Bog'liq 2 мавзу Бетон учун боғловчи моддалар, тўлдирувчилар ва қўшимчалар
Магнезиал боғловчилар. Магнезиал боғловчи моддаларни олиш учун таркибида магнезит ёки доломит бўлган чўкинди тоғ жинслари шахтали ёки айланма хумдонларда 700-850 0С ҳароратда куйдирилади. Ҳосил бўлган маҳсулот (клинкер) майдалаб тўйилади. Ишлатиладиган дастлабки хом ашёлар турига қараб магнезиал боғловчи моддалар каустик магнезит ва каустик доломит каби хилларга бўлинади.
Каустик магнезитли боғловчи асосан магний оксидидан иборат бўлган кукундир. Каустик магнезитни куйдириш жараёнида ундан карбонат ангидрид гази ажралиб чиқади. Қолган куюндисифат магний оксиди эса моддага боғловчилик хусусиятини беради. Ҳаводан намланиш хусусияти юқори бўлганлиги учун уни узоқ муддат сақлаб бўлмайди. Каустик магнезит магний хлор ёки магний сульфатнинг сувли эритмасида қорилади. У қуруқ шароитда нисбатан тез қотади. Қуюқланишининг (тутиб қолишининг) бошланиши 40 мин.дан кейин, тугаши 8 с.гача. Каустик магнезитли боғловчининг сиқилишдаги мустаҳкамлиги 40-60 МПа га тенг.
Каустик доломитли боғловчи магний ва кальций оксидларидан иборат бўлган кукундир. У табиий доломитни 800 0С хароратда қиздириб ва кейин- чалик кукун ҳолатигача туйиб олинади. Таркибида инерт СаСО3 бўлиши туфайли каустик доломитнинг магнезитга нисбатан фаоллиги кам.
Каустик магнезит ва доломитли боғловчилар ёғоч қипиқлари ва бошқа органик тўлдирувчилар билан мустаҳкам боғланиш хусусиятига эга. Шунинг учун ксилолит ва фибролит каби материалларни тайёрлашда асосан, магнезиал боғловчилар кенг қўлланилади.Бундан ташқари, улар махсус совуқбардош қоришмалар, меъморчилик қисмлари ва жуда енгил бетонлар (кўпикбетон, газбетон) тайёрлашда ҳам кенг қўлланилади.
Суюқ шиша сариқ рангли натрий силикат (Na2nSiO2) ёки калий силикат (K2OnSiO2) дан иборат бўлади. У суюлтириш ўчоқларида майдаланган соф кварц қумни сода (Na2C3) ёки поташ (K2CO3) билан бирга 1300-1400 0С ҳароратда суюлтириб олинади. Эритма тез совутилгандан кейин ҳосил бўлган кўкиш- яшилроқ ва сарғиш рангли шаффоф бўлаклар ва палахсалар 0,4-0,6 МПа босимли буғ таъсири остида (автоклавда) суюлтирилиб, одатда суюқ шиша деб аталадиган ёпишқоқ қоришмага айланади. Қурилишга суюқ шиша 1,32-1,50 гсм3 га тенг ҳақиқий зичликда келтирилади. У фақат ҳавода қотади. Суюқ шишанинг қотиш жараёнини унинг таркибига катализатор-натрий кремнефторид (Na2SiF6) ни қўшиб анча тезлаштириш мумкин.
Суюқ шиша ўтдан сақлайдиган силикат бўёқлар олиш, табиий тош материалларни нурашдан сақлаш, шунингдек кислотага чидамли ва оловбардош бетон ишлаб чиқаришда ишлатилади.