Таянч термин ва тушунчалар обсерватория, геологик, геоботаник, берк ҳавза, орографик схема, баландлик минтақа, гидрометрик.
Географик номлар: Мирзачўл, Қарши, Қуйи Амударё, Андижон.
Сайёҳ олимлар: П.П.Семёнов-Тяншанский, А.П.Федченко, Н.А.Северцев, И.В.Мушкетов, В.А. Обручев, Н.И. Андрусов, Н.А. Зарудний, Л.С. Берг, А.Ф. Миддендорф, В.Ф. Ошанин, А.Н. Краснов, И.Г. Боршчов, Н.А.Димо, С.С.Неуструев.
Савол ва топшириқлар.
1860-1870 йилларда Ўзбекситон ҳудудига кўплаб комплекс экспедициялар уюштирилиши натижасида қандай географик ўзгаришлар бўлди?
И.В.Мушкетовнинг Ўзбекситон ҳудудининг ўрганилишига қўшган ҳиссаси нимадан иборат?
1911-1915 йилларда олиб борилган тадқиқот ишлари ҳақида нималар биласиз?
Ўзбекистонда географик тасаввурларнинг шўролар даврида ривожланиши. Ўзбекистонда шўро даврида географиянинг ривожланиши қуйидаги ўзига хос томонлари билан ажралиб туради:
1917 йил октябрь инқилобидан сўнг Ўзбекистоннинг табиий бойликларини талашни энди шўролар ҳукумати давом эттирди. Мамалакатимиз бойлигидан метрополия манфаатлари учун самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистонда географик тадқиқотлар суръати оширилиб, кўлами кенгайтирилди.
Умумий географик ва махсус ҳудудий тадқиқотлар кўлами кенгайди. Илмий экспедициялар маршрутлари мамлакатимиз ҳудудида турли йўналишда кесиб ўтиб, унинг табиий шароитига иқтисодий жиҳатдан баҳо бериш, табиий бойликларни аниқлаш ва улардан ўз мақсадларида фойдаланиш йўллари белгиланди. Шўролар ўз мақсадларига эришишни тезлаштириш мақсадида Ўзбекистонда маҳаллий илмий ташкилот ва муассасалар ташкил этдилар. Туркистон–Ўрта Осиё-Тошкент-(ҳозирда Ўзбекистон Миллий) университети табиатшунос ва географлар тайёрлаш, географик тадқиқотларни уюштириш ва ўтказиш, шунингдек янгидан-янги илмий йўналишларни яратишда катта роль ўйнади. Кейинчалик Ўзбекистон Фанлар Академияси (1943), шунингдек Республикамизда олий ўқув юртлари ҳамда илмий-ишлаб чиқариш муассасалари ҳам ўлка табиий шароити ва ресурсларини ўрганишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Шўролар даврида Ўзбекистон табиатини ўрганиш асосан 3 йўналишда: эколого-географик, қиёсий-географик ва регионал-ландшафтшунослик йўналишларида ривожланди.
Шўролар ҳокимиятининг дастлабки йиллари Ўзбекистон табиий шароитини совет ҳокимиятининг талабларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги нуқтаи-назаридан ўрганишга ва саноатини энг муҳим маҳаллий табиий хом ашёлар билан таъминлашга катта эътибор берилди. Мамлакатимиз ҳудуди умумий географик жиҳатдан етарли ўрганилмаганлиги сабабли инқилобдан олдин бошланган географик тадқиқотлар давом эттирилди, халқ хўжалиги ва илмий мақсадлар учун географик хариталар яратиш ишлари олиб борилди. Бу ишларни амалга оширишда Фанлар Академияси ва САГУ олимларининг хизмати катта бўлди. Фанлар Академияси экспедициялари кўпроқ чўллар ва тоғлар ер бағрида саноат хом ашёсини излаб топиш ва заҳирасини аниқлаш билан шуғулланган бўлса, университет олимлари томонидан дала шароитида табиатнинг барча компонентлари ўрганилди. Бунда университет қошида ташкил этилган илмий-текшириш институтларининг хизмати катта бўлди.
Иккинчи жаҳон урушидан олдинги беш йилликлар (1929-1941 йй) даврида Ўзбекистон табиати компонентлари бўйича ҳам, табиий комплекслар бўйича ҳам кенг чуқур ўрганилди, махсус ҳамда умумий географик хариталар тузилди. Бу ишларни амалга оширишда марказ ва ерли олимлар самарали иш олиб бордилар.
Геологик-геоморфологик умумлашма ва ғояларга бой уч жилтли «Ўзбекистон геологияси»нинг босилиб чиқиши катта воқеа бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон табиатини ўрганиш ва табиий бойликларни аниқлаш борасида тадқиқотлар давом этди. Комплекс ва тармоқ географик экспедициялари уюштирилди, аниқ далилий маълумотлар тўпланди.
Уруш йилларининг эҳтиёжлари геологик ва ботаник тадқиқотлар мавзуларини амалий мақсадларга мослаштириш ва янада жонлантиришни тақазо этди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда (1946-1960 йй) Ўзбекистон табиати барча компонентлар бўйича жадал ўрганилди, янги илмий мактаб ва йўналишлар вужудга келди. Табиий шароит ва табиий бойликларни ўрганиш, уларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш мақсадида йирик илмий экспедициялар уюштирилди. Бу шароитда ўзбек олимларининг ҳиссаси жуда катта бўлди. Шулар жумласидан Ўзбекистон табиатини ва бойликларини ўрганган йирик олимлардан эколог-геогафлар Н.А.Димо, Д.Н.Кашкаров, Е.П.Коровин, Р.И.Аболин, К.З.Зокиров, Т.З.Зоҳидов, И.А.Райкова, географлар Н.Л.Коржиневский, Н.Д.Долимов. М.Қ.Қориев, Л.Н.Бабушкин, З.М.Акрамов, Ҳ.Ҳ.Ҳасановни алоҳида қайд қилиб ўтиш мумкин.
1960-1990 йилларда Ўзбекистонда ҳам география жаҳон география фанининг бир бўлаги сифатида мазмунан чуқурлашиб, табиат ва жамият ўртасидаги алоқадорликни тадқиқ этувчи, масалаларни конструктив (амалий) ҳал қиладиган фан даражасига кўтарилди. Географик тадқиқотлар географик қобиқ, ва табиий-ҳудудий комплексларда рўй бераётган ва амалга оширилаётган табиий ва ижтимоий жараёнларни ўрганиш, уларнинг ўзаро боғлиқлик қонуниятларини аниқлаш ва баҳолашга, истиқболдаги ўзгаришларни башорат қилишга қаратилди.
Тошкент давлат университети (ҳозирда ЎзМУ) табиий географлари табиат билан жамиятнинг ўзаро таъсири ва унинг оқибатларини, мамлакатимиз текислик ва тоғлик ҳудудлари табиий хусусиятлари ва бойликларининг барқарорлиги ҳамда ўзгарувчанлигининг башоратлаш, табиатдан фойдаланишнинг экологик-географик асосларини ишлаб чиқиш билан шуғулландилар. Бу билан Ўзбекистонда амалий географияга асос солинди.
ХХ асрнинг 60-йилларида Ўзбекистонда ҳудудининг табиатидан ва унинг ресурсларидан тўғри фойдаланишга бағишланган биринчи иш Ўзбекистоннинг табиий географик районлаштириш монографияси нашр этилди. (Л.Н.Бабушкин, Н.А.Когай, 1964). Бу ишда Ўзбекистон ҳудуди 40 та табиий географик районга ажратилиб, уларнинг ҳар бирига ҳудуддан хўжаликда оқилона фойдаланиш нуқтаи назаридан баҳо берилди. Шундан кейин ўзбек географларидан Ш.С.Зокиров Чирчиқ-Оҳангарон табиий райони ландшафтлари ва улардан оқилона фойдаланиш, А.А.Рафиков Мирзачўл мелиоратив географияси, П.Н.Ғуломов Зарафшон водийси чўл-воҳа чегарасидаги қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатувчи табиий географик жараёнлар, И.А.Ҳасанов Қарши чўли табиий шароитига қишлоқ хўжалиги нуқтаи назаридан баҳо бериш, А.Зайнутдинов Тошкент атроф ҳудудлари табиатининг таркиб топиши А.С.Соатов табиий шароитни шаҳар қурилиши нуқтаи назаридан баҳолаш мавзуларида илмий ишларни олиб боришди. Бирқанча монография ва илмий мақолалар нашр этилди. ХХ асрнинг 80- йилларига келиб Ўзбекистоннинг икки жилдли комплекс географик атласи нашр этилди.
ХХ асрнинг 60-90 йилларида географик тадқиқотлар амалий географик муаммолар инсон билан табиат ўртасидаги муносабатларни, хусусан табиат ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни оқилона ўзлаштириш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш масалаларини тадқиқ қилишга қаратилди. Чунки бу вақтга келиб Орол, Орол бўйи, атроф муҳитнинг, ҳусусан қишлоқ хўжалиги ҳудудларида табиатнинг ифлосланиши муаммолари пайдо бўлган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |