлжалланган ўзбек миллий рўзғор буюми. Онгимизда пиёла мана шундай яшайди. Чунки "нутқдаги хусусий маънолар лисондаги умумий маьноларнинг тажаллиси" [1,11;].
Умумий маъно маълум бир фонема, морфема, лексеманинг парадигмадаги ўрни, мавқеидан очилади. Масалан, лексемалардаги умумий маъно шу лексеманинг ўзи муносабатдош бўлган лексемалар қаторидан англашилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |