Ўрта мия
Мия стволининг бир қисми буоган ўрта мия ҳажм жиҳатдан анча кичик ва филогенезда кўпроқ ўзгарган. Ўрта миянинг дорсал қисми мия қопқоғи, вентрал қисми мия оёқчалари дейилади. Ўрта мия таркибида қора субстанция, тўрт тепалик, қизил ядро, бош мия нервларининг ядролари, ретикуляр формация деб белгиланган нерв ҳужайралари йиғиндилари мавжуд. Ўрта мия орқали таламус, катта ярим шарлар ва миячага кўтарилувчи турли йўллар, ҳамда катта ярим шарлар пўстлоғидан, тарғил тана ва гипоталамусдан узунчоқ мия ва орқа мия ядроларига тушувчи йўллар ўтади.
Ғалтак нерви (IV жуфт) ядроси турттепалик пастки думбоқлари баланлигида жойлашган, кузнинг юқори қийшиқ мушагига эфферент толалар юборади. Ундан олдинроқда тўрт тепалик юқориги думбоқлари баландлигида кўзни ҳаракатлантирувчи нерв (III жуфт) ядроси жойлашган, унинг мотонейронлари ўз аксонларини кўзнинг юқориги, ички ва пастки тўғри мушакларига, пастки кийшик мушак ва қовоқни кўтарувчи мушакка юборади.
Кўзни ҳаракатлантирувчи нерв таркибида кўздаги кўприксимон мушак ва қорачиқ сфинктерини нервлайдиган парасимпатик нейронларнинг преганглионар эфферент толалари ўтади.
Тўрт тепаликнинг юқориги икки тепалигида бирламчи кўрув маркази жойлашган. Кўриб чамалаш рефлекслари шу марказ нейронлари иштирокида юзага келади. Бу рефлекслар шундан иборатки, ярим шарлардан махрум бўлган, аммо ўрта мияси бутун қолган ҳайвон ёруғлик таъсирига жавобан кўз ва тана ҳаракатлари билан реакция кўрсатади.
Пастки икки тепаликда эшитув йўлларидан сигналлар қабул қилувчи нейронлар – бирламчи эшитув маркази бор. Бу марказ товуш келаётган томонни чамалаб билиш, бехосдан ёки кучли товуш пайдо бўлганда ҳайвоннинг қулоғини динг қилишида, боши ва гавдасини товуш келаётган томонга буришида иштирок этади. Тўрт тепалик ядролари “соқчилик“ рефлексининг юзага чиқишида қатнашади. Бу рефлекс организмнинг тўсатдан бўлган таъсиротга реакция кўрсатишини таъминлайди. Букувчи мушаклар тонуси ошиб ҳайвонни қочиб кетишига ёки хужум қилишига ёрдам беради. Тўрт тепалик соҳаси зарарланган киши бехосдан бўлган таъсиротга тез жавоб бера олмайди.
Қизил ядро турли катталикдаги ҳужайралардан иборат. Ундаги йирик нейронлардан руброспинал йўлнинг қалин ва тез ўтказувчи аксонлари бошланади. Бу нейронлар пўстлоқнинг ҳаракат зонасидан, миячанинг оралиқ ядроси ва қора субстанция нейронларидан қўзғатувчи сигналлар қабул қилиб туради ва барча скелет мушаклари тонусининг нормал тақсимланишини бошқариб туради.
Ўрта мия муҳим тузилмалардан бири бўлган қора субстанция меланин пигментига бой бўлган асаб ҳужайралари йигиндисидир. Бу ҳужайралар базал тугунлардан импульслар олиб, мия стволи ретикуляр ядролари ва базал ганглияларга импульслар юбориб туради.
Қора субстанция мураккаб ҳаракатларни мувофиқлаштирилишида қатнашади. Унда дофаминергик нейронлар йиғилган бўлиб, улар эмоционал хулқ-атворни ва мураккаб ҳаракатларни назорат қилишда қатнашади. Қора субстанция овқатни чайнаш ва ютиш рефлексларини ўзаро мослаштиришда, қўл бармоқларининг аниқ ҳаракатларини, масалан, ёзишда, таъминлашда қатнашади. Қора субстанция зарарланганда қўл бармоқларининг нозик ҳаракатлари бузилади, мушак ригидлиги ва қалтираш (тремор) пайдо бўлади (Паркинсон касаллиги).
Мия стволи мия оёқчалари (қизил ядро) пастидан тўла қирқилса, ҳайвонда гавда мушаклари тонусининг кескин ўзгариши – децеребрацион ригидлик ривожланади. Бунда ёзувчи мушаклар тонуси кескин ошади: ҳайвон оёқларини роса узатиб, бошини орқага қайиради, думи кўтарилиб туради.
Децеребрацион ригидликнинг ривожланиши орқа миядаги букувчи мушаклар мотонейронларини фаоллаштирувчи кортиқо-спинал ва руброспинал йўллардан келувчи импульсларнинг йўқолиши билан боғлиқ. Бу вақтда ёзувчи мушаклар тонусини оширувчи вестибуло-спинал йўл таъсири кучаяди.
Қизил ядро вестибуляр (Дейтерс) ядрони тормозлаб туради ва бош мия пўстлоғининг мотор соҳасидан келган тормозловчи таъсирларни ўтказувчи марказдир. Мияча ёки пўстлоқнинг мотор соҳаларини олиб ташлаш ҳам ёзувчи мускуллар тонусини оширади.
Одамнинг ўрта мияси шикастланиб, қизил ядро зарарланганда, кўпинча ригидлик пайдо бўлади. Аммо одамда ёзувчи мускулларнинг эмас, балки букувчи мускулларнинг тонуси ошиб кетади. Бемор оёқ ва қўлларини букиб, танасига босиб, бошини эгиб ётади.
Do'stlaringiz bilan baham: |