Тошкент атрофи тоғ олди ботиғи Чотқол, Қурама, Туркистон, Нурота тоғлари орасида жойлашган бўлиб, шимоли-ғарбда Қизилқум билан аста қўшилиб кетади. Ботиқнинг шарқида ва жанубида алоҳида-алоҳида турган адирлар мавжуд. Ботиқ рельефида тоғларга ёндашган, юзаси тўлқинсимон текисликлар ва Сирдарё, Чирчиқ ҳамда Оҳангарон дарёларининг юзаси текис террасалари ажралиб туради. Чирчиқ-Оҳангарон водийсида қайир усти террасалари мавжуд. Улар ичида катта майдонни 1- ва 4- терраса эгаллайди. 1-террасанинг мутлақ баландлиги Қибрай шаҳарчаси яқинида 512 м., Чирчиқнинг қуйилиш жойида 170 м.га тенг. 1-ва 4-қайир усти террасаларининг қайирдан баландлиги 1-7 метрни ташкил этса, қадимги 4-терраса баландлиги 20 метрга, айрим ерларда 40 метрга етади. Сирдарёнинг чап соҳилида жойлашган Мирзачўл текислиги Сирдарёнинг 3-террасасидан иборат. У дарё қайиридан 2-3 ва 8-10 м кўтарилиб туради. Текисликнинг юзаси деярли текис бўлиб, шимоли-ғарбга томон бироз пасайиб боради. Рельефида ёнбағри жуда ҳам кам қияликка эга бўлган иккита паст текислик-Сардоба ва Шўрўзак ўзансимон текисликлар ажралиб туради. Жанубдан Мирзачўлга тўлқинсимон тоғ олди қия текисликлар ёндошиб келади. Улар Туркистон тоғ тизмасидан оқиб тушадиган Сангзор, Зоминсув ва бошқа дарё ҳамда сойларнинг конуссимон пролювиал ёйилмаларидан, ҳудудни жанубдан ўраб турган тоғларнинг делювиал-пролювиал шлейфларидан ташкил топган. Тоғ олди текисликларининг Сирдарёнинг 3қтеррасаси билан қўшилган ерида кенг шўрхок зона мавжуд.
Тошкент тоғ олди ботиғида пайдо бўлиши ва гипсометрик белгиларига қараб структурали-эрозион, скульптура-эрозион, эрозион-аккумулятив ва эол-аккумулятив рельеф типларини ажратиш мумкин.
Зарафшон тоғ оралиги ботиғи Нурота ва Зарафшон тоғ тизмалари оралиғида жойлашган. У уч томондан тоғлар билан ўралган. Зарафшон ботиғининг узунлиги 180 км.га, кенглиги 10-60 км.га тенг бўлиб, туби шимоли-ғарбга томон аста пасайиб боради. Ботиқнинг мутлақ баландлиги жануби-шарқида 720 м.ни, шимоли-ғарбида 280 м.ни ташкил этади. Ботиқ ғарбда Ҳазора дараси орқали Қизилқум билан туташган.
Зарафшон водийси ботиқнинг ўртасида жойлашган, кенглиги 10-30 км. Энг катта майдонни қайирдан 7-10 м юқорида жойлашган 2-терраса эгаллайди. 3-террасанинг 2-террасадан баландлиги 10-18 м келадиган тик жарликлар билан ажралиб туради. Бу терраса юқори томонида ўр-қир рельефли тоғ олди текисликлари билан аста-секин қўшилиб кетади. Ботиқнинг шарқий қисмини Зарафшон дарёсининг конуссимон ёйилмаси эгаллаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |