Чўл минтақаси ўсимликлари ҳам хилма-хил экологик шароитга ва ўзига хос хусусиятларга эга. Чўл ўсимликларининг ҳаёти асосан иқлим шароитига, хусусан намлик билан таъминланиши даражасига боғлиқ.
Чўл зонаси ўсимлик ўсиши учун қанчалик ноқулай бўлмасин, у ерда ўсадиган ўсимлик турлари хилма-хил гуруҳлар вакилларидан ташкил топган. Булар асосан ксерофитлар, мезоксерофит эфемерлар ва мезоксерофит эфемероидлар гуруҳларидан иборат.
Ўзбекистон чўлларидаги эфемерлар жазирама иссиқлар бошлангунча ўз ҳаёт жараёнларини тўлиқ ўтиб тугаллайдилар (масалан, лолақизғалдоқ, читир, чучмома, гунафша).
Эфемероид ўсимликлар гуруҳига ёзги жазирама иссиқлик бошлангунча вегетациясини давом эттирувчи кўп йиллик ўсимликлар киради. Илоқ, лола, бойчечак, ёввойи пиёз ва қўнғирбош буларга мисол бўлади.
Мезоксерофит ўсимликлар гуруҳига ёзги жазирама иссиқлар бошланганда ўз ҳаётини анабиоз ҳолда, яъни мажбурий тиним ҳолатида ўтказишга мослашган ўсимликлар киради.
Ксерофит ўсимликлар гуруҳига қуруқ ва иссиқ ёз шароитига мослашган иссиқ ёзда ҳам ўз вегетациясини давом эттирадиган ўсимликлар киради. Уларнинг илдизлари жуда узун, баргалари намни кам буғлатишга мослашган майда бўлади ёки бутунлай бўлмайди.
Ўзбекистонда чўл минтақаси катта майдонни эгаллаганидан ва шимолдан жанубга катта масофага чўзилганидан ҳамда мутлақ баландлик ҳар хил бўлганидан иқлими, ўсимлиги ва тупроқлари ҳам хилма-хил. Шу сабабли бу минтақа икки қисмга: пастки чўл ва юқори чўлга бўлинади.
Пастки чўл мутлақ баландлиги 250 метргача бўлган ҳудудларни эгаллайди, ўсимлиги анча турли-туман. Бу чўлда барг ва поялари семиз ўсимликлар ўсиб, уларда туз кўп бўлади. Пастки чўлда энг кўп тарқалган ўсимликлар қорасаксовул, черкез, қорабароқ, сарсазан, аччибута, боялич, чўғон, каррак, арпағон, донашўр, хабалак, қорашўра, балиқкўзлардан иборат.
Юқори чўлга мутлақ баландлиги 250-400 м бўлган ҳудудлар киради. Уларнинг ўсимлик дунёси хилма-хил. Ўсимлик қопламининг асосини шувоқ ташкил этади. Юқори чўлда энг кўп тарқалган ўсимликларга ёвшон, қуёнсуяк, қизилқандим, сингрен, қирқбўин, илоқ, янтоқ, каврак, исириқ, аччиқмия, бойчечак, чучмома, партек, ялтирбошлар киради.
Умуман олганда чўл минтақасида ўсимлик қоплами сийрак, лекин нам етарли бўлган баҳорда чўл ямяшил тусга киради, эфемер ва эфемероидлар ер бетини қоплайди. Жазирама иссиқ ва қуруқ кунлар бошланиши билан улар қурийди ва чўл сарғиш кўринишга эга бўлади.
Ўзбекистонда текислик қисмидаги тупроқ-грунт шароитларига боғлиқ ҳолда турли ўсимлик типлари учрайди. Қумли, гилли, тошлоқ (гипсли), шўрхок ерлар ўсимликлари бир-биридан фарқ қилади.
Қумли чўлларда тупроқ таркибининг 80-90 % и қумлардан иборат, у сувни яхши ўтказади. Шунинг учун қумли чўлларда ёзда тупроқнинг 50 см гача бўлган юза қисми қурийди, ундан пастдаги 60-120 см қалинликдаги қатламида нам сақланади. Бу ҳол қумли тупроқларда озиқа кам бўлса ҳам ўсимликларнинг ўсиши учун қулай шароит яратади ва уларнинг хилма-хиллигига сабаб бўлади. Қумли субстратда ўсишга мослашган ўсимликларни псаммофитлар дейилади. Қумли ерларда буталардан қуёнсуяк, эфемероидлардан қумни мустаҳкамлайдиган илоқ учрайди. Қум тепалари орасидаги пастликларда гилли-қумли тупроқларда қора саксовул ўсади. Қандим, оқ саксовул, черкез мустаҳкамланган қумли чўлларда учрайди. Кўчма қумда селин ҳам кенг тарқалган. Черкез, жузғун, шувоқ, баъзи жойларда янтоқ ҳам ўсади.
Қумли чўлларнинг яйлов сифатидаги аҳамияти катта Улардан йил давомида фойдаланилади. Бу чўллар ҳар гектаридан ўрта ҳисобда 1-2 центнердан хашак бериши мумкин. Черкез алколоиди қон босимини пасайтиришда, санграйқулоқ алколоиди тери саратони касалини даволашда қўлланилади.
Тошлоқ чўллар Устюртда ва Марказий Қизилқумдаги қолдиқ тоғлар атрофида кенг тарқалган бўлиб, ўсимлигининг асосини ксерофит буталар ва чала буталар ташкил этади. Тошлоқ чўлларда, масалан, Устюртда 400 та ўсимлик тури бўлса, шундан атиги бир нечтасигина ландшафт ҳосил қилади. Булар асосан бурган, шувоқ, боялич. Улар билан бирга партек, тиканли бута-туя, сингрен, каррак, сета, чўғон ва исриқ ҳам аралашиб ўсади. Баҳорда нам етарли йиллари ер юзини эфемерлар қоплаб олади. Устюртда яна саксовул ҳам учрайди. Шувоқ, каррак, сета, чўғон чорва учун яхши озуқа бўлади. Исриқдан гармин алколоиди олиниб, ундан тиббиётда асаб касалликларини даволаш, қон босимини пасайтириш, нафас олишни яхшилашда фойдаланилади. Халқ табобатида исриқдан бўғинлар оғриганда, шолни даволашда, нафас олишни яхшилашда, гижжани туширишда, тумов, асаб, тутқалоқ, безгак ва бошқа касалликларни даволашда фойдаланганлар.Устюрт ўсимликларидан йил давомида яйлов сифатида фойдаланиш мумкин.
Шўрхок, шўр ва тақирли чўлларга Айдар, Мингбулоқ, Борсакелмас, Шорсой ва бошқа шўрланган ерлар киради. Шўрхок чўлларда галофит ўсимликлар типи асосий ўрин тутади. Бу ерлар тупроғида осон эрувчи тузлар кўп бўлади. Галофит ўсимликлар кўпинча танаси семиз бўлади, уларнинг танасидаги тузлар миқдори ўсимликнинг оғирлигига нисбатан баъзан 45 % ни ташкил қилади. Бундай ўсимликларнинг асосий вакиллари боялич, терескен, каврак шўрлиги жуда юқори бўлган ерларда, танаси семиз шўрагуллилар-сарсазан, қорашўра, кўкпек, юлуғун, шўражириқ, зовурлар бўйида, қизилмия, оқбош ер ости суви юза жойларда ўсади. Галофит ўсимликлар ичида итсегак заҳарли ўт бўлиб, мол емайди. Ундан анабазин алколоиди олинади. Анабазин сульфат қишлоқ хўжалик зараркунандаларига қарши курашда қўлланилади.
Тақирларда ўсимлик деярли ўсмайди, фақат тақир ёриқларида ва атрофида сийрак ҳолда шўра ўсимликлари (итсегак, бурган) учрайди.
Чўл минтақасининг асосан лёсли жинслар тарқалган юқори чўлларида (250-400 м) эфемер, эфемероид ва булар орасида ўсадиган чўл ўсимликлари яхлит ўсимлик қопламини ҳосил қилади. Эфемерлардан қашқайўнғичқа, лолақизғалдоқ, чучмома, гунафша, эфемероидлардан қўнғирбош, ранг (қорабош) каби ўсимликлар серёмғирли баҳор фаслида барқ уриб ўсиб чўлга чирой бағишлайди. Булардан ташқари баланд чўлларда сассиқ қуврай, лола, гулсапсар, мингбош, чалов, шувоқ, астрагал, баъзан исриқлар ҳам ўсади. Лекин ўсимликлар асосини гилли чўлларда эфемероид-қўнғирбош ва ранг ташкил этади. Бўз тупроқли эфемер чўлларнинг баҳорги яйлов сифатида аҳамияти катта, ёғингарчилик кўп бўлган йилларда ҳар гектаридан 5 центнергача хашак йиғиб олиш мумкин.
Чўл минтақасидаги дарё қайирларида туранғил, тол, чирмовиқ, илонпечак, бақатерак, жийда, наъматак, юлғун, чинғил, қамиш, қизилмия, янтоқ, шўражриқ кабилар ўсиб, тўқайларни ҳосил қилади. Тўқайлар Сирдарё, Амударё, Зарафшон, Чирчиқ, Оҳангарон дарёлари қайирларида учрайди. Булар ўзига хос табиат ландшафтлари бўлиб, сийрак, зах ўрмон ва чакалакзорлардан иборат бўлади. Тўқайларнинг кенглиги бир неча юз метрдан бир неча километргача боради. Кейинги йилларда йил давомида мол боқилиши, дарё сувининг камайиши ва инсон фаолияти билан боғлиқ бошқа омиллар таъсирида тўқайлар майдони қисқариб бормоқда. Ҳозир Қуйи Амударёда 1 млн. гектарга яқин тўқай ерлар қуриб ётибди. Тўқай ўсимликларидан қизилмия шифобахш ҳисобланади.
Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, чўл зонаси ўсимлиги чуқур ўрганишни, яйлов сифатида фойдаланишни илмий асосга қўйишни тақазо этади.
Чўл зонасининг катта қисмида қадимдан ерлар ўзлаштирилиб, экин экиб келинган, бу ерларда йирик воҳалар жойлашган. Улар ўзига хос ўсимлик дунёсига эга. Воҳалар ўсимлиги асосини маданий, манзарали, толали, озиқ-овқат, сабзавот-полиз, зиравор ва бошқа ўсимликлар ташкил этади. Энг кўп майдонни пахта эгаллайди. Унинг иссиқсевар ингичка толали навлари Ўзбекистоннинг жанубида етиштирилади. Пахта билан беда, маккажўхори, буғдой, арпа, шоли алмашиб экилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |