Таянч термин ва тушунчалар: Евроцентрик, объектив баҳолаш, иқтисодий-ижтимоий, конструктив (амлий), регионал муаммо, географик тасаввур, географиянинг тараққиёти.
Географик номлар: Ўзбекистон.
Савол ва топшириқлар.
1. Ўзбекистон ҳудудининг иқтисодий-ижтимоий ва маданий дунёси тарихи асосидаги босқичларни айтиб беринг.
2. Ўзбекистон ҳудуди табиати ҳақидаги географик тасаввурлар қайси асрда ривожланди?
Қадимги дунё географиясида Ўзбекиcтон ҳудудининг ўрганилганлиги ҳолати. Ўзбекистон ҳудуди табиий шароитининг қулайлиги жуда қадимдан кишилар эътиборини ўзига жалб этган. Қулай табиий шароит бу ерда бир неча юз минг йил аввал одамлар яшай бошлашига имкон берган. Ўрта Осиёда охирги топилган илк тош асрига оид маконларнинг очилиши ҳақли равишда бу ҳудудни одамзоднинг илк аждодлари пайдо бўлган минтақага киритиш имконини берди.
Ибтидоий жамият даврида Хоразм, Қашқадарё, Зарафшон, Сурхандарё воҳаларида яшаган одамлар бу ерлар табиати ҳақида муайян тасаввурга эга бўлганлар. Илк географик тасаввурлар табиатнинг янги бойликларни излаб топиш ва ўзлаштириш, табиий шароити қулай ерларга жойлашиш, суғорма деҳқончилик, ов касбкорлиги ва чорвачилик воситасида табиатнинг кўзга яққол ташланиб турган оддий хусусиятларини билишга интилишлари муносабати билан такомиллаша борган. Дастлабки географик тасаввурларнинг ривожланишида суғорма деҳқончилак ва чорвачиликнинг вужудга келиши, қадимги шаҳар маданияти ҳамда суғорма деҳқончилик воҳаларининг шакилланиши муҳим аҳамиятга эга бўлган. Афсуски, тарихий сабабларга кўра илк маҳаллий қўлёзмалар деярли сақланиб қолмаган. Бу эса ўлкамиз халқларининг қадимий географик тасаввурини мукаммал аниқлаш ва уни илмий тахлил қилишга имкон бермайди. Улар юнон ва араб истилолари даврида йўқ қилиб юборилган. Ўрта Осиё табиати, хўжалиги ва халқлари ҳақидаги айрим маълумотлар сақланиб қолган илк ёзма манбалардан бири муқаддас китоб «Авеста»дир. У эрамиздан олдинги VII – VI асрларда пайдо бўлган. Унда ўлкамиздаги қадимги давлатлар- Хоразм, Суғдиёна, Бақтрия ва бошқалар энг бой, табиати хилма-хил ва кўркам мамлакатлар сифатида тилга олинади. Унда ўлкамизнинг қадимий воҳалари, водийлари ва тоғлари таъсвирланади.
Антик даврда Ўзбекистон ҳудуди ҳақидаги географик тасаввурлар анча кенгайган ва чуқурлашган. Ўлкамиз ҳақидаги географик маълумотлар бирмунча тўлиқ акс эттирилган. Бизгача етиб келган асосий манбалар-қадимги грек (юнон) ва қисман хитой ёзма манбаларидир.
Геродотнинг қадимги форс манбалари асосида тўплаган географик маълумотлари, Птолемейнинг Ўрта Осиё текислик қисми табиати ва аҳолиси, асосий карвон йўллари ва йирик шаҳарлари ҳақида ёзганлари, унинг 27 та харитадан иборат «Дунё атласи», хитой сайёҳи Чжан-Цяннинг хилма-хил тарихий ва географик маълумотлари шулар жумласидандир. Чжан-Цян 13 йил давомида (милоддан аввалги 138-126 йиллар) Иссиқкўл атрофи, Фарғона ва Хоразм табиатини, аҳолиси ва хўжалигини ўрганган. Антик давр географик маълумотлари асосан Ўрта Осиёнинг текислик қисми ҳақида бўлиб, мукаммал эмас эди.
Ўзбекистон ҳудуди ҳақидаги энг қадимги ва антик давр географик тасаввурлари анча чекланган бўлишига қарамай, улар Ўзбекистон ҳудуди ҳақидаги дастлабки географик маълумотларни беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |