Гипоталамус
Гипоталамус мия асосида, гипофиз яқинида жойлашган ядролар гуруҳидан иборат. Гипоталамус ядролари 50 жуфтга яқин бўлиб, преоптик, вентрал, медиал, латерал ва дорсал гуруҳларга бўлинади. Преоптик гуруҳга перивентикуляр, медиал ва латерал преоптик ядролар киради. Олдинги (вентрал) ядролар супраоптик, супрахиазматик ва паравентрикуляр ядролардан иборат. Медиал гипоталамусни вентромедиал ва дорсамедиал ядролар ташкил этган. Ташқи (латерал) ядроларга латерал гипоталамик ядро ва кўлранг думбоғ ядроси киради. Орқа гипоталамусда дорсал гипоталамик, перифорникал, премамилляр, медиал мамилляр, супрамамилляр ва латералмамилляр ядролар ажратилади.
Гипоталамус кўп сонли ва мураккаб афферент ва эфферент алоқаларга эга. Афферент сигналлар гипоталамусга мия пўстлоғи, таламус тузилмалари ва базал ганглиялардан келади. Асосий эфферент йўллардан бири медиал мия тутами ёки паравентрикуляр тизим мамиллотегментал трактдир. Бу йўлларнинг толалари ўрта мияга боради. Гипоталамик ядролардаги ҳужайралар аксонлари таламик, субталамик ва бошқа пўстлоқ ости тузилмаларга борувчи кўп сонли калта эфферент йўлларни ҳосил қилади.
Олдинги гипоталамус ядролари бундан ташқари гипофиз билан нерв толалари ёрдамида боғланган. Мазкур толалар нафақат электр сигналларни, балки гипоталамус нейронларида ишланадиган нейросекреция маҳсулотларини ташиш учун хизмат қилади.
Гипоталамус ядроларининг қон билан таъминланиши жуда кучлидир. Гипоталамуснинг 1 мм кв сатхига 2600 капилляр тўғри келади, қачонки энса бўлагидаги кўрув пўстлоқ марказида 1 мм кв га 900, олдинги марказий пуштадаги ҳаракат марказида – 440 капилляр бор. Гипоталамусдаги капиллярлар девори нуклеопротеидлар каби йирик молекулали оқсил бирикмалари учун юксак ўтказувчанликка эга. Шу сабабли гипоталамус вирусли нейроинфекциялар, интоксикациялар ва гуморал омилларга юксак сезувчандир.
Одамда гипоталамус гипоталамо-гипофизар нейросекретор алоқалар шаклланиши тугалланганда, 13-14 ёшларда тўла ривожланиб етилади. Хидлов мияси, базал тугунлар, таламус, гиппокамп ва ярим шарлар пўстлоғи билан бақувват алоқалар туфайли гипоталамус мия барча структураслари ҳолати ҳақида ахборот олиб туради. Шу билан бирга гипоталамус таламус, ретикуляр формация, мия стволи ва орқа миядаги вегетатив марказларга информация юбориб туради.
Гипоталамус нейронларининг хусусиятлари гипоталамус функцияларининг ўзига хослигини аниқлаб туради. Бундай хусусиятларга нейронларнинг улардан оқиб турган қон таркибига сезувчанлиги, нейронлар ва қон орасида гематоэнцефалик тўсиқнинг йўқлиги, нейронларнинг пептидлар, нейромедиаторлар в.б. ни секрециялаши киради.
Гипоталамус муайян ядроларини таъсирлаш ёки емириш орқали аниқланишича латерал ва дорсал ядролар симпатик асаб тизими тонусини оширади. Медиал ядролар, жумладан кўлранг думог ядроси симпатик тизим тонусини пасайтиради. Вентрал гуруҳдаги ядролар таъсирланганда парасимпатик самаралар кузатилади. Гипоталамусда уйқу ва уйғониш марказлари борлиги тўғрисида экспериментал далиллар мавжуд.Унинг ядролари ухлаш ва уйғоқлик каби жараёнлар алмашинувида қатнашади. Орқанги гипоталамуснинг шикастланишида летаргик уйқу кузатилиши мумкин. Гипоталамус гомеостаз ва терморегуляциясида муҳим ўрин тутади. Дорсал ядроларни таъсирланиши моддалар алмашинувини жадаллаштириш ва скелет мушакларининг қалтираши натижасида иссиқлик ҳосил бўлишини кучайтириш орқали гипертермия – ҳарорат кўтарилишига олиб келади. Гипоталамус емирилганда иссиқлик алмашинувини бошқариш қобилияти йўқолади.
