14.2.2 Том қопламасини мастикасиз усули қуриш. Кейинги пайтларда гидроизоляцион том қопламаси гиламини ҳосил қилишда завод шароитида иккала томонига қалин қилиб (0.5...0.4 мм) битум мастикаси сурилган эритиб ёпиштираладиган ўрама материаллар кенг қўлланилмоқда.
Ишлаб чиқариши ошиб бораётган эритиб ёпиштириладиган ўрама материалларни қўлланилиши том қопламаси гидроизоляцион гиламини қуриш давомийлигини камайтириш ва технологиясини анча соддалаштиради. Бундан ташқари объектда елимловчи материалларни тайёрлаш жараёнини йўқолишига, том қопламаси ишларида 2...2,5 мартага қўл меҳнати ва таннархини камайишига, ишлатиладиган битум материаллари миқдорини камайтириш, том қопламаси машиналари сонини 2−3 бирликка камайтириш ва уларнинг ишларини автоматлаштириш, том қопламаси юқори сифатини таъминлаш, меҳнат маданияти ва унумдорлигини ошириш, ишчиларнинг меҳнат шароитини яхшилаш имконини беради.
Гидроизоляцион гиламни ёпиштиришдан олдин том қопламаси асоси юзаси муз, қиров, қор қатламидан тозаланади ва юзага иссиқлик билан ишлов берадиган махсус кўчма машиналар ёрдамида асос қуритилади (14.1-расм).
Асосни қуритиш ҳамда уни юзасидан муз, қиров ва нозик қор қатламини кетказиш очиқ аланга таъсири ёки иссиқ газлар оқими ёрдамида бажарилади. Машина асос қуритилишига қараб олдинга силжийди. Машинанинг унумдорлиги асосни қуритишда 25...30 м2/соат, қалинлиги 1,0...1,5 мм музни тозалаганда – 50 м2/соат, ёқилғи сарфи 10...12 л/соат.
14.1-расм. Том қопламасини асосидан музни кетгазувчи ва қуритувчи машина.
14.2.3. Эритиб ёпиштириладиган ўрамали материаллардан том қопламасини қуриш учун машиналар. Эритиб ёпиштириладиган ўрамали материаллардан гидроизоляцион қопламали гиламни қуриш технологияси шундан иборатки, ўрама материалнинг қопланган мастика қатлами елимловчи ҳолатга келтирилиб бир вақтнинг ўзида ўрамали материал лентаси очилиб ва кетма-кет зичланиб борилади. Эритиб ёпиштириладиган ўрамали материалларни икки хил ёпиштириш (елимлаш) усули мавжуд – оловли (иссиқ), бунда материални битумли қатлами 160...180°С гача горелка алангаси ёрдамида иситилиб (қиздирилиб) елимланадиган ҳолатга олиб келинади; оловсиз (совуқ), бунда материални битумли қатлами махсус эритувчи-пластификаторлар ёрдамида (уайт-спирт, керосин ва б.) юмшатилиб елимланадиган ҳолга олиб келинади. Оловсиз усулда сифатли том қопламаси материалини олиш учун қоплама асоси ва рубероидни туташувчи юзасига 45...60 г/м2 миқдорида эритувчи-пластификатор сўрилади ва кетма-кет зичланади. Эритиб ёпиштириладиган ўрамали материаллардан ясси томларда оловсиз усулда гидроизоляцион гиламни қуришда (ҳосил қилишда) кўчма машиналар, мажмуали-механизациялаштирилган қурилмалар (том қопламаси мажмуалари) қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |