КИРИШ
РЕГИОНАЛ ТАБИИЙ ГЕОГРАФИЯНИНГ ОБЪЕКТИ
ВА ПРЕДМЕТИ
Географик фанларнинг асосий гуруҳларидан бири бўлган табиий географик фанларнинг асосий тармоқларидан бири бу регионал табиий географиядир. У табиий ҳудудий комплекслар (геокомплекслар, ландшафтлар) ҳақидаги фан. Регионал табиий география географик қобиқнинг турли катта-кичикликдаги ҳудудий комплексларини, уларнинг таркиби, тузилиши ва ривожланишига оид ўзига хос хусусиятларини, табиий шароит ва ресурсларининг регионал хусусиятлари ҳамда улардан оқилона фойдаланиш йўлларини ўрганади.
Регионал табиий география икки йўналишда- табиий географик мамлакатшунослик ва регионал ландшафтшунослик йўналишларида тадқиқот олиб боради.
Табиий географиянинг ҳам объекти, ҳам предмети вазифасини ўтовчи географик қобиқ энг катта ва энг мураккаб табиий географик комплекс бўлиши билан бир қаторда кўп ва турли таксономик қийматга эга бўлган табиий географик комплексларга бўлинади. Булар сувлик ва қуруқлик, материк-минтақа-ўлка-зона-провинция–кичик провинция–округ-район кўринишларидир. Уларнинг ҳаммаси регионаллик хусусиятига эга бўлган табиий географик комплекс сифатида регионал табиий географиянинг ўрганиш объекти ҳисобланади, регионал кўламдаги катта ва мураккаб табиий географик комплекслар эса бу фаннинг тадқиқот предметидир.
Регионал табиий географик тадқиқотлар фақат биронта табиий географик комплекс ҳудудида олиб борилибгина қолмай, балки мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда биронта давлат чегарасида ҳам, биронта табиий ҳудуд – тоғ тизмаси ёки дарё ҳавзаси доирасида ҳам олиб борилиши мумкин. Бу ҳолларда ҳам регионал табиий географиянинг ўрганиш предмети регионал кўламдаги табиий географик комплекслар бўлиб қолаверади.
Ҳозирги кунда халқ хўжалигини ривожлантириш, шаҳар, транспорт, қурилиш, сув иншоотлари бунёд этиш, янги ерларни ўзлаштириш ва бошқа халқ хўжалиги ишларини чуқур географик ва геоэкологик тадқиқотларсиз амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун Ўзбекистон географлари, шу жумладан табиий географларининг ҳам илмий-тадқиқот ишлари халқ хўжалиги тараққиёти жараёнида вужудга келадиган муаммоларни ҳал қилиш ҳамда атроф-муҳитни ва йирик ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаларини сифат жиҳатдан ўзгартиришнинг илмий асосларини яратишга қаратилгандир.
Бу вазифаларни амалга ошириш Ўзбекистон ҳудуди табиий шароитини чуқур билишни тақазо қилади. Шунинг учун географ мутахассислар тайёрлашда бериладиган географик билимлар тизимининг энг муҳим ўқув фанларидан бири-бу Ўзбекистон табиий географиясидир. Бу ўқув курси мукаммал ўрганилиши зарур. Бу ўқув фани Ватанимиз Ўзбекистоннинг табиат компонентлари, табиий комплекслари, уларнинг ҳолати, бир-бирига боғлиқлиги, табиий бойликлари, улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш ҳақида билим бериш билан бирга республикамиз табиатидаги тафовутларни тушуниб олишга ва амалий фаолиятда уларни назарда тутишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритганидан кейин бу курс Ватан табиий географиясига айланди ва Ватан тушунчасининг ўзи эндиликда янгича мазмун ва моҳиятга эга бўлди. Бу курс университетларда ўқитиладиган барча регионал курслар орасида табиий Ватаншунослик курси сифатида устивор ўрин тутади.
Курснинг мақсад ва вазифалари, хусусан унинг мазмун ва моҳияти тор таълимий доирадан чиқиб, катта ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий аҳамият касб этди. Ушбу курс маълумотлари Ватанимиз-Ўзбекистоннинг ўзига хос саҳоватли табиати, хилма-хил ва бой табиий шароити ҳамда ресурслари тавсифи мисолида талабаларимизнинг ватанпарварлик, ўз диёрига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялайди.
Ушбу курсда асосий эътибор фақат табиий компонентлар тавсифига қаратилмай, унда табиат комплекси тавсифи ҳам мумкин қадар кенг ёритилиб берилди, ҳозирги замон табиий географияси ва ландшафтшунослигининг талабларидан келиб чиқиб, республикамиз ҳудуди табиий комплекслари кўп функцияли эканлиги ва уларнинг хусусиятлари очиб берилади. Курсда Ўзбекистонда табиатдан фойдаланишнинг геоэкологик асослари ҳам муносиб ўрин олади, айрим ташкилий муаммолари ҳам кўриб чиқилади.
Бинобарин, Ўзбекистон табиий географияси курсининг мақсади талабаларда Ўзбекистоннинг комплекс табиий географияси бўйича билимлар асосини ландшафтларнинг структураси, ўз функциясини бажариши ва ривожланишининг қонуниятлари тавсифи билан биргаликда шакллантиришдир. Курснинг вазифаси эса қуйидагилар:
- Регионал табиий география ва ландшафтшуносликнинг объекти, предмети ҳақида тушунча бериш;
- Ўзбекистоннинг табиатини географик ўрганиш тарихи босқичларига тавсиф бериш;
- Ўзбекистон табиатини шакиллантирувчи энг муҳим омиллар мазмуни ва ўрнини очиб бериш;
-Ландшафтнинг ўзаро боғлиқлиги ва алоқадорлиги, Ўзбекистон табиатининг зонал ва вертикал тузилишини тушунишга ўргатиш;
-Республикамиз табиий шароити ва бойликларидан халқ хўжалигини ривожлантириш ва аҳоли соғлигини сақлаш мақсадларида фойдаланиш имкониятлари ва муаммолари ҳақида фикр юритишга ўргатиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |