Кейинги мия рефлектор фаолияти мураккаб, хилма-хил ва аксарият ҳаёт учун муҳимдир. Рефлектор соматик реакциялар вазиятни сақлашга, таъсиротларни қабул қилишни таъминлашга, овқатни қайта ишлаш ва ютишни таъминлашга қаратилган. Овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ жараёнларда сўлак ва бошқа ҳазм безлари секрециясини бошқарувчи вегетатив рефлекслар катнашади.
Вазиятни сақлашга қаратилган рефлекслар биринчи навбатда вестибуляр аппарат рецепторлари билан боғлиқ бўлиб, статик ва статокинетик рефлексларга бўлинади.
Статик рефлекслар ўз навбатида ҳолат рефлекслари ва ўнгайиш-ростлаш рефлексларига бўлинади. Ҳолат рефлекслари гавданинг фазодаги ўрни алмашганда мушаклар тонуси ўзгаришини таъминлайди. Ростлаш рефлекслари мазкур ҳайвон тури учун табиий бўлган ҳолат ўзгарганда уни қайта тиклаш учун мушаклар тонусининг қайта тақсимланишига олиб келади. Бу рефлексларнинг содир бўлишида вестибуляр афферент толалар, латерал вестибуляр ядро нейронлари ва уларнинг вестибуло-спинал йўл таркибида орқа мияга борувчи акслонлари иштирок этади.
Бўйин мушакларига тааллукли ростлаш вестибуляр рефлекслар анча мураккаброқдир. Бўйин мушаклари тонусининг қайта тақсимланиши туфайли бош доимо нормал ҳолатини сақлайди.
Ҳаракат тезлиги ўзгарганда тана ҳолатини сақлаш ва фазодаги ўрнини аниқлашга қаратилган статокинетик рефлекслар янада мураккаброқдир. Чунончи, трамвай вагони ёки автобус бехосдан тўхтаб қолганда ёки автобус кескин бурилганда, одамга таъсир этувчи тезланишларни енгишга қаратилган мушаклар қисқаришлари содир бўлади. Бундаги ҳаракат реакциялари фазали характерга эга бўлиб, катта куч, тезлик ва мураккаблик ҳам уларга хосдир. Статик рефлекслардаги вазият реакцияларига эса секинлик хосдир.
Бизнинг механизациялашган, хаддан ортиқ катта тезликка эса бўлган асримизда статокинетик рефлекслар нафақат ижобий (ҳимоявий), балки салбий роль ҳам ўйнаши мумкин. Масалан, машина йўлдаги кўринмаган предметга кутилмаганда, бехосдан урилса, машина хайдовчиси ҳаракатлар мувофиқлигини йўқотади. Қўл ва оёқларнинг шиддатли рефлектор ёзилиши ихтиерсиз рулнинг нотўғри айлантирилиши ва акселератор педалининг кераксиз босилишига олиб келади. Бунинг оқибатида машина шундай кетма-кетликда уриладики, хайдовчи мувозанат ҳолатини тиклашга улгурмайди. Бу вақтда машина назоратдан чиқди эмас, балки хайдовчи мушаклари статокинетик рефлекслар ишга киришиши оқибатида назоратдан чиққан бўлади. Бу рефлекслар ҳам, статик рефлексларга ўхшаб, деярли барча мушакларни қамраб олади. Айниқса кўз мушаклари шиддат билан ишлайди. Кўз мушакларининг ҳаракатлари тезланиш ва тезликнинг кескин пасайишида меъердаги кўриб чамалашни таъминлайди ва “нистагм ” номини олган.
Вестибуляр аппаратнинг фаоллашуви ҳаракат рефлексларидан ташқари, вегетатив марказларни, жумладан адашган нерв ядроларини қўзғатади. Бу вақтда вужудга келган вестибуловегетатив рефлекслар нафас, юрак қисқаришларининг частотаси, меъда-ичак йўли фаолияти ўзгаришига олиб келади.
Кейинги мия ядролари иштирокида содир бўладиган ҳаракат рефлексларининг катта гуруҳи овқатни эгаллаб олиш (оғизга солиш, тишлаш), чайнаш ва ютиш жараёнлари билан боғлиқ. Бу рефлекслар доимо ўзвий боғланган бўлиб, бир рефлекснинг содир бўлиши иккинчисини келтириб чиқаради (занжирсимон рефлекслар). Овқат ҳаракат рефлексларида учлик, тил-халқум, адашган, қўшимча ва тил ости нервларининг ҳаракатлантирувчи ядролари иштирок этади. Учлик нервнинг мотонейронлари чайнаш рефлексини таъминлайди. Лукманинг ютилиши ва қизил унгачга ўтиши занжирсимон рефлекс бўлиб, навбат билан тилхалқум, адашган, қўшимча ва тил ости нервларининг характлантирувчи ядроларини қамраб олади. Мазкур рефлексларнинг рецептив майдонини оғиз шиллиқ пардаси ва тил илдизи рецепторлари ташкил этади.
Узунчоқ мия ва кўприкнинг вегетатив ядролари асаб тизимининг парасимпатик қисмига тааллуқли ва турли вегетатив рефлексларни амалга оширади. Бундаги преганглионар эфферент нейронларнинг аксонлари четки вегетатив ганглияларга боради.
Узунчоқ миянинг асосий вегетатив ядролари адашган нерв тизимига киради. Бу ядролар ва улар билан биргаликда бет ва тил-халқум нервларининг вегетатив ядролари фаоллашуви туфайли нафас, юрак фаолияти, томирлар тонуси ва ҳазм безлари функциясининг рефлектор назорати амалга оширилади. Нафас марказининг нейронларини афферент йўллардан келган импульслардан ташқари кимёвий таъсирлагичлар ҳам фаоллаштиради. Нафас маркази асаб ҳужайралари IV қоринча тубида ретикуляр формация соҳасида жойлашган. Бу зонанинг емирилиши нафаснинг тўхташига олиб келади. Н.А.Миславский ўтган асрнинг охирида ўтказган текширишларнинг кўрсатишича нафас марказида икки қисм: нафас олиш билан боғлиқ бўлган инспиратор марказ ва нафас чиқариш билан боғлиқ бўлган экспиратор марказ мавжуд.
Узунчоқ мия ва мия кўприги ретикуляр формациясининг иккинчи ҳаёт учун муҳим тизими юрак фаолияти ва томирлар тонусини бошқарувчи марказлардир. IV қоринча тубидаги ретикуляр формация бир қисмини таъсирлаганда томирлар тонуси ошиб, қон босими кўтарилади, бошқа қисмини таъсирлаганда томирлар кенгайиб, қон босими пасаяди. Шундай қилиб, томирларни торайтирувчи ва томирларни кенгайтирувчи марказлар борлиги аниқланган. Бу марказларнинг нейронлари юрак ва томирлардан келувчи афферент импульслар таъсири остида доимо муайян тонусга эга. Бундан ташқари томир ҳаракатлантирувчи марказ нейронларига юксак кимёвий сезувчанлик ҳам хосдир. Шу сабабли улар ритмининг частотаси қон кимёвий таркибининг ўзгаришлари билан аниқланади.
Узунчоқ мия ва кўприкда яна сўриш, йўтал, аксириш, кўзни ўчириш, қусиш каби марказлар топилган.
Шундай қилиб, узунчоқ мия марказлари кўпчилик кўкрак ва қорин бўшлигидаги аъзолар функцияларини ва бошқа вегетатив функцияларни бошқаради. Бу ерда нафас ва юрак-томир маказларининг мавжудлиги МНТ нинг бу бўлимининг меъерий ишлаши ҳаёт учун зарур эканлигини тушунтиради. МНТ бошқа бўлимларининг шикастланишлари миянинг кенг компенсатор имкониятлари борлиги туфайли белгисиз кечиши мумкин, аммо узунчоқ миянинг озгина шикастланиши (эзилиши, шиш билан босилиши, унга қон қуйилиши, сув йиғилиши) одатда тезлик билан ҳаётий жараёнларнинг бузилиши ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.
Орқа мия мотонейронлари билан бевосита боғланган ретикулоспинал толалардан ташқари узунчоқ мия ва кўприк ретикуляр формациясидан орқа мияга, ундаги ҳаракат марказларига тарқоқ, махсусликдан махрум бўлган таъсир кўрсатувчи толалар ҳам боради. Текширувларнинг кўрсатишича узунчоқ миядаги медиал ретикуляр фармациянинг электр токи билан таъсирланиши барча орқа мия ҳаракат рефлексларини, уларда букувчи ёки ёзувчи мушаклар иштирок этишидан қатъий назар, босиб қўяди, тормозлайди. Бу кузатувлар ретикуляр фармациянинг мазкур қисми носпецифик тормозловчи марказ функциясини бажаришидан дарак беради. Уйку вақтида ҳам шундай жараёнлар содир бўлиши аниқланган.
Кейинги мия ретикуляр фармацияси нейронларида вужудга келган импульсация катта ярим шарлар пўстлоғига фаоллаштирувчи таъсир этиб, унинг тонусини сақлаб туриш қобилиятига эга. Тонусни кўтарувчи бундай самара ўрта ва оралиқ мия ретикуляр формацияси билан ҳам боғлиқдир. Ретикуляр ядро ва йўлларнинг бу мураккаб комплекси бир бутун функционал тизимни ташкил этган.
Do'stlaringiz bilan baham: |