Медиал ва латерал ядролар соҳасида тўқлик ва очлик марказлари аниқланган. Улар фаолиятини оқиб келаётган қон кимёвий таркибининг ўзгариши қўзғатиб туради. Очлик вақтида қон таркибидаги аминокислоталар,ёғ кислоталари, глюкоза в.б. моддалар миқдори камаяди. Бу эса гипоталамус латерал ядроларини фаоллаштиради ва овқат топиб истеъмол қилишга қаратилган мураккаб реакцияларни келтириб чиқаради.
Организмда сув етишмаганда супраоптик ядродан дорсалаторал томонда жойлашган гипоталамик зона фаоллашади ва чанқоқлик хисси пайдо бўлади. Натижада сув ичиш кескин кучаяди (полидипсия). Кўрсатилган гипоталамик марказлар емирилганда сувдан юз ўгириш (адапсия) кузатилади.
Гипоталамусда жинсий хулқни бошқариш билан боғлиқ бўлган марказлар жойлашган. Дорсал гипоталамусга киритиб қўйилган электродлар билан ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатадики, ҳайвонга ўз-ўзини таъсирлаш имконияти яратилса (киритилган электродлар орқали ўтадиган токни улайдиган педальни босиш орқали), у катта частота билан узоқ муддат ўзини узи таъсирлаб туради. Шунинг учун бу марказлар роҳатланиш марказлари деб аталган ва жинсий хулқ соҳасидаги эмоцияларни бошқаришда иштирок этади.
Клиникада гипоталамусдаги патологик жараёнлар жинсий балоғатга етишнинг тезлашувига, ҳайз кўришнинг ва жинсий функцияларнинг бузилишига олиб келиши кузатилади. Шу билан бирга гипоталамуснинг баъзи ядролари таъсирланганда салбий реакциялар ҳам келиб чиқиши мумкин. Электродлар бу ядроларга киритилган бўлса, ҳайвон педальни бир марта босгандан сўнг, унга бошқа яқинлашмайди.
Гипоталамус олдинги қисмининг таъсирланиши нофаол ҳимояланиш, кўрув реакцияларини, орқанги қисмининг таъсирланиши эса фаол агрессив реакцияни келтириб чиқаради.
Орқанги гипоталамуснинг таъсирланишида экзофтальм, қорачиқларнинг кенгайиши, қон босимининг кўтарилиши, артериал томирларнинг торайиши ва ўт пуфагининг қисқариши кузатилади.
Супраоптик ядро қонга қатор гормонлар ажратадиган гипофиз орқа бўлаги билан боғлангандир. Бу гормонларнинг бир қисми (уларнинг кўпчилиги полипептидлар) нейромедиатор ва нейремодуляторлар (энкефалинлар, эндорфинлар) сифатида асаб тизими бошқа бўлимлари нейронлари томонидан ҳам ажратилиши мумкин. Келиб чиқиши бўйича асаб тизими маҳсулоти бўлган гипофиз орқа бўлаги (нейрогипофиз) вазопрессин ёки антидиуретик гормон (АДГ), окситоцин ва бошқа пептидларни депо сифатида йиғиб, уларни қонга чиқариш вазифасини бажаради. Бу моддалар супраоптик ядро ҳужайралари томонидан ишланади ва ҳаракат потенциали таъсири остида уларнинг аксонларидан қонга ўтади. Мазкур аксонлар гипоталамо-нейрогипофизар трактни ҳосил қилган. Гипофиз орқа бўлагидан ажратиладиган гормонлар сув метаболизми,бачадон фаолияти ва сут безлари функцияларини бошқаради.
1-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |