Минералларнинг физикавий хоссалари
1. Ранги. Минераллар ниҳоятда хилма-хил рангда: яшил, сариқ, қизил, қора, пушти ва бошқа рангларда учрайди. Минераллар ранги баъзан икки рангнинг қўшилишдан ҳосил бўлади. Бундай минераллар оч сариқ, қорамтир яшил, оч яшил, тўқ қизил рангли бўлади.
2. Шаффофлиги. Минераллар кристали нур ўтказиш даражасига қараб шаффоф, ярим шаффоф, хира ва шаффоф бўлмаган хилларга бўлинади. Масалан, тоғ хрустали, гипс, ош тузи, флюорит шаффоф минералларга: опаль, хальцедон - ярим шаффоф, дала шпати - хира: пирит магнезит -шаффоф бўлмаган минералларга киради.
3. Ялтироқлиги. Минералларнинг сирти ёриқлик нурини маълум даражада қайтаради. Баъзи минералларнинг сирти хира, бошқа минералларнинг сирти эса ялтирок бўлади. Минералларда шишасимон, металлсимон, садафсимон ва оч кул ранг тусдаги ялтироқлик кўпроқ тарқалган.
4. Уланганлиги. Минералларнинг қўшилиш жойидан варақ-варақ бўлиб ажралиши уланганлик дейилади. Уланганлик минераллар кристалида бир неча хил бўлади: ўта мукаммал, мукаммал, номукаммал уланганликлар. Уланганлик баъзи минералларда мутлақо бўлмаслиги ҳам мумкин.
5. Синиши. Минералларнинг энг муҳим белгиларидан бири синишдир. Минераллар синдирилганда ёки бўлинганда ҳосил бўлган текис юза минералларнинг синиш хоссаси деб аталади. Синиш бир неча хил бўлади: ғадир синиш чиғаноқнинг ички юзасига ўхшайди. Буни кварц, опал ва бошқаларда кўриш мумкин.
Чуқуртак синиш - бунда минералнинг синган юзасида майда тикан йўллари сингари чизиқлар ҳосил бўлади. Бу асбест, кремний минералларида кўринади.
Чангли синиш - синиқ юзасида чанг зарралари ёпишиб қолганга ўхшайди.
6. Зичлиги. Минералларни аниқлашда уларнинг зичлиги ҳам катта аҳамиятга эга, минералнинг зичлиги унинг худди шу ҳажмдаги сувдан неча марта оғир ёки енгиллигини кўрсатади. Минералларнинг зичлиги бир-биридан катта фарқ қилади. Масалан, нефтнинг зичлиги 0,8 г/см3 га, олтинники -18,2г/см3 га, платинаники эса 19 г/см3 га тенгдир.
Минераллар зичлигига кўра қуйидагича бўлиши мумкин:
1) Енгил минераллар (зичлиги 2,5 г/см3 гача, масалан гипс, галит).
2) Ўртача зичликдаги минераллар (зичлиги 2,5 дан 2,7г/см3 гача, масалан кварц, дала шпати, слюда ва бошқалар).
3) Оғир минераллар (зичлиги 2,7 г/см3 дан катта бўлган, масалан, рудавий минераллар ва ҳоказо).
7. Қаттиқлиги. Минералларни ўрганишда уларнинг физикавий хоссалари ичида қаттиқлиги катта аҳамиятга эга. Минералларнинг қаттиқлиги уни қаттиқлиги маълум бўлган бошқа минерал юзасига суриш ёки уни тирнаш йўли билан аниқланади. Қаттиқликни аниқлаш учун ишлатиладиган маълум қаттиқликдаги минераллар асосида Ф.Моос қаттиқлик шкаласи тузилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |