15.1. Электр юритмали қўл асбоби
Электр юритмали қўл асбоб электрдвигатель, узатувчи механизм, ишчи орган ва бошқариш тизимидан иборат.
Электр асбобнинг узатувчи механизми ҳаракатни электр двигателдан ишчи органга узатади. Кўп машиналарда узатувчи механизм айланиш частотасини пасайтиради, айримларда эса (электр болға) – двигателнинг айланма ҳаракатини ишчи органнинг илгариланма ҳаракатига айлантиради.
Ҳозирги даврда қурилишда электр пармалаш асбоби, арра, ранда, зарб билан уювчи, қайчи, силлиқловчи, чархлагич, уйиқ ҳосил қилувчи, болғалар, перфоратор, трамбовкалар кенг қўлланилади.Қўл электр машиналарининг асосий параметрлари: ток частотаси ва кучи, кучланиш, истеъмол қуввати, масса.
Электр пармаловчи машиналар металл, ёғоч, бетон, тош ва бошқа материалларда тешик ҳосил қилиш учун фойдаланилади ( 15.1 -расм).
Уларнинг таснифланиши:
двигател ва ишчи орган ўқларининг жойлашувига қараб – тўғри ва бурчакли;
айланиш йўналишига қараб – реверсив ва нореверсив;
тезликни бошқариш бўйича – бир ва кўп тезликли;
массаси бўйича – енгил (1.5 кг гача), ўрта (8 кг гача) ва оғир (8 кг дан ортиқ).
15.1-расм. Электр пармаловчи машина.
Пармаловчи қўл машиналари енгил (пармалаш диаметри 9 мм гача), ўртача ( 16 мм гача) оғир ( 16 мм дан катта) хилларга бўлинади. Пармалаш қўл машиналарини иш жиҳозлари стандарт пармалар (сверлолар) ҳисобланади.
Электр пармалаш машиналарининг асосий тавсифлари: шпинделни айланиш частотаси 4...50с-1; двигател қуввати 0,12...0,95 кВт; массаси 1,3...9,7 кг.
15.1.1. Электр қайчилар листли металларни тўғри чизиқли ва фасонли кесиш учун мўлжалланган бўлиб арматура, пайвандлаш, санитар-техник, электрмонтаж, том қопламаси ва бошқа ишларни бажаришдаги технологик операцияларда қўлланилади.
Ишлаб чиқариладиган электр қайчилар ишчи органини конструктив бажарилишига қараб пичоқли ва ўйиб кесадиганларга бўлинади. Пичоқли қайчилар икки пичоқдан иборат ижро этувчи асбоб бўлиб, пичоқларнинг бири қўзғалувчан, иккинчиси қўзғалмас бўлади.
Ўйиб кесадиган қайчилар қўзғалувчан пуансон ва қўзғалмас матрицадан иборат кесувчи ижро асбобига эга ( 15.2 -расм).
15.2-расм. Ўйиб кесадиган электр пичоқлар.
Электр силлиқлаш (сайқал) машиналари металл конструкцияларни коррозия ва зангдан тозалаш, юзаларни пайвандлашга тайёрлаш, пайванд чокларини тозалаш, пўлат профиллар ва қувурларни кесиш, ҳамда турли юзаларни силлиқлаш ва сайқал беришга (полировка) мўлжалланган. Бу машиналарда ишчи ижро этувчи асбоб сифатида абразив доиралар, эластик дисклар, металл чўткалар, кигизли, юпқа наматли (фетрли), пахта ипли доиралар қўлланилади.
15.3-расм. Бурчакли электр силлиқлаш машинаси.
Бурчакли электр силлиқлаш машинасининг асосий қисмлари ( 15.3 -расм) электродвигатель, корпус 9, редуктор 5, силлиқловчи доира 2, ва даста 16 дир.
Ҳозирги даврда ишлатиладиган силлиқловчи доиралар 40...220 мм диаметрга эга ва 80 м/сек гача айланма тезликка эга. Бурчакли ва тўғри силлиқловчи машиналарнинг номинал қуввати 0,6...1,15 кВт, массаси 3,8...6,5 кг.
Do'stlaringiz bilan baham: |