Интразонал ўсимликлар зоналлик ва минтақаланиш қонуниятларига қатъий бўйсинмайдиган, бир неча зонада,турли баландлик минтақаларида ҳам учрайдиган ўсимликлардир. Ўтлоқлар, ботқоқлик, воҳа ва тўқайларнинг айрим ўсимликлари ана шундай интразонал ўсимликлардир.
Ўтлоқ ўсимликлари- ўтларнинг муайян гуруҳидан ташкил топган. Ўзбекистонда ўтлоқлар дарё бўйи ўтлоқлари, тўқай ўтлоқлари, тоғ ўтлари, субальп ва альп ўтлоқларига бўлинади.
Тўқай ўтлоқларида буғдойиқ, сохта қамиш, шўра, ажриқ ўсади, улар дарёларнинг асосан қуйи оқимидаги тўқайларда учрайди.
Тоғ ўтлоқлари тоғларнинг сийрак ўрмонли Қуёшга тескари ёнбағирларида учрайди ва у ерларда шамбала, ўтлоқ қўнғирбоши, ялтирбош, чойўтга ўхшаш ўтлар ўсади.
Ботқоқлик ўсимликлари Ўзбекистонда дарёларнинг қайирларида, қисман яйлов минтақасида учрайди. Ўзбекистонда асосан қамишли ботқоқликлар мавжуд бўлиб, улар текислик дарёларининг қайирларида тарқалган.
Воҳалар кишиларнинг кўп йиллик мехнати билан ўзлаштирилган, маданийлаштирилган ландшафтлардир. Воҳаларда маданий ўсимликлар билан бирга «бегона» табиий ўтлар ҳам ўсади. Улар маданий экинлар билан бирга ўсиб, улар ҳосилининг камайишига сабаб бўлади. Ўзбекистоннинг ўзида 500 турдан ортиқ «бегона» ўтлар мавжуд. Энг кўп учрайдиганлари ғумай, ажриқ, какра, сачратқи, қўйпечак, оқбош, қамиш каби кўп йилликлар ва итузум, шўра, семизўт, курмак, бўз тикан, чатир, сутлама сингари бир йиллик ўтлардир. Шу билан бирга воҳаларда паразит ўсимликлар-зарпечак, девпечаклар ҳам ўсади.
Ўзбекистон флорасида доривор ўсимликларнинг 577 тури борлиги аниқланган. Республика ҳудудидаги ўсимликларнинг 90 % и озуқабоп ўсимликлардир. Ўртача йиллик ўсимлик озиқасининг заҳираси қумли яйловларда 3-5 цҒга, Устюртнинг гипсли яйловларида 2-4 цҒга, қишки ва кузги яйлов сифатида фойдаланиладиган шўрхокларда 2-4 цҒга, адирларда 8-10 цҒга, тоғларда 10-15 цҒга, яйлов минтақасида 10-12 цҒга, тўқайларда 12-16 цҒга, қамишзорларда 115 цҒга га боради. Серталаб озуқабоп ўсимликларга солодка, янтоқнинг бир қанча тури, қиёқ ўт ва бошқалар киради.
Ўзбекистоннинг ўрмон фонди 1995 йил 1 январь маълумотларига кўра 9211,5 минг га бўлиб (шу жумладан ўрмонлар 2776 минг га), унинг 85,4 % чўл зонасида, 13 % тоғларда, 0,8 % водийларда, 0,8 % тўқайларда жойлашган. Ўзбекистондаги экилган ўрмонларнинг умумий майдони 514,8 минг га бўлиб, булар ёнғоқ, писта, бодом каби 40 дан ортиқ турдаги бута ва дарахтлардан иборат. Республикада ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, уларни қўриқлаш ва қайта тиклаш, иҳота дарахтзорлари барпо этиш билан ўрмон хўжаликлари шуғулланади. Ўзбекистонда дастлабки ўрмон хўжалиги 1873 йилда ҳозирги Чирчиқ ўрмон хўжалиги ўрнида ташкил этилган. Ўзбекистонда 1996 йили 91 та ўрмон хўжалиги корхоналари, қўриқхоналари ва миллий боғлар бўлган.
Республиканинг ўрмон хўжалиги корхоналарида йилига 50-60 минг м3 ёғоч, шу жумладан 2 минг м3 дан зиёда бинокорликка яроқли ёғоч, 300 тоннадан кўпроқ турли ўсимлик, бута, дарахт уруғлари тайёрланади. Ўрмон хўжаликларида 36 тадан зиёд ёввойи доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари тайёрланади ва 700 тоннадан зиёд хомашё етказиб берилади.
Ўсимлик Ўзбекистон ҳудудида нам тутувчи, дарё сувини бир меъёрда сақлаб турувчи, тупроқ, грунт ювилишининг олдини олувчи, қумларни мустаҳкамловчи ҳамда ҳавони тоза сақлаб турувчи муҳим омил бўлиш билан бирга нафосат аҳамиятига ҳам эга.
Инсон меҳнат фаолияти билан биогеоценозларга салбий таъсир кўрсатиб келмоқда, экологик мувозанатда ўзгариш юз бериб, баъзи ўсимликлар тури камайиб бормоқда. Натижада ҳозир Ўзбекистонда ўсадиган ўсимликларнинг 10-12 % и ёки 400 тури муҳофазага муҳтож бўлган ноёб турга айланиб қолди. Баъзи ўсимликлар кескин камайиб кетиб, уларнинг йўқолиб кетиши хавфи туғилган (лола, етмак, анзур пиёз, зира, сумбул).
Do'stlaringiz bilan baham: